Авваллари ўқиш ягона кўнгилочар машғулот эди. Ҳозир эса бундай машғулот турлари кўпайган бўлса-да, китоб ўқиш ҳали ҳам энг фойдали вариант бўлиб қолмоқда. Болалар нима учун китоб ўқиши керак?
Тадқиқотларга кўра, ҳафтасига 1-2 марта китоб ўқийдиган 16 ёшли ўсмирлар, умуман ўқимайдиганларга қараганда юқори ўқиш кўрсаткичларига эга бўлади.
Китоблар = ҳақиқий ҳаёт
Бола ҳеч қачон кўрмаган нарсалари ҳақида ўқишга қизиқмайди. Шу сабабли китобдаги ҳикояни ҳақиқий дунёга ўтказиш керак. Масалан, агар бола космос ҳақида ўқиётган бўлса, уни космонавтика музейига олиб боринг ёки телескоп сотиб олинг. Ёввойи ҳайвонлар ҳақида бўлса, ҳайвонот боғига ташриф буюринг.
Боланинг қизиқишларини эътиборга олинг
Агар болангиз динозаврлар даври, кема қурилиши ёки пойга машиналарига қизиқса, шундай мавзудаги китоб совға қилган маъқул. Бошқа бир вариант — болани китоб дўконига олиб бориб, ўзи хоҳлаган китобини танлашига имкон беринг. Ёки бошқа болаларнинг ота-оналаридан уларнинг фарзандлари қайси китобларга қизиқишларини сўранг.
Боланинг ҳар бир гапини тўғриламанг
Болани китобда бўлаётган воқеалар ҳақида сизга гапириб берганда, уни доимий равишда тўғрилаб туриш шарт эмас. Агар у бир неча бор қаҳрамонлар исмини ёки шаҳар номини чалкаштирса ва бу китобни тушунишга таъсир қилмаса, бундай хатоларга кўз юмиш мумкин — муҳими бола китобни қизиқиб ўқигани. Агар сиз уни ҳикоя бошида чалғицангиз, бола ўзини ноқулай ҳис қилади, кейинги сафар гапириб беришни истамаслиги ёки бутунлай китобни ташлаб қўйиш мумкин.
Ўқигани учун мукофотланг
Ҳозирги кунда телевизор ва телефон каби ўзига жалб этадиган нарсалар кўплигидан китоб ўқиш катта ютуқ бўлиб қолди. Болани ҳар бир ўқиган саҳифаси учун мақтанг, китобни тугатгандан сўнг паркка ёки севимли кафесига олиб бориб мукофотланг.
Китоб — энг яхши совға
Буни ўзингизнинг мисолингизда кўрсатинг. Масалан, китобни “Ой охиригача 50 саҳифани ўқишинг керак, акс ҳолда ширинликсиз қоласан” деб берманг. Ўрнига ўқишни ижобий ассоциациялар билан боғланг. Чиройли расмлари бўлган китоб танланг, совға қоғозига ўраб, ҳадя қилинг: китобни тиш париси олиб келган ёки 8 мартга совға бўлсин. Шунингдек, ўқишдаги ёки спортдаги ютуқлари учун ҳам китоб билан мукофотланг.
Турли жанрдаги китобларни сотиб олинг
Агар бола саргузашт жанрини яхши кўрса, унга фақат шу турдаги китобларни сотиб олиш шарт эмас. Драма, фантастика, детектив каби бошқа жанрлардан ҳам харид қилинг — шунда болада танлов бўлади ва бир жанр зерикарли бўлиб қолмайди. Айниқса бу, мактабда болалар фақат классик асарлар ўқиш мажбуриятига эга бўлган ўсмирлик даврида фойдали бўлади. Мактаб рўйхатини замонавий романлар ёки психология билан бойитинг.
Ўқишни кундалик одатга айлантиринг
Болага китоблар унинг ҳаётининг бир қисми эканлигини, бу “жазо” эмаслигини тушунтириш керак. Бунинг учун унга китоб ҳар қандай саволга ечим топишга ёрдам бериши мумкинлигини айтинг. Агар болада мулоқот қилишда қийинчилик бўлса, одамлар билан осон тил топишиш ҳақида китоб сотиб олинг.
Овоз чиқариб ўқинг
Болаларда дунёга қизиқиш ва тасаввур қобилияти ўқиш кўникмасидан олдинроқ уйғонади. Шу сабабли бу эҳтиёжларни қондириш сизга боғлиқ. Агар болага китоб ўқиб берсангиз, келажакда ўқишга қизиқиб қолиши эҳтимоли юқори. Бундан ташқари, тадқиқотларнинг кўрсатишича, ота-оналари овоз чиқариб ўқиган болалар бошқа болаларга қараганда ўқишни эрта ўрганишади.
Ислом шариатида ижтиҳод (яъни шариат ҳукмларини аниқлашда илм ва далил асосида изланиш олиб бориш) жуда муҳим ўринга эга. Шариат ўз самарасини бериши учун шахс, оила, жамият ва уммат ҳаётида мақсадларига эриша олиши учун, у ҳар томонлама ва ҳар даражада ижтиҳоднинг амалга оширилишига муҳтождир. Бу — янги масалаларда ижтиҳод бўладими, мавжуд фикрлардан танлаб олинадиган ижтиҳодми, умумий ёки қисман, якка тартибда ёки жамоавий бўладими — барчаси шариат фаолиятида зарур саналади.
Ижтиҳоднинг турли кўринишлари мавжуд. Улардан бири — қозиликдаги ижтиҳод бўлиб, бу қозилар томонидан амалга оширилади. Айниқса, исломда ижтиҳод фаол даврларда ва ҳукмлар қонун сифатида расман қайд этилмаган, қозилар мажбурий равишда уларга амал қилишга буюрилмаган даврларда бу жуда кенг тарқалган эди.
Ижтиҳоднинг яна бир шакли — қонунлаштиришдир. Яъни, фиқҳ ҳукмларини ҳуқуқий моддалар шаклида ифода этиш. Масалан, оила қонунчилиги, фуқаролик қонунчилиги, жиноят қонунчилиги, маъмурий ва молиявий қонунчилик каби соҳаларда. Масалан, Усмонлилар империясининг охирги даврларида ҳанафий мазҳаби асосида тайёрланган машҳур "Мажаллатул аҳком" ана шундай қонунлар тўпламининг намунаси бўлган. Бугунги кунда ҳам шариат ҳукмларини янги ижтиҳод асосида тартиблаш мумкин, бу ижтиҳод умумий ҳам бўлиши мумкин, ёки қисман, янги ёки мавжуд фикрлардан танланган ҳолда бўлиши мумкин.
Бу амалиёт оила қонунчилигида (ёки "шахсий ҳолатлар" деб аталувчи соҳада) амалга оширилган. Аввалида бу ҳанафий мазҳаби асосида бўлса-да, кейинчалик тўрт мазҳаб доирасига кенгайди ва янада илгарилаб, ислом фиқҳининг барча имкониятларидан баҳра олишга ўтилди. Бу йўлни Мисрда ал-Азҳар шайхи — шайх Муҳаммад Мустафо ал-Мароғий бошлаган, уни баъзи мазҳаб мутаассиблари ва тақлид тарафдорлари танқид қилганлар, лекин у шариат далиллари билан уларга муносиб жавоб қайтарган.
Ижтиҳоднинг яна бир кўриниши — фиқҳий тадқиқотдир. Бу ислом уламолари ўз ҳалқаларида шогирдлари билан бирга бажарган ишлар бўлиб, масалаларни баён қилиш, саволларга жавоб бериш ва буни шариат матнлари, қоидалари ва мақсадлари асосида олиб боришни ўз ичига олади. Бугунги кунда буни университетлардаги профессорлар ёки илмий даража (магистрлик, докторлик) ишини ёзаётган талабалар амалга оширмоқдалар. Ана шундай изланишлар асосида китоблар ёзилади.
Ижтиҳоднинг яна бир шакли — фетво беришдир. Фуқаҳоларга одамлар турли ҳаётий масалаларда мурожаат қилишади ва муфтий унга жавоб бериши шарт, айниқса бошқа муфтий бўлмаса ёки у давлат томонидан тайинланган бўлса. Муфтийнинг фатвоси таҳқиқ ва ижтиҳод асосида бўлиши керак, яъни реал ҳолатга мос равишда қарор чиқарилади.
Ҳар бир мазҳабда воқеаларга мос тушган фатволар китоблари мавжуд бўлиб, уларда барча фиқҳ бўлимлари қамраб олинган. Бу китоблар мазҳаб қоидалари асосида тузилган ва "аҳкамун навозил" (янги масалаларга оид ҳукмлар) деб ҳам аталади.
Уламоларнинг сўзларига кўра, фатво замон, макон, урф-одат ва инсонларнинг аҳволига қараб ўзгариши мумкин. Биз ҳам бу тадқиқотимизда фатво берувчи замондош уламолар учун ушбу омилларни эътиборга олишни вожиб, деб билдик. Илғор замон талабига кўра, олдинги уламолар таърифлаган тўрт омилга яна олти омил қўшдик. Яъни, ҳозирги замонда фатвонинг ўзгаришига таъсир қилувчи ўнта омил бор:
1. Маконнинг ўзгариши
2. Замоннинг ўзгариши
3. Ҳолатларнинг ўзгариши
4. Урф-одатнинг ўзгариши
5. Маълумотлар ўзгариши
6. Инсонлар эҳтиёжининг ўзгариши
7. Инсонлар имконият ва иқтидорининг ўзгариши
8. Ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий шароитнинг ўзгариши
9. Оммавий муаммоларнинг юзага келиши
10. Фикр ва қарашлар ўзгариши
Албатта, Исломда фатво бериш улкан масъулиятдир. Бу вазифани илми ва тақвоси етарли бўлмаган одамларга топшириш мумкин эмас. Салафи солиҳларимиз бу масалада жуда қатъий бўлишган. Фиқҳда ва фикрда билимсиз киши фатво бермаслиги керак. Имoм Шотибий шундай дейди: фатво берувчи киши уммат ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўрнида туради — одамларга Аллоҳнинг шариати ҳукмларини баён қилади. Имoм Ибн ал-Қаййим раҳимаҳуллоҳ фатво берувчи ҳақида шундай дейди: у Аллоҳ таоло номидан ҳукм чиқарадиган одамдир, худди подшоҳ ва амирлар номидан қарор чиқарадиган вакиллар каби. Шу сабаб, у киши “Иълом ал-мўаққийн ъан Рабб ал-ъАламийн” (Оламлар Роббиси номидан имзо қўюқчиларни огоҳлантириш) деб номланган китобини муфтийлар учун ёзган.
Қуръони Каримда Аллоҳ таоло баъзи масалаларда фатвони Ўзи беради. Масалан: “Сендан мерос ҳақида сўрайдилар. Айт: Аллоҳ сизларга калала ҳақида фатво беради” (Нисо сураси,176-оят). “Аёллар ҳақида сендан сўрайдилар. Айт: Аллоҳ улар ҳақида фатво беради” (Нисо сураси,127-оят).
Қуръонда “Сўрайдилар” деган ибора ўнлаб оятларда келади. Аллоҳ таоло унга “Айт” (Қул) деган жавоб билан мурожаат қилади. Масалан: “Сендан май ичимлик ва қимор ҳақида сўрайдилар. Айт: уларда катта гуноҳ бор…” (Бақара сураси, 219-оят) ва шунга ўхшаш оятлар. Бу ҳам фатво ва фатво беришнинг аҳамияти, улуғлиги ва масъулиятини кўрсатади. Аллоҳнинг Ўзи фатво берган бўлса, бу қандай улуғ иш!
Ҳеч бир тадқиқотчига сир эмаски, мусулмонлар — дунёдаги ягона умматдирки, шариат ҳукмлари ҳақида савол беради, ибодатларида ва муомалаларида ҳалол-ҳаромни аниқламоқчи бўлади. Бошқа биронта миллатда — ҳатто китобий ёки бутпараст бўлсин — бундай интизом йўқ. Шу сабабли мусулмон давлатларда фатво муассасалари ташкил этилган. Шунингдек, кўпгина мамлакатларда “Муфтий” лавозими жорий этилган. У айрим мамлакатларда диний ва илмий энг олий мансаб саналади. Мисрда эса “Шайх ал-Азҳар” энг юқори мансаб ҳисобланади.
Шу туфайли, муфтийнинг шартлари, одоблари ва фатво сўровчининг ҳам одоблари ҳақида китоблар ёзилган, ҳозирги замонда эса фатво масалаларига бағишланган халқаро анжуманлар ўтказилмоқда. Айниқса, замонавий оммавий ахборот воситалари, телевидениелар пайдо бўлганидан сўнг “ижтимоий тармоқ орқали фатво берадиган” баъзи шахслар кўпайди, улар ҳар қандай масалада ўзини билимдон қилиб кўрсатади. “Билмайман”, “Бу масала таҳқиқ талаб қилади”, “Кенгаш қилишим керак” демайди. Ҳолбуки салафи солиҳларимиздан бири айтганидек: “Кимки ‘билмайман’ дейишда хатога йўл қўйса, у ҳалокатга юз тутган бўлади”.
Шу мақсадда биз аввалроқ «Фатво: интизом ва беқарорлик ўртасида» номли китобимизни нашр этган эдик. Энди эса ушбу «Фатвонинг ўзгаришига сабаб бўлувчи омиллар» номли рисоламизни тақдим этяпмиз. Бу орқали фатво эгаларини тўғри йўл — нурли сиротул мустақим — билан юришга ёрдам беришни, имкони борича ҳақ ва тўғриликни излаб топишга ундашни, ҳақиқатни аниқлаш учун ҳаракат қилишни ва энг охирида муфтийнинг Аллоҳдан тавфиқ сўраб, У зотдан кўмак сўрашини истаймиз. Чунки салафи солиҳлардан бири шундай деган: “Агар бир масала сен учун қийин келса, айт: ‘Эй Иброҳимга илм ўргатган Зот, менга ҳам илм ўргат!’”. Аллоҳ таоло шундай дейди: «Кимки Аллоҳга иймон келтирса, Аллоҳ унинг қалбини ҳидоят қилади» (Тағобун сураси, 11-оят), «Кимки Аллоҳга суянса, бас у тўғри йўлга ҳидоят этилди» (Оли Имрон сураси, 101-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бизга бундай дуони ўргатганлар: “Эй Жаброил, Микоил ва Исрофилнинг Парвардигори! Осмонлар ва ернинг яратувчиси! Яширин ва ошкора нарсаларнинг билгувчиси! Сен бандаларинг ўртасида келиша олмаётган масалаларда ҳукм чиқарасан. Сенинг изнинг билан менга ҳақ йўлни кўрсат, чунки Сен истаган кимсани тўғри йўлга ҳидоят этасан”.
Европа Фатво ва Тадқиқотлар Кенгашининг Бош котибияти мендан унинг маданий рисолалар силсиласига муқаддима сифатида бир рисола ёзишимни сўради. Мен эса мана шу рисолани танладим. Умид қиламанки, бу рисола кўзланган мақсадга хизмат қилади, мусулмонларни умуман, айниқса, озчиликда яшаётган мусулмонларни фаҳм ва ҳидоятга етаклайди. Ниятимиз Аллоҳ учун. Унинг Ўзи бизга етарли ва қандай яхши вакилдир У.
Аллоҳга муҳтож бандаси —
Юсуф ал-Қаразовий
Дўҳа шаҳри,
Рабиъ ус-соний, 1428 ҳижрий
Май, 2007 милодий
Ҳомиджон домла Ишматбеков
таржимаси