Саудия Темир йўллари ташкилоти Ҳаж зиёрати олдидан "Икки муқаддас масжид" тезюрар поездининг ташиш қобилиятини 100 минг ўринга оширишини маълум қилди. Бу ҳақда IQNA Arab Business агентлигига таяниб хабар берди.
САП ушбу рақамнинг қўшилиши билан бу йўналишдаги умумий йўловчи сиғими жорий йилда 1,6 миллион йўловчига етишини айтди.
Икки Муқаддас Масжид тезюрар темир йўли Жидда (Сулаймония) асосий бекати, Жиддадаги Малик Абдулазиз халқаро аэропорти ва Малик Абдуллоҳ иқтисодий шаҳрини ўз ичига олган бешта бекат орқали ўтиб, Макка ва Мадина шаҳарларини боғлайди.
Икки Муқаддас масжид поездларидаги ўриндиқларнинг кўпайиши бу йил Ҳаж мавсумида ҳожиларни олиб кетаётган рейслар сони сезиларли даражада ошгани билан боғлиқ.
Жорий йилда парвозлар сони ўтган йилга нисбатан 430 рейсга кўпайиши кутилмоқда. Икки Муқаддас Масжид тезюрар темир йўли соатига 300 км тезликка эга бўлган дунёдаги ўнта тезюрар поездлардан бири бўлиб, 35 та поезддан иборат ва ҳар бир вагон 417 ўриндиқдан иборат.
Ушбу электропоезд ноль углерод чиқиндилари билан экологик жиҳатдан ҳам мос келади. У муқаддас Макка ва Мадина шаҳарлари орасидаги масофани 2 соату 10 дақиқада босиб ўтади.
Саудия Арабистони расмий ахборот агентлиги (WАS) "Икки муқаддас масжид" поездини ўз дизайнида Мадина мунавара ва Макка муккарама тарихий жойларидан илҳом олиб, мамлакат ва Яқин Шарқдаги энг йирик транспорт лойиҳаси сифатида таърифлайди.
2009 йилда бошланган лойиҳа 2018 йилда Жидда шаҳрида Саудия Арабистони қироли Салмон бин Абдул Азиз Ол Сауд томонидан очилган ва ҳар йили 60 миллион йўловчига хизмат кўрсатишни мақсад қилинган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Инсон зиммасида бир нечта омонатлар борки, буларни қадрлаш зарур ҳисобланади. Ўз жонига ўзи қасд қилиш эса ана шу омонатга хиёнат қилишдир. Бинобарин, Қурони карим Нисо сураси 29-оятида Ҳақ таоло хитоб қилган: "Бир-бирларингизни ўлдирмангиз".
Жундаб ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: "Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: "Сизлардан илгари ўтганлардан бир киши жароҳатланди. Бесабрлик қилиб пичоқ олди-да, қўлни кесиб ташлади ва кўп ўтмай, қон йўқотиб вафот этди. Аллоҳ: "Бандам жонига қасд этди, унга жаннатни ҳаром қилдим", деди" (Муттафақун алайҳ).
Яна бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: "Кимки тоғдан ўзини ташлаб, жонига қасд қилса, у жаҳаннам оловида абадулабад ўзини пастга ташлайди. Кимки заҳар ичиб жонига қасд қилса, у қўлида заҳарини тутиб, жаҳаннам оловида абадулабад ўзини заҳарлайди. Кимки ўзини темир билан ўлдирса, у қўлида темирини тутиб, жаҳаннам оловида абадулабад у билан ўзини уради" (Имом Бухорий, Муслим ва бошқалар ривояти).
Мўътабар фатво китобларимиздан “Фатавои Сирожия”да: “Қачон кема ёна бошласа, ундагиларнинг агар ўзларини денгизга ташлашса, сузиш билан халос бўлиб кетишга гумонлари ғолиб бўлса, шундай қилишлари вожиб бўлади. Агар ўзларини денгизга ташласалар ҳам ғарқ бўлишлари ёки ташлашмаса, куйиб кетишлари эҳтимоли бўлса, у ҳолда кемада қолиш ва денгизга ўзларини отиш орасида ихтиёрлидирлар. Кимки ўзини ўлдирса, унинг гуноҳи бошқа бировни қатл қилгандан кўра қаттиқроқдир!”
Юқорида келтирилган манбалардан кўриниб турибдики динимиз инсон ўз жонига қасд қилишга эмас, балки бу омонатни асрашга қадрлашга чақиради. Лекин, жамиятда баъзи инсонлар борки, ўз жонига қасд қилишга, худкушликка рағбат қиладилар. Аслини олганда ўзини-ўзи ўлдириш Аллоҳ берган неъматни мутлақо менсимасликдир. Шу билан бирга бундай ҳолат ўша жамиятга ҳам мусибат ҳисобланади.
Ўзини-ўзи ўлдиришнинг гуноҳи бировни ўлдиришдан кўра оғирроқ ва каттароқ ҳисобланади. Энди, салгина ҳаёт ташвиши деб, озгина ғам ва алам деб ўзини ўлдираётганларнинг гуноҳи бировни ўлдиришдан кўра оғирроқ эканлигини билдик. Бироқ, бундан ҳам энг ачинарлиси, бировларнинг ёлғон-яшиқ гапларига учиб, “фатво”ларига алданиб, бегуноҳ мўмин-мусулмонларни ўлдиришга қасд қилиб ўзини ўлдиришнинг гуноҳи бундан неча баробар оғирроқ ҳисобланади. Бу шаҳидлик эмас, бу қаҳрамонлик ҳам эмас, балки худкушликдир.
Уйчи тумани "Девона бобо" жоме масжиди имом-хатиби
Абдуфаттоҳ Мусаханов
Манба: @Softalimotlar