Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Май, 2025   |   27 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:17
Қуёш
04:56
Пешин
12:25
Аср
17:30
Шом
19:47
Хуфтон
21:20
Bismillah
25 Май, 2025, 27 Зулқаъда, 1446

Мусобақа ғолиблари аниқланди

16.05.2024   918   3 min.
Мусобақа ғолиблари аниқланди

Шу йил 15-16 май кунлари “Мир Араб” ўрта махсус ислом таълим муассасасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари талабалари ўртасида “Баркамол авлод – 2024” спорт мусобақасининг республика босқичи ўтказилди.

Очилиш маросимида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг мусобақа иштирокчиларига йўллаган табриклари ўқиб эшиттирилди.

Бухоро вилояти Спорт соғломлаштириш комплексида спортнинг стол тенниси, тош кўтариш, миллий кураш, шахмат турлари  бўйича  иштирокчилар ўз кучларини синовдан ўтказишди.

Ушбу жараёнларни тажрибали спорт мутахассисларидан иборат ҳакамлар ҳайъати Ўзбекистон спорт федерациясининг Бухоро вилоятидаги вакиллари адолатли баҳолаб борди.

Якуний натижалар қуйидагича бўлди:

Шахмат
1-ўрин Мир Араб олий мадрасаси талабаси Ҳайдар Одиловга;
2-ўрин “Саййид Муҳйиддин махдум” мадрасаси талабаси Расулов Раҳмонжонга;
3-ўрин “Кўкалдош” мадрасаси талабаси Омонов Асомиддинга насиб этди. 
Аёл-қиз талабалар ўртасида:
1-ўрин “Жўйбори Калон” мадрасаси талабаси Назарова Гавҳарбегим;
2-ўрин Тошкент ислом институти талабаси Муротова Нодирахон;
3-ўрин “Хадичаи Кубро” мадрасаси талабаси Олимова Дилноза эгаллади. 

Стол теннис
1-ўрин “Саййид Муҳйиддин Махдум” мадрасаси талабаси Олимов Нодирбек;
2-ўрин Мир Араб олий мадрасаси талабаси Одилов Ҳайдар;
3-ўрин “Ҳидоя” мадрасаси талабаси Хусанбоев Абуфайз сазовор бўлди. 
Аёл-қиз талабалар ўртасида:
1-ўрин “Жўйбори Калон” мадрасаси талабаси Рахмонова Фотимахон;
2-ўрин  “Хадичаи Кубро” мадрасаси талабаси Кимсанбоева Робия;
3-ўрин Тошкент ислом институти талабаси Қодирова Меҳриноз эгаллади. 

Тош кўтариш
1-ўринни “Саййид Муҳйиддин махдум” мадрасаси талабаси Суванқулов Исломжон; 
2-ўринни “Ҳидоя” мадрасаси талабаси Убайдуллаев Қобилхон;
3-ўринни “Кўкалдош” мадрасаси талабаси Эшбоев Абдуллоҳ қўлга киритди.

Миллий кураш
1-ўринни “Имом Фахриддин ар-Розий” мадрасаси талабаси Ғуломжонов Мухриддин;
2-ўринни “Мир Араб” мадрасаси талабаси Равзатулло Мусулмон;
3-ўринни “Кўкалдош” мадрасаси талабаси Рахматуллозода Абдуллоҳ эгаллади.

Жамоалар ўртасида эса якуний натижалар қуйидагича бўлди:
1-ўрин “Саййид Муҳйиддин махдум” мадрасаси жамоаси;
2-ўрин Мир Араб олий мадрасаси;
3-ўрин “Имом Фахриддин ар-Розий” мадрасасига насиб этди. 

Ғолибларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан қуйидаги мукофотлар топширилди.

Шахсий биринчилик ғолиблари учун:
1-ўрин олтин медаль, биринчи даражали диплом, ноутбук;
2-ўрин кумуш медаль, иккинчи даражали диплом, телевизор (LED 32 ҳажмда);
3-ўрин бронза медаль, учинчи даражали диплом ва шарбат чиқаргич.                                                                                                       

Жамоалар бўйича совринлар:
1-ўрин 1-даражали кубок, замонавий смарт доска;
2-ўрин 2-даражали кубок, музлатгич;
3-ўрин 3-даражали кубок, кир ювиш машинаси.

Мураббийлар ва қолган иштирокчилар “Мир Араб” мадрасаси ва ҳомийларнинг совғалари топширилди.

Эслатиб ўтамиз: “Баркамол авлод – 2024” спорт мусобақалари Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ҳар икки йилда бир маротаба ўтказилади.

 

Салоҳиддин ШЕРХОНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси,
Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими мудири

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

Катарактанинг давоси

21.05.2025   3867   7 min.
Катарактанинг давоси

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


(Қуръоний дори)

Савол: Кўзга оқ тушганда жарроҳлик ёки дори томизишдан бошқа муолажалар ҳам борми?

Жавоб: Илмий қўлланма ва илмий назарияларда умумий уринишлар бор. Улар кўпроқ протеинни алмаштиришга, хусусан, оқ тушган кўзни аввалги ҳолатига қайтаришга қаратилган. Гоҳида кимёвий йўл билан имкон топилади. Бу ўзгартириш жузъий холос, мукаммал бўлмайди. Аммо кимёвий йўлни кўз гавҳаридаги протеинга қўллаш мумкин эмас.


Савол: Мана шундай нуқсонли ечимларгина мавжуд бўлган касалликка қандай қилиб сиз Қуръони карим орқали даво топдингиз?

Жавоб: Юқорида айтиб ўтганимдек, кўз гавҳарининг ташқи юзаси парда билан қопланган бўлиб, унда протеин бор. Ўша протеиннинг таркиби ўзгарса, гавҳарнинг ҳолати ҳам ўзгариб, оқибатда хиралик келиб чиқади. Шунинг учун биз ўша протеиндаги физиологик ўзгаришни тиклашнинг табиий услубини қидирдик. Бунда бизга Юсуф сурасидаги қуйидаги оятлар ёрдам берди:

«У булардан юз ўгириб, «Эсизгина Юсуф!» деди ва қайғудан кўзларига оқ тушди. У дардини ичига ютди (ожиз бўлиб қолди)» (84-оят). Юсуф алайҳиссалом Роббимиздан келган ваҳий сабабли акаларидан оталари ҳузурига кўйлагини олиб боришни талаб қилдилар:

«Мана бу кўйлагимни олиб бориб, отамнинг юзига ташлангиз, кўзи очилур. Сўнг барчангиз аҳлингиз ила ҳузуримга келинглар. Карвон (Мисрдан) йўлга чиққан вақтда оталари (Яъқуб алайҳиссалом ўз уйларида туриб, ҳузиридаги кишиларга): «Мени ақлдан озган деманглар у, лекин мен Юсуфнинг ҳидини сезмоқдаман», деди. Улар: «Аллоҳга қасамки, албатта, сен эски адашувингдасан», дедилар. Хушхабарчи келиб, (кўйлакни) унинг юзига ташлаган эди, у яна кўрадиган бўлди. У: «Мен сизларга: «Аллоҳдан сизлар билмайдиган нарсани биламан», демаганмидим?» деди» (Юсуф сураси, 93–96-оятлар).

Юсуф алайҳиссаломнинг кўйлакларида қандай шифо бўлиши мумкин эди? Бу ҳақда ўйлаб-ўйлаб, тердан бошқа нарсани топмадик. Шундан сўнг инсон танасидан ажраладиган тернинг таркибий элементларини ўргандик. Анъанавий жарроҳлик йўли билан кўздан чиқариб олинган, хиралашган гавҳарни олиб, терга ботириб кўрганимизда унинг бироз шаффофлашганини кўрдик. Сўнгра савол туғилди: бу ҳолатда тердаги барча моддаларнинг шундай таъсири борми ёки ундаги қайсидир бир модданингми? Жавоб шуки, бу унинг таркибидаги бир модданинг – карбамиднинг («мочевина») таъсири экан. Бу моддани кимёвий усул билан ҳам тайёрлаб, лаборатория шароитида кўзи хиралашган ёки кўзига оқ тушган ҳайвонларда синаб кўрилди. Бироқ кузатувлар давомида кимёвий йўл билан тайёрланган ўша малҳам бу касалликни тузатмади, балки кўз гавҳарига оқ тушишига сабаб бўлди. Бу нарса йўналтирилган махсус чироқ (slit lamp), ультратовуш ҳамда кўз гавҳаридан аксланган ультрабинафша нур ёрдамида текшириб кўрилди. Бундан кейин компьютердаги физиологик окулярда 250 минг доллар тўлаб, ярим соат тажриба ўтказилганида унинг ёруғлик акслантириш даражаси 2 фоиздан ошмади. Лекин инсон теридан тайёрланган томчи қуйилганда 15 дақиқада 2 фоиздан 60 фоизга ёруғлик дарчаси очилди. 20 дақиқада 90 фоизга зиёдалашди. 30 дақиқада 95 фоизга зиёдалашди. 60 дақиқада 99 фоизга зиёдалашди.


