Бугун, 17 октябр куни Андижон вилояти бош имом хатиби устоз Мирзамақсуд домла Алимов Олтинкўл тумани “Мухаммад Раҳимҳожи” жоме масжиди учун қурилаётган янги хонақоҳ биносига илк ғишт қўйиш маросимида қатнашди.
Шунингдек, тадбирда тумани бош имом-хатиби, вакиллик ходимлари, нуроний оқсоқоллар, муҳандис ва қурувчи ҳамда маҳаллий аҳоли вакиллари иштирок этди.
Дастлаб устоз Мирзамақсуд домла Алимов қурилиш-ҳашарига йиғилганларга бугунги кунда диний-маърифий соҳадаги улкан ўзгаришлар, масжид ва мадрасалар обод бўлаётгани ҳақида сўз юритиб, бундай масжидлар элимизга маърифат тарқатиш маскани бўлиб хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади.
Тадбирда Қуръон тиловат қилиниб, масжид бунёдкорларига эзгу ниятлар билдирилди, халқимиз фаровонлиги ва масжид қурилишига ҳисса қўшаётганлар ҳаққига дуолар қилиниб, устоз Мирзамақсуд домла масжид пойдевори учун илк ғиштни қўйиб берди.
Вакиллик матбуот хизмати
Ғафлатда қолманг! Эртага Ашуро куни: Рўза тутишни ва оилангизга кенгчилик қилишни унутманг!
Ашуро куни рўза тутиш ўтган бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлади.
Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ашуро кунининг рўзаси Аллоҳдан умид қиламанки бир йил олдинги гуноҳларга каффорат бўлади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Эсда тутинг! Муҳаррам ойининг ёлғиз ўнинчи кунида эмас, бу кунга қўшиб, бир кун олдинги ёки бир кун кейинги кунда ҳам рўза тутиш лозим.
Ашуро куни яқинларга кенгчилик қилиш – бир йиллик кенгчиликка сабаб бўлади.
Абу Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий алайҳиссалом: “Ким Ашуро куни аҳли аёлига ҳадя улашса, Аллоҳ йилнинг барчасида унга ҳам ҳадя улашади”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Суфён ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ: “Бу ҳадисни олтмиш йил тажриба қилдим ва фақатгина яхшилик кўрдим”.
Даврон НУРМУҲАММАД