Швеция Скандинавия ярим оролининг шарқий қисмида жойлашган. Ғарбда Норвегия, шимол ва шимоли-шарқда Финляндия, шарқда Ботник бўғози ва Балтика денгизи, жануби-ғарбда Каттегат суви қуйиладиган жой билан чегарадош. 2009 йил Швеция аҳолисининг сони 9.3 миллион кишига етди. Ушбу мамлакат майдони жиҳатидан ғарбий Европада учинчи ўринни эгаллайди[1]. Швеция парламентар демократик кўринишдаги конституционал монархия давлати. У энг ривожланган ва тараққий этган Европа давлатларидан ҳисобланади. Халқаро кўрсаткичларда мамлакат юқори ўринларни забт этиб келмоқда. Жумладан, аҳолининг турмуш даражаси, уларнинг узоқ умр кўриши, фуқаролар тенг хуқуқлиги, тинчлик-тотувлик даражаси бўйича бир қатор демократик институтлар томонидан юқори баҳоланган.
Швеция Европа мамлакатлари ичида аҳолиси камлиги билан эътиборга олинади. Шимолий қисмида Лаб жамоаси яшайди, бу қисм аҳолиси кам. У Швеция территориясининг ярмидан кўпини ўз ичига олгани билан, аҳолиси Швеция аҳолисининг умумий сонидан 20 фоизини ташкил қилади. Жанубий қисми эса анча зич бўлиб, аҳолининг 80 фоизи шу тарафда яшайди. Лаб аҳолисининг сони 13 мингга етади. Шунингдек, асли финляндиялик ярим млн. киши, озчиликни ташкил этувчи мусулмонлар: турк, араб, югослав, покистонлик муҳожирлар бор.
Бугунги кунга қадар Швеция аҳолиси этник, тил ва дин жиҳатидан бир хилдаги фуқаролардан иборат бўлиб келган бўлса, сўнгги 6 йил мобайнида кўплаб мамлакатлардан этник-маданий ва диний хилма-хил бўлган аҳолининг кўчиб келиши кузатилмоқда. Ҳозирда, Швецияда муқим яшаётган 2 миллиондан ортиқ фуқаро чет эл мамлакатларининг аҳолиси саналади. Илгари мамлакатда фақатгина Швед тилида мулоқат қилинган бўлса, бугун 200дан ортиқ тил муомала воситаси сифатида қўлланилмоқда. Шунингдек, Швеция турли конфессияли жамиятга айланиб бормоқда. Швецияга кўчиб борувчиларнинг давом этиши сабабли Швеция жамиятида дин ҳам янги кўринишларга эга бўлиб бормоқда. Бу янги масжидларнинг қурилиши, Рамазон байрамининг нишонланиши, мактабларда диний ўқув курсларининг ташкил этилишида яққол намоён бўлмоқда. Швецияда динга нисбатан муносабатларнинг ўзгариб бориши, диннинг жамиятдаги ўрнини тўғри тушунишга ҳамда бошқа дин вакилларига нисбатан холис муносабатда бўлишга сабаб бўлмоқда.
Аҳолининг аксарият қисми (73% 2008 й) Швеция черковининг аъзоси саналади. Евангелия Лютеран черкови мамлакатнинг собиқ давлат черкови ҳисобланади. 2008 йилда оила қурганларнинг 40%идан ортиғи Швеция ибодатхонасида ўз никоҳларини нишонладилар. Таҳминан, барча янги туғилган фарзандларнинг 60%и чўқинтирилди ҳамда вафот этганларнинг 83%и Швеция ибодатхонаси анъаналарига муносиб тарзда дафн этилди[2].
Бироқ, Швеция дунёвий давлат ҳисобланади, диний анъаналарнинг амалга оширилиши эса ҳар бир шаҳснинг “шаҳсий иши” саналади. Шуни алоҳида таькидлаб ўтиш жоизки, Швеция дунёвийлашган мамлакатлардан бири сифатида дунёга машҳур. Аҳоли асосан ўзининг ҳаётининг муҳим вақтларидагина черковга мурожаат қилиш ҳолатлари кучайган[3]. Швеция ибодатхонасининг маълумотларига кўра, ибодатхона аъзоларнинг бор йўғи 2 %и мунтазам равишда ибодат маросимларини адо этадилар. Европанинг сўннги тадқиқот маълумотларига кўра, Швеция аҳолисининг 23% динга эътиқод қилади. Аҳолининг 85%ини эса бирор-бир динга эътиқод қилмайдиганларни ташкил этади. Аҳоли келиб чиқишига кўра 90.1% протестант, 1.8% католик, 8.2% бошқа динга эътиқод қилувчилардан иборат. Бошқа динга эътиқод қилувчилар гуруҳини асосан мусулмонлар (Ислом дин) ташкил этади. Бугунги кунда, Швецияда Ислом динига эътиқод қилувчиларнинг сони тахминан 250,000 ва 300,000 атрофида.
Швецияга кўчиб борган биринчи мусулмон рус татарлари у ерда иккинчи жаҳон уруши охиригача қолдилар. Шунинг таъсирида Швеция маҳаллий аҳолиси исломни қабул қила бошлади. Кейинги йилларда мусулмонлар сони саноатда ишлаш учун кўчиб борган мусулмон ишчилари ҳисобига кўпайди.
Иккинчи жаҳон урушидан кейин Швецияда мусулмонлар сони минг киши атрофида эди, 1972 йилга келиб уларнинг сони турли миллатларга мансуб 18 минг мусулмонга етди. Улардан 300 мусулмон асли шведлар, 9 минг мусулмон турк ва татар, 3 минг араб, тахминан 2 минг югослав ва қолган 4 минг мусулмон бошқа миллатларга мансуб. Швециядаги мусулмонларнинг аксарини югославлар, ундан кейин турклар ташкил қилади.
Мусулмонлар Стокгольм, Гётеборг ва Мальмё шаҳарларида яшайдилар. Яқинда Швеция ҳукумати швед мусулмонларини эътироф этди, яъни Ислом Швецияда эътироф этилган дин бўлди.
Даврон НУРМУҲАММАД
[1] Қаранг: www.sweden.se/facts
[2] www.svenskakyrkan.se/default.aspx?di=37017
[3] Backstrom et al., Religious Change in Northern Europe, The Case of Sweden, 87-88. “What in normal everyday life is religiously abnormal in Sweden, is considered religiously normal in abnormal situations.” 139
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ҳаётда инсон учун одоб ва маданият асосий масала ҳисобланади. Улар билан хулқ гўзал, амал зийнатли бўлади. Кечасию кундузи содир қилинадиган турли-туман яхши амаллар натижасида жамият аъзолари ўртасида тотувлик, иттифоқ пайдо бўлади. Шунинг учун Ислом шариати инсон ҳаётининг ҳар бир жабҳасида одоб ва ахлоқ борасида раҳнамолик қилади. Зеро, Аллоҳ таолонинг Ўзи ҳар бир яхшиликка муваффақ қилувчи ва ёрдам сўралувчи Зотдир.
Қуйида сафар одоблари ва унга оид баъзи масалаларни зикр этиб ўтамиз.
1. Сафар олдидан истихора қилиш.
2. Гуноҳ-маъсиятлардан тавба қилиш.
3. Имкон қадар қарзларини тўлаш ёки шу ишга вакил тайинлаш, омонатларни эгаларига топшириш каби ишлар билан зиммасидаги бошқаларнинг ҳақини ҳалоллаб олиш.
4. Аҳли аёлини нафақа билан таъминлаш.
Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ сафар қилувчи сафарга чиқишдан олдин баъзи вазифаларни адо этиши лозимлигини айтиб ўтганлар:
а) Аҳли аёлини нафақа билан таъминлаш;
б) Ўзида бирон кишининг омонати ёки қарзи бўлса, уни адо этиш;
в) Бирор ишга масъул бўлса, ишидаги жорий интизомга риоя қилиш;
г) Сафар харажатлари ҳалолдан бўлиши.
5. Ота-онасини ёки итоат этиши вожиб бўлган кишиларни рози қилиш.
6. Жума куни завол вақтидан олдин сафарга чиқиш.
7. Солиҳ ҳамроҳ танлаш.
Шерик танлаш сафарнинг муҳим жиҳатларидан бўлиб, танланган ҳамроҳ тақводор, яхши фикрли, тоат ва ибодатда кўмакчи бўлиши лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эҳтиёт юзасидан тунда ёлғиз сафар қилишдан қайтарганлар.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамлар ёлғизликда нималар борлигини мен билганчалик билганларида, бирорта отлиқ кечаси ёлғиз юрмас эди», деганлар» (Имом Бухорий ривояти).
Абу Бурда ибн Абу Мусо отаси розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Солиҳ суҳбатдош билан ёмон суҳбатдош мушк соҳиби билан темирчининг дам ургичига ўхшайди. Мушк соҳибидан қуруқ қайтмайсан – ё уни (мушкни) сотиб оласан, ё ҳидини туясан. Темирчининг дам ургичи эса баданингни ёки кийимингни куйдиради ёхуд ундан нохуш ҳид туясан» (Имом Бухорий ривояти).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳамроҳларнинг энг яхшиси тўрт киши бўлишидир», дедилар» (Доримий ривояти).
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг наздида ҳамроҳларнинг энг яхшиси – ҳамроҳига яхши бўлганидир. Аллоҳнинг наздида қўшниларнинг энг яхшиси – қўшнисига яхши бўлганидир», дедилар» (Имом Термизий ривояти).
8. Биродарларига сафарга кетаётганини билдириб, уларнинг хайрли дуоларини олиш.
9. Имкони бўлса, сафарга пайшанба куни чиқиш.
10. Ҳаж сафари учун ажратилган молнинг ҳалол бўлишига, шубҳадан холи бўлишига қаттиқ эътибор бериш.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтадилар:
«Мусофирнинг зоди роҳиласи (сафарга сарфлайдиган харажатлари) ҳалол, покиза бўлиши, сафар мобайнида (ён-атрофдагиларга) ширинсуханлиги, ҳамсафарларига хушмуомалалиги, еб-ичиш ва харажатларда қўлидан келганича уларга ёрдам бериши улуғ инсон эканининг аломатидир».
11. Сафарга тонг саҳарда чиқиш.
12. Сафар олдидан икки ракъат намоз ўқиш.
13. Садақа қилиш.
14. Сафар анжомларини олиш.
15. Ҳамроҳлардан бирини бошлиқ қилиб сайлаш.
Ҳадиси шарифда сафардаги шериклар тажрибали, омонатдор, фаҳм-фаросатли, солиҳ кишини бошлиқ қилиб сайлаб, унга итоат этишга буюрилганлар.
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сафар қилувчилар уч киши бўлса, албатта бирларини бошлиқ қилиб олсинлар», деганлар» (Абу Довуд ривояти).
16. Қариндош, дўст-биродарлари билан видолашиш.
17. Сафар дуоларини ўқиш.
Сафар олдидан, сафар асносида, сафардан қайтганда ўқиладиган дуо ва зикрлар ҳадиси шарифларда келган. Аллоҳ насиб этса, кейинги сонларда ўша дуолардан баъзиларини зикр қиламиз.
Абдуманнон Абдуллоҳ