Бир неча ояти карималарда зикрга тарғиб этилган бўлиб, кўп зикр қилувчиларга мағфират ва улуғ ажрлар борлиги баён қилинган. Дарҳақиқат, Аллоҳни зикр қилиш энг улуғ неъмат ва хайрли амаллардан саналади.
Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга: “Сизларга амалларингиз ичида энг яхшиси, Подшоҳингиз (Раббингиз) ҳузурида энг мақтовлиси, даражаларингизни энг юқорига кўтарувчи, тилла ва кумушни инфоқ қилишдан ҳам яхшироқ бўлган амалнинг хабарини берайинми?” дедилар. Саҳобалар: “Ҳа”, дейишди. Шунда Набий алайҳиссалом: “Аллоҳ таолонинг зикридир”, деб жавоб бердилар» (Имом Термизий ривояти).
Банда қачон Аллоҳ таолони эсласа, ўша заҳоти Аллоҳ таоло ҳам уни эслайди. Парвардигорни фақат бошга мусибат тушганда эмас, балки тинч ва фаровон кунларда ҳам эслаш керак. Демак, Парвардигорнинг назарига тушишни истаган банда доимо Уни ёдида тутмоғи лозим.
“Бас, Мени ёд этингиз, (Мен ҳам) сизларни ёд этурман...” Ушбу ояти каримани шарҳлаб Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу бундай дейди: “Агар бирор қавм Аллоҳ таолони зикр этиш учун йиғилса, зикр ва тасбеҳлар айтса, Аллоҳ таоло уларникидан ҳам азиз ва улуғ жойда, яъни фаришталар даврасида уларни эслайди. Агар бирор қавм йиғилиб, у ерда Аллоҳ зикр қилинмаса, бу улар учун қиёматда ҳасрат бўлади” (Абу Лайс Самарқандий, “Баҳрул улум”).
Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда: “Бандам Мени хослаб эсласа, Мен ҳам уни эслайман. Агар жамоат ўртасида эсласа, Мен уни улардан кўра яхшироқ бўлган жамоат орасида (яъни, фаришталар орасида) эслайман”, деган (Муттафақун алайҳ).
Аллоҳни эслаш фақат тилда зикр қилиш билан чекланмайди. Балки Унинг буйруқларига амал қилиш, тоат-ибодатларда бардавом бўлиш ҳам У Зотни эслаш ҳисобланади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда Мусо алайҳиссаломга: “Мени эслашинг учун намозни тўкис адо қил!” деб буюрган (Тоҳо сураси, 14-оят). Зеро, банда тоат-ибодат ва турли солиҳ амалларни адо этаётганда Аллоҳ таолонинг ризолигини исташи, ундан савоб умид қилиши билан Аллоҳни зикр қилган бўлади.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «“Мени ёд этингиз, (Мен ҳам) сизларни ёд этурман” оятини: “Эй бандаларим. Мени таот-ибодат билан эсланглар, Мен ҳам сизларни мағфиратим билан эслайман”, деб тафсир қилганлар» (Имом Дайламий ривояти).
Аллоҳ таолони У Зотнинг неъматларини эътироф этиш билан ҳам эсланади. Банда ўзи баҳраманд бўлиб турган неъматларни кўриб фикр ва мулоҳаза юритса, уларнинг барчасини Аллоҳ таоло бераётганини тан олса, албатта, унга шукр қилади ва беихтиёр “Алҳамдулиллаҳ”, “Аллоҳга шукр” деган зикрлар тилига келади.
Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло оятда бандаларини зикрга буюриш билан бир қаторда “Менга шукр қилинглар, ношукрлик қилманглар”, деб шукрга буюрмоқда. Шукр одатда бирор инъом эвазига бўлади. Банда Аллоҳнинг беҳисоб неъматларидан баҳраманд экан, албатта, уларнинг шукрини ҳар қанча адо этса ҳам, озлик қилади. Ношукрлик, ҳаётдан нолиш иймони суст кимсага хосдир.
Ушбу оятда Аллоҳ таоло бандаларнинг икки дунёси ободлигига сабаб бўладиган икки муҳим нарсага чақирган. Биринчиси, Аллоҳнинг зикри билан машғул бўлиб, тоат-ибодатда бардавом бўлиш охират ободлиги учун сабаб бўлса, иккинчиси, неъматларнинг шукрини адо этиб, нонкўрликдан сақланиш бу дунёнинг ободлигига сабабдир. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “...Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман...” деб ваъда берган (Иброҳим сураси, 7-оят).
