Илм – Аллоҳ таолонинг инсониятга ато этган бебаҳо неъмати. Бу неъматга мушарраф бўлганлар эса Аллоҳ таоло азиз қилган зотлардир.
Биринчи ренессанс даври бўлмиш биринчи минг йилликнинг сўнгги чораги ва иккинчи минг йилликнинг биринчи чорагида диёримизда илмнинг деярли барча соҳаларида ижод қилган буюк алломалар етишиб чиқди. Улардан бири Зоҳид Бухорийдир (в. 546 ҳ./1151 м.) У зотнинг тўлиқ исми Муҳаммад ибн Абдурраҳмон ибн Аҳмад Абу Абдуллоҳ Алоуддин Бухорий бўлиб, “Зоҳид” лақаби билан танилган.
Абу Саъд Абдулкарим Самъонийнинг айтишича, Муҳаммад ибн Абдурраҳмон фақиҳ, муфтий, усулий, мутакаллим фозил зот бўлган. Олим минг жуздан иборат тафсир таълиф қилган1. Афсус, ушбу китоблари бизгача етиб келмаган. Зоҳид Бухорий фиқҳни Абу Наср Аҳмад ибн Абдурраҳмон Рийғзамунийдан ўрганди.
У зот “Ҳидоя” асари соҳиби Бурҳониддин Марғинонийнинг устозларидан биридир. Марғиноний у зотни шайхлари қаторида зикр қилиб, бундай деган: “Ўзлари билган саҳиҳ ҳадисларни ривоят қилишимга ҳамда ўзлари ижоза олган ва тасниф қилган китобларига ижоза ёзиб берганлар”3.
Муҳаммад ибн Абдурраҳмон Бухорийдан бизгача етиб келган ягона асар “Маҳосинул ислам ва шароиъул ислам” (Ислом дини гўзалликлари ва Ислом шариати) китобидир. Асарда Ислом шариатида йўлга қўйилган амалларнинг гўзал жиҳатлари баён этилади. Жумладан, иймон, намоз, рўза, закот, ҳаж, никоҳ ва савдо, сулҳ, даъво каби фиқҳий бобларнинг ҳар бирига тўхталиб, дунёвий ва ухровий манфаатлари ҳақида сўз юритилган.
“Шуни билингки, биродарларим, дин илмини гарчи Чинда бўлса ҳам талаб қилмоқ фарздир! Узоқ жойдаги нарсани талаб қилган кишига, албатта, машаққат етиши аниқ. Шундай экан, аввало, талаб қилинаётган нарсадан етадиган манфаатни яхши билиб олиш лозим. Шунда бу йўлдаги машаққатни енгиш осон кечади. Кексайган чоғимда Ислом шариати гўзалликлари ҳақида изланишимга шу нарса туртки бўлди”, дейди муаллиф4.
Сўнгра “Иймон китоби” сарлавҳаси остида иймоннинг рукнлари бўлмиш тил билан иқрор қилиш, қалб билан тасдиқлашнинг ҳикматини шарҳлашга ўтади: “Тана аъзолари орасида энг шарафлиси (тил)ни энг шарафли калима (иймон килимаси)ни айтиш учун ишлатиш лозим. Чунки бу сизни ушбу аъзо билан гапирадиган қилиб қўйгани эвазига Аллоҳ таолога айтган ҳамдингиз бўлади. Зеро, У сизни беминнат яратди, ризқ берди ва ҳидоят билан шарафлантирди. Унга қиладиган ибодатингиз эвазига эса, сизга кўп яхшиликлар ато этишни ваъда қилди. Агар Аллоҳ берган неъматларни санасангиз, адоғига ета олмайсиз...
Ҳар гал ушбу калом (иймон калимаси)ни айтган киши фарзни адо этганчалик савобга эришади. Уни (орада) тарк этса, гуноҳкор бўлмайди. Агар уни минг йил куфрда яшаган одам бир марта айтса, (куфр) туғёнидан ҳеч вақо қолмайди. Бас, шундай экан, агар мўмин одам айтса, албатта, унинг номаи аъмолидаги исёнларидан ҳеч вақо қолмайди. Демак, ширк учун каффорат бўлган нарса маъсият учун каффорат бўлиши аниқ”.
* * *
Ушбу мавзуда қалам тебратган яна бир буюк ватандошимиз Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил Қаффол Шоший (291 ҳ./903 м.) бўлиб, у зотнинг ҳам “Маҳосинуш шариъа” (“Ислом шариати гўзалликлари”) номли асари бор.
Бундан қарийб минг йил олдин ёзилган бу икки асарнинг бугунги кундаги аҳамияти жуда юқори. Сир эмас, XXI аср маданиятлар, урф-одатлар, ҳатто диний қарашлар ҳам бир-бири билан тўқнаш келаётган мураккаб давр бўлди. Ўз маданияти ва эътиқодида мустаҳкам тура олмаган жамият кишилари ёт ғоя ва маданиятларнинг қурбонига айланмоқда. Жумладан, Исломга қарши хуружлар кўпайди. Бир томондан Ислом ниқоби остида экстремистик ва радикал тоифалар динимизни ёмонотлиқ қилишга уринаётган бўлса, иккинчи томондан, Пайғамбаримиз алайҳиссаломга туҳматчи карикатуралар нашр этиш, Қуръони каримни намойишкорона ёқиш каби қабиҳ ҳаракатлар шаклида динга ҳужум уюштирилмоқда.
Бузғунчи экстремисту радикаллар ва оммага Исломни олабўжи қилиб кўрсатишга уринаётган кучлар – шайтон лашкарлари, ёлғончилар, ахлоқи бузуқ беҳаёларга қарши Исломнинг асл ғояси эзгулик эканини тараннум этиш, унинг номидаги тинчлик маъносидан тортиб, шариат аҳкомлари замирида инсон манфаати, унинг дунё ва охират саодати ётганини баён этиб бериш айни муддао. Зеро, “Жаҳолатга қарши маърифат” шиори замирида ҳам айнан шу мақсад ётибди. Ушбу эзгу ғояни самарали амалга оширишда буюк ватандошларимиз Зоҳид Бухорий ҳамда Қаффол Шошийнинг юқоридаги асарларидан муҳим манба сифатида фойдаланишимиз лозим.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
раисининг биринчи ўринбосари
1144 йил (бундан 881 йил олдин) – тилшунос, адиб, тафсир ва ҳадис олими Замахшарий Хоразмда 69 ёшида вафот этди. Шундан деярли икки юз йил кейин, яъни 1333 йили Хоразмни зиёрат қилган машҳур араб сайёҳи Ибн Баттута ўзининг “Ар-Риҳла” (“Саёҳатнома”) номли асарида Хоразм (Кўҳна Урганч)нинг ташқарисида Замахшарийнинг устида қуббаси бўлган мақбарасини кўрганлиги ҳақида ёзади.
Замахшарий ҳақида Ибн Қифтий қуйидагича ёзган: “Замахшарий илм ул-адаб, грамматика ва луғат бобида ўзгаларга мисол бўладиган аллома эди. У ўз ҳаёти давомида кўплаб буюк олимлар ва фозиллар билан учрашган бўлиб, тафсир, ҳадис, грамматика ва бошқа соҳалар бўйича бир қанча асарлари бордир. У ўз асрида араб тилида ижод қилган ажамлар (ғайри араблар) орасида энг буюгидир”. Бундан ташқари араб нақлларидан бирида шундай дейилади: “Агар Замахшарий бўлмаганида араблар ўз тилларини билмас эдилар”.
1395 йил (бундан 630 йил олдин) – Амир Темур ўзининг 250 минг атрофидаги қўшинини Шимолий Кавказдаги Терек дарёсининг чап соҳилига ўтказиб, саф торттирди. 15 апрелга ўтар кечаси Тўхтамишнинг бир гуруҳ лашкари тунда ҳамла қилмоқчи бўлди. Лекин чиғатойлар Соҳибқироннинг “Кеча бўлғонда ҳеч киши ўз еридин тебранмагай ва ундашмасунлар ва шабихун [яъни кечаси тўсатдан ҳужум]дан воқиф бўлсунлар, ўт ёқмасунлар!” – деган фармонига амал қилиб, шайланиб ноғора ва карнайларни чалиб турган эдилар, душман яқинлашолмай, қайтиб кетди.
1411 йил (бундан 614 йил олдин) – Шайх Нуриддин Самарқанд устига қўшин тортди. Амир Абдулхолик ва Чингиз ўғлон бошчилигидаги Оқ Ўрдалик, илгари Темур хизматида бўлган кўчманчилар энди у билан иттифоқда эдилар. Улуғбек қўшин билан уларга қарши чиқди. Самарқанднинг ғарбий тарафидаги Қизилработ деган ерда икки ўртада уруш бўлди. Унда Шайх Нуриддин ғалаба қозонди. Улуғбек Калиф томон чекинди, унинг оталиғи Шоҳмалик эса Самарқанд билан Шаҳрисабз оралиғида жойлашган Олақароғ тоғига яширинди. Шундай қилиб, Шайх Нуриддин учун Самарқандга йўл очилди.
1469 йил (бундан 556 йил олдин) – улуғ сўз санъаткори Алишер Навоий рамазон ҳайити куни улуғ ҳукмдор Султон Ҳусайн Бойқаронинг тахтга чиқиши муносабати билан ўтказилган таҳният (ҳукмдорни муборакбод этиш) маросимида илк бор ўзининг машҳур “Ҳилолия” қасидасини тантана иштирокчиларига тақдим этди. Мазкур қасида шоирнинг ниҳоятда теран бадиий тафаккури ва тахайюлининг маҳсулидир. Қасида 91 байтдан таркиб топган, унинг матлаъ ва мақтасида янги ой – ҳилолга ишора қилинади.
“Ҳилолия” қасидаси мазмун-моҳияти ва бадииятининг мукаммаллашувини унинг воқеий асар эканлиги ҳам таъмин этган. Қасидадаги воқеалар тўрт асосий образ атрофида айланади: шоир, Аторуд (Меркурий сайёраси, мифологияга кўра, айни шу сайёра шоир ва ёзувчилар ҳомийси саналади), улуғ шоирнинг севгилиси ва шаҳаншоҳ Ҳусайн Бойқаролар шулар жумласидандир. “Ҳилолия”нинг етакчи қаҳрамони улуғ шоирнинг ўзидир.
1916 йил (бундан 109 йил олдин) – композитор, Ўзбекистон халқ артисти Сулаймон Юдаков таваллуд топди (вафоти 1990 йил). Унинг асарлари ўзбек ва тожик халқ куйлари ҳамда замонавий оҳанг ва усуллар уйғунлиги, жанр жиҳатидан хилма-хиллиги, ёрқин ва ҳаётбахш куйлари билан ажралиб туради.
1917 йил (бундан 108 йил олдин) – Бухоро амири Саййид Олимхоннинг ислоҳотлар тўғрисидаги фармони бекор қилинди. Ёш бухороликлар амирликда таъқиб остига олинди. Бухоро амири 7 апрелда Бухорода турли ислоҳотлар ўтказиш тўғрисидаги фармонни имзолаган эди. Бироқ, фармонни қувватлаш мақсадида Ёш бухороликлар томонидан пойтахт Бухоро шаҳрида 8 апрелда бўлган намойиш амир томонидан бостирилди.
1919 йил (бундан 106 йил олдин) – Туркистон Республикаси ҳукумати “Туркистон республикасидаги кутубхоналарни миллийлаштириш тўғрисида”ги буйруқни эълон қилди. Ушбу буйруққа мувофиқ барча халқ кутубхоналари, шаҳар, жамоат кутубхоналари ва хусусий кутубхоналар Туркистон республикасининг мулки деб эълон қилинган ва Халқ Комиссарлари Кенгашининг ихтиёрига берилган эди.
1923 йил (бундан 102 йил олдин) – Туркистон Олий инқилобий трибунали тугатилиб, унинг ўрнига Олий суднинг Туркистон бўлими ташкил топди. Олий суднинг Туркистон бўлими раиси этиб А.Шарафуддинов сайланди. У бунга қадар Туркистон Олий инқилобий трибунали раиси лавозимида ишлаган эди. Олий суднинг Туркистон бўлими таркиби Президиум, жиноий судлов ва жиноий кассация ҳайъатларидан иборат эди.
1997 йил (бундан 28 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Автомобилларни тадқиқ этиш ва синаш марказини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
1999 йил (бундан 26 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Лизинг тўғрисида”, “Хотин-қизларга қўшимча имтиёзлар тўғрисида”, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида” Қонунлари қабул қилинди.
2017 йил (бундан 8 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Хоразм Маъмун академиясининг фаолиятини янада ривожлантириш ва такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2021 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “«Collegium Нumanum» Варшава менежмент университетининг Андижон филиалини ташкил этиш тўғрисида”, “Қўқон давлат педагогика институти фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”, “Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институти фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорлари қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади,
ЎзА