Азон ва иқоматни эшитган киши муаззин нима деса, ўшани такрорлайди. Фақат «Ҳаййа ъалал солаҳ, Ҳаййа ъалал фалаҳ», деганда:
لاَ حَوْلَ وَلاَ قُوَّةَ إِلاَّ بِاللهِ
«Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ», деб айтади.
«Ассолату хойрум минан навм», деса:
صَدَقْتَ وَبَرَرْتَ
«содақта ва барорта» ёки
صَدَقَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، الصَّلاَةُ خَيْرٌ مِنَ النَّوْمِ
«содақа росулуллоҳ ассолату хойрум минан навм», дейди. Агар «қод қоматис солаҳ», деса:
أَقَامَهَا اللهُ وَأَدَامَهَا
«ақомаҳаллоҳу ва адамаҳа», дейди. Агар «ашҳаду анна Муҳаммадар росулуллоҳ», деса, «ва ана ашҳаду анна Муҳаммадар росулуллоҳ», деб, ортидан:
رَضِيتُ بِاللهِ رَبًّا وَبِمُحَمَّدٍ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ رَسُولاً وَبِالإِسْلاَمِ دِينًا
«розийту биллаҳи роббан ва биМуҳаммадин соллаллоҳу алайҳи васаллама росулан ва билИслами дийна», дейди. Азоннинг ҳаммасини эшитиб бўлганидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиб, ортидан мана бу дуони ўқийди:
اللهُمَّ رَبَّ هَذِهِ الدَّعْوَةِ التَّامَّةِ وَالصَّلاَةِ القَائِمَةِ آتِ مُحَمَّدًا الوَسِيلَةَ وَالفَضِيلَةَ وَابْعَثْهُ مَقَامًا مُحْمُودًا الَّذِي وَعَدْتَهُ
«Аллоҳумма робба ҳазиҳид даъватит таммаҳ вассолатил қоимаҳ, ати Муҳаммаданил васийлата вал фазийлаҳ вабъасҳу мақомам маҳмуданиллазий ваъадтаҳ» (Эй бу комил дуонинг ва қоим бўлган намознинг эгаси Аллоҳим, Муҳаммадга васила ва фазилат бер, у зотни ваъда қилганинг мақтовли мақомда тирилтир). Сўнгра хоҳлаганича дунёвий ва ухровий дуоларни қилаверади.
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон азонни эшитсанглар муаззин нима деса, ўшани айтинглар», дедилар.
Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Имом Нававийнинг «Ал-Азкор» китобидан
Шу йил 10 декабрь Шайх Тоҳа ал-Фашнийнинг вафотига бағишланган кун бўлиб, у Қуръон карим қироатига ҳаётини бағишлаган энг буюк қори бўлган.
“IQNA” ахборот агентлиги “Sada El Balad”га таянган ҳолда хабар беришича, 2024 йил шайх Тоҳа ал-Фашнийнинг вафотининг 53-йиллиги сифатида нишонланди. У Қуръон қироати ва диний тавошеҳ (нашида) соҳасида Миср ва мусулмон оламида катта из қолдирган зотлардан бири саналади.
Ёшлиги
Шайх Тоҳа Ҳасан Марсий ал-Фашний 1900 йилда Мисрнинг Бани-Сувайф вилоятидаги Ал-Фашн шаҳрида туғилган. Болалигидаёқ Қуръони каримни ёд олган ва бу унинг келажакдаги диний санъатга асос бўлган. Мактаб директорининг топшириғи билан у ҳар куни тонгги маросимларда Қуръон тиловати қилган ва унинг ажойиб овози ёшлигиданоқ эътиборга тушган.
Кейинчалик, шайх Тоҳа “Ал-Азҳар” университетида таълим олиб, Қуръони карим қироати ва таджвид қоидасини мукаммал ўрганди. У шайх Абдулҳамид ал-Саҳарийдан ижоза сертификати олиб, диний билимлари ва қироат санъатида етуклигини исботлади.
Истеъдоднинг шаклланиши
Шайх Тоҳа ал-Фашнийнинг машҳур Қуръон ҳофизи бўлиб етишишида шайх Али Маҳмуд катта ҳиссасини қўшган. У диний тавошеҳнинг “қироли” сифатида танилган бўлиб, Тоҳа ал-Фашний ундан дуо ва мадҳия нашидалари айтишни ўрганган. Кейинчалик у буюк бастакор Закария Аҳмад билан ҳамкорлик қилиб, тавошеҳ жамоасида иштирок этган. Бу ҳамкорлик унинг ўз даврининг энг яхши қори ва ижрочиларидан бири сифатида танилишини мустаҳкамлади.
Шайх Тоҳа ал-Фашний ўзидан кейин нафақат бой Қуръон қироати меросини, балки Ислом санъатида чуқур из қолдирди. Унинг хотираси Қуръонга хизмат қилишга бел боғлаган келажак авлодлар учун илҳом манбаи бўлиб қолмоқда.
Миср радиосидаги фаолияти
Шайх Тоҳа ал-Фашнийнинг Миср радиосига хушовози билан кириб келиши унинг касбий фаолиятида улкан бурилиш нуқтаси бўлди. 1937 йилда Миср радиоси раҳбари Саид Паша Лутфий “Ҳусайн” мажмуаси ҳудудида ўтказилган тадбирда шайх Тоҳа ал-Фашнийнинг овозидан ҳайратланди ва уни юқори даражадаги қори сифатида тасдиқлади.
Шундан сўнг шайх Тоҳа ал-Фашний Қуръон карим эшиттиришида Қуръон тиловат қила бошлади. Бу эса унинг овозини бутун Миср уйларига етказди ва халқ орасида катта шуҳрат қозонди.
Қироллик саройлари қориcи
Шайх, буюк қори Тоҳа ал-Фашний ҳаётининг энг муҳим босқичларидан бири унинг Қуръон тиловат қилиш учун қироллик саройига таклиф қилингани бўлди. У 9 йил давомида “Обиддин” ва “Рас ат-Тийн” саройларида Қуръон тиловат қилди ва Қирол Форуқ Рамазон ойи кечалари унинг овозини интизорлик билан тингларди.
Шунингдек, Миср собиқ президенти марҳум Жамол Абдунносир ҳам унга ўз қўл тамғаси туширилган кумуш товоқни совға қилди. Бу ҳаракат унинг хизматларига бўлган ҳурмат ва эътироф рамзи эди.
Бебаҳо мерос ва унутилмас овоз
Шайх Тоҳа ал-Фашний Қуръон тиловати соҳасида беқиёс мерос қолдирди. Унинг бетакрор овози ва тиловатдаги маҳоратлари уни Миср тарихидаги энг машҳур қорилардан бирига айлантирди.
Қори ва овоз санъати бўйича алоҳида иқтидор
Қироат мутахассислари шайх Тоҳа ал-Фашнийни мафтункор оҳанг ва ёқимли овоз эгаси деб ҳисоблашади. У 17 мусиқий мақомни нодир осонлик ва нозиклик билан ўзгартириш қобилиятига эга бўлган.
Шайх Тоҳа ал-Фашний Қуръон тиловати ва диний тавошеҳ жанрида улкан мерос қолдирди. Унинг ноёб ижролари ҳанузгача Миср радиоси ва Араб радиоси орқали эфирга узатилади. Бу эса унинг бутун дунёдаги ихлосмандлари учун ёдгорлик вазифасини ўтайди.
Вафоти
Шайх Тоҳа ал-Фашний 1971 йил 10 декабрда 71 ёшида вафот этди. Унинг умри Қуръон ва Аҳл ал-Байт алайҳимуссалом йўлида хизмат қилиш билан ўтди.
Шайх Тоҳа ал-Фашнийнинг исми ҳанузгача унинг ихлосмандлари қалбида сақланиб қолган. Унинг ҳаёт йўли эса келажак авлодлар учун илҳом манбаи бўлиб хизмат қилади.
Шайх Тоҳа ал-Фашний нафақат қори ёки диний нашидлар куйчиси, балки Ислом умматининг қалбида абадий из қолдирган бадиий ва маънавий рамз соҳибидир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими
Илёсхон АҲМЕДОВ тайёрлади.