Инсон умри давомида бошидан ҳар хил синовли кунларни ўтказади. Ана шундай оғир вақтларда мўмин банда учун мусибатларни енгиб ўтишга энг яхши ёрдамчи, бу – намоз ҳамда сабрдир. Дарҳақиқат, сабр туфайли банда Аллоҳнинг назарига тушади, Унинг ҳимояси ҳамда кўмагига ноил бўлади. Зеро, “Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир”.
“Баҳрул улум” тафсири асосида
Фарғона шаҳар “Нур” жоме
масжиди имом-хатиби
Жаҳонгир ТОШТЕМИРОВ
тайёрлади.
Бир кунда беш вақт намозни ўз вақтида адо этинг! Тўғри дастлаб, бир маҳал, кейин икки, уч қилиб кўпайтираётган бўлишингиз мумкин. Бироқ беш маҳал намоз ҳар бир мусулмон зиммасидаги фарздир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яманга жўнатаётиб: “Аллоҳ таоло беш маҳал намозни ҳар бир банданинг зиммасига фарз қилганини етказгин”, деб алоҳида таъкидлаганлар.
Демак, бир кунда беш маҳал намоз фарздир. Икки ёки уч маҳал эмас.
Барчамизга яхши маълумки, бирорта эшикни очиш учун албатта калит керак. Худди шунингдек, Жаннатга кириш учун ҳам калит талаб этилади. Агар жаннатга киришни истасангиз сизга калит керак бўлади. Ахир бу дунёда ҳам эшикдан кириш учун калит керак бўляптику.
Ҳар бир калитда ўзининг тишлари бўлади. Тасаввур қилиб кўрингчи, калитингизнинг бир тиши бўлмаса нима бўлади? Истасангиз синаб кўринг, калитингиз тишидан биттасини синдириб, очишга уриниб кўрингчи? Эшик очилармикин? Ваҳоланки, калитда биргина синган тишдан бошқа яна бир қанча бутун тишлар бор.
Яна бир мисол. Айтайлик, бир танишингизга қўнғироқ қилмоқчи бўлсангиз, унинг рақамини терасиз. Бордию биргина рақамни нотўғри терсангиз, сиз яқин одамингиз билан гаплаша олмайсиз, тўғрими?
Демак, Жаннатга тушишни истар экансиз сиз беш маҳал намозни ўз вақтида адо этишингиз керак экан.
Намоз вақти кирганда юмшоқ тўшакингизда ётган ёки аёлингиз билан бирга бозорда бўлсангиз ҳам, бирор иш билан банд ёки фарзандларингиз билан бирга ўйнаётган бўлсангиз ҳам дарҳол ҳаммасини четга суриб, намозни адо этишга киришинг!
Қанчалик кўп ишларингиз бўлмасин, сиз намозни ўз вақтида адо этсангиз Аллоҳ таолонинг Ўзи бошқа ишларингизни осон қилиб қўяди. Лекин афсуски, буни кўпчилик тушунмайди.
Одатда биз ўзимиз учун осон бўлган амалларни қиламиз. Лекин қачонки нафсимизга оғир келадиган ишга дучор бўлсак ўзимизни олиб қочамиз.
Бугунги кунда ўзининг гавдаси, мушаклари билан мақтанадиганларнинг видеолавҳаси жуда кўпайиб кетди. Бунинг сабаби ҳозирги ёшлар мушакларини ишириб олишга жуда қизиқадилар. Ўзларини бошқалардан кучли деб ҳисоблайдилар. Лекин аслида ҳақиқий кучли инсон ким? Мушаклари бақувватми? Йўқ, асло ундай эмас. Бомдод намозига туриш учун устидаги кўрпасини кўтара олган ҳақиқий кучли одамдир. Агар ўзингизни кучли деб билсангиз, бомдодга туришда синаб кўринг.
Азиз ота-оналар фарзандларимиздан бирор нарсани талаб қилишда аввало ўзимиз ўрнак бўлайлик. Токи ёшлар бир қўлида оғир тошни кўтарадиган одам кучли инсон эмас, балик, таҳажжуд ва бомдод намозларини турадиган одам ҳақиқий кучли одам эканини яхшилаб англаб етсинлар.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Уларнинг ёнбошлари ўрин-жойларидан йироқ бўлур. Улар Парвардигорларига қўрқув ва умидворлик билан дуо-илтижо қилурлар ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилурлар” (Сажда сураси, 16-оят).
Аллоҳ таоло бу оятда кучли мўминлар ҳақида хабар қилади. Улар тунларни ибодат билан ўтказиб, оз ухлайдилар, кечалари Роббул аъламийндан қўрқиб, Унинг раҳматидан умидвор ҳолда бедор бўладилар.
Аллоҳ таоло барчамизни ана шундай гўзал хулқлар билан сифатланган бандаларидан қилсин!
Даврон НУРМУҲАММАД