Қурбонлик – Аллоҳга яқин бўлиш, яъни ибодат (қурбат) мақсадида маълум бир вақтда маълум турдаги ҳайвонларни қурбонлик нияти билан сўйишни англатади.
Аллоҳ таоло “Кавсар” сурасида шундай марҳамат қилади: “Албатта, Биз сенга Кавсарни бердик. Бас, Роббингга намоз ўқи ва жонлиқ сўй”.
Уламоларимиз ушбу ояти каримадаги “намоз”дан мурод, ийди қурбон намози, “жонлиқ”дан мурод қурбонликка сўйиладиган ҳайвон, деганлар.
Банда барча ибодатларини Аллоҳ уларга буюргани учун қилади. Аллоҳ таоло бандасига буюради, банда эса Аллоҳнинг буйруқларини сўзсиз бажаради. Аллоҳнинг амри билан қилинган ибодатларда билган ва билмаган сон-саноқсиз ҳикматлар бор. Аллоҳ таоло Ҳаким Зотдир. Буюрган ҳар бир ишида ҳикмати бордир.
Ҳамма ибодатнинг ҳикмати бўлганидек, қурбонлик қилишнинг ҳам кўплаб ҳикматлари бор. Уларнинг бир нечтасини келтириб ўтамиз:
Аслини олиб қараганда Аллоҳга банданинг У Зотга қилган қурбонлигининг гўшти ҳам, қони ҳам керак эмас. Банданинг қилган қурбонлигининг гўшти ҳам, қони ҳам Аллоҳга етмайди. У Зотга фақат банданинг қурбонлигини қанчалик даражада тақво ва ниятда қилиши билан етади. Аллоҳ таоло қурбонлик қилиш амри билан бандаларини имтихон қилиб, уларнинг тақволарини, илоҳий амрига бўлган итоатини ва Аллоҳга бўлган яқинлик даражаларини синаб кўради.
Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Ҳаж сураси, 37-оятида бундай марҳамат қилади: “Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етиб бормас. Лекин у Зотга сизлардан тақво етар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли – У зотни улуғлашларингиз учун – уларни сизларга бўйсундириб қўйди. Эзгу иш қилувчиларга хушхабар беринг!”.
Бу оятдан мақсад ихлос, тақво ва Аллоҳ таолога яқинлашишдир. Аллоҳ берган неъматларини эслаш ва Унинг розилигини қозонишдир. Агар қурбонлик қилишда ихлос ва тақво бўлмаса, қилган қурбонликларининг гўштлари қанча кўп бўлса ҳам, Аллоҳ наздида ҳеч қандай қиймати бўлмайди.
Қурбонлик қилишнинг нафақат охиратда балки, шу дунёда ҳам бир қанча манфаатлари бор. Қурбонлик қилиб яқин қариндош, қўни-қўшни, қийналган, муҳтож оилаларга тарқатиш билан меҳр-оқибатнинг пайдо бўлиши ва ижтимоий алоқаларнинг яхшиланишига олиб келади. Аллоҳ таолонинг илоҳий ҳикмат асосида амр қилинган бу иши ортида жамиятдаги инсонларнинг бир-бирига бўлган ўзаро ишонч ва ҳурмат-эътибор ётади. Шундай экан бундай ишларни давомли тарзда қилишда давом этиш мақсадга мувофиқдир.
Олим ЖЎРАЕВ
Бугун, 15 сентябрь куни Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Боку шаҳрида бўлиб ўтаётган Туркий давлатлар муфтийлари йиғилиши ва халқаро анжуманнинг нуфузли иштирокчиларини қабул қилди.
Самимий ва дўстона руҳда ўтган мулоқотда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Озарбайжон етакчисига Давлатимиз Раҳбарининг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказдилар.
Учрашувда қардош давлат Раҳбари нутқ сўзлаб, халқаро анжуманларнинг аҳамиятига тўхталди. Мулоқот чоғида сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик ва дўстона алоқалар янги босқичга кўтарилгани алоҳида эътироф этилди.
Туркий давлатлар етакчиларининг қатъий сиёсий иродаси ва саъй-ҳаракатлари натижасида илм-фан, таълим, маданий-гуманитар ҳамда диний-маърифий жабҳаларда ҳамкорлик жадал суръатларда ривожланаётгани таъкидланди. Бу эзгу саъй-ҳаракатлар Диний идоралар раҳбарларининг муштарак мақсадлар йўлида бирлашиши, халқларимиз ўртасидаги қардошлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, тинчлик-осойишталикни асраш ҳамда замоннинг долзарб масалалари бўйича муштарак фатво ва баёнотлар қабул қилишда муҳим пойдевор бўлаётгани қайд этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати