Исроф сўзи луғатда “чегарадан чиқиш” ва “бир нарсани қасддан унутиш” маъноларини англатади. Истилоҳда эса моддий ва маънавий маънода ишлатилса-да, кўпроқ моддий сарф харажатларда ўз ифодасини топади. Қуръони каримда “исроф” сўзидан ташқари шу сўз маъносидаги “табзир” сўзининг турланишлари ҳам келган. Масалан: “Қариндошга ҳаққини бер! Мискинга ва кўчада қолганга ҳам. “Табзир” (исрофгарчилик)ка мутлақо йўл қўйма. Албатта, табзирчилар (исрофчилар) шайтонларнинг биродарлари бўлганлар. Шайтон эса, Роббига ўта ношукр бўлгандир” (Исро 26 ва 27-оятлар). “Табзир”нинг исрофдан фарқи шундаки, исроф шариатда буюрилган нафақаларда ҳаддан ошиш бўлса, “табзир” кераксиз ўринда сарф қилишдир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Енглар, ичинглар, кийинглар ва садақа қилинглар. Исроф ва мутакаббирлик бўлмаса бас” (Абу Довуд ва Насоий ривояти).
“Исроф” деганда кераксиз нарсаларга беҳуда пул сарф этиш, фойдасиз сарф-харажатлар ва ҳаракатлар тушунилади. Инсон табиатан исрофгарчиликка мойил бўлиб, ҳар қадамда молини беҳуда сарфлайди. Меҳнат ва машаққатлар эвазига йиллар давомида йиққан молини манманлик ва ном чиқариш учун қилинадиган дабдабали маросим ва тўйлар учун бир кунда совуриб юборади. Аллоҳ Таоло исрофгарчиликдан қайтариб, Унга ёқмайдиган амаллардан эканини баён қилиб, марҳамат қилади: “...Еб-ичинглар ва исроф қилманглар. Чунки У Зот исроф қилувчиларни севмас” (Аъроф сураси, 31-оят).
Исрофнинг катта-кичиги йўқ. Ном чиқариш, обрў қозониш, бошқалардан устун ёки пулдор эканини кўрсатиш, зиёфат ва маросимларни бошқаларларникидан бир неча баробар дабдабали, серчиқим қилиш ҳам исрофнинг кўринишларидандир. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида ҳам, жумладан бундай дейилган: “Аллоҳнинг нозу неъматларидан хоҳлаганча