Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Июл, 2025   |   30 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:35
Қуёш
05:12
Пешин
12:35
Аср
17:36
Шом
19:51
Хуфтон
21:20
Bismillah
25 Июл, 2025, 30 Муҳаррам, 1447

Карантин қоидаларига амал қилиш орқали масжидлар шаънини сақлайлик!

18.08.2020   2354   2 min.
Карантин қоидаларига амал қилиш орқали масжидлар шаънини сақлайлик!

ذَٰلِكَ وَمَن يُعَظِّمْ شَعَائِرَ اللَّهِ فَإِنَّهَا مِن تَقْوَى الْقُلُوبِ

Ана шундай. Ким Аллоҳнинг нишоналарини улуғласа, бас, албатта, бу қалбларнинг тақвосидандир. (Ҳаж сураси, 32-оят).

Шиор сўзи «нишон», «белги», «аломат» деган маъноларни билдиради. Бу сўз Аллоҳ таолога нисбат берилиб, «шаоируллоҳ» – «Аллоҳнинг нишонлари» дейилганда эса Аллоҳнинг дини, Исломнинг кўзга кўринган, шон-шавкати аломати бўлган нарсалар кўзда тутилади.

Шулардан бири – масжидлар ҳам Аллоҳ таолонинг шиорларидир. Демак, кимда ким масжидларни улуғласа, у Аллоҳ таолонинг шиорлари улуғлаган, шу орқали Аллоҳ таолони улуғлаган бўлади. Масжидларни улуғлаш эса жумладан уларнинг шаъни, ҳайбати ва масжидлардаги жамоат қоидаларини муҳофаза этишда намоён бўлади.

Юртимизда карантин қоидалари юмшатилди. Алҳамдулиллаҳ, 17 август санасидан беш ой-у, икки кун интиқ бўлиб кутганимиз махсус тартиб-қоида ва чекловлар билан бўлса-да, жамоат бўлиб масжидда ибодат қилиш бахтига эришдик. Бу бахтда бардавом бўлишимиз учун кўрсатилган қоидаларга амал қилайлик, азизлар! Зеро, бошқаларга тартиб-интизомда ибрат ва намуна бўлиш учун...

Аллоҳ таолонинг шиори – масжидлар шаъни-шавкатини сақлаш учун...
Намозхонлар карантин қоидаларига амал қилишни билмас экан, масжидлар карантин талабларини бажара олмас экан, деган хунук гаплар пайдо бўлиб масжидларимиз шаъни паст бўлмасин.

Бундан-да ёмони “фалончи фалон масжидда вирус юқтириб олибди”, “масжидлар касаллик тарқалиши ўчоғи бўлибди”, мазмунидаги гаплар масжидлар – Аллоҳ таолонинг шиорлари шаъни учун энг ёмон гаплар бўлади. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар:
قال رسول الله صلي الله عليه و سلم:إِنَّمَا بُنِيَتْ لِلصَّلَاةِ وَتِلَاوَةِ الْقُرْآنِ وَذِكْرِ اللهِ
رواه المسلم (Масжид) намоз (ўқиш), Қуръон тиловат қилиш ва Аллоҳ таолони зикр қилиш учунгина бино қилинади” (Имом Муслим ривояти). Шу муборак сўздан келиб чиқиб ҳадисда айтилган уч ишдан бошқасини масжид ва унинг атрофида бажармаслигимиз лозим. 

Аллоҳ таолодан гуноҳларимизни мағфират этишини, хатоларимизни ўчиришини сўрайман. Гуноҳларимиз ва хатоларимиз сабабли бошимизга келган вабони тез фурсатда инсоният, хусусан, юртимиз устидан даф қилишини сўрайман!

Тавфиқ ва ҳидоят Аллоҳ таолодан...

Зикрулло Маҳкамов,

Чилонзор туманидаги "Ҳасанхон қори" жоме масжиди имоми

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Сиз Билол розияллоҳу анҳу қилган шу ишни қилганмисиз?

11.12.2024   24479   1 min.
Сиз Билол розияллоҳу анҳу қилган шу ишни қилганмисиз?

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Билол розияллоҳу анҳуга: “Эй Билол, Исломга кирганингдан кейин савобини энг умид қиладиган амалингни менга гапириб бер. Чунки мен жаннатда олд томонимдан кавушинг овозини эшитдим”, дедилар.

Шунда Билол розияллоҳу анҳу: “Амалларим ичида савоби умид қилинадиган энг яхши амалим – агар кечаси ёки кундузи (таҳорат, ғусл ёки таяммум қилиб) покланадиган бўлсам, ана шу поклик билан насиб қилганича намоз ўқир эдим”, дедилар (Имом Бухорий ва имом Муслим ривояти).

Таҳорат қилиб бўлгандан сўнг ўқиладиган намоз – “Шукри вузуъ” (таҳоратнинг шукри) дейилади. Бу намозни таҳоратдан кейиноқ ўқиш мустаҳаб саналади. Намоз ўқиш макруҳ бўлган вақтларда ўқиб бўлмайди.

Сиз Билол ибн Рабоҳ каби таҳорат олиб бўлишингиз биланоқ икки ракат бўлсада нафл намоз ўқиганмисиз?

Уқба ибн Омир Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қай бир одам яхшилаб таҳорат қилсаю, қалби ва юзи ила иқбол қилган ҳолда икки ракат намоз ўқиса, албатта унга жаннат вожиб бўлади”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).

Бошқа ҳадис Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менинг шу таҳоратимга ўхшатиб таҳорат қилса ва туриб бориб, икки ракат намоз ўқиса-ю, унда бирор нарсани кўнглидан ўтказмаса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, деганлар.

Даврон НУРМУҲАММАД