Илгари болалар эсини танигунча алла эшитарди. Аллада гўзал туйғулар куйланади. Ўзимиз гувоҳмиз, алла эшитиб катта бўлган бола ҳар жиҳатдан тўкис улғаяди. Алланинг ўзига хос жозиба, таровати бўлиб, мурғакнинг қалбига яхшиликни сингдиради.
Афсуски, бугун болаларга алла айтиш ўрнига қўл телефон, телевизор пультини бериб қўйяпмиз. Бундан фарзандларимиз ҳам азият чекяпти.
Болага икки-уч ёшидаёқ қисқа-қисқа ибратли ҳикояларни ўқиб бериш – кони фойда. Уни ўқишга, илм олишга, теран фикрлашга ўргатади. Ота-боболаримиз, момоларимиз шундай қилишган. Энди-чи, тўғриси, оиладаги мутолаа удумидан узоқлашиб кетдик. Аммо сўнгги йилларда давлатимиз раҳбарининг алоҳида эътибори туфайли ёшлар ўртасида китобхонлик маданияти янада равнақ топмоқда. Китоб ўқиган шарафланмоқда, рағбатлантирилмоқда. Масалан, “Зукко китобхон”, “Ёш китобхон”, “Энг китобхон оила” каби кўрик-танловлар ўтказиляпти. Энг билимдон ёшларимизга эса қимматбаҳо буюмлар ва ҳатто автомобиль совға қилинмоқда.
Албатта, ота-оналаримиз болаларнинг таълим-тарбияси билан янада қаттиқроқ шуғулланишлари шарт. Баъзан ойнаи жаҳонда кўриб қоламан, ёш йигитлар турли безориликлар, жиноятлар қилишмоқда. Уларнинг қабиҳ ишларга қўл уришига нима сабаб бўлмоқда? Албатта, тарбия масаласига жиддий эътибор қаратмаётганимиз туфайли шундай бўлмоқда. Бежиз Абдулла Авлоний бобомиз: “Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир”, дея таъкидламаган.
Агар фарзандга мурғаклик давриданоқ ҳалол-ҳаром, яхши-ёмон, катталарни ҳурмат, кичикларни иззат қилишдек халқимизнинг минг йиллик қадриятларини қулоғига қуйиб борса, албатта, яхши инсон бўлиб улғаяди.
Ўз ўрнида фарзанд катта бўлгач, ота-онаси олдида ҳам бир талай бурч ва вазифалари бўлади. Уларни астойдил адо этиш фарзандни саодатга етаклайди. Жумладан, ўғил-қиз ота-онасига умрбўйи яхшилик қилиши лозим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилдилар: «Ким ота-онасига яхшилик қилса, унга “Тубо” бўлади, Аллоҳ унинг умрини зиёда қилади» (Имом Абу Яъло ва Имом Табароний ривояти).
Ҳадисдаги “тубо” сўзини уламолар жаннат ва яхшилик маъноларида деганлар. Яъни ота-онасига яхшилик қилган фарзанд охиратда жаннат билан мукофотланади. Бундай солиҳ фарзанднинг умри баракага тўлади.
Айниқса, ота-она кексалик ёшига етганида, уларга яхшилик қилиш динимизда муҳим амаллардан саналади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «“Бурни ерга ишқалансин, бурни ерга ишқалансин, бурни ерга ишқалансин”. “Ким (нинг бурни ерга ишқалсин), эй Аллоҳнинг Расули?” дейилди. У зот: “Кекса ота-онасининг бири ёки ҳар иккаласи (билан бирга яшаш бахти)га эришган, сўнгра жаннатга кирмаган кимса(нинг бурни ерга ишқалсин)”, дедилар» (Имом Муслим ривояти).
Фарзанд ота-онасини улуғлаш, уларга итоат этиш, дуоларини олиб юришдек буюк бахтдан маҳрум бўлмаслиги зарур. Бу ҳурмат ва эҳтиром уни бу дунёда ҳам, охиратда ҳам азиз ва мукаррам қилади.
Матлуба ҳожи она ОЧИЛОВА
Бир йигит масжидга келиб бироз ўтиргач, имомга эътироз билдирди:
– Энди масжидга келиб ўтирмасак ҳам бўларкан...
Имом ундан нима учун бундай деганининг сабабини сўради. Йигит ён-атрофдаги ҳамма одам телефонга қараб ўтиргани, баъзилари ўзаро гаплашаётгани учун шу гапни гапирганини айтди.
Имом бироз ўйлаб тургач, бундай деди:
– Яхши, эътирозинг ўринли. Мен бу ҳақда одамларга эслатиб турибман. Лекин сен энди масжидга келмоқчи бўлмасанг бир иш қилиб кет.
Йигит рози бўлди. Имом унга бир пиёлани тўлдириб сув берди ва шу сувни бир томчи ҳам тўкмасдан масжиднинг ичини бир айланиб чиқишини илтимос қилди. Йигит бор диққат-эътиборини жамлаб, оҳиста қадамлар билан, икки кўзини пиёладан узмаган ҳолда вазифани муваффақиятли адо этди.
Имом унга деди:
– Баракаллоҳ! Энди менга айт-чи, сен шу топшириқни бажараётганингда кимлар гапириб ўтирди, кимлар телефонига қаради?
Йигит жавоб берди:
– Мен қаердан билай, ахир бутун диққатим сувни тўкиб қўймасликда эди.
Имом деди:
– Ана кўрдингми? Сен топшириқни бажараётганингда бутун фикру ҳаёлингни бир жойга жамладинг. Аллоҳнинг ҳузурида турганимизни ҳис қилиб, хаёлимизни ибодатга, Унинг зикрига қаратсак, бошқаларнинг хатосини кўришга вақтимиз ҳам қолмайди. Албатта, кимдир хато қилса бу сенинг ҳидоятдан юз буриб кетишингга сабаб бўлмаслиги керак. Чунки хато динники ё масжидники эмас, балки банданики...
Йигит ўйлаб кўриб, хато қилганини тушунди. Кейинги жамоат намозларида хушу билан қатнашишда давом этди.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