Интернет тармоқларида баъзан арим ёшлармиз ҳиссиётга берилиб, илмсизликча бирор бир инсонни кофирга чиқариш ва сўкиш ҳолатларни кўзатиб, қўрқиб кетамиз. Хўш мўмин инсонни кофир ё фосиққа чиқариш шундай осон иш-ми? Шу мавзуда олимлармизни гапларини келтирмоқчимиз. Саъдуддин Тафтазоний «Шарҳул ақоиди Наса-фийя» асарида: «Гуноҳи кабиралар мўмин бандани иймондан ҳам чиқармайди, куфрга ҳам киргизмайди», деган. Ояти карима ва ҳадиси шарифлардан биламизки, қотиллик, ўғирлик, сеҳргарлик, зино, ароқ ичиш, бўҳтон қилиш, ота-онага оқ бўлиш, рибо ейиш шариати исломияда қаттиқ қораланган гуноҳи кабиралар сирасига киради. Қатор ақида китобларида куфрдан бошқа ҳар қандай гуноҳ мўмин бандани иймондан чиқармаслиги айтиб ўтилган. Ҳалолни ҳаром, ҳаромни ҳалол санаган, фарзни инкор этган, куфр сўзларни гапирган, Аллоҳдан ўзгага сажда қилган, Куръоннинг илоҳий каломлигига шак келтирганлар кофир саналади. Шундай экан, ҳар қандай мўминни куфрда айблаш асло мумкин эмас. Бу айрим «такфирчи»ларнинг ишидир. Бизнинг ақидамизга кўра, иймон шартларини инкор этмаганлар иймонини ҳаргиз йўқотмайди.
Бу масалада аҳли сунна ва жамоа айтган хулоса шулки, мўмин одам гуноҳи кабира қилиши билан кофир бўлиб қолмайди. Фақат ўша ишни ҳалол санаса, кофир бўлади. Мисол учун ароқ ичган одам уни ҳалол деб эътиқод қилса, кофир бўлади. Ароқни ҳалол деб эътиқод қилмаса-ю, уни ичса осий бўлади.
Исломда илк ихтилоф қўзғаб, аҳли сунна валжамоадан ажралиб чиққан тоифа - хорижийлар «Гуноҳи кабира қилган кофир бўлади», деб эътиқод қилишган. Бугунги кунда шу каби ғояларни илгари сураётганлар борлиги бизни сергакликка тортади. Асли «Иймонга - тил билан иқрор бўлиш ва қалб билан тасдиқлашдан иборат, амаллар эса иймон шартига кирмайди», деб эътиқод қиламиз. Буни машҳур мутакаллим Нуриддин Собуний ҳам айтиб ўтган. Гуноҳи кабирани қилган банда фосиқ бўлади. фосиқлик тавба билан кетади. Бу тавбадан сўнг кайта иймон келтириш шарт эмас. Тавбадан сўнг иймон калимасини айтиш эса муртадларга шарт, холос. Оят ва ҳадисларда гуноҳ қилган кишилар- «иймонсиз» деб, «кофир», «мушрик», «муртад», мурожаат этилмагани фикримизнинг яққол исботидир.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Лаа илаҳа иллаллоҳу» деган кимсага тегмаслик: Гуноҳи туфайли уни кофирга чиқармаймиз. Амали туфайли уни Исломдан чиқармаймиз», дедилар». Абу Довуд ривоят қилган.
Шунинг учун барчамиз билишимиз лозимки қиёматда Аллоҳ бировни амалидан эмас балки ўзимизни амалмиздан сўрайди. Аллоҳ барчалармизга тавфиқ берсин!
Обидхон домла Икрамов,
ЎМИ Наманган вилояти вакили биринчи ўринбосари
Бугунги глобаллашув даврида ахборот тарқатиш тезлиги беқиёс даражада ошди. Интернет, ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситалари орқали тарқатиладиган маълумотлар жамиятнинг турли қатламларига кучли таъсир кўрсатмоқда. Афсуски, бу имкониятлар баъзан миллий низо ва диний бўлинишга сабаб бўладиган ахборот тарқатиш учун ҳам ишлатилади. Бундай хатти-ҳаракатлар жамият бирдамлиги ва барқарорлигига жиддий таҳдид солади.
Деструктив, яъни бузғунчи, низоли ахборот тарқатишнинг асосий хатарлари қуйидагилар:
1. Жамиятда адоват ва нафрат уйғотиш. Миллатлар ва диний конфессиялар ўртасида адоватли ахборот тарқатиш жамиятда нафрат уйғотади. Бундай маълумотлар одамлар ўртасида ишончсизликни кучайтиради, ўз навбатида, ижтимоий бирдамликка путур етказади;
2. Жамоат хавфсизлигини бузиш. Миллий ва диний бўлинишга сабаб бўладиган ахборот жамоат тартибининг бузилишига олиб келади. Натижада тартибсизликлар ёки ҳатто можаролар келиб чиқиши мумкин;
3. Беқарорликни кучайтириш. Деструктив ахборотлар бошқарув ва ҳокимият тизимларини заифлаштириши мумкин. Миллий ва диний бўлиниш давлат барқарорлигига таҳдид солади, чунки аҳоли ўртасидаги зиддиятлар бошқарувга салбий таъсир кўрсатади;
4. Ёш авлодга салбий таъсири. Бундай ахборотлар ёшлар ўртасида миллатчилик ёки диний радикализмга мойилликни кучайтириши мумкин. Бу эса келажак авлодни ҳам бузилишга олиб келади.
Сабаб ва оқибатлар
Миллий низо ва диний бўлинишга сабаб бўладиган ахборотлар аксар ҳолларда уйдирмалар, ёлғон янгиликлар ёки атрофдаги воқеаларнинг бўрттирилиши орқали тарқатилади. Бу ахборотлар қуйидаги оқибатларга олиб келиши мумкин:
Қандай чоралар кўриш керак?
1. Ахборот истеъмоли маданиятини шакллантириш. Ҳар бир шахс тарқатилаётган маълумотнинг ҳақиқийлигини текшириш маданиятини ўзида шакллантириши зарур;
2. Қонунчиликка риоя қилиш ва жавобгарлик. Миллий низо ва диний бўлинишга сабаб бўладиган ахборот тарқатган шахсларга нисбатан қонуний чоралар кўрилиши муҳим;
3. Таълим ва тарбия орқали онгни ошириш. Мактаб ва олий таълим муассасаларида ахборот хавфсизлиги ва жамиятга салбий таъсир кўрсатадиган маълумотларни танқидий баҳолаш бўйича билим бериш керак;
4. Ижтимоий тармоқлар таҳлили. Ижтимоий тармоқларда ёйилаётган ахборотларни таҳлил қилиб, зарарли контентларни тезкорлик билан аниқлаш механизмларини ишга тушириш зарур.
Хулоса
Миллий ва диний бўлинишга сабаб бўлувчи ахборот тарқатиш нафақат жамият, балки мамлакатлар барқарорлигига катта таҳдид солади. Ҳар бир фуқаро ва жамоат ташкилотлари бундай хатти-ҳаракатларнинг олдини олишда ўз ҳиссасини қўшиши зарур. Ахборот тарқатиш маданиятини шакллантириш орқали, жамиятда тинчлик ва барқарорлик таъминланади.
Шермуҳаммад Болтаев,
Хоразм вилояти, Ҳазорасп тумани, "Шайх Қосим бобо" жоме масжиди имом-хатиби.