Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
06 Июл, 2025   |   11 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:13
Қуёш
04:56
Пешин
12:33
Аср
17:42
Шом
20:03
Хуфтон
21:39
Bismillah
06 Июл, 2025, 11 Муҳаррам, 1447

Уларнинг дуолари туфайли Аллоҳ бизни балолардан асрайди!

06.10.2023   938   1 min.
Уларнинг дуолари туфайли Аллоҳ бизни балолардан асрайди!

Бугун, 6 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси муфтий, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Тошкент шаҳридaги “Кўкча Оқтепа” жоме масжидида жума намозини жамоат билан адо этдилар.

Жума намози аввалида Муфтий ҳазратлари кексаларимизнинг борлиги биз учун улкан бахт-саодат экани, уларнинг қилган дуолари туфайли Аллоҳ таоло бизларни турли бало-офатлардан сақлаши ҳақида гўзал маъруза қилиб бердилар.

Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари манфаатли мавъиза давомида Ислом инсонларни бир-бирига яхшилик қилишга тарғиб этиши, бунда кексаларга янада кўпроқ эътибор қаратиш, уларнинг ҳурматини жойига қўйиш лозимлигини алоҳида таъкидладилар.

Шунингдек, ҳар бир инсон яхшилик ва солиҳ амаллар билан яшаб кексайишга ҳаракат қилиши кераклиги, зеро, ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ё Расулуллоҳ, одамларнинг яхшиси ким?” деган саволга: “Умри узун, амали гўзал бўлган одам” дея жавоб берганлари баён этилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

“Сафарга кетдилар...”

04.07.2025   11725   2 min.
“Сафарга кетдилар...”

Аёли вафот этганидан кейин эри жуда маюс бўлиб қолди. Бир куни унинг яқин дўсти уни койиди:

– Ҳалиям уйланмадингми?

– Йўқ, – деди у.

– Нега, наҳотки бошқа аёллар ичида сенга ёқадигани бўлмаса?

– Раҳматли аёлимга ўхшагани топилмаса керак...

– Қўйсанг-чи, аёлларнинг бари бир-бирига ўхшайди-ку!..

– Мен зоҳирини айтмаяпман. Ички оламини, ботинини айтяпман.

Йигит ҳайрон бўлиб қараб турган дўстига ҳаётида бўлган биргина воқеани гапириб берди:

“Бир куни аёлим жаҳлимни чиқарди. Қаттиқ уришдим ва уни ота уйига ҳайдадим. Жимгина кетди. Орадан бир неча кун ўтгач, қилган ишимдан пушаймон бўлдим. Аслида айб ўзимдан ўтганини англадим. Минг андиша билан қайнотамникига бордим. Эшик олдида бироз туриб қолдим. Сўнг эшикни тақиллатдим. Аёлим очди ва мени ҳайратда қолдириб, худди орамизда ҳеч гап ўтмагандай, баланд овозда:

– Ассалому алайкум дадажониси, сафарингиз яхши ўтдими? – дея табассум билан кўзини қисиб қўйди. Унга бир нималар демоқчи бўлган эдим, у мени қаттиқ бағрига босиб, бундай деди:

– Гапирманг, ота-онамга сизни “сафарга кетдилар”, дедим...

Ана шундай фаҳмли, оқила эди аёлим. Шунинг учун ҳам унга ҳеч бирини ўхшатолмай, уйланолмай юрибман, дўстим”.

Ҳа, азизлар! Аллоҳ таоло эркакни аёл учун, аёлни эркак учун неъмат қилиб берган. Тўғри, баъзилар бир-бирларининг камчиликларидан шикоят қилиб қолишади. Аммо ҳеч ким бенуқсон эмас. Мукаммал аёлни ҳам, эркакни ҳам ахтарманг бу дунёда. Ҳикояда келганидек, баъзида эр учун бир жуфти ҳалол бутун дунёдаги аёллардан афзал бўлиши мумкин. Шундай экан, аҳли аёлимизни қадрлайлик. Зеро, у ҳам кимнингдир фарзанди, болаларимизнинг онаси. Энг муҳими, Аллоҳнинг бизга берган омонатидир.

Акбаршоҳ РАСУЛОВ