Савол: Бу томчида ножўя таъсирлар кузатилдими?

Жавоб: Мутлақо. Тер танадан ажралиб чиқадиган модда бўлиб, юқорида айтганимиздек, унинг таркиби карбамиднинг таркиби билан деярли бир хил. Шунинг учун бу малҳам концентрациясини ўн баробарга ошириб, ҳайвонларда тажриба ўтказиш лозим. Бунда малҳам организмга оғиз орқали ёки бевосита юракнинг протеин пардасига киритиш орқали сингдирилди. Ушбу тажрибада ҳам ножўя таъсирлар кузатилмади, малҳам жигар, буйрак, мияга ёки қон таркибига умуман таъсир кўрсатмади.


Савол: Бу тажриба қуёнлар устида ўтказилган экан. Агар буни инсоннинг физиологик кўзи устида ўтказилса, нима бўлади?

Жавоб: Бундай тажриба 250 та кўнгилли иштирокчи устида ўтказилганида 90 фоиздан кўпроқ кишиларнинг кўзидаги оқлик кетиб, кўриши аввалги ҳолига қайтди. Клиник текширувлар шуни кўрсатдики, қолган 10 фоиз кишиларнинг кўз гавҳарида шаффофлик кузатилган, бироқ кўз тўрида бошқа касаллик бўлгани учун уларнинг кўриши яхшиланмаган.


Савол: Ана шу томчи кўздаги катарактадан бошқа кўз касалликларига шифо бўла оладими?

Жавоб: Ҳа, кўздаги шох пардага ҳам шифо бўлади. Кўз заифлашганда оқлик юзага келиши ана шу шох парда сиртида содир бўлади. Бу қон қуйилгандаги ёки шох парда таркибидаги протеинининг табиатида ўзгариш бўлгандаги ҳолатдир. Тажрибалардан собит бўлдики, ушбу томчини икки ҳафта давомида ҳар куни икки мартадан қуйиб борилса, кўриш хусусияти яхшиланиб, асл ҳолига қайтади.


Савол:  Шох пардадаги оқлик авваллари қандай муолажа қилинар эди?

Жавоб: Авваллари ўлган кишининг кўз шох пардасини кўчириб ўтказиш орқали муолажа қилинар эди. Илова қилиб айтадиган бўлсак, бунда кўриш қуввати аввалги ҳолига қайтмас эди.


Савол: Сиз ўзингизни қандай ҳис қилдингиз? Чунки сиз бутун инсониятга Қуръон воқелигидан муолажа тақдим қилдингиз. Ваҳоланки, ичимиздаги баъзи кишилар дунёвий ишларга ёки илмий баҳсларга Қуръоннинг алоқаси йўқ деб ҳисоблашади.

Жавоб: Мен бу ишим билан илмнинг закотини адо қилдим, деб ҳисоблайман. Ахир молнинг закоти чиқарилганидек, илмнинг ҳам закоти чиқарилади-ку? Ахир илм инсонларнинг яхши кунига хизмат қилиши керак! Бундан ташқари, ушбу амалий тажриба сабабли Қуръони каримнинг азаматини ва улуғлигини яна бир бор ҳис этдим. «Қуръонни мўминлар учун шифо ва раҳмат ўлароқ нозил қилурмиз. У золимларга зиёндан бошқани зиёда қилмас» (Исро сураси, 82-оят). Шунга биноан, бу улуғ Китобга қайтишни умид қиламан. Агар ҳақиқий маънода қайтсаккина, аввалги давримизни қўлга киритиб, бутун инсониятни ҳидоятга чорлай оламиз.


Савол: Бу дори бозорларга чиқарилганида унга «Қуръоний дори» деб ишора қилинадими?

Жавоб: Ҳа, биз бу дорини ишлаб чиқарувчи ширкатга «Бу Қуръоний дори», деб ёзиб қўйишни шарт қилганмиз. Токи бутун олам ана шу Қуръоннинг ростлигини, дунё ва охиратда одамларни бахтли қилишда фаол эканини билсин. Суҳбатимиз охирида янги бир баҳсни, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳадиси шарифда васф қилганларидек, кўз тиббиётидаги бошқа бир дорини тақдим этмоқчиман. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) «Қўзиқорин ҳам бир овқат тури бўлиб, унинг суви кўз учун шифодир», деганлар.

Иншааллоҳ, Аллоҳнинг изни билан мана шу баҳс ҳам келажакда кенг қамровли илмларни очиб беради.

“Қуръон ва Суннатдаги илмий мўъжизалар” китобидан