Шу йил 20 август куни Сурхондарё вилояти Адлия бошқармаси “Варроқ Термизий” масжидини расмий рўйхатдан ўтказиб, бу ҳақдаги гувоҳномани масжид ходимларига топширди. Ушбу масжид вилоятдаги Термиз тумани “Янги ҳаёт” маҳалласида жойлашган. Унинг номи буюк аждодимиз Варроқ Термизий ҳазратлари номига қўйилди.
Маълумот учун, “Варроқ Термизий” масжидининг очилиши билан Сурхондарёдаги масжидлар сони 115 тага, Республикамиздаги масжидлар сони эса 2072 тага етди.
Бир неча кун олдин Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳридаги “Ҳилол” масжиди рўйхатга олингани ҳақида хабар берган эдик.
Аллоҳ таоло ушбу масжидни юртдошларимизга муборак қилсин. Ана шундай хайрли ишларнинг барокатидан башарият бошига келган вабони бутун дунёдан, хусусан, юртимизда кўтарсин, беморларимизга комил шифо берсин, барчамизни паноҳида сақласин. Юртимизда масжидлар очилишига сабабчи бўлатган инсонлардан Ҳақ таоло рози бўлсин, бундай хайрли ишларни бардавом айласин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими
Мадиналик ансория аёллардан Умму Сулайм розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб:
يا رسولَ اللهِ علِّمْني كلماتٍ أَدْعو بهِنَّ
“Ё Аллоҳнинг Расули, менга шундай калималарни ўргатингки улар билан дуо қилай”, деди.
У зот алайҳиссалом:
قال: تُسبِّحينَ اللهَ عَشْرًا وتَحمَدينَه عَشْرًا وتُكبِّرينَه عَشْرًا ثُم سَلي حاجَتَكِ
“Ўн марта тасбеҳ (“Субҳаналлоҳ”), ўн марта таҳмийд (“Алҳамдулиллаҳ”) ва ўн марта такбир (“Аллоҳу акбар”) айтиб, сўнгра Аллоҳдан ҳожатингни сўрайсан, Шунда Аллоҳ таоло:
فإنَّه يقولُ: قد فعَلْتُ قد فعَلْتُ
“батаҳқиқ амалга оширдим”, “батаҳқиқ амалга оширдим”, деб айтади”, дедилар (Имом Термизий ва Насоий ривояти).
Ушбу ҳадисда саҳобия аёлларнинг илмга рағбати, дуо қилишдан олдин Аллоҳни зикр қилиш лозимлиги, дуонинг ижобат бўлиши каби бир қанча фойдалар мужассам.
Қолаверса, бошқа ҳадисларда бир марта “Алҳамдулиллаҳ” деб айтиш қиёмат куни амаллар тарозисини, “Субҳаналлоҳ” ва “Алҳамдулиллаҳ” дейишнинг савоби эса, ер ва осмон ўртасини тўлдириши баён этилган.
Даврон НУРМУҲАММАД