Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
11 Июл, 2025   |   16 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:18
Қуёш
05:00
Пешин
12:34
Аср
17:41
Шом
20:01
Хуфтон
21:35
Bismillah
11 Июл, 2025, 16 Муҳаррам, 1447

АСР НАМОЗИ

17.08.2020   6749   10 min.
АСР НАМОЗИ

Аср намозига азон айтилса, саҳобалар масжидда жамланишини кутиб турарди ва асрдан олдин тўрт ракъат нафл намоз ўқишга тарғиб қилиб:

« رَحِمَ اللَّهُ امْرَأً صَلَّى قَبْلَ الْعَصْرِ أَرْبَعًا »

«Асрдан олдин тўрт ракъат намоз ўқиган кишини Аллоҳ раҳм қилсин (яъни раҳматига олсин)», – дер эдилар[1].

Одамлар йиғилгач, масжидга чиқар ва уларга намозни ўқиб берардилар. Асрни аввалги вақтида ўқир эдилар. Қироатни пешиндаги қироатнинг ярмича қилардилар. Намоздан фориғ бўлгач, айтадиган сўзлари бўлса айтар, бўлмаса саҳобалар тарқалиб кетишарди.

Бир куни асрни ўқиб бўлгач, саҳобаларга қараб: «Билмадим, бир нарсани сизларга айтсаммикин ёки айтмасаммикин? Ўйланиб турибман», – дедилар. Саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг расули, агар яхши нарса бўлса айтинг. Агар ундай бўлмаса, Аллоҳ ва Расули билувчидир», – дейишди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«مَا مِنْ مُسْلِمٍ يَتَطَهَّرُ فَيُتِمُّ الطُّهُورَ الَّذِى كَتَبَ اللَّهُ عَلَيْهِ فَيُصَلِّى هَذِهِ الصَّلَوَاتِ الْخَمْسَ إِلاَّ كَانَتْ كَفَّارَاتٍ لِمَا بَيْنَهَا»

«Бир мусулмон киши таҳорат олиб, Аллоҳ фарз қилган таҳоратни мукаммал қилса ва мана шу беш вақт намозни адо этса, бу иши ўша намозлар орасидаги хато ва гуноҳларини ўчиради», – дедилар»[2].

Яна бир куни асрни ўқиб бўлгач, саҳобаларга юзланиб:

«Қай бирингиз таҳорат олса ва уни мукаммал қилса, сўнг: «Ашҳаду ан лаа илаҳа иллаллоҳ ва анна Муҳаммадан абдуллоҳи ва русувлуҳу», – деса унга жаннатнинг саккиз эшиги очилади ва у хоҳлаган эшигидан киради», – дедилар[3].

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асрдан кейинги маърузалари Пешиндан кейин қилинадиган маърузага қараганда анчагина қисқа бўларди. Чунки саҳобалар асрда ишларини тугатиш ва бошқа ҳожатларини ниҳоясига етказиш учун кетишга шошилишарди.

Ҳеч қачон қавмни малоллантирадиган даражада узундан узоқ маъруза қилмасдилар. Тингловчиларнинг ҳолати ва шавқига қараб маъруза қилардилар. Асрни ўқиб бўлгач, маърузалари доимий эмасди.

Асрни ўқигач, ҳар бир онамизнинг уйларига кириб, улар билан бироз суҳбатлашар, бағрларига босиб кўнгилларини сўрардилар. Ҳар бир онамизни уйларига кириб чиққач, охирида навбати келган онамизнинг уйларида қолардилар.

Кўпинча оналаримизнинг ҳаммалари навбати келган онамизнинг уйларида йиғилишиб ўтиришар, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам улар билан суҳбатлашардилар.

Бир куни оналаримиз Оиша онамизнинг уйларида йиғилишди. Зайнаб онамиз ҳам Оиша розияллоҳу анҳонинг уйларига келдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйга киргач, қўлларини Зайнаб онамизга узатдилар. Оиша онамизнинг жаҳллари чиқиб: «Бу Зайнабку!» – дедилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларини тортиб олдилар. Зайнаб онамиз билан Оиша онамиз тортишиб қолдилар ҳатто овозлари кўтарилиб кетди. Намозга қомат айтилди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўтиб кета туриб, оналаримизнинг овозлари кўтарилганини эшитдилар ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Эй Аллоҳнинг расули, намозга чиқасизми? Буларнинг оғзига тупроқ сепинг», – дедилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидга чиқдилар. Оиша онамиз: «Ҳозир Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам намозни ўқиб бўладилар ва отам келиб менинг додимни беради», – дедилар. Намоз тугагач, Абу Бакр розияллоҳу анҳу келиб, Оиша онамизни қаттиқ урушдилар ва: «Шундай ҳам қиласанми?!» – деб койидилар[4].

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хонадонларида оилавий суҳбатдан ташқари илмий суҳбатлар ҳам бўларди. Оналаримиз томонларидан бериладиган саволларга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб бериб дин ишларини ўргатардилар.

Бир куни Оиша онамиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даъват йўлида чеккан азиятларининг энг шиддатлисини билмоқчи бўлиб: «Бошингизга Уҳуд кунидан ҳам оғирроқ кун келганми?» – деб сўрадилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Менга қавмингдан етадигани етди. Улардан менга етган нарсаларнинг энг қаттиғи Ақоба куни бўлган. Ўшанда Ибн Абдуялил ибн Абдукулолга мени (ҳимоясига) олишни таклиф этган эдим. Бироқ у мен истаган нарсани қабул қилмади. Ташвишли ҳолда бошим оққан томонга қараб юриб кетдим. Қарнус-саъолибга[5] келгандагина ўзимга келиб, бошимни кўтардим. Қарасам, бир булут менга соя солиб турибди. Назар солсам, унда Жаброил бор экан. У менга нидо қилиб: «Аллоҳ қавмингнинг сенга айтган гапини, сенга нима жавоб қайтарганини эшитди. У Зот улар ҳақида истаган нарсангни буюришинг учун ҳузурингга тоғ фариштасини юборди», – деди. Шунда тоғ фариштаси менга нидо қилиб, салом берди. Сўнгра: «Эй Муҳаммад! Нимани истасанг, шу. Агар уларнинг устига «икки Ахшаб»ни[6] тўнтариб ташлашимни истасанг (шундай қиламан)», – деди.

Шунда мен: «Йўқ! Аллоҳ уларнинг пуштикамаридан ёлғиз Аллоҳга ибодат қиладиган, У Зотга ҳеч нарсани шерик қилмайдиган кишиларни чиқаришини умид қиламан», – деганман»[7].

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам оналаримизнинг дунёвий ҳожатларини қондириш билан бирга уларни охиратга ҳам тайёргарлик кўришга тарғиб қилардилар.

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамизга:

« لَيْسَ أَحَدٌ يُحَاسَبُ إِلَّا هَلَكَ »

«Ҳисоб‑китоб қилинадиган ҳар бир киши ҳалок бўлмай қолмайди[8]», – дедилар. Оиша онамиз аниқлик киритиш мақсадида: «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ мени фидойингиз қилсин! Ахир Аллоҳ азза ва жалла:

فَأَمَّا مَنْ أُوتِيَ كِتَابَهُ بِيَمِينِهِ، فَسَوْفَ يُحَاسَبُ حِسَابًا يَسِيرًا [الانشقاق: 7-8 [

«Аммо кимнинг китоби ўнгидан берилса, у албатта, енгилгина ҳисоб‑китоб қилинади», – демайдими?» – деб сўрадилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ана ўша намоён этиш бўлиб, (амаллари) уларга намоён этилади[9]. Бироқ кимнинг ҳисоб‑китоби муноқаша қилинса, ҳалок бўлади», – дедилар»[10].

Яна бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳафса онамизга: «Бадр[11] ва Ҳудайбия[12]да иштирок этган бирор киши дўзахга кирмаслигидан умид қиламан», – дедилар. Ҳафса онамиз: «Эй Аллоҳнинг расули, ахир Аллоҳ: «Сизлардан ҳар бирингиз унга (жаҳаннамга) тушувчидирсиз. (Бу) Раббингиз (иродасига биноан) вожиб бўлган ҳукмдир», – демаганми?» – деб сўрадилар. У зот: «Аллоҳ таолонинг: «Сўнгра тақводор бўлганларни (ундан) қутқарурмиз ва золим кимсаларни тиз чўккан ҳолларида (жаҳаннамда) қолдирурмиз», – деганини эшитмаганмисан», – дедилар[13].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен уммат ғами билан овораман», – деб оилаларини унутмаган эдилар. Улар билан ҳам дунё, ҳам охират борасида суҳбатлашар, ҳазиллашиб кўнглини кўтарар, уй юмушларида ёрдам бериб, оилавий чиройли ҳаётни ҳам кечирардилар.

Баъзида аср намозидан кейин саҳобалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари билан бирга иштирок этишларини ёқтиришадиган ишларга у зотни чақиришар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг чақириғига жавоб бериб, таклиф қилинган жойга борардилар.

Бир куни аср намозини ўқиб бўлишгач, Бани Салама қабиласидан бир киши келиб: «Эй Аллоҳнинг расули, биз жонлиқ сўйишни хоҳладик. Сиз ҳам ўша ерда биз билан бўлишингизни истардик», – деди. У зот: «Хўп», – деб саҳобалар билан йўлга тушдилар. Айтилган жойга етиб келишса, ҳали жонлиқ сўйилмаган экан. Жонлиқни сўйиб, гўшти майдаланди ва ундан овқат пиширилди. Қуёш ботмасидан олдин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар ўша таомдан тановул қилишди[14].

Шу ўринда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳли оилаларига нафақани қаердан тўлаганлари ҳақида бироз тўхталиб кейин шом намози вақти ҳақида суҳбатлашамиз.

 

[1] Имом Термизий ривояти

[2] Имом Муслим ривояти

[3] «Саҳиҳ Ибн Хузайма», «Муснад Аҳмад», «Саҳиҳ Муслим» ва «Муснад Рувёний» китобларига қаралсин.

[4] «Муснад Аҳмад», «Саҳиҳ Муслим», «Муснад Абу Яъло» китобларига қаралсин.

[5] Қарнус-саъолиб – Макка-Тоиф йўлидаги Маккага яқин жой.

[6] Икки Ахшаб – Маккаи Мукаррамадаги икки катта тоғ. Улардан бирининг номи Абу Қубайс бўлиб, Каъбанинг шарқ томонида, иккинчиси – Қуъайқоъ тоғи эса унинг ғарбида жойлашган. Уларнинг баландлиги 420 ва 230 метрни ташкил қилади.

[7] Имом Бухорий ривояти.

[8] «Ҳалок бўлиш» деганда азобга қолиш назарда тутилган, зотан, охират азоби ҳақиқий ҳалокатдир.

[9] Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оятдаги «енгилгина ҳисоб‑китоб қилинади», деган жумлани «Ана ўша намоён этиш бўлиб, уларга намоён этилади», деб тафсир қилмоқдалар, яъни солиҳларга қилган амаллари – яхшиликларию ёмонликлари бир кўрсатилади-ю, аммо уларнинг устида савол‑жавоб, ҳисоб‑китоб қилинмайди. Бу уларнинг нажот топишларининг башорати бўлади.

[10] Имом Бухорий ривояти.

[11] Бадр – Ислом динининг ҳимояси учун кофирларга қарши жанг қилинган илк уруш

[12] Ҳудайбия – бу Макка яқинидаги жойнинг номи бўлиб, унда саҳобалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга динни ҳимоя қилиш, Аллоҳ ва Унниг расулига итоат қилишган аҳднома беришган.

[13] «Муснад Аҳмад», «Саҳиҳ Муслим», «Сунан Ибн Можа» ва «Саҳиҳ Ибн Ҳиббон» китобларига қаралсин.

[14] «Саҳиҳ ибн Ҳиббон», «Саҳиҳ Муслим» «Муснад Абу Авона», «Сунан Дорақутний» ва «Мустахраж Абу Нуъайм» китобларига қаралсин.

 

Абдулазиз Усмон

manba: siyrat.uz

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

​Жамоат ҳақининг гуноҳи оғир!

10.07.2025   2640   4 min.
​Жамоат ҳақининг гуноҳи оғир!

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси хабар беришича, май ойининг 13-санасида бир кунда 3 млрд сўмлик энергоресурсларини талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланган. Афсуски, бугун бундай газ ва электр энергияга яширинча уланиб, давлатга миллиардлаб зарар етказган кимсалар ҳақидаги хабарларни тез-тез ўқиб қоламиз.
 

Бировнинг, айниқса, халқ ҳақидан қўрқмай ўғрилик орқали манфаат топмоқчи бўлаётган инсонлар орамизда кўплаб топилади. Бундайларнинг наздида газ, сув, электр энергия туганмас бойлик. Ундан ҳар ким ўз манфаати йўлида фойдаланиши мумкин. Бироқ бу неъматлар хонадонларга кириб бориши учун минглаб инсонлар меҳнат қилишини, давлат эса миллиардлаб маблағ сарфлашини, улар ҳам бир кун тугаб қолишини хаёлига ҳам келтирмайди.


Аслида ушбу неъматлардан оқилона фойдаланиш, исроф қилмаслик нафақат фуқаролик мажбуриятимиз, балки инсоний вазифамиз, мўминлик бурчимиздир.


Айтиш жоизки, уйда, ишда, кўчада коммунал тўловлар атрофида айланаётган қатор муаммолар ҳақида кўп эшитамиз, баъзан ўзимиз унинг гувоҳи ёки бевосита иштирокчисига айланамиз. Лекин бу муаммолар тўловни ўз вақтида амалга оширмаслик ёки айрим нобоп кимсаларнинг қилмиши оқибатида юзага чиқаётгани ёдимизга ҳам келмайди. Тўловларни имкон бўла туриб асоссиз баҳоналар ёки ўз вақтида тўламаслик ёки ҳисоблагич жиҳозларини тескарига айлантириш ёхуд ҳар хил ҳийлалар ишлатиб, уларни тўлашдан қочиш давлатнинг ва халқнинг ҳақини ейиш ҳисобланади. Чунки табиий бойликлар давлат ва халқ мулкидир.


Қолаверса, коммунал хизматлардан фойдаланиш учун ҳар бир хонадон таъминотчилар билан шартнома тузиб, қўл қўйган ва ўзаро келишувда тўловни ўз вақтида адо этишга келишган. Шу боис тўловларни вақтида адо этишимиз шаръан ҳам жоиз. 


Таъкидлаш лозимки, халқнинг мулкида барча фуқаролар, хусусан, кам таъминланганлар, ногиронлар, етим-есирлар, кексаларнинг ҳақи бор. Улардан фойдаланишга келганда фаол бўлиб, тўловга келганда қочаётган, пайсалга солаётганлар юқорида зикр этилган қатламларнинг ҳам ҳақини ўзлаштириб, ноҳақ еяётганини билиб олсинлар. Зеро, Қуръони каримда: Эй иймон келтирганлар, бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманглар (Нисо сураси 29-оят), дея огоҳлантирилган. Шундай бўлгач, ҳар бир фуқаро ўзгаларнинг молига, айниқса, жамоат мулкига хиёнат этмаслиги даркор! Бунга эътиборсизлик охиратда ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин.


Ҳавла бинти Амр розияллоҳу анҳо ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: Баъзи бир одамлар Аллоҳнинг мулки (жамоат пуллари)га хиёнат қилади. Қиёмат куни улар жаҳаннамга равона бўлишади (Имом Бухорий ривояти). Шундай экан, бу масалага жиддий ёндашишимизга тўғри келади.


Шунингдек, газ, электр энергия ва сув каби неъматлардан оқилона фойдаланиш ҳам динимиз талабидир. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Иқтисод қилган кимса камбағал бўлмас, маслаҳат қилган пушаймон бўлмас” (“Мушкотул насобиҳ”), деб тавсия  берганлар.


Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Солиҳ ҳидоят, гўзал кўриниш ва иқтисодли бўлиш набийликнинг етмишдан бир жузидир”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).


Демак, доим аҳли солиҳлардан бўлиб, тежамкор бўлиш, исрофга йўл қўймаслик, ҳар бир нарсани ўз ўрнида, меъёрида тасарруф қилиш, керагидан ортиқ, беҳудага сарфламаслик набийликнинг етмиш жузидан бир жуз, етмиш бўлагидан бир бўлак экан. Буни ҳар бир мўмин-мусулмон яхши англаб, ҳаётига татбиқ қилиши лозим.


Хулоса қилиб айтганда, ҳалоллик инсон ҳаётини хотиржам, осойишта ва фаровон қилади. Шундай экан, коммунал тўловларни ўз вақтида тўлаб, халқ ҳақига хиёнат қилмайлик, азизлар!

 

Ғайрат БОЗОРОВ,

Деҳқонобод тумани

“Оқработ ота” жоме масжиди

имом-хатиби

 

"Ҳидоят" журналининг 6-сонидан олинди

Мақолалар