Жанубий Корея маъмурлари ҳалол саноатни ўсиб бораётган имконият сифатида кўради, уни қўлдан бой бериб бўлмайди ва бу тез ўсиб бораётган бозорда мавжуд бўлиш учун кенг режалар ишлаб чиқди.
“ИҚНA”нинг “ал-Жазира” телеканалига таяниб хабар беришича, ўтган йилнинг сентябрь ойида Малайзияда бўлиб ўтган халқаро ҳалол кўргазмасида Индонезия ва Кувайт каби мусулмон давлатларидан бўлган Жанубий Корея стенд вакиллари ташриф буюрувчиларни денгиз ўтларидан тортиб, соғлиқ учун мўлжалланган маҳсулотларгача бўлган стендда тақдим этилаётган ҳалол маҳсулотлар билан танишишга таклиф қилишгани кўплаб иштирокчилар эътиборини тортган эди.
“Ҳалол озиқ-овқат бозори – бу ўсиш учун улкан салоҳиятга эга бўлган океан”, –деди Жанубий Корея Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат вазирлиги ходими Ли Ён Жек “ал-Жазира” телеканалига берган интервьюсида.
Жанубий Корея ҳозирда бутун дунё бўйлаб 1,8 миллиард мусулмоннинг турмуш тарзини шакллантирадиган глобал ҳалол саноати салоҳиятини англаб етди. Лекин табиийки, мусулмон аҳолиси 200.000 дан кам ёки аҳолининг 0,4 фоизидан кам бўлган Корея давлатига ҳалол маҳсулотлар ишлаб чиқариш унчалик мос келмайди. Бироқ Жануби-Шарқий Осиёда корейс таомлари ва сабзавотларига талаб ортиб бораётгани корейс экспортчилари учун потенциал фойдали имкониятдир.
2015 йилда Кореянинг ўша пайтдаги президенти Пак Кин Хе Бирлашган Aраб Aмирликлари билан янги бозорларда савдони, жумладан, ҳалол озиқ-овқатларни ривожлантириш бўйича шартнома имзолаган эди.
Ўтган йили Жанубий Корея Малайзиядаги Ислом ишлари бўйича идоралардан рухсат олганидан сўнг биринчи марта “ҳанву” номи билан танилган ҳалол корейс мол гўштини экспорт қила бошлади.
Жорий йилнинг ноябрь ойида Жанубий Корея Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Сеулда жойлашган Корея мусулмонлари жамғармаси ва Кореянинг “Halal Marjah” компанияси Жакартада Индонезиянинг Ҳалол маҳсулотлар ташкилоти билан шартнома имзолаганини эълон қилди.
Мазкур шартнома асосида Корея қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат компаниялари Жанубий Кореядан “Ҳалол” сертификатни олгандан сўнг Индонезиядаги ташкилотдан алоҳида сертификат олмасдан туриб, мамлакатга маҳсулот экспорт қилиши мумкин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бир куни Фатҳ ибн Хоқон халифа Мутаваккилнинг ҳузурига кирди. Халифа жим ўтарар ва бир нарса ҳақида чуқур ўйларди. Фатҳ бу жимликни бузиб: “Нималар ҳақида ўйлаяпсиз, эй мўминлар амири?” – дея сўради. Халифа: “Мен ер юзида турмуши энг фаровон киши ким экан?” деб ўйлаётган эдим”, деди. Фатҳ бўлса: “Дунёда энг фаравон ҳаёт кечираётган киши сиз-да! Аллоҳга қасамки, у – сизсиз!” – деди. Халифа: “Йўқ! Мен эмас. Кенг ҳовлиси, солиҳа аёли, қобил фарзандлари ва етарли ризқи бўлган киши – ҳаёти энг фаравон одамдир”, деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам: “Тўрт нарса бахтнинг белгисидир: солиҳа аёл, кенг турар-жой, солиҳ қўшни, яхши улов. Тўрт нарса эса бадбахтлик белгисидир – ёмон хотин, ёмон қўшни, чатоқ улов, тор хонадон”, деганлар.
Баъзилар бахтни машҳурликда, молу давлатга эга бўлишда деб биладилар. Бу дунёда Аллоҳнинг мухлис бандаларигина ҳис қиладиган саодат таъмини тотиш бахтига мушарраф бўлмаган ҳолда яшаб ўтадилар.
Орифлардан бири: “Подшоҳлар бизда қандайин бахт борлигини билганларида эди, унга етишиш учун бизга қарши қилич кўтариб жанг қилишарди”, дейди.
Ғалаба билан саодат орасида катта фарқ бор. Ғалаба бу – ўзингиз истаб турганнинг устидан зафар қозониш бўлса, ненинг устидан ғолиб бўлсангиз, у сизнинг хоҳишингизга мансуб бўлмоғи чин саодатдир.
Оскар Уайльд[1]нинг шундай гапи бор: “Бахт фақатгина унга бир нечта кишилар билан бирга етишсанг ҳақиқий бўлади. Оғриқ, азоб ҳам фақатгина бир ўзингнинг бошингга тушса аламли бўлади. Саодат – бошқа кишиларни бахтли қилишдир”.
Олмон физиги Макс Планк: “Саодатни муҳофаза қилиш учун уни бошқалар билан бўлишишинг керак”, деган.
Ғарб мутафаккирларидан яна бири: “Тажрибамдан ўтган нарса шуки, энг буюк бахт – яхшиликни яширинча қилганимдан кейин кутилмаганда бу яхшилигим одамлар қулоғига етиб боришини кўришим”, деган эди.
Инглиз ёзувчиси Уильям Сомерсет Моэм[2]: “Биз улғайиб борарканмиз саодат – олишда деб ўйлардик, кейинчалик билдикки, бахт – беришда экан”, дейди.
Бахт – бошқаларга тортиқ қилиш ва яхши ишларни амалга оширишда мужассам. Бахт бировдан нарса олиш ва ўзганинг қўлига қарашда эмас.
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Тўлиқ исми: Оскар Фингал О’Флаэрти Уиллс Уайльд. 1854 йилда Дублин шаҳрида туғилган. Шоир, драматург, сценарист. 1900 йил 30 ноябрда 46 ёшида Парижда вафот этган.
[2] 1874 йил 25 январда Францияда туғилган. 1965 йил16 декабрда Ницца шаҳрида вафот этган. 1897 йилда чоп этилган “Ламбетлик Лиза” романи билан машҳур бўлган.