Тўлиқ исми Абул Қосим Маҳмуд ибн Умар ибн Муҳаммад ибн Умар ал-Хоразмий аз-Замахшарий бўлиб, тафсир, ҳадис, наҳв, тилшунослик ва баён илмининг буюк имоми. Маҳмуд Аз-Замахшарий 467 ҳижрий сананинг Ражаб ойида чоршанба куни, мелодий ҳисоб билан 1074 йилда Замахшарда таваллуд топганлар. Ҳаётлари давомида бир неча марта Маккаи мукаррамага бориб, бир қанча муддат Масжидул ҳаром яқинида истиқомат қилганлари туфайли Жоруллоҳ (Аллоҳнинг қўшниси) деган номга сазовор бўлганлар.
Ибн Холликон[1] айтадилар: “Аз-Замахшарий ўз асрининг тенгсиз имоми эди. Узоқлардан унинг илмини истаб келишар эди. Мўътазилий эътиқодида бўлиб, уни ошкора намойиш қилар, уни эълон ва изҳор қилишдан хижолат тортмас эди”.
Аз-Замахшарий ақидада (усулда) мўътазилий, фиқҳда (фуруъда) ҳанафий мазҳабида бўлганлар. У зот ўзларининг ақидавий мазҳаблари бўлмиш мўътазилийликни ўз китобларида ифода этар, илмий мажлисларда бу ҳақда очиқ-ойдин гапирар эдилар. Уламолар Аз-Замахшарийнинг мўътазилий бўлишига қарамай унинг араб тилида балоғат ва фасоҳат ила ёзган китобларига тан беришар, унинг китобларини ривоят қилиш учун ундан ижоза беришини сўраб келишар эдилар.
Аз-Замахшарий кўплаб китоб ва асарлар таълиф этганлар. Жумладан, тилшунослик ва балоғатга оид “Асосул балоға”, “Ал-Фоиқ фи ғарибил ҳадис”, “Муқаддиматул адаб”, “Ал-Қистос фи илмил аруз”, “Ал-Мустақсо фил амсол”, наҳв илмига оид “Ал-Муфассал фи санаъатил эъроб”, “Ал-Муфрад ал-муаллаф”, “Ал-Анмузаж”, ҳадис, фиқҳ ва зуҳдга оид китобларидан “Муштабаҳ асамий ар-рувот”, “Ар-Роиз фи илмил фароиз”, “Атвоқуз заҳаб”, “Китабун насоиҳ”, география ва геодезияга оид “Китабул амкинати вал жибали вал мияҳи” асарларидир. Аз-Замахшарийнинг одобга оид мақомотлари мавжуд бўлиб, уларни “Мақомотуз замахшарий” дейилади ва у муқаддима, хутба ва элликта мақоладан таркиб топган. Аз-Замахшарийнинг барча асарлари ўзининг соҳасидаги энг мўътабар китоблардан бўлиб, айниқса, “Ал-Кашшоф” номи билан шуҳрат қозонган тафсир китоби Аллоҳ таолонинг каломини тушунишни истаган муфассир уламоларнинг асосий манбаларидан бирига айланган.
“Ал-Кашшоф” тафсирининг тўлиқ номланиши الكشاف عن حقائق غوامض التنزيل و عيون الاقاويل في وجوه التاويل “Ал-Кашшоф ан ҳақоиқ ғовамизит танзил ва уюнил ақовийли фи вужуҳит таъвил” (Танзил (Қуръон)нинг тушуниш қийин бўлган ўринларининг ҳақиқий маъносини ҳамда таъвил қилишда сўзларнинг кўзларини очиб берувчи)дир.
Аз-Замахшарий раҳматуллоҳи алайҳи “Ал-Кашшоф” асарининг муқаддимасида унинг ёзилиш тарихини баён қилиб туриб, жумладан шундай деганлар: “Ушбу тафсир Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг халифалик қилган муддатларидек вақтда (яъни, икки йилу икки ойда) ёзиб тугатилди. Аслида буни тугатиш учун ўттиз йилдан кўпроқ вақт чамаланган эди. Бу ҳам бўлса ушбу Байтул Ҳаром (Каъбаи муаззама)нинг шарофати, қолаверса, Буюк Ҳарамнинг баракотидан менга аталган насиба туфайлидир. Аллоҳ таолодан сўрайман ушбу тафсирни ёзиш туфайли менга етган чарчоқни тўзахдан нажоб топишимга сабаб қилса, сирот кўпригидан ўтишда атрофимга нур қилса ва У қандай ҳам яхши сўралгучидир”.
Аз-Замахшарий раҳматуллоҳи алайҳи ўзиларининг тафсир китобларини мўътазилий мазҳабининг ақидаси, хусусан бешта асосига мувофиқ баён қилганлар. Улар: тавҳид, адл, ваъд ва ваъийд, икки манзила ўртасидаги манзила ҳамда амри маъруф ва наҳйи мункардир. “Ал-Кашшоф” тафсирини ўқувчи ундаги мўътазилий фикрларга чалғиб қолмаслиги учун хошиясида иккита китоб билан бирга чоп этилиши одатга айланган. Улар: Ибнул Мунир ал-Искандарийнинг الانتصاف فيما تضمنه الكشاف من الاعتزال “Ал-Интисоф фима тазомманаҳу ал-кашшоф минал иътизол” (Ал-Кашшоф тафсири ўз ичига олган мўътазилий фикрларга нисбатан инсоф назари билан боқиш) китоби ва Ибн Ҳажар ал-Асқалонийнинг الكافي الشاف في تخريج أحاديث الكشاف “Ал-Коф Аш-Шоф фи тахрижи аҳодис ал-кашшоф” (Ал-Кашшоф тафсиридаги ҳадисларни тахриж қилишга кифоя қилувчи) китобидир.
Тафсирнинг ўзига хос жиҳати шундан иборатки, унда ҳар бир оят тўлалигича тафсир қилинмайди, балки фақат тафсир қилинишга муҳтож бўлган калималарга маъно ёзилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида “Ал-Кашшоф” асарининг энг қадимий қўлёзмаларидан бири сақланади. Ушбу қўлёзма “Ал-Кашшоф” асарининг бешинчи жилди бўлиб, у Ҳужурот сурасидан Нос сурасигача бўлган қисмини ўз ичига олган. Жами 319 варақдан иборат бўлган ушбу қўлёзма нусхаси насх хатида билитган, ҳошияси настаълиқ хатида ёзилган. Унда “ушбу қўлёзма 694 ҳижрий сана 18 зулқаъда жума куни кўчириб битилган”, деган ёзув бор. Хаттотнинг номи маълум эмас. Қўлёзманинг ўлчами бўйига 30 см. энига 18,5 см. қалинлиги 8,5 см.ни ташкил этиб, Самарқанд қоғозига ёзилган. Ушбу қўлёзманинг нодир нусха эканлигига унда битилган қуйидаги маълумотлар ҳам далолат қилади: Аз-Замахшарий айтадилар: “Ушбу нусха қораламадан оққа кўчирилган биринчи асл нусха бўлиб, у муборак ҳарамда ёзилган асл Кашшоф дейилади. Одамлар уни юз-кўзларига суртишга, уни ўқиб осмондан баракотлар ёғилиши, қурғоқчилик йилларида ёмғир ёғишини сўраб васила қилишларига лойиқдир. Ушбуни ёзнинг иссиқ кунларидан бирида, Каъбанинг рўбарўсида, Аллома мадрасаси расми туширилган Ажёд эшигидан кираверишдаги Сулаймонийя ҳовлиси томонида, душанба куни, чошгоҳ вақти, Рабиул охирнинг йигирма учинчи куни, беш юз йигирма саккизинчи йили ёзиб тугатдим”.
Аз-Замахшарий раҳматуллоҳи алайҳи 538 ҳижрий, 1143 ёки44 милодий санада вафот этганлар. Аллоҳ таоло Ўз раҳматига олган бўлсин.
[1] . Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Иброҳим ибн Абу Бакр ибн Холликон – “Вафаётул аъён ва анбау абнаиз заман” номли машҳур уламоларнинг таржимаи ҳолига бағишланган китоб муаллифи.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг
биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков.
Ҳозирги кунда ислом жамиятида, дунё мусулмонлари, айниқса юртимиз мусулмонлари орасида фатво бериш, фатво чиқариш, фатво сўраш каби атамалар кўп ишлатилмоқда.
Фатво сўзи араб тилида “саволга жавоб бериш” маъносини англатади. Истилоҳда эса, шаръий масала ҳақида савол сўраган одамга далилга асосланган ҳолда жавоб беришдир.
Биринчи фатво берувчи шахс Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бўлган. У зотдан кейин саҳоба, тобеин ва кейинги давр мужтаҳид уламолар фатво бериш билан шуғулланиб, бугунги кунимизгача давом этиб келмоқда. Шариатда мусулмонлар ҳаётида пайдо бўладиган саволлар бўйича фатво берилиши бу фарзи кифоя амал ҳисобланади.
Қуръон ва ҳадисдан ҳукм чиқаришнинг ўзига хос талаблари мавжуд. Қуръон ва ҳадисга асосланган ҳолда мусулмонларнинг манфаатларидан келиб чиқиб, инсон камолоти, жамият фаровонлиги ҳамда унинг ижтимоий тараққиётини кўзлаб ҳукм чиқариш алоҳида билим ва малака талаб этади. Мўътабар манбаларда қайд этилишича, араб тили, Қуръон ва ҳадис илмлари, фиқҳ ва ислом тарихини жуда чуқур ва мукаммал биладиган ва яна бошқа зарур сифатларга эга бўлган шахсларгина фатво бериш ҳуқуқига эга.
Шундай бўлса-да, бирор-бир масалада ҳукм чиқариш зарур бўлиб қолса, аввало, мазҳаблар таълимотига таянилади, агар уларнинг бирортасида масаланинг ечими топилмаса, мусулмонларга осонлик ва қулай шароит яратиш нуқтаи назаридан муфтийлар томонидангина фатволар чиқарилиши мумкин.
Фатво бериш масъулияти. Исломда фатвонинг ўрни ва таъсири муҳим бўлиши билан бирга ўта масъулиятли вазифа ҳам ҳисобланади. Чунки фатвода Аллоҳнинг ҳукмларини баён қилиш мақсад қилиниб, унда ҳалол-ҳаром, савоб-гуноҳ, жаннат-дўзах орасидаги амаллар кўрсатиб берилади. Имом Шотибий раҳматуллоҳи алайҳ фатво бериш масъулияти ҳақида тўхталиб қуйидагиларни таъкидлайди: “Муфтий – ҳукмларни етказишда Расулуллоҳ саллалллоҳу алайҳи васалламга ўринбосар ва У зотнинг меросхўри ҳисобланади. Шу боис у Расулуллоҳ соллалллоҳу алайҳи васаллам номларидан гапиради”.
Ҳақиқатан, Абдуллоҳ ибн Жаъфардан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада огоҳ ва эътиборли бўлишга чақириб: “Фатвога журъатли бўлганларингиз дўзахга журъатли бўлганингиздир”, – деганлар. Яъни воқеъликни тўлиқ ўрганмай, етарли билим ва тажриба орттирмай туриб, қўрқмасдан журъат билан фатво беришдан қайтарганлар.
Буни чуқур англаб етган мусулмонларнинг дастлабки авлодлари ўзларидан илмли шахс бўлган жойда сукут сақлашган.
Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳдан гоҳо элликта масала сўралганда биттасига ҳам жавоб бермаган пайтлари бўлган экан. Бунинг сабаби сўралганда, у зот: “Жавоб берувчи ўзини аввал дўзахга солиб кўрсин, халос бўлишига кўзи етса, жавоб берсин”, – деган эканлар.
Абу Алий аз-Зарирдан ривоят қилинади: “Мен Аҳмад ибн Ҳанбалга: “Кишига фатво бериши учун қанча ҳадис етарли, юз минг ҳадис етадими?” – дедим. У: “Йўқ”, – деди. Мен: “Икки юз мингчи?” – дедим. У: “Йўқ”, – деди. Мен: “Уч юз мингчи?”, – дедим. У: “Йўқ”, – деди. Мен: “Тўрт юз мингчи?” – дедим. У яна: “Йўқ”, деди. Шунда мен: “Беш юз минг бўлсачи?”, – деган эдим, у: “Умид қиламан”, – деб айтди”.
Юқорида келтириб ўтилган далиллардан келиб чиқиб шуни таъкидлаш лозимки, фатво бериш ўта масъулиятли бўлганлиги жиҳатидан унга ҳамма ҳам журъат қилавермайди. Бунинг ортида жамият ва унда яшовчи шахслар учун ғоят хатарли зарарлар келиб чиқиш мумкин. Шайх Рамазон Бутий айтади: “Ҳукм чиқариш илми тиббиёт илми кабидир. Мабодо бировнинг фарзанди оғир касалга чалиниб қолса, у тегишли ташхис қўйиш ва фарзандини даволаш учун тиббиётга оид китобларни титадими ёки малакали шифокорнинг олдига борадими? Тўғрисини айтганда, унинг эси жойида бўлса, кейинги йўлни танлайди. Динда ҳам худди шундай. Аслида бу тиббиётдан ҳам муҳимроқ, шунингдек қамрови жиҳатидан хавфлироқдир”.
Ҳеч кимга сир эмаски, ҳозирги кунда баъзилар ўзича оят ва ҳадислардан ҳукм чиқариб, нотўғри фатволар бериб, ўзини ва ўзгаларни адаштирмоқда.
Баъзи бир эътироф этилмаган шахслар ёки маълум мақсадларга йўналтирилган тузилмалар томонидан қўштирноқ ичидаги “фатволар” инсонларни ислом маърифатидан узоқлаштиришга сабаб бўлмоқда. Айниқса, уларнинг “жиҳод”, “байъат”, “такфир”, “бемазҳаблик”, “ҳижрат” каби масалалардаги асоссиз “фатволари” ноҳақ қон тўкилишига олиб бормоқда ва инсонларнинг кафолатланган ҳуқуқларига раҳна солинишига сабаб бўлмоқда. Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳнинг устозлари бўлган Робиа ибн Абдураҳмонни йиғлаган ҳолда кўриб, ундан бунинг сабабини сўрашганда, у зот кишилар диний-ҳуқуқий саволларни билими бўлмаган шахслардан сўрашаётганини кўрганлиги, бу ҳолат исломда катта хатар пайдо бўлганлигидан дарак беришини таъкидлаган эканлар.
Демак, чуқур илм, тажриба ва холислик каби фазилат бўлмай туриб, фатво беришнинг оқибати хайрли эмас. Шундай экан, баъзи доира ёки гуруҳлар томонидан исломда улкан масала сифатида қаралган ҳукмларга эътиборсиз ва масъулиятсизлик билан фатво беришлари ўзлари ва ўзгаларни ҳам адаштиришдир. Қандай қилиб шахсларни ва бутун бошли жамиятларни кофирга чиқариб, жамоат олдида уларга эргашишни ҳаром демоқдалар?!
Хулоса қилиб айтганда, фатвонинг мусулмонлар ҳаётида ўрни муҳимлигини ҳисобга олган ҳолда илм ва салоҳиятсиз фатво бериш ёки учраган кишидан фатво сўраш ва унга эргашиб кетавериш адашувга олиб боради. Бу каби салбий оқибатларни келтириб чиқарувчи ихтилофларнинг олдини олиш биринчи навбатда ислом марказлари ва уламоларнинг муҳим вазифаларидан ҳисобланади.
Аллоҳ таоло барчамизни турли ихтилоф ва фитналардан асраб, барчамизни мамлакатимизда минг йиллардан бери амал қилиб келинаётган ҳанафий мазҳабимизга мувофиқ ибодатларини адо этиб, завқли ҳаёт кечириш бахтига насиб этсин!