Жума ибодатига рухсат бўлиб, унга тайёргарлик кўрилаётган айни кунларда яна бир хурсандчилик содир бўлди. Яъни юртимиз мўмин-мусулмонларимизга хизмат қиладиган масжидлар сони яна биттага кўпайди.
Ушбу масжид Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманидаги “Қизилсой” маҳалласи, буюк ипак йўли кўчаси, 40 уйда фаолият олиб боради. Мазкур масжид номи Ҳазрати Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу номларига қўйилди.
Маълумот учун, Муъоз ибн Жабал масжиди очилиши билан Тошкент вилоятидаги масжидлар сони 226 тага етиб, Республикамиз бўйича Самарқанд вилоятидан кейин масжиди кўп ҳудудга айланди. Шу тариқа юртимиздаги масжидлар сони 2073 тага етди.
Яқинда ҳам янги очилган масжидлар ҳақида маълумот берган эдик.
Масжид барпо этиш ва очишда кўмакдош бўлаётган барча юртдошларимизни Ҳақ таоло икки дунё саодатидан баҳраманд этсин, янги жоме барчамизга муборак бўлсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Масжидлар бўлими
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган вилоят вакиллигида вилоят бош имом-хатиби Мусохон домла Аббосиддинов раҳбарликларида вилоят Адлия бошқармаси билан ҳамкорликда вилоятда фаолият кўрсатаётган масжидлар мутаваллилари учун йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда вилоят Адлия бошқармаси мутахассиси З.Ахмедходжаева, Янги Наманган тумани кадастр бўлими бошлиғи О.Усманов, нотариус А.Артиқовлар иштирок этдилар.
Унда нотиқлар томонидан мутавалли масжид имом-хатибининг хўжалик ишлари бўйича ёрдамчиси, масжидларнинг иқтисодий фаолиятини яхшилаш, ходимларнинг ойлик иш хақи билан таъминлаш, қурилиш-таъмирлаш ишларини белгиланган тартиб ва меъёрларга риоя қилган ҳолда амалга ошириш, масжид мулкини иқтисод қилиш мақсадида гелеоколлекторлар ўрнатиш, мавжуд қозонхоналарни хавфсиз ҳудудларга олиб чиқиш, иш юритиш номенклатурасига, ички меҳнат тартиб қоидаларига ва муомала маданиятига риоя қилиш, масжидларнинг тозалик ва ободонлаштириш ишларига масъул эканини айтиб ўтилди.
Масжидларнинг таъсис хужжатлари, иш ҳақларини меъёрлаштириш, янги ходим ишга қабул қилинганда Адлия бошқармасини онлайн хабардор қилиш, масжидлардаги мавжуд “текширишларни рўйхатга олиш китоби”ни юритиш тартиби юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди.
Йиғилиш давомида масжидларнинг қўшимча ер майдонларини қонунийлаштириш, кадастр ҳужжатини расмийлаштириш тартиб-қоидалари ва ҳуқуқий оқибатлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Йиғилиш давомида қатнашчилар ўзларининг қизиқтирган саволларига мутахассислар томонидан батафсил жавоблар олдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Наманган вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати