Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Август, 2025   |   26 Сафар, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:11
Қуёш
05:37
Пешин
12:31
Аср
17:15
Шом
19:19
Хуфтон
20:38
Bismillah
20 Август, 2025, 26 Сафар, 1447

Соғинч

05.02.2024   752   2 min.
Соғинч

Болалигимдан отамни ишдан қайтаётганларида эшик олдида кутиб олиш одатим бор эди. Отам ҳарбий офицер бўлиб ишлардилар. Баъзи кунлари келмай қолсалар ҳам, келадиган кунлари соати кўпинча аниқ бўларди. Мен ўша пайт дарвозамиз олдига чиқиб дадамни кутардим. Отамни узоқдан кўришим билан оёғимни қўлимга олиб югурардим. Дадам мени қучоқлаб юзларимдан ўпардилар. Кейин бир қўллари билан елкамдан ушлаб олганларича уйга кириб кетар эдик.

Менинг кутиб олишимга отам ҳам жуда ўрганиб қолгандилар. Баъзида отамни кутиб олиш ёдимдан кўтарилиб, кўчага чиқмай қолардим. Шундай пайтларда дадам уйга кирмай туриб, кўчадаги болалардан бирортасини менинг олдимга юборардилар. “Дадангиз айтдилар, дарвоза олдига чиқиб дадангизни кутиб олар экансиз” деб айттириб юборардилар. Мен ҳам бундан жуда хурсанд бўлиб югуриб чиқиб дадамни кутиб олардим. Шунда дадам менга: “Қизалоғим, бугун мени кутиб олишни унутибсан-ку! Менга бу уйда сенинг кутиб олишингдан бошқа завқ йўқ” дердилар.

Отамнинг қўллари елкамни тутиб уйга кириб кетар эканмиз бошқа болалар олдида отам билан фахрланиб қўяр эдим. Ўзимни дунёдаги энг қудратли одамдек ҳис қилардим.

Отам ўзлари ўта жиддий ишда ишласалар ҳам менга нисбатан ўта юмшоқ табиатли инсон эдилар. Ишдан қайтганларида жуда чарчаган бўлар, лекин бир пас ўтирганимиздан сўнг менга “Сенинг кутиб олишинг ҳамма чарчоқларимни ёзиб юборади, қизим” дердилар.

Бугун ўзим ҳам кап- катта аёл бўлдим, она бўлдим. Шундай бўлса-да отажонимни жуда соғинаман. Ўша дамларни, отамни кутиб олишларим, узоқдан югуриб боришим, мени қучиб, елкамга қўлларини қўйиб, уйга олиб киришлари, айтган ўша ширин гапларини неча йиллардан бери соғинаман.

Баъзида ўша эски уйимизнинг олдидан ўтиб кетар эканман, отамни яна ишдан қайтиб келишларини, ўзим эса у кишини олдингидай кутиб олишни орзу қиламан. Ушалмаслигини аниқ билсам-да ўзимни отамнинг бағрига яна отиб ҳозирги ҳаёт ташвишларимни сўзлаб берсам дейман...

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг
"Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Усмон Мусҳафи Тошкентга қачон олиб келинган?

18.08.2025   2670   5 min.
Усмон Мусҳафи Тошкентга қачон олиб келинган?

Кун тарихи

Ватанимиз тарихидаги 18 август санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.

928 йил (бундан 1097 йил олдин) – Қуёш тутилиши рўй берди. Қадимда кишилар Қуёш тутилишларини олдиндан билганлар. Уларга тутилиш такрорланиб турадиган давр ҳам маълум бўлган. Бу сарос деб аталиб, у 18 йил 11 кун 8 соатга тенг. Ер юзининг маълум жойида тўла Қуёш тутилиши камдан-кам такрорланадиган ҳодиса ўрта ҳисобда 300 йилда бир марта кузатилиши мумкин. Ушбу санада рўй берган Қуёш тутилишини фарғоналик фалакиётчи олим Абдуллоҳ бин Амажур Туркий қуйидагича қайд этади: “Мен Қуёш тутилишини ўғлим Абул Ҳасан ва Муфлиҳ билан бирга кузатдим. Қуёш ўзи тутилган юзасининг чорагидан камроқ микдорга кўтарилди ва ҳатто, Қуёш юзасининг тўртдан бир қисми қораймагунча унинг тутилиши сезиларли даражада ортмади. Биз Қуёшни сувда, соф ва махсус усулда кузатдик”.

1412 йил (бундан 613 йил олдин) – ҳижрий 815 йил жумадулаввал ойининг ўнинчи куни (милодий 1412 йил 18 августда) Ҳиротнинг Боғи Зағон гузарида Мирзо Улуғбекнинг қизи Ҳасиба султон Хонзода бегим дунёга келди. Темурийлар ҳукмдори Шоҳрух мирзо невараси шарафига тўй-томошалар уюштириб, барчага сочқилар улашди. 

Шоҳрух саройидаги тартибга мувофиқ Улуғбек Мирзонинг биринчи хотини малика Ўги Бегини ой-куни яқинлашгач, Самарқанддан Ҳиротга олиб келган эдилар. Шу сабабли малика Самарқандда эмас, Ҳиротда дунёга келган. Туғилган қизга Ҳабиба Султон деб исм қўядилар. Шунингдек, Ўги Беги хон авлодига мансуб бўлгани туфайли қизига “Хонзода бегим” унвонини берадилар. Ҳабиба Султон Ҳиротда Гавҳаршод бегим мураббиялигида тарбияланади. 

1912 йил (бундан 113 йил олдин) – монументалист рассом, Ўзбекистон халқ рассоми Чингиз Аҳмаров таваллуд топди (вафоти 1995 йил). У ўз ижодида Шарқ миниатюраси анъаналарини давом эттириб, миллий мусаввирлик мактабини яратди. Чингиз Аҳмаров ўзбек тасвирий санъатининг миллий ўзига хослиги борасида халқнинг бой ва гўзал бадиий меросининг илғор анъаналарини ҳозирги замон санъатига ижодий сингдиришда фаол хизмат қилди. Асарларида ижодкорлик руҳи билан яшаётган замондошларининг гўзал ва ёқимтой, табиати мураккаб ва нафис қиёфалари тасвирланди. 

1924 йил (бундан 101 йил олдин) – Татаристон, Бошқирдистон ва Туркистон уламоларидан ташкил топган шарафли соқчилар кузатувидаги махсус поезд Усмон Мусҳафини Уфадан Тошкентга олиб келди. У бир қанча вақт Тошкентдаги масжидлардан бирида сақланди, сўнгра хавфсизлик мақсадларини кўзлаб Ўзбекистон халқлари тарихи музейи (ҳозирги Ўзбекистон тарихи давлат музейи)га топширилди. 1989 йил 14 март куни Тошкентда бўлиб ўтган умумий Мусулмонлар тўртинчи қурултойида Ўзбекистон ҳукуматининг қарори билан Усмон Мусҳафи мусулмонлар ихтиёрига қайтариб берилганлиги эълон қилинди.

Ҳозирда Тошкентда сақланаётган Усмон Мусҳафининг Туркистонга келиб қолиши тарихи ҳақида турли тахминлар бор. Кўпчилик тадқиқотчилар уни Амир Темур Басрадан Самарқандга олиб келган, деган фикрни билдирадилар. Бошқа тарихчилар Амир Темур Тўхтамишни мағлубиятга учратиб, Олтин Ўрдани эгаллаганидан кейин, ўша Қуръонни қўлга киритиб, Самарқандга келтирган, деган хулосада. Тарихда яна бошқа фаразларга ҳам дуч келинади. 

Ушбу Қуръон 1868 йилда (баъзи манбаларда 1869 йилда) Самарқанддан Санкт-Петербургга олиб кетилади ва аввал Россия халқ маорифи вазирлигига, сўнгра шаҳардаги Салтиков-Шчедрин кутубхонасига беилади. 1905 йилда Санкт-Петербургда ушбу Мусҳафдан 50 дона нусха олинган. Октябрь тўнтаришидан сўнг, мусулмонлар қурултойининг илтимосига кўра, РСФСР ҳукуматининг қарори билан мусулмонларга қайтариб берилган. Аввал Уфада сақланиб, 1924 йилда Тошкентга келтирилган. 

1936 йил (бундан 89 йил олдин) – геолог олим, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Тўрабек Долимов таваллуд топди (вафоти 2011 йил). У 1996–2004 йилларда Ўзбекистон Миллий университетининг ректори бўлган. Униг илмий ишлари бурмаланган ўлкалардаги вулкан жинсларининг петрологияси ва Тяньшаннинг геодинамикасига бағишланган. У 1998 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган.

1980 йил (бундан 45 йил олдин) – Тошкент метрополитени биринчи йўли (ҳозирги “Олмазор” – “Буюк Ипак йўли” бекатлари)нинг 4,6 километрли 2-навбати (3 та бекат) фойдаланишга топширилди. 

2006 йил (бундан 19 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Футбол бўйича тренерлар ва спорт ҳакамлари тайёрлаш республика мактаби фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

2020 йил (бундан 5 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси ва Туркия Республикаси ўртасида стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

2023 йил (бундан 2 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Балиқчилик хўжалиги эҳтиёжлари учун сув ҳавзаларидан фойдаланиш тартибини такомиллаштириш ҳамда балиқ овлаш ва сув бўйи туризми масканларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ, 
тайёрлади, ЎзА

 

Ўзбекистон янгиликлари