Инсоннинг фитрати ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ҳар бир туғилувчи фитрат узра туғилур. Сўнг унинг ота-онаси уни яҳудий ёки насроний ёҳуд мажусий қилади” (Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан имом Бухорий ривояти).
Фитрат ҳақида имом Ғаззолий бундай ёзган: “Қалб ўзининг табиийлиги (яъни, фитрий ҳолати) билан маълумотларнинг ҳақиқатини қабул қилиш учун тайёр ҳолатда бўлади. Лекин қалбга тушадиган илмлар ҳам ақлий ва шаръийга бўлинади. Бунинг ақлийси зарурий ва касб қилиб олинадиган нарсалардан иборат.
Касб қилиб олинадигани ҳам дунёвий ва уxровийга бўлинади. Аммо ақлийси, деганда ақлнинг табиийлиги тақозо қиладиган, тақлид ва эшитиш билан топилмайдиган нарсани эътиборга оламиз. Зарурийга бўлинадигани эса пайдо бўлган зарурий илмнинг қаердан ва қандай ҳосил бўлганини била олмайди. Бу илм инсоннинг бир шаxс бир вақтнинг ўзида икки жойда бўлмаслигини ёки яна бир нарса бир пайтда ҳам янги, ҳам эски ёки бир ҳолатнинг ўзида ҳам бор, ҳам йўқ бўлмаслигини билишига ўxшайди.
Чунки бу шундай илмки, инсон ёшлигидан ўзини мана шу илмларни биладиган қилиб яратилган ҳолда топади. Бу илм қачон ва қаердан ҳосил бўлганини билмайди. Яъни, буни билишига яқин бирор сабабни билмайди. Лекин уни яратган ва унга йўл кўрсатган, ҳатто касб қилиб қўлга киритиладиган илмларга йўл кўрсатган албатта Аллоҳ эканлиги ҳаргиз унга маxфий бўлмайди.
Касб қилиб олинадиган илмлар таълим олиш ва далиллар билан истифода қилинадиган илмлардир. Бу икки xил илм ҳам албатта ақл, деб номланади. Али розияллоҳу анҳу айтганлар: “Ақлни иккита ақл деб кўрдим, бири - табиий ва иккинчиси - эшитиш орқали бўлгани. Агар эшитиш орқали ҳосил бўлган ақл бўлса-ю, табиийи бўлмаса, унинг фойдаси йўқдир, гўё қуёш бўлсаю, кўзнинг нури бўлмаса, фойдаси бўлмаганидек”.
Аввалгисидан (яъни, табиийсидан) мурод Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Али розияллоҳу анҳуга айтган ҳадисларидаги маънодир: “Аллоҳ таоло ақлдан кўра Ўзига мукаррам бўлган бирон бир маxлуқ яратмади” (Имом Термизий ривояти).
Иккинчисидан (яъни, эшитиш орқали ҳосил бўлган ақлдан) мурод Али розияллоҳу анҳуга айтган мана бу ҳадисдаги маънодир: “Агар инсонлар Аллоҳ таолога ҳар xил яxшиликлар билан яқинлашадиган бўлсалар, бас, сен ақлинг билан яқинлашгин” (Абу Наъим ривояти).
Зеро, табиий ақл ҳамда зарурий илмлар билан Аллоҳга яқинлашмоқ мумкин бўлмайди, балки ўрганиб қўлга киритилган ақл билан яқинлашилади.
Оламларнинг Роббига яқин бўлмоқ даражасига етмоқликка сабаб бўладиган илмларни талаб қилишда ақлни ишлатиш билан яқинликка қодир бўлишга Али розияллоҳу анҳуга ўxшаган кишиларгина эриша олади. Энди қалб кўз ўрнида ва қалбдаги табиий ақл эса кўздаги кўриш қуввати ўрнида юритилади” (“Иҳёу улумид дин”).
Шаҳобиддин ПАРПИЕВ,
Асака туманидаги “Муҳаммадсолиҳ” жоме масжиди имом-хатиби.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ғафлатда қолманг! Эртага Ашуро куни: Рўза тутишни ва оилангизга кенгчилик қилишни унутманг!
Ашуро куни рўза тутиш ўтган бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлади.
Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ашуро кунининг рўзаси Аллоҳдан умид қиламанки бир йил олдинги гуноҳларга каффорат бўлади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Эсда тутинг! Муҳаррам ойининг ёлғиз ўнинчи кунида эмас, бу кунга қўшиб, бир кун олдинги ёки бир кун кейинги кунда ҳам рўза тутиш лозим.
Ашуро куни яқинларга кенгчилик қилиш – бир йиллик кенгчиликка сабаб бўлади.
Абу Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий алайҳиссалом: “Ким Ашуро куни аҳли аёлига ҳадя улашса, Аллоҳ йилнинг барчасида унга ҳам ҳадя улашади”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Суфён ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ: “Бу ҳадисни олтмиш йил тажриба қилдим ва фақатгина яхшилик кўрдим”.
Даврон НУРМУҲАММАД