Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Июн, 2025   |   18 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:49
Пешин
12:28
Аср
17:39
Шом
20:01
Хуфтон
21:39
Bismillah
14 Июн, 2025, 18 Зулҳижжа, 1446

Намозхонлар учун қулайликлар: Зиёратгоҳда янги намозхона, Тошкент вилоятидаги энг катта масжид, янгиланаётган “Олтин Ўрда” 

02.09.2020   4522   5 min.
Намозхонлар учун қулайликлар: Зиёратгоҳда янги намозхона, Тошкент вилоятидаги энг катта масжид, янгиланаётган “Олтин Ўрда” 

Тошкент вилояти мамлакатимизнинг ўзига хос табиати, кенг имкониятига эга ҳудудларидан бири бўлиб, пойтахтдан бошқа вилоятларга чиқиш йўлида, инчунун, зиёрат туризми даҳасининг бошланғич нуқтасида жойлашганлиги билан алоҳида аҳамиятга эга. Шу боис вилоятдан ўтувчи йўловчилар, зиёратчиларга ҳар тарафлама қулайлик яратиш, намозхонлар учун юқори юқори шарт-шароитларни таъминлаш мақсадида ушбу ҳудудда кўплаб хайрли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Юқори Чирчиқ туманида жойлашган “Ийк ота” зиёратгоҳи таъмирдан чиқарилиб, обод масканга айлантирилди. Қувонарлиси, зиёратгоҳ таркибида намозхона барпо этилиб, ташриф буюрувчилар учун ибодатларини ўз вақтида адо этиб олишларига имконият яратилди.

Ҳоки пойлари шу жойда жойлашган, маҳаллий халқ орасида “Ийк ота” номи билан машҳур бу зотнинг таҳминан XVI-XVII асрларда яшаб ўтганлари, яссавия тариқатининг намоёндаларидан бири бўлган мўътабар зот эканликлари айтилади.

Куни кеча, 1 сентябр куни янги таъмирдан чиқарилган зиёратгоҳга ташриф буюрган мутасаддилар бу жой чинакам маърифат масканига айланганини эътироф этдилар. Жумладан, мажмуада эркаклар ва аёллар учун алоҳида намозхона, кутубхона, ҳовлиларнинг кенг ва шинамлиги кишининг дилини яйратади. Хуллас, зиёратга келувчи юртдошларимиз ва хорижий меҳмонлар учун мақбара замонавий зиёратгоҳ сайёҳлик масканига айлантирилган.

 

Маълумки, бугунги кунда Олмалиқ шаҳри тегишли дастур асосида комплекс ривожлантирилмоқда. Бу жойда барпо этилажак кўплаб инфратузилма обьектлари қаторида янги масжид қурилиши ҳам кўзда тутилган. Бу “Ҳилол” номли масжид бўлиб, яқинда Адлия бошқармасида давлат рўйхатидан ўтказилди. 

Шаҳарда чиндан ҳам масжидга эҳтиёж мавжуд эди. Шу кунга қадар 150 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қиладиган Олмалиқда биргина масжид фаолият кўрсатаётган эди. Шунинг учун  «Эвалак» маҳалласи, Фахрийлар кўчасида янги барпо бўлаётган масжид лойиҳаси анча йирик бўлиб, у уч гектар майдонда жойлашади.

Шундоққина шаҳарга кириб келишда ўзининг 60 метрлик тўртта      минораси-ю, шарқона гумбазлари билан муаззам қиёфа касб этувчи жоме ҳар қандай йўловчи эътиборини ўзига жалб этиши шубҳасиз. Ибодат уйи 6 мингдан ортиқ намозхонни ўз бағрига сиғдириш имкониятига эга бўлиши билан сиғими жиҳатидан Тошкент вилоятидаги энг катта масжид бўлиши кутилмоқда. Асосий хонақоҳ 50х50 метр ҳажмда бир қаватдан иборат бўлади. Бу жойда маҳаллий аҳоли ва йўловчилар учун кўплаб қулайликлар яратилади. Жумладан, бир гектар майдондадаги автотураргоҳ, аёллар учун алоҳида намозхона ва таҳоратхона, йиғилишлар зали ва бошқа ёрдамчи хоналар ўрин олади.  

Яқиндагина муборак Ашуро кунларида эзгу ният ва хайрли дуолар билан ушбу масжиднинг тамал тоши қўйилди. 2021 йилнинг якунига қадар битказилиши режалаштирилаётган байтуллоҳнинг қурилиш ишларида хизмат кўрсатаётган барча фидоий инсонларга Аллоҳ таолодан мадад ва муваффақиятлар тилаб қоламиз.  

* * * 

Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманида “Олтин Ўрда” номли масжид бор. Масжид 1993 йилда Сирдарёдаги масжидларда кўп йиллар имомлик вазифасида фаолият юритган, дин хизматидаги мўътабар инсон Юсуфхон домла Мубашширхонов бошчилигида халқ ҳашари йўли билан қурилган. Масжид номи ҳозирда қишлоқ номига монанд “Олтин Ўрда” дея юритилсада, дастлаб “Саид Мубашширхон тўра” номи билан ҳам аталган.

Ўтган давр мобайнида масжид биносининг эскирганлиги ҳамда ноқулай  об-ҳаво шароитларида намозхонларга қийинчиликлар туғилаётгани сабабли, тегишли рухсат асосида бу йили янгидан кенг сиғим ва замонавий шароитлар асосида бунёд бўлмоқда. Жоме аввалги ҳолатда 250-270 намозхонни сиғдирган бўлса, янги лойиҳага кўра, хонақоҳ ва қўшимча айвонлар 700 дан зиёд намозхонга мўлжалланган. Ҳозирда қурилиш ишларининг 75% якунланиб, ички безак ишлари давом эттирилмоқда. Жорий йилнинг ноябр ойида намозхонлар ихтиёрига топширилиши режалаштирилган.

Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда бугунги кунда юртимиз бўйича жами 181 та масжид янги лойиҳалар асосида қайтадан қурилмоқда. Масжидларни таъмирлаб, барпо этишдек савоби улуғ, хайрли ишларда ташаббус кўрсатаётган, ҳиссалари қўшилаётган барча мутасаддилар, қўли гул меъмор усталар, кўнгилли хизматчилар, ҳашарчиларга таҳсинлар айтиб, Аллоҳ таолодан куч-қувват тилаймиз. Масжидлар тез орада қад кўтариб, келажак авлод учун кўп йиллар ҳидоят маёғи бўлиб хизмат қилишини Яратгандан Парвардигор насиб этсин. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими  

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

Арафа куни ушбу 5 амални бажаришни унутманг!

04.06.2025   15141   1 min.
Арафа куни ушбу 5 амални бажаришни унутманг!

1. Дуо қилиш. Бу кун қилинган дуолар энг афзал дуодир.

Солиҳлардан бири айтади: "Аллоҳга қасам! Арафа куни бирор дуо қилсам, бир йил ўтмасидан туриб уни худди ёришган тонг каби амалга ошганини кўрдим".

Ўтган солиҳлар эҳтиёжлари учун қиладиган дуоларини арафа кунига сақлаб қўйишар эди. Қанчадан қанча орзу-умидлар ва дуолар арафа кунида ижобат қилинган.


2. Ушбу дуони кўп қилиш. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дуоларнинг яхшиси арафа кунидаги, мен ва мендан олдинги набийларнинг “Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъала кулли шайин қодийр”, деб айтган дуосидир”, дедилар.


3. Аллоҳдан дўзахдан паноҳ сўраш. Бу кундан кўра дўзахдан кўп озод бўладиган кун йўқ. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Арафа куни, Аллоҳ бандаларни дўзахдан кўп озод қилганчалик бошқа бирор кун йўқ!”.


4. Такбири ташриқ айтиш. Бу куннинг бомдод намозидан бошлаб такбир айтилади. “Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар! Аллоҳу акбар ва лиллааҳил ҳамд”.


5. Рўза тутиш. Бу кун тутилган рўза икки йиллик гуноҳларга каффорот бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Арафа кунининг рўзаси ундан олдинги ва ундан кейинги йиллардаги гуноҳларга каффорот бўлади деб Аллоҳдан умид қиламан”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Арафа кунингиз муборак бўлсин. Аллоҳ таоло сизни бу куннинг фазилатларидан тўлиқ баҳраманд этсин.

 

Даврон НУРМУҲАММАД