Шу йил 7 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Наманган вилоятидаги сафарлари чоғида “Ҳидоя” ўрта махсус ислом таълим муассасасига ҳам ташриф буюриб, таълим олиш учун яратилган шароитлар ва талабаларнинг дарс жараёнлари билан танишдилар. Муфтий ҳазратлари талабаларга ўз соҳаси бўйича билимларни пухта эгаллашлари, келажакда етук олим бўлиб етишишлари лозимлигини тушунтирар эканлар, ўз фикрларини айни пайтда дунёдаги вазиятни теран англайдиган ва мусулмон умматига хизмат қиладиган кадрларга эҳтиёж ҳар қачонгидан ҳам юқорилиги билан изоҳладилар.
Муфтий ҳазратлари Таълим муассасаси талабалари билан бўлган дарс жараёнида иштирок этдилар ва араб тилида эркин мулоқот қилган талабаларнинг салоҳиятини юқори баҳолаб, уларнинг тўлов шартномаларини Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳисобидан қоплаш билан рағбатлантирдилар.
Ташриф сўнггида Муфтий ҳазратлари асосий мақсад таълимни ривожлантириш, дин ва жамият тараққиёти учун керак бўлган етук кадрлар тайёрлаш ҳамда бу йўлда хизмат қилаётган устоз ва талабаларни доимий қўллаб-қувватлашдан иборат эканини таъкидлаб, хайрли дуолар қилдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Аёли вафот этганидан кейин эри жуда маюс бўлиб қолди. Бир куни унинг яқин дўсти уни койиди:
– Ҳалиям уйланмадингми?
– Йўқ, – деди у.
– Нега, наҳотки бошқа аёллар ичида сенга ёқадигани бўлмаса?
– Раҳматли аёлимга ўхшагани топилмаса керак...
– Қўйсанг-чи, аёлларнинг бари бир-бирига ўхшайди-ку!..
– Мен зоҳирини айтмаяпман. Ички оламини, ботинини айтяпман.
Йигит ҳайрон бўлиб қараб турган дўстига ҳаётида бўлган биргина воқеани гапириб берди:
“Бир куни аёлим жаҳлимни чиқарди. Қаттиқ уришдим ва уни ота уйига ҳайдадим. Жимгина кетди. Орадан бир неча кун ўтгач, қилган ишимдан пушаймон бўлдим. Аслида айб ўзимдан ўтганини англадим. Минг андиша билан қайнотамникига бордим. Эшик олдида бироз туриб қолдим. Сўнг эшикни тақиллатдим. Аёлим очди ва мени ҳайратда қолдириб, худди орамизда ҳеч гап ўтмагандай, баланд овозда:
– Ассалому алайкум дадажониси, сафарингиз яхши ўтдими? – дея табассум билан кўзини қисиб қўйди. Унга бир нималар демоқчи бўлган эдим, у мени қаттиқ бағрига босиб, бундай деди:
– Гапирманг, ота-онамга сизни “сафарга кетдилар”, дедим...
Ана шундай фаҳмли, оқила эди аёлим. Шунинг учун ҳам унга ҳеч бирини ўхшатолмай, уйланолмай юрибман, дўстим”.
Ҳа, азизлар! Аллоҳ таоло эркакни аёл учун, аёлни эркак учун неъмат қилиб берган. Тўғри, баъзилар бир-бирларининг камчиликларидан шикоят қилиб қолишади. Аммо ҳеч ким бенуқсон эмас. Мукаммал аёлни ҳам, эркакни ҳам ахтарманг бу дунёда. Ҳикояда келганидек, баъзида эр учун бир жуфти ҳалол бутун дунёдаги аёллардан афзал бўлиши мумкин. Шундай экан, аҳли аёлимизни қадрлайлик. Зеро, у ҳам кимнингдир фарзанди, болаларимизнинг онаси. Энг муҳими, Аллоҳнинг бизга берган омонатидир.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