Соҳибқирон бобомизнинг “Темур тузуклар”ида бундай дейилади: “... Дуогўй кишиларни қадрлардим. Улар билан хилватда суҳбат қуриб, кўнглимдаги мақсадимни айтиб, дуо тилардим. Мажлисларда, базмларда, жанг майдонларида улардан кўп баракотлар топдим.
Тўхтамишхон билан бўлган жангда ғаним лашкари кўплигидан ва менинг лашкарим эса озлигидан кўп азият тортган эдим. Шу пайт соҳиби дуо бўлмиш Мир Зиёвуддин Сабзаворий бошидан салласини олди, қўлларини дуога очиб (мен учун) Тангридан зафар тилади. Ҳали дуосини тугатмай туриб, дуо таъсири кўриниб, (лашкарим ёғийни қочирдилар)”.
Китобда яна бир ўринда бундай дейилади: “Саройим ҳарамидагилардан бири қаттиқ оғриб, ўлими яқинлашди. Дуогўй саййидлардан ўн икки киши йиғилишиб келдилар. Ҳар бирлари дуо қилди ва у соғайиб яна ўн икки йил яшади”, деб ёзганлар.
Ўз даврининг етук илм соҳибларидан бири Мир Саййид Барака ҳам Соҳибқироннинг руҳий раҳнамоси – пири бўлган. Ибн Арабшоҳнинг “Ажойибул мақдур...” аcаридан олинган иқтибосга кўра: “...Темур доимо: салтанатда эришган жамики нарсам ва мустаҳкам маконларни фатҳ қилишим – булар ҳаммаси Шайх Шамсуддин ал-Фохурий (Шамсиддин Кулол)нинг дуоси; шайх Зайниддин ал-Хавофий (Зайниддин Абу Бакр Тойбодий)нинг ҳиммати ва барча баракотларим эса фақат Саййид Барака ёрдамида бўлган”, деган (К. Каттаев. “Гўри Амир мақбараси ва қабртошлари тарихи”, 88-бет).
Соҳибқирон васиятига кўра, пирлари Саййид Бараканинг оёқ томонига кўмилганида ҳам ҳикмат бор. Зеро, Амир Темурнинг: “Азиз авлиёлар, саҳобалар мақбараларини, қутлуғ қадамжоларни зиёрат этмоқни ҳам фарз, ҳам қарз деб билур эдим”, дея таъкидлари юқоридаги баёнларнинг мантиқий давомидир. Бинобарин, бу эзгуликларнинг барчасидан мурод дуо экани ҳам сир эмас.
Шоҳ ва шоир Бобур Мирзо ҳаётида ҳам дуонинг нақадар муҳим бўлганини кўрамиз. У ўғли Ҳумоюн оғир хасталикка чалинганида унинг дардини ўзига олиш учун атрофини айланиб дуо қилади. Дуоси ижобат бўлиб, ўғли соғаяди...
Суюндик Мустафо НУРОТОИЙ
"Ҳидоят" журналининг 2024 йил 2-сонидан олинди
Савол: Бировнинг телефони ва ундаги маълумотларни рухсатсиз кўриш мумкинми? Чунки баъзан автобус, метро каби оммавий транспорт воситаларида айрим шахсларнинг шундай ишлар қилаётганига гувоҳ бўлиб қоламиз?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Йўқ, бировнинг телефонидан унинг рухсатисиз фойдаланиш ёки ундаги маълумотларни ўқиш шаръан тўғри эмас. Бу бировнинг уйига рухсатсиз мўралаш, хатига рухсатсиз қараш кабидир. Зеро, бу ишлар Қуръон ва ҳадисларда ман этилган.
Аммо агар мураббий (ота, устоз ва ҳоказо) қўл остида тарбияланаётган шахснинг тўғри йўлдан оғишидан шубҳа қилса, у ҳолда тарбия мақсадида ўз қўл остидаги шахснинг телефонини текширишига рухсат берилади. Балки улар вақти-вақти билан болалар ва уларга тегишли нарсаларни назорат қилиб туришлари керак, токи улар тўғри йўлдан оғмасинлар. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази