Жорий йилнинг 11 октябрь куни Қозоғистоннинг Астана шаҳрида Мусулмон донишмандлари кенгашининг Ўрта Осиё филиали очилди.
Ушбу филиалнинг очилишига сабаб ўтган 2022 йилнинг 14–15-сентябрь кунлари Астана шаҳрида бўлиб ўтган “Жаҳон ва анъанавий динлар етакчиларининг VII-қурултойи”да иштирок этган Ал-Азҳар шайхи Аҳмад Тоййиб жанобларига Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жумарт Тўқаев ушбу таклифни киритган эди.
Президентнинг таклифига биноан бу йил ушбу кенгашнинг Ўрта Осиё – мусулмон донишмандлари кенгашининг очилиш маросими Астана шаҳрида “Тинчлик ва ҳамкорлик саройида” бўлиб ўтди. Мазкур кенгашнинг қароргоҳи ушбу саройда жойлашиши таъкидланди.
Ушбу маросимда Қозоғистон респубиликаси Сенати раиси Ашимбаев Мавлан Сагатхан ўғли, Ал-Азҳар университети қошидаги Ислом тадқиқотлар маркази директори Назийр Муҳаммад Аяд, Мусулмон донишмандлари кенгаши бош котиби Муҳаммад Абдуссалом иштирок этди ва нутқ сўзлаб, бошланган ушбу хайрли ишга барака тилади.
Маълумот учун, Мусулмон донишмандлари кенгаши халқаро миқёсдаги мустақил ташкилот бўлиб, унга 1435 ҳижрий сананинг 21 Рамазон ойида, мелодий ҳисоб билан 2014 йил 19 июлида асос солинган. Ушбу ташкилотнинг ўз олдига қўйган ягона мақсади мусулмон жамиятларда тинчлик ва барқарорликни таъминлашга кўмаклашишдан иборатдир. Ушбу кенгаш ўз атрофига ислом уммати ичидаги етук илму ҳикматга эга, адолат ва мўтадил қарашлари билан танилган шахсиётларни тўплаган.
Мусулмон донишмандлари кенгашининг бош қароргоҳи Бирлашган Араб Амирликларининг пойтахти Абу Даби шаҳрида бўлиб, у ислом умматини бирлаштириш, унинг парчаланишини олдини олиш, инсоний қадриятлар, исломнинг бағрикенглик тамойилларига таҳдид солаётган кучларга қарши бирлашишга чақирувчи уюшма саналади.
Мусулмон донишмандлари кенгаши раиси катта имом Ал-Азҳар шайхи Доктор Аҳмад Муҳаммад Тоййиб жаноблари саналади. Мусулмон донишмандлари кенгаши бош котиби Муҳаммад Абдуссалом.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Савол: Баъзи емакхонлар таом етказиб беришни кечиктиргани учун буюртмадан ташқари қўшимча таом тақдим этар экан. Шу иш жоизми? Агар рекламада қўшимча бепул таом бериш эмас, балки етказиб берилган таомнинг пулини олмаслик айтилган бўлса, ҳукм қандай бўлади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
1. Таомга буюртма бериш битими шариатдаги истисноъ, яъни буюртма асосида маълум маҳсулотни тайёрлаб бериш шартномасига тўғри келади. Агар саволдаги шарт фақат рекламада акс этиб, буюртма жараёнида алоҳида бундай шарт қўйилмаса, сотувчи тарафидан берилган бу ваъда жоиз ҳисобланади ва унга вафо қилиши керак бўлади.
Агар буюртма беришда етказиб бериш кечикиши сабабли қўшимча таом бериш шарти қўйилса, бу шартноманинг бир қисмига айланади. Битимдаги бундай шарт молиявий жарима саналади. Маҳсулот тайёрлаб бериш (истисноъ) битимида сотувчига нисбатан молиявий жарима қўллашга рухсат этилади.
Демак, қўшимча бепул таом бериш ваъда кўринишида бўлса ҳам, шартномада акс этган бўлса ҳам жоиз экан.
2. Етказиб бериш кечикса, буюртма қилинган таомнинг пулини олмаслик фақат рекламада акс этиб, буюртма жараёнида бундай шарт қўйилмаса, бу ҳам сотувчи тарафидан берилган ваъда бўлади ва жоиз ҳисобланади. Аммо буюртма бериш жараёнида юқоридаги шарт қўйилса, бу шартноманинг бир қисмига айланади. Шартномада эса буюртма суммасидан воз кечиш шартини қўйиш дуруст эмас.
Демак, буюртма қилинган таомнинг пулини олмаслик ваъда кўринишида бўлса жоиз, битимда шарт қилинса, жоиз эмас. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази