Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
07 Феврал, 2025   |   8 Шаъбон, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:08
Қуёш
07:28
Пешин
12:42
Аср
16:05
Шом
17:50
Хуфтон
19:05
Bismillah
07 Феврал, 2025, 8 Шаъбон, 1446

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи

31.08.2020   2334   23 min.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи

Ассалому алайкум, қадрли ва муҳтарам ватандошлар!

Аввало, сиз азизларни, кўпмиллатли бутун халқимизни Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллик байрами билан чин қалбимдан табриклайман.

Айни пайтда ушбу тантанали маросимни жойлардаги студияларда, шунингдек, уйларида “ойнаи жаҳон” орқали томоша қилаётган, менинг табрик сўзларимни эшитиб турган мўътабар отахон ва онахонларимизга, мунис опа-сингилларимизга, азиз ёшларимизга, барча-барча юртдошларимга ўзимнинг юксак эҳтиромимни билдираман.

Ҳаммангизга маълум, пандемия туфайли бу йил Мустақиллик байрамини ҳар доимгидек катта тантана ва сайиллар билан нишонлай олмаяпмиз.

Халқимизнинг саломатлигини ўйлаб, байрам тадбирларини ихчам шаклда, онлайн режимида ўтказмоқдамиз. Лекин, ҳар йилгидек, машҳур санъаткорларимиз ушбу қутлуғ санага атаб катта-катта концертлар, бадиий дастурлар тайёрлашган ва улар телевидение орқали халқимизга тақдим этилади.

Ҳеч шубҳасиз, барчамиз учун энг улуғ ва муқаддас бўлган бу байрам шукуҳи оилаларимиз даврасида, қалбларимизда, юракларимизда давом этади.

Ҳурматли дўстлар!

Башарият тарихи шундан далолат берадики, ҳар бир халқ фақат эркин ва озод бўлган тақдирдагина, ўз ҳаёти ва келажагини мустақил барпо этиш ҳуқуқига эга бўлади. “Ҳақ берилмас, ҳақ олинур!” деб миллат озодлиги йўлида жонини фидо қилган улуғ аждодларимизнинг буюк мақсади ҳам шу эди.

Халқимизнинг беқиёс жасорати ва матонати билан Биринчи Президентимиз муҳтарам Ислом Абдуғаниевич Каримов бошчилигида қўлга киритилган давлат мустақиллиги ана шу асрий орзумизни амалда таъминлаган оламшумул воқеадир.

Биз қандай таҳликали ва суронли даврларни бошимиздан кечирмайлик, қандай ютуқ ва натижаларга эришган бўлмайлик, мустақиллик ғояси, истиқлол руҳи бизга доимо тоғдек таянч бўлмоқда.

Бугун чексиз ифтихор билан айта оламизки, донишманд халқимизнинг узоқни кўра олиши, бирдамлиги ва фидойи меҳнати билан барча синовлардан муносиб ўтиб келмоқдамиз.

Шу нуқтаи назардан, бизнинг инсоний қадр-қимматимизни, ғурур ва шаънимизни, дину диёнатимизни, миллий давлатчилигимизни тиклаб берган Мустақиллик куни Ватанимизнинг шонли тарихида ҳамиша энг ёрқин саҳифа бўлиб қолади.

Бугун жаҳон миқёсида юртимиз ҳақида сўз кетганда “Янги Ўзбекистон” ибораси тилга олинмоқда. Бу кейинги йилларда тараққиётнинг мутлақо янги босқичига қадам қўйганимиз, эришаётган залворли ютуқларимизнинг эътирофидир.

Халқимизнинг улуғвор қудрати жўш урган ҳозирги замонда Ўзбекистонда янги бир уйғониш – Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилмоқда, десак, айни ҳақиқат бўлади. Чунки бугунги Ўзбекистон – кечаги Ўзбекистон эмас. Бугунги халқимиз ҳам кечаги халқ эмас.

Истиқлол йилларида босиб ўтган шонли йўлимизга назар ташлаб, эртанги кунимизга, ўз куч ва имкониятларимизга бўлган ишончимиз янада ортмоқда. Мамлакатимизни ривожлантиришнинг Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ барча соҳа ва тармоқларда амалга ошираётган ислоҳотларимиз бу борада ҳал қилувчи омил бўлмоқда.

“Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” деган даъваткор ғоя  ҳаётимизга тобора чуқур кириб бормоқда. Биз айни шу асосда халқимиз ҳаётини тубдан яхшилаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонун устуворлиги ва ижтимоий адолатни таъминлаш, инновацион тараққиёт борасида муҳим қадамларни қўймоқдамиз.

Кенг жамоатчилик, эл-юртимиз барча ижобий ўзгаришларнинг ташаббускори ва бунёдкорига айланмоқда. Мамлакатимиз фуқаролари қаерда бўлмасин, давлат ҳимоясида эканини, қонун ва адолат кучини ҳис этиб яшамоқда.

Бугун бир ҳақиқатни қатъий ишонч билан айтиш мумкин: дунёда турли хавф-хатарлар, манфаатлар тўқнашуви кучайиб бораётган ҳозирги таҳликали вазиятда Ўзбекистонда шаклланган янги тизим ўзини тўла оқламоқда.

 

Азиз юртдошлар!

Сизларга маълумки, шу йил бошида 2020 йил учун улкан режа ва мақсадларни белгилаб олган эдик. Бироқ жаҳон миқёсида юзага келган коронавирус пандемияси ва иқтисодий инқироз, Бухоро ва Сирдарё вилоятларида рўй берган табиий ва техноген офатлар барчамизнинг иродамизни жиддий синовдан ўтказди. Тош келса кемириб, сув келса симириб тобланган халқимиз бу оғир кунлардан ҳам ўзининг сабр-матонати, меҳр-оқибати ва меҳнаткашлиги билан янада кучли бўлиб ўтмоқда.

Ҳозирги мураккаб вазиятда биз учун ғоят муҳим иккита вазифани самарали ҳал этиш – энг долзарб заруратга айланмоқда. Яъни, биз аҳолимизнинг соғлиғи ва ҳаётини асраш, шу билан бирга, иқтисодиётимизни тиклаш, одамларга ишлаб даромад топиши учун шароит яратиб бериш муаммосини бир пайтнинг ўзида ҳал этмоқдамиз.

Пандемия даврида халқимиз том маънода қудратли кучга айланди. Буни “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати яна бир бор яққол намоён этди. Бу эзгу ташаббус ишбилармон ва тадбиркорларни, фидойи ёшларимизни, барча-барча ватандошларимизни олижаноб мақсад йўлида бирлаштирди.

Ҳазрат Алишер Навоийнинг:

Даврон элининг жисмида жон бўлғил,

Ҳам жонларига мояи дармон бўлғил, –

деган сўзлари бугун янада теран маъно билан янграмоқда.

Чиндан ҳам, ҳозирги давр ҳар биримизни саховат ва ҳиммат кўрсатиб, хайрли ишларимиз билан эл-юрт дардига дармон бўлишга ундамоқда.

Айни вақтда коронавирус мамлакатимиз тиббиёт тизими учун ҳам жиддий синов, ҳам улкан тажриба мактаби бўлди.

Бу балога қарши курашиш бўйича сўнгги олти ой давомида мисли кўрилмаган ишларни амалга оширдик. Жумладан, кўплаб янги шифохоналар ва карантин зоналари ишга туширилди. Катта миқдорда қўшимча тиббиёт ускуналари ва тез ёрдам машиналари харид қилинди. Энг илғор хорижий амалиёт ва ўзимизда тўпланган тажриба асосида даволаш усуллари такомиллаштириб борилмоқда. Коронавирусга қарши курашда туну кун метин ирода билан фаолият юритаётган тиббиёт ходимларининг фидокорона меҳнатини муносиб қадрлаш доимий эътиборимизда турибди. Бундай чора-тадбирларимиз натижасида минглаб беморлар шифо топиб, оиласи бағрига қайтмоқда.

Чет давлатларга меҳнат қилиш ва ўқишга кетиб, пандемия туфайли қийналиб қолган юртдошларимизни ўз уйларига қайтариш, тегишли ёрдам кўрсатиш бўйича амалга оширган катта ишларимиз давом эттирилмоқда.

Ҳеч ким ҳеч қачон унутмаслиги керак: қанчалик қийин бўлмасин, қанча маблағ ва имконият талаб этилмасин, Ўзбекистоннинг биронта фуқароси ўз ҳолига ташлаб қўйилмайди.

Барчангизга яхши маълум, дунёда икки соҳа вакиллари ўз касбига садоқат борасида қасамёд қабул қилади: булар – Ватан ҳимоячилари бўлган ҳарбийлар ва инсон саломатлигига масъул шифокорлар. Бунинг бежиз эмаслигини бугун ҳаётнинг ўзи тасдиқламоқда. Муқаддас қасамёдига содиқ бўлган шифокорларимиз ҳозирги мураккаб вазиятда, керак бўлса, азиз жонларини фидо қилиб, қаҳрамонларча меҳнат қилмоқдалар.

Халқимиз, давлатимиз сизларнинг матонат ва жасоратингизни ҳеч қачон унутмайди.

Биз нечоғлик ҳаракат қилмайлик, афсуски, бу хавфли касаллик бир қанча ватандошларимизнинг умрига зомин бўлди. Бу оғир йўқотишлар юракларимизни ларзага солди. Негаки, бу инсонларнинг ҳар бири бизнинг жигарларимиз эди.

Шу ўринда яқинларидан жудо бўлган юртдошларимизга чуқур ҳамдардлик билдириб, уларга Яратгандан сабр-тоқат ва бардош тилайман.

 

Қадрли ватандошлар!

Халқимизда “Оққан дарё – оқаверади” деган ҳикматли гап бор. Буни бугунги мураккаб вазиятда амалга ошираётган улкан ишларимиз исботлаб турибди.

Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси каби нуфузли молия ташкилотлари дунёдаги саноқли мамлакатлар қаторида Ўзбекистонда иқтисодиётнинг пасайишига йўл қўйилмаганини таъкидламоқда ва кейинги йилларда сезиларли ўсиш кутилаётганини прогноз қилмоқда. Бу албатта ўз вақтида кўрган тезкор чораларимизнинг самарасидир.

Карантин чекловларига қарамасдан, саноат ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, замонавий ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш бўйича бошлаган кенг кўламли ишларимизни изчил давом эттирмоқдамиз.

Аҳолимизнинг асосий қисми ўзининг даромад манбалари ва турмуш даражасини сақлаб қолишига эришдик. Карантин талаблари жорий этилиши натижасида 72 минг 500 та саноат корхонасидан 16 минг 700 таси ўз фаолиятини вақтинча тўхтатган эди. Бу борада қилган тизимли ишларимиз ҳисобидан 16 минг 600 та корхонада ишлаб чиқариш жараёни тикланди.

Мамлакатимиз корхоналари маҳсулотларини жаҳон бозорларига олиб чиқиш бўйича белгиланган режалар ҳам бажарилмоқда. Йил бошидан буён 9 миллиард долларлик маҳсулотни экспорт қилишга эришганимиз ҳам буни тасдиқлаб турибди.

Шу ўринда бир рақамга эътиборингизни қаратмоқчиман. Бу йил республикамизда биргина саноат соҳасида умумий қиймати 11 миллиард доллар бўлган лойиҳалар ишга туширилади.

Ана шундай йирик лойиҳалар қаторида янги Тошкент металлургия заводини алоҳида қайд этиш зарур. Германия ва Италиянинг замонавий технологиялари ўрнатилган ушбу корхона экологик жиҳатдан энг тоза ва хавфсиз бўлиб, йилига 500 минг тонна металл прокати ишлаб чиқаради.

“Навоийазот” корхонасида йилига 500 минг тонна азот кислотаси ва 100 минг тонна поливинилхлорид ишлаб чиқарадиган заводлар фойдаланишга топширилди. Йил охирига қадар бу ерда йилига 660 минг тонна аммиак ва 577 минг тонна карбамид ишлаб чиқарадиган заводлар ҳам фаолият бошлайди. Янгитдан барпо этилаётган “Ўзбекистон ЖТЛ”  заводида “Шўртангазкимё” комплексининг метан гази асосида йилига 1,5 миллион тонна синтетик ёқилғи олиш йўлга қўйилмоқда.

Олмалиқ кон-металлургия комбинатида рангли ва қимматбаҳо металлар тайёрлашни уч баробар кўпайтиришга доир, шунингдек, нефть, кимё, электротехника, қурилиш материаллари саноати, фармацевтика, тўқимачилик, чарм-пойабзал ва бошқа тармоқлар бўйича ҳам йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Иқтисодий соҳадаги ана шундай кенг кўламли ислоҳотлар туфайли халқаро валюта захираларимизнинг ҳажми қарийб 5,5 миллиард долларга ошиб, жами 34 миллиард АҚШ долларини ташкил этмоқда. Бу, ҳеч шубҳасиз, катта ютуғимиздир.

Иқтисодиётимизда барқарор ўсиш суръатларини таъминлашда қишлоқ хўжалиги алоҳида роль ўйнамоқда. Соҳани модернизация қилиш мақсадида халқаро молия ташкилотларининг маблағлари ҳисобидан қиймати 1 миллиард 200 миллион долларлик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, ҳар бир ҳудудда замонавий агрохизмат марказларини ташкил этиш учун Жаҳон банкининг 500 миллион долларлик маблағи жалб этилди.

Биз кейинги йилларда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга биринчи марта шундай улкан молиявий ресурсларни йўналтирмоқдамиз.

Миришкор деҳқон ва фермерларимиз бу йилги мураккаб шароитда фидокорона меҳнат қилиб, ғалладан олти ярим миллион тоннага яқин ҳосил етиштирдилар. Чорвачилик, паррандачилик, боғдорчилик, сабзавот ва полиз экинлари етиштириш бўйича ҳам салмоқли натижаларга эришилмоқда.

Имкониятдан фойдаланиб, ризқ-рўзимиз бунёдкори бўлган деҳқон ва фермерларимизга, ернинг ҳақиқий эгасига айланаётган кластер хўжаликлари ходимларига, барча дала меҳнаткашларига самимий миннатдорчилик билдиришга рухсат бергайсиз.

 

Ҳурматли дўстлар!

Хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнес соҳасини ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Пандемия даврида тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ҳамда улар ўз фаолиятини давом эттириши учун бизнес субъектларига турли имтиёз ва енгилликлар берилгани сизларга яхши маълум.

Бу йил “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурини амалга ошириш учун 4 триллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилади.

Ишончим комил, ана шундай тизимли ишларимиз орқали йил якунига қадар ишлаб чиқариш қувватларининг узлуксиз фаолиятини ва иқтисодиётимиз барқарорлигини албатта таъминлаймиз.

Улкан қурилиш майдонига айланган мамлакатимизда кўплаб янги-янги корхона ва турар-жойлар, йўл ва кўприклар, инфратузилма объектлари, илм-фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масканлари барпо этилмоқда. Ҳозирги вақтда биргина ижтимоий соҳанинг ўзида 2 минг 400 га яқин объектда қурилиш ишлари жадал олиб борилмоқда.

Пойтахтимиздаги куни кеча фойдаланишга топширилган янги ер ости ва ер усти метро линиялари, Ғалаба боғи, Адиблар хиёбони сингари муҳташам мажмуалар, барча ҳудудларимизда қад кўтараётган замонавий  бино ва иншоотлар халқимизнинг улкан бунёдкорлик салоҳиятидан ёрқин далолатдир.

 

Қадрли байрам иштирокчилари!

Маълумки, миллий мустақиллигимизнинг бош мақсади юртимиздаги ҳар бир инсоннинг иззат-ҳурмати ва қадр-қимматини жойига қўйишдан иборатдир.

Биз ана шу эзгу ишни давом эттириб, ижтимоий адолат тамойили асосида аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, камбағалликни камайтиришни давлат сиёсати даражасига кўтардик. Жумладан, ижтимоий нафақа билан таъминланадиган аҳоли сони қарийб 1,5 баробар оширилди. Йил якунига қадар уларнинг сони ҳозирги 774 мингдан 1 миллион 200 минг нафарга етказилади. Ушбу тоифани қўллаб-қувватлаш ва иқтисодиётимизни тиклаш учун давлат бюджетидан ўн икки ярим триллион сўм маблағ ажратилди.

Кейинги пайтда уйма-уй юриб ўрганиш орқали аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, эҳтиёжманд оилаларни аниқлашнинг ўзига хос янги тизими шакллантирилди. Шу асосда, умумий ҳисобда, моддий ёрдам кўрсатиш учун 417 миллиард сўм маблағ ажратилди. Шунингдек, сентябрь ойида моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож, боқувчисини йўқотган оилаларнинг фарзандларини ва ногиронлиги бўлган болаларни қишки кийим-бош тўпламлари, мактаб формаси ва ўқув қуроллари билан таъминлаш мақсадида 426 миллиард сўмга яқин моддий ёрдам кўрсатилади. 

Ўзбекистон тарихида ижтимоий соҳа бўйича бундай кенг кўламли ишлар илгари ҳеч қачон бўлмаган.

Бугунги қутлуғ айёмда Ватанимиз келажаги бўлган ёшларимизнинг камоли йўлида қилаётган ишларимизни эсга олишимиз табиийдир.

Сўнгги тўрт йилда мамлакатимизда 43 та янги олий таълим муассасаси ташкил этилиб, уларнинг сони 121 тага етди. Бу йил олий ўқув юртларига кириш учун бир ярим миллионга яқин ёшларимиз ҳужжат топширди. Бу рақам ўтган йилга нисбатан 40 фоиз кўп демакдир.

Ушбу кўрсаткичлар, аввало, фарзандларимиз ва уларнинг ота-оналари қалбидаги эртанги кунимизга, келажакка бўлган катта орзу-умид ва ишончдан дарак беради.

Ана шу ўғил-қизларимиз яқинда кириш имтиҳонларини топширади. Келинглар, бўлғуси синовларда ҳамма фарзандларимизга омад ва зафарлар тилайлик!

Ёш авлод тарбиясида ҳал қилувчи ўрин тутадиган боғчалар ва мактаблар тизимида ҳам улкан ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Президент мактаблари, ихтисослашган ва ижод мактаблари барпо этиш, “Замонавий мактаб” дастурини жорий этиш борасидаги ишларимиз ҳам узлуксиз давом эттирилмоқда.

Юртимизда Ёшлар ишлари агентлиги, Ёшлар масалалари бўйича идоралараро кенгаш ташкил этилди. Олий Мажлис палаталари ҳузурида Ёшлар парламентлари, Инновацион ривожланиш вазирлиги қошида Ёшлар академияси тузилди. Ҳудудларда “Лойиҳалар фабрикаси” иш бошлади.

“Ёшлар – келажагимиз” давлат дастури доирасида иқтидорли ва ташаббускор ўғил-қизларимизнинг 8 мингдан зиёд бизнес лойиҳаларига қарийб 1,7 триллион сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилди.

Фарзандларимизнинг истеъдод ва қобилияти, эзгу интилишларини тўлиқ рўёбга чиқариш, ижтимоий фаоллигини ошириш, ҳаётда муносиб ўрин эгаллашлари учун барча имкониятларни яратиб бериш бундан буён ҳам бош мақсадимиз бўлиб қолади.

Оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари, аёлларнинг меҳнат ва турмуш шароитини яхшилаш, гендер тенгликни таъминлаш борасидаги ишларимиз ҳам изчил давом эттирилмоқда.

Хабарингиз бор, кам таъминланган оилаларда камол топаётган қизларимизнинг билим олиш имкониятини кенгайтириш учун бу йил янги тизим жорий этдик. Унга мувофиқ, ушбу ўқув йилида олий таълим даргоҳларининг кундузги бўлимларига бундай қизларимиз учун давлат гранти асосида 940 та қўшимча ўрин ажратилди.

 

Азиз ватандошлар!

Ҳозирги пайтда дунё миқёсида рақобат қандай кескин тус олиб бораётганини ҳаммамиз кўриб турибмиз. Бу шиддатли рақобатга фақат замонавий илм-фан ва инновация ютуқларини кенг жорий этиш орқали муносиб жавоб бера оламиз. Шунинг учун ҳам ушбу стратегик вазифа бизнинг фаолиятимизда устувор йўналишга айланмоқда.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон олимлари фундаментал фан ва унинг натижаларини амалиётга татбиқ этиш борасида бир қатор ютуқларни қўлга киритмоқдалар. Хусусан, математика, физика, кимё, биология, астрономия, фармацевтика, геология, сейсмология ва бошқа соҳаларда жиддий амалий натижаларга эришилмоқда. Математика, кимё, биология фанларини ривожлантириш ва уларни ўқитиш борасидаги ишларимиз янги босқичга кўтарилмоқда.

Ўйлайманки, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги халқаро мукофотни таъсис этганимиз математика соҳасида ёш иқтидор эгаларини рағбатлантиришда яна бир муҳим омил бўлади.

Маълумки, ҳар қандай мустақил давлат мустаҳкам маънавий пойдеворга эга бўлгандагина юксак тараққиётга эриша олади.

Шу мақсадда биз “Узлуксиз маънавий тарбия концепцияси” доирасида умумтаълим мактабларида биринчи марта “Тарбия” фанини жорий этмоқдамиз.

Миллий давлатчилигимиз ва ўзлигимиз тимсоли бўлган она тилимизни ривожлантириш бу борада энг муҳим йўналиш бўлиб қолади. Худо хоҳласа, бу йил 21 октябрь – Ўзбек тили байрами кунини бутун мамлакатимиз миқёсида кенг нишонлаймиз.

Кейинги пайтда қабул қилинган фармон ва қарорлар асосида маданиятимиз ва санъатимиз ривожи янги босқичга кўтарилмоқда.

Мамлакатимизда диний-маърифий соҳалар ривожига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази қурилиши жадал давом эттирилмоқда. Ушбу бетакрор мажмуа халқимизнинг асрлар давомида жаҳон цивилизациясига қўшган улкан ҳиссасини намоён этади. Яқинда Имом Мотуридий илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш борасида бошлаган саъй-ҳаракатларимиз ҳам мана шу хайрли ишларнинг узвий давомидир.

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўйича ҳам катта ишлар амалга оширилмоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари кенгаши сессиясида Суд-ҳуқуқ тизимида Ўзбекистон эришаётган амалий натижаларнинг эътироф этилгани бу борадаги фаолиятимизга берилган холис баҳодир.

Юртимизда биринчи марта “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси” қабул қилинди.

Шу йил август ойида ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг долзарб масалаларига бағишлаб Самарқанд веб-форуми ўтказилди. У нафақат мамлакатимиз, балки жаҳон ёшлари ҳаётини яхшилаш учун глобал ҳамкорликни кучайтиришга қаратилгани билан муҳим аҳамият касб этади.

Юртимизда суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, жиноятга оид қонунчиликни либераллаштириш, тўғри йўлдан адашган инсонларни соғлом ҳаётга қайтариш юзасидан ҳам тарихий қадамлар ташланди.

Сўнгги пайтда жазони ўтаётган шахсларга нисбатан афв институти кенг қўлланаётгани халқимизга хос бағрикенглик ва инсонпарварликнинг амалий ифодасидир. Ана шу ишларимизнинг мантиқий давоми сифатида Мустақиллик байрами арафасида яна бир Фармонга имзо чекдим. Унга кўра, қилмишига чин дилдан пушаймон бўлиб, қатъий тузалиш йўлига ўтган 73 нафар шахс жазони ўташ муассасаларидан озод қилиниб, ўз оиласи бағрига қайтарилди. Шунингдек, 40 нафар фуқаронинг жазо муддатлари қисқартирилди.

Инсон ҳуқуқларининг энг муҳим шарти бўлган шахснинг фуқаролигини тиклаш бўйича ҳам салмоқли қадамлар қўйилди. Кўп йиллар давомида юртимизда яшаб келаётган бўлса-да, фуқаролик ололмай юрган, бу юксак мақомни узоқ вақт интиқиб кутган 50 мингдан зиёд кишига Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги берилди.

Тараққиёт кушандаси бўлмиш иллат – коррупцияга қарши мамлакатимизда кенг кўламда кураш олиб борилмоқда. Шу борада янги тузилма – Коррупцияга қарши курашиш агентлигини ташкил этганимиз бу масаланинг долзарблиги ва доимий эътиборимизда бўлишидан далолат беради.

Жамиятимиз ҳаётининг барча жабҳаларини эркинлаштириш, сўз ва матбуот эркинлиги, очиқлик ва ошкоралик тамойилларини чуқур қарор топдириш, давлат ҳокимияти идоралари фаолияти устидан самарали жамоатчилик назоратини ўрнатиш бўйича бошлаган ишларимиз ортга қайтмас тус олганини яна бир бор таъкидламоқчиман.

Барчангиз хабардорсиз, ҳозирги мураккаб шароитга қарамасдан, биз зиммамизга олган барча халқаро мажбуриятлар ва келишувларни тўлиқ бажариб келмоқдамиз. Хорижий шерикларимиз билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни фаол ривожлантирмоқдамиз.

Фурсатдан фойдаланиб, коронавирусга қарши курашда бизга амалий кўмак берган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига, шунингдек, Хитой, Россия, АҚШ, Туркия, Жанубий Корея, Бирлашган Араб Амирликлари, Германия, Япония ва бошқа ҳамкор давлатларга халқимиз номидан самимий ташаккур изҳор этаман.

Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё инфратузилма инвестициялар банки ва бошқа ташкилотларга қўшма дастур ва лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда пандемия оқибатларини юмшатиш борасида кўрсатган ёрдамлари учун миннатдорлик билдираман.

Айни вақтда бизни Мустақиллик байрами билан қутлаётган барча узоқ-яқин давлатларнинг халқларига, чет эллик дўстларимиз ва ҳамкорларимизга тинчлик-омонлик, фаровонлик ва равнақ тилайман.

 

Муҳтарам юртдошлар!

Бугунги оғир вазият ҳар биримиздан ўз фаолиятимиз ва масъулиятимизни янада кучайтиришни талаб этмоқда.

Халқимизда “Кўз – қўрқоқ, қўл – ботир”, деган чуқур маъноли ибора бор. Бугунги шароитда бизнинг кўзимиз ҳам, қўлимиз ҳам, юрагимиз ҳам ботир бўлиши керак. Белимизни маҳкам боғлаб, пок ният билан меҳнат қилсак, шубҳасиз, кўзлаган марраларимизга эришамиз.

Муқаддас китобларда айтилганидек, ҳар қандай қийинчилик ортидан албатта бир енгиллик келади. Барчамиз бунга ишонамиз ва қодир Оллоҳдан шуни сўраймиз.

Ҳали кўп Наврўз ва Ҳайит айёмларини, тарихий саналар ва умумхалқ байрамларини ҳаммамиз биргаликда шоду хуррамлик билан ўтказамиз, иншооллоҳ.

Мана, келгуси йили давлатимиз мустақиллигига ўттиз йил тўлади. Мамлакатимиз тарихидаги ушбу унутилмас шонли санани ҳар томонлама муносиб нишонлашни ният қилганмиз. Илоҳим, шу кунларга соғ-омон, ёруғ юз билан етиш ҳаммамизга насиб этсин.

Маълумки, бугунги байрам арафасида турли соҳа ва тармоқларда фидокорона меҳнат қилаётган юртдошларимизнинг катта бир гуруҳи давлатимизнинг фахрий унвон, орден ва медаллари билан тақдирланди. Уларнинг барчасини қизғин табриклаб, ижтимоий фаолиятлари ва шахсий ҳаётларида янги-янги муваффақиятлар тилайман.

Бугунги имкониятдан фойдаланиб, ўз инсоний бурчи ва фуқаролик масъулиятини чуқур англаб, истиқлолимизни мустаҳкамлаш учун фидокорона меҳнат қилаётган ишчи ва хизматчиларга, қурувчи ва тадбиркорларга, фермер ва деҳқонларга, навқирон ёшларимизга яна бир бор самимий раҳмат айтаман.

Эл-юрт манфаати йўлида ўзини аямасдан хизмат қилаётган ҳурматли депутатлар ва сенаторларимизга, ҳокимият идоралари ходимлари ва маҳалла фаолларига, ҳарбий либос кийган ўғлонларимизга, илмий ва ижодкор зиёлиларга, муҳтарам нуронийларимизга, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакилларига чин қалбимдан ташаккур изҳор этаман.

Мен турли синов ва курашларда тобланган, иймон-иродаси мустаҳкам халқимизнинг ақл-заковати ва азму шижоатига ишонаман.

Мана шундай буюк инсоний фазилатлар соҳиби бўлган, айниқса, бугунги синовли кунларда ўзининг матонати ва ҳамжиҳатлиги билан чинакам жасорат кўрсатаётган қаҳрамон халқимизга фарзандлик меҳри ва садоқати билан бош эгиб таъзим қиламан.

Азиз ва муҳтарам ватандошларим!

Сизларни Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллик байрами билан яна бир бор чин дилдан табриклайман.

Барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт ва омад ёр бўлсин!

Фарзандлар, набиралар камолини кўриб юриш ҳаммамизга насиб этсин!

Гўзал ва бетакрор юртимиз ҳамиша тинч ва фаровон бўлсин!

Меҳнаткаш ва олижаноб, бағрикенг халқимиз доимо соғ-омон бўлсин!

Яратганнинг ўзи барчамизни паноҳида асрасин!

Мустақиллигимиз абадий бўлсин!

 

president.uz

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Никоҳ тўғри бўлишининг 5 шарти

6.02.2025   3047   12 min.
Никоҳ тўғри бўлишининг 5 шарти

«Никоҳ» сўзи, аввал ҳам айтиб ўтганимиздек, луғатда «қўшилиш», «жамланиш», «яқинлашиш» маъноларини англатади.

Шариатда эса: «Никоҳ баҳраланиш эгалигини ҳосил қилувчи боғланишдир».

Бошқа фиқҳий мазҳаблар таърифида: «Никоҳ эр-хотин орасида шаръий йўл билан ҳузурланиш ҳалоллигини ифода қилувчи ва ўша ҳузурланишни мубоҳ қилувчи ақддир».

Шайх Муҳаммад Абу Заҳра қуйидаги таърифни ихтиёр қилган:

«Никоҳ эркак ва аёл орасидаги яқинликни, иккисининг ўзаро ҳамкорлигини ифода қилувчи ҳамда иккисининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини чегараловчи ақддир».

Никоҳнинг шариатга киритилиши ҳикматлари:

1. Никоҳдаги шахс ва унинг жуфти ҳалолининг ҳаромдан сақланиши.
2. Инсон сулоласини инқирозга учраб йўқ бўлиб кетишдан ҳимоя қилиш.
3. Наслу насабнинг боқий қолиши ва муҳофаза қилиниши.
4. Жамият қуришнинг асоси бўлган оилани барпо қилиш.
5. Оила ва жамият аъзолари орасида ўзаро алоқаларни ўрнатиш ва уларни ривожлантириш.

Аллоҳ таоло инсонни табиатан жамоатчиликда яшашга мойил қилиб яратган. Инсон зоти бу дунёда яшар экан, унинг ўзига ўхшаш инсонлар билан алоқа қилишга ҳожати тушади ва бусиз яшаб бўлмайди. Шунинг учун ҳам турли инсоний алоқалар мавжуд ва уларсиз дунё ҳаёти обод бўлмайди.

Аммо барча инсоний алоқалар ичида энг муқаддаси никоҳ алоқасидир. Барча инсоний алоқалар ўз-ўзидан ўрнатилиб ва юритилиб кетаверса ҳам, никоҳ алоқаси алоҳида эътиборга сазовордир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таолонинг охирги ва мукаммал дини, Қиёматгача боқий қолувчи дини, барча замонлар ва маконларда инсониятга икки дунё саодат йўлини кўрсатиб берувчи дини – Ислом никоҳ алоқасини инсоний алоқалар ичида энг эътиборли ва энг муқаддас алоқага айлантирган. Бу алоқа, Ислом таълимотига биноан, Аллоҳ таолонинг амри билан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари билан ва мўмин-мусмонларнинг гувоҳлиги билан қуриладиган алоқага айлантирилган. Никоҳ алоқаси ҳақида Қуръони каримда оятлар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида кўплаб таълимотлар ҳамда Ислом фиқҳида қатор ҳукмлар келган.

Мазкур муқаддас алоқанинг моҳиятини, негизини ва асосини ушбу бобда зикри келаётган «никоҳланиш», бизнинг урфимизда «никоҳ ўқитиш» деб аталадиган маросим ташкил этади. Баъзи одамларнинг билимсизлиги ва бепарволиги оқибатида айнан оила қуришнинг жавҳари бўлган мана шу ишни унутиб қўядиганлар ҳам йўқ эмас.

Бундан бир неча йил аввал икки-уч киши муҳим саволлари борлигини айтиб, олдимга келишди. Кириб, бир яқинлари ўғлини уйлантираётгани, ҳамма нарса тайёр бўлганида бола: «Никоҳ ўқилмаса бўлмайди» деб туриб олганини, ота-онаси эса: «Эскича никоҳнинг нима кераги бор?» дегани ва орада келишмовчилик чиққанини айтиб, улардан қай бирлари ҳақ эканини сўрашди.

Минг афсуски, ҳозиргача мусулмонлар орасида никоҳнинг асли, оила пойдевори, ҳаромни ҳалол қиладиган, бошқалар учун шунчаки одат бўлган эр-хотинлик алоқасини ибодат даражасига кўтарадиган асосий омил бўлмиш никоҳ ақдига унчалик аҳамият бермайдиган, унга «эскича одат» деб қарайдиганлар бор.

Бу ўта нохуш ҳолатга чек қўйишимиз керак. Айнан шаръий никоҳ саодат манбаи эканини англаб етишимиз ва уни қадрлай билишимиз лозим. Шариатнинг ҳар бир мусулмон учун фарз бўлган ушбу ҳукмини яхшилаб ўрганишимиз зарур.

Келинг, бизда «никоҳ ўқитиш» дейиш одат тусига айланиб қолган «ақди никоҳ»нинг шариатдаги ҳукмларини диққат билан ўрганиб чиқайлик.


Шаръий никоҳнинг тўғри бўлиши шартлари:

1. Ийжоб ва қабул.

Никоҳ тугуни ийжоб ва қабул ила боғланади.

Яъни эр-хотинлик алоқаси никоҳланмоқчи бўлган икки тарафдан бирининг никоҳланиш рағбатини билдириши ва иккинчисининг ўша рағбатни қабул қилиши ила юзага чиқади.

«Ийжоб» – ақди никоҳда иштирок этадиган икки томоннинг биридан шу масалада рағбат содир бўлганини англатадиган нарса, «қабул» эса, иккинчи томондан ана шу рағбатни қабул қилганини билдириш учун содир бўлган нарсадир.

Бизнинг воқелигимизда никоҳ ўқиётган домла келиндан «Фалончига турмушга чиқишга розимисиз?» деб сўраганда келиннинг «Ҳа» ёки «Розиман» дейиши ийжоб бўлади. Домла куёвдан «Фалончини жуфти ҳалолликка қабул қилдингизми?» деб сўраганда куёвнинг «Қабул қилдим» дейиши «қабул» бўлади.

Шунингдек, бир эркак аёл кишига: «Менга хотин бўлишга розимисан?» деса, бу «ийжоб» бўлади. Аёл унга «Розиман», деб жавоб берса, бу «қабул» бўлади. Ёки аксинча бўлиши ҳам мумкин.

Баъзи вақтларда валийлар ёки вакиллар орқали ҳам «ийжоб-қабул» бўлиши мумкин.

Ҳанафий мазҳабида фақат ийжоб ва қабулгина никоҳнинг рукни ҳисобланади.

Ийжоб ва қабул, яъни рози-ризоликни алоҳида ва жамоатчилик олдида сўрашни жорий қилишда ёшларга ўз эрклари билан оила қураётганликларини яна бир бор намоён қилиш маъноси ҳам бордир. Агар ичкарида одамларнинг хабарисиз қийин-қистов бўлаётган бўлса, яна бир имкон яратиб, очиғини эълон қилиш учун йигит ва қизга фурсат берилади.


2. Ийжоб ва қабулда ишлатилган иборалар абадийликни ифода қилиши шарт.

Агар бу иборалар вақтинчаликни ифода қилса, никоҳ боғланмайди. Вақтини тайин қилиб «фалон ойга, фалон йилга никоҳландик» дейилса, никоҳ ботил бўлади. Шунинг учун ҳам муваққат никоҳ ва мутъа никоҳи ҳаром ҳисобланади.

Ийжоб ва қабулнинг лафзи «Никоҳланишга рози бўлдим ва никоҳландим» каби ўтган замон феъли ёки «Менга никоҳлан» деганда «Никоҳландим» дейиш каби буйруқ ва ўтган замон феъли ила ифода этилади.

Ёки бир тараф никоҳ рағбатини билдирганда иккинчи тараф «Қабул қилдим», деса ҳам, ийжоб-қабул собит бўлади.

Никоҳ ва уйланиш маънолари Қуръони каримда келганлиги учун мазкур икки лафзни ишлатиш афзалдир. Одатда «никоҳ» ва «уйланиш» лафзларининг ишлатилиши ҳаммага маълум ва машҳур.


3. Келин-куёв бир-бирларининг ийжоб ва қабул ҳақидаги лафзларини эшитишлари шарт.

Чунки овози эшитилмаган шахс ғойиб шахс билан баробардир.

Шунингдек, куёв-келиннинг ийжоб ва қабул ҳақидаги лафзларини ўша ерда ҳозир бўлган гувоҳлар ҳам эшитишлари шарт.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Валийсиз ва икки одил гувоҳсиз никоҳ йўқдир», дедилар (Аҳмад ва Байҳақий ривоят қилганлар).


4. Валийнинг бўлиши.

Валийни ҳанафий мазҳаби «никоҳнинг шартларидан бири» деса ҳам, бошқа мазҳаблар «никоҳнинг рукнларидан бири» деганлар. Шунга биноан, «валий» никоҳнинг тўғри бўлиши унга боғлиқ шахс бўлади.

Одатда, ота ёки унинг ўрнига қолган шахс валий бўлади. Валийлар тартиби, ота йўқ бўлса, бобо, туғишган ака‑ука, ота бир ака-ука, она бир ака-ука, амаки бўлиб кетаверади.

Ҳанафий мазҳабида: «Одам ажратишни билмайдиган, алданиб қоладиган киши ҳам валий бўлмайди», – дейилган.

Валий никоҳда ўзининг ўрнига вакил тайин қилиши жоиздир.


5. Икки адолатли гувоҳ.

Ийжоб ва қабулсиз никоҳ бўлмаганидек, камида икки эр киши ёки бир эр ва икки аёл киши гувоҳлигисиз ҳам никоҳ бўлмайди.

Янги қурилган оила жамиятнинг янги аъзоси бўлади. Шунинг учун ҳам жамиятнинг вакиллари бўлмиш гувоҳлар уларнинг ҳалол-пок оила қураётганларига жамият номидан шоҳид бўладилар.

Шоҳидсиз никоҳ бўлмайди. Ана ўша гувоҳлар икки шахснинг ҳалол-пок йўл, никоҳ йўли билан оилавий турмуш қуришганига шоҳид бўладилар ва буни бошқа кишиларга ҳам етказадилар. Шунингдек, эр-хотин орасида никоҳ масаласида даъволашув бўлиб қолса, қозининг олдида гувоҳлик ҳам берадилар. Ушбу эътибордан никоҳ гувоҳсиз бўлиши мумкин эмас.

Никоҳда гувоҳлар икки эр киши бўлиши керак. Ҳанафий мазҳабида икки эр киши бўлмаса, бир эр киши ва икки аёл киши бўлса ҳам, бўлаверади. Аммо фақат аёл кишиларнинг ёлғиз ўзларининг гувоҳлиги кифоя қилмайди.

Гувоҳларда қуйидаги шартлар бўлиши лозим:

1. Ақл. Мажнун киши гувоҳ ҳисобланмайди.
2. Балоғатга етганлик. Ёш бола гувоҳ ҳисобланмайди.
3. Ҳур. Қул гувоҳ бўлмайди.
4. Мусулмонлик. Номусулмон киши гувоҳ бўлмайди.
5. Иккала гувоҳ ҳам никоҳланувчи икки томоннинг гапларини эшитишлари керак.
6. Гувоҳ адолатли (диний жиҳатдан тўлиқ, одил одам) бўлса, яхши бўлади. Бўлмаса, адолати суриштирилмаган, ёлғончилиги, фосиқлиги маълум бўлмаган киши ҳам бўлаверади. Ҳанафий мазҳабида бу масала бошқа мазҳабларга қараганда бир оз кенгроқ олинган.

Никоҳ икки фосиқнинг ҳузурида ҳам тўғри бўлади. Лекин уларнинг гувоҳликларининг таъсири даъво пайтида ўтмайди.

Фосиқ – шариатга хилоф иш қиладиган одам. Бошқа мазҳабларда фосиқнинг гувоҳлиги ўтмайди. Аммо Ҳанафий мазҳабида юқорида зикр қилинган шарт ила унинг никоҳдаги гувоҳлиги қабул қилинган.

Никоҳ икки тарафнинг икки ўғли ёки бир тарафнинг икки ўғли ҳузурида ҳам тўғри бўлади. Мисол учун, ажрашиб кетган эр-хотин ўзларининг икки ўғли гувоҳлигида ёки бирларининг икки ўғли ҳузурида қайта ярашсалар бўлади.

Уларнинг гувоҳлиги ўзининг яқини фойдасига қабул қилинмайди. Мисол учун, эрнинг икки ўғли гувоҳлигида никоҳ қилинди. Кейин эр-хотин орасида низо чиқиб, қозига мурожаат қилинди. Икки ўғилнинг гувоҳлиги отанинг фойдасига қабул қилинмайди. Аммо эрнинг худди ўша ўғилларининг гувоҳлиги хотиннинг фойдасига қабул қилинади. Чунки улар билан хотиннинг орасида қаробат – яқин қариндошлик йўқ.

Никоҳ икки зиммийнинг гувоҳлигида тўғри бўлади ва уларнинг гувоҳлиги мусулмоннинг зиддига ўтмайди.

Зиммий – Ислом давлати соясида яшаётган ғайридин шахс. Агар мусулмон одам зиммий аёлга уйланаётган бўлса, икки зиммий эркакнинг гувоҳлигида қилинган никоҳ тўғри бўлади. Аммо кейинчалик мазкур эр-хотиннинг орасида низо чиқиб қолса ва ишлари маҳкамада кўриладиган бўлса, зиммийларнинг мусулмоннинг зиддига берган гувоҳлиги қабул қилинмайди.

Агар вакил қилувчининг ўзи ҳозир бўлса, унинг вакили гувоҳ бўла олади. Шунингдек, балоғатга етган, ўзига бошқа одам валий қилинган қиз ҳозир бўлса, унинг валийси ҳам гувоҳ бўла олади.

Аммо вакил қилувчи ва валий қилувчи ҳозир бўлмаса, вакил ҳам, валий ҳам гувоҳ бўла олмайди. Чунки бу ҳолатда уларнинг ҳар бири ақди никоҳнинг бир тарафи бўлади. Никоҳдан ўтувчининг ўзи ақд пайтида ҳозир бўлса, унинг ўзи ақднинг бевосита эгаси бўлади ҳамда вакил ва валийнинг гувоҳ бўлишлари имкони туғилади.

Худди шу никоҳ ақдини боғлаш пайтида гувоҳларнинг олдида никоҳнинг асл ва муҳим амалларидан бири – маҳр масаласини кўриш мақсадга мувофиқ бўлади. Бизнинг ҳозирги шароитимиз шуни тақозо қилади. Чунки маҳр нималигини билмайдиганларимиз бор. Агар никоҳ ўқиётган олим киши бу масалани тушунтириб, амалга ошириб қўймаса, бу ўта муҳим нарса умуман эсга келмай, шариатнинг ҳукмларидан бири поймол бўлиши, икки тарафнинг гуноҳкор бўлиши ҳеч гап эмас.

Никоҳга оид маълумотларни турли муносабатлар билан одамларга баён қилганимизда, жумладан, маҳр масаласини тушунтирганимизда, «Биз оила қурганимизда бу каби гаплар бўлмаган эди», «Маҳр нималигини билмай, оила қурган эканмиз, энди нима бўлади?» деган одамлар бўлди. Ана шу эътибордан, муҳтарам уламоларимиз никоҳ ўқиш пайтида ушбу масалани ўртага ташлаб, баён қилиб, ҳал этиб қўйишлари жуда яхши иш бўлади.

"Бахтиёр оила" китобидан