Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: "Намоз – диннинг устунидир. Намозни мукаммал ўқиган динини мукаммал қилади. Намозни бузган динни бузади. Намоз – барча ибодатлардан афзалдир. Намозни жамоат билан ўқимоқ, ёлғиз ўқигандан йигирма беш, йигирма етти даража афзалдир".
Бугун, Зулҳижжанинг 8-куни меҳмонхонадан ташкилий гуруҳ бошчилигида автобусларда талбия айтиб, Минога етиб келган бўлғуси ҳожиларимиз: "Аллоҳим бу Минодир. Сен дўстларингга ато этган эҳсонларингдан менга ҳам инъом эт!”, деб дуолар қилишди.
Мино майдонида Ўзбекистон ҳожилари учун алоҳида жой ажратилган. Бу ерда ҳожиларимиз бемолол ибодат қилишлари учун шароит ҳозирланган. Шунингдек, тамадди қилишлари учун турли хил таомлар, чой, сув каби ичимликлар чодирларга олиб келиб улашилмоқда.
Набий алайҳиссалом суннатларига мувофиқ, бугун Минода тарвия куни пешин, аср, шом, хуфтон намозлари ўқилади. Айни пайтда ўзбекистонлик зиёратчилар Мино водийсида эрта тонгдан то кун ботгунга қадар уламоларнинг суҳбатларидан баҳраманд бўлиб, тоату ибодат ва дуою илтижолар билан ўтказишмоқда.
Аллоҳ таоло барча ҳожилар қаторида, юртимиз ҳожиларининг ҳам дуо ва ибодатларини қабул айласин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати