ألا أدلك على باب من أبواب الجنة قال: وما هو؟ قال: لا حول ولا قوة إلا بالله
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу айтадилар: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сени жаннат эшикларидан бир эшикка далолат қилайинми?” дедилар. Мен: “У нима?” деб сўрадим. Набий алайҳиссалом: “Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ”, дедилар" (Имом Табароний ривояти).
قل: لا حول ولا قوة إلا بالله فإنها كنز من كنوز الجنة
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: “Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ”ни айтгин. Албатта, у жаннат хазиналаридан биридир", дедилар" (Имом Термизий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаннат кўчатларини кўпайтиринглар”, дедилар. “Ё Аллоҳнинг расули, унинг кўчатлари нима?” дейишди. У зот алайҳиссалом: “Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ”, дедилар (Имом Табароний ривояти).
مَنْ قَالَ لا حَوْلَ وَلا قُوَّةَ إِلاَّ بِاللهِ كَانَتْ دَوَاءٌ مِنْ تِسْعَةٍ وَتِسْعِينَ دَاءٍأَيْسَرُهَا الْهَمُّ
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ”ни айтса, тўқсон тўққиз дардга даво бўлади. Энг енгили ғамдир", дедилар (Имом Табароний, Имом Ҳоким ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким ҳар куни юз марта “Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ”ни айтса, унга фақирлик етмас", дедилар (Ибн Абу Дунё ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Кимга Аллоҳ неъмат берса-ю, у бу неъматнинг ўзида давомийлигини истаса, “Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ”ни кўп айтсин", деганлар (Имом Табароний ривояти).
Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу айтадилар: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: "Эй Али, сенга қийин аҳволга тушиб қолганда айтиладиган калималарни ўргатайми?" дедилар. "Аллоҳ мени сизга фидо қилсин, ўргатинг, ё Расулуллоҳ", дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қийин аҳволга тушиб қолсанг, “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Ва лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллааҳил ъалиййил ъазийм”, деб айт. Чунки мана шу дуо билан Аллоҳ хоҳлаганича ҳар турли балолардан халос қилади», дедилар.
Молик Ашжаъийнинг ўғли асирга тушиб қолганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга одам юбориб “Лаа ҳавла ва лаа қуввата илаа биллаҳ”ни кўп айтишни буюрганлар. Натижада ўғли асирликдан халос бўлган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ўз тажрибаларида “Лаа ҳавла ва лаа қуввата илаа биллаҳ”ни айтиш билан мушкуллари осон, бало-офатлари даф бўлишини кўп синаб кўрганлар.
Олимлардан бири айтадилар: “Кимнинг ғам-ташвиш ва мусибатлари кўпайиб кетса: “Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ” калимасини кўп айтсин”.
Даврон НУРМУҲАММАД
Инсон ҳаётида энг қимматбаҳо неъматлардан бири вақтдир. У ниҳоятда тез ўтади, бирор нарсага боғлаб, тўхтатиб, ортга қайтариб бўлмайди. Ҳар лаҳза инсон умридан бир бўлакдир. Шунинг учун вақтни самарали ўтказиш, уни қадрлаш ҳар бир ақлли инсон учун жуда муҳим.
Ҳар инсонга бир умр берилган. У йиллар, ойлар, кунлар, дақиқалар билан ҳисобланади. Бир соат бекорга кетса, умримиздан бир қисм бекор кетган бўлади. Кўпинча биз "эртага қилиб қўяман", "кейинроқ бошлайман" дея ўзимизни алдаб қўямиз. Аниқ режа асосида ҳаёт кечириш, ҳар бир кунни мақсадли ва мазмунли ўтказиш вақтдан унумли фойдаланишнинг асосий йўлидир. Илм ўрганиш, меҳнат қилиш, соғлиққа эътибор қаратиш, оила ва яқинларга вақт ажратиш — буларнинг бари вақтнинг тўғри тақсим қилиниши билан бўлади.
Тан олиш керак, замонавий технологиялар, ижтимоий тармоқлар ва ахборот оқими вақтимизни ўғирлаб, бизни чалғитмоқда. Лекин айб ўзимизда. Баъзан кераксиз нарсаларга соатлаб вақт сарфлаймиз, кейин эса "вақтим етмади" деб шикоят қиламиз. Шунинг учун ҳам ҳаётда "нималар муҳим, нималар эса вақт сарфлашга арзимайди" деган саволга аниқ жавоб топиб олиш лозим. Вақтга эътиборли инсон – масъулиятли инсондир. У ҳар бир вазифани ўз вақтида бажаради, орзулари сари қатъият билан интилади ва ҳаётини назорат қила олади.
Ислом динида ҳам вақтга алоҳида аҳамият берилган. Қуръони каримдаги Аср сурасида Аллоҳ таоло аср (вақт)га қасам билан инсоннинг зарарда экани таъкидлаган. Бу эса вақтнинг беқиёс эканини яна бир бор ёдга солади. Фақат иймон келтирган ва яхши амаллар қилган, бир-бирларига Ҳақ (йўли)ни тавсия этган ва бир-бирларига (мана шу Ҳақ йўлида) сабр-тоқат қилишни тавсия этган зотларгина нажот топиши айтилиб, улгуриб қолишга даъват этилган. Демакки, вақтни тўғри сарфлай олган инсонгина ютуққа эришади. Ҳаётимиздаги ҳар бир дақиқа – бебаҳо хазина. Ундан оқилона фойдаланиб қолиш керак, азизлар.
Абдулвоҳид ИСАҚОВ,
Наманган шаҳридаги
“Мирёқуббой Мирҳакимбой”
жоме масжиди имом хатиби