1. Аввало "Икки ракат ийдул фитр намозини ушбу имомга иқтидо қилиб, холис Аллоҳ таоло учун адо этишни ният қилдим" дейилади.
2. Имом “Аллоҳу акбар” деб биринчи такбирни айтгач жамоат ҳам қўлларини қулоқ баробарида кўтариб, ичида такбир – "Аллоҳу акбар" деб айтади.
3. Кейин қўллар боғланиб, ҳар ким ичида сано дуоси (Субҳанакаллоҳумма ва биҳамдика ва табарокасмука ва таъала жаддука ва лаа илаҳа ғойрук)ни ўқийди.
4. Сўнгра имом уч марта такбир айтади. Жамоат ҳам унга эргашади. Биринчи ва иккинчи такбирда қўллар ён томонга туширилади. Учинчи такбирдан сўнг қўллар боғланади.
5. Имом "Фотиҳа" сурасини ва зам сура ўқийди. Сўнг такбир айтиб руку ва сажда адо этилади.
6. Шундан сўнг иккинчи ракатга турилади. Имом "Фотиҳа" сураси билан зам сура ўқигач, рукуга бормай туриб, худди биринчи ракатдаги каби уч марта такбир айтади. Ҳар такбир айтилганда қўллар қулоқ баробар кўтарилади ва икки ён томонга туширилади.
7. Тўртинчи такбирда қўллар кўтарилмасдан рукуга борилади, сўнгра сажда қилинади.
8. Сўнгра "Аттаҳийёт", "Салавот" ва "Дуо" ўқилиб, салом берилиб, намоз тугатилади.
Аллоҳ ибодатларингизни Ўз даргоҳида қабул этсин!
Даврон НУРМУҲАММАД
Абу Хурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Токи мол-мулкинингиз кўпаймагунча Қиёмат бўлмайди” (Имом Бухорий).
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Шундай вақт келадики, инсон садақани олтин билан бермоқчи бўлади, лекин уни олувчини топа олмайди” (Имом Бухорий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло мусулмонларга дунё неъматларини очиб беради ва Ислом ҳукмронлиги ҳам Ғарбни, ҳам Шарқни қамраб олади”, дедилар.
Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилган: “Аллоҳ мен учун ерни жамлади ва мен машриқ ва ғарбни кўрдим. Умматимнинг моллари менга кўрсатилган жойларга етиб боради” (Имом Муслим ривояти).
Бошқа бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менга ер неъматларининг калитлари берилди”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Бу сўзларнинг ҳақиқатини саҳобаи икромлар ўз замонларидаёқ кўрганлар. Умар розияллоҳу анҳу замонларида кўплаб фатҳлар бўлиб, форс ва юнонларнинг мол-мулки Мадинага оқиб келган. Умар ибн Абдулазиз[1] раҳимаҳуллоҳ замонларида эса одамлар закотга лойиқ одамларни топишда қийналар эди.
Айрим уламолар Маҳдий ва Исо алайҳиссалом замонларида мол-мулк ва пул кўп бўлади ҳамда ер юзи хазинасини очади, деган фикрни ҳам айтишган (Ибн Ҳажар Аскалоний “Фатҳ ал-Борий”).
Бошқа уламолар эса мол-мулкнинг кўпайишини Қиёмат келганда одамлар ўз мол-мулкига эътибор бермай қўядиган даражада қўрқишлари назарда тутилган, деган фикрни билдиришган. Ҳамма қўрқиб кетиб, ҳар ким ўз мулкидан халос бўлишга ҳаракат қилади, лекин уни оладиганни тополмайди.
Бу айнан қачон содир бўлишига келсак, бу борада аниқ кўрсатма йўқ, аммо бу тарихнинг бир нуқтасида содир бўлади.
Демак, биз бу борада Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ замонларида содир бўлгани қабул қилинса, баъзи уламоларнинг фикрига кўра эса бу ҳол ҳеч бўлмаганда яна бир марта – Имом Маҳдий даврида юзага чиқади.
Манбалар асосида
Баҳриддин ХУШБОҚОВ
таржимаси.
[1] Умар ибн Абдул Азиз ибн Марвон (61-101 х/681-720) – Умавийлар сулоласидан саккизинчи халифа (717-720). Умар ибн Хаттобнинг неваралари. Кўпинча Умар ибн Абдул Азиз ўзининг солиҳлиги ва адолати учун “Бешинчи халифа” деб аталади. Унинг диний ҳаётга тааллуқли энг муҳим қарорларидан бири ҳадисларни тўплаш ва ёзишни буюргани эди.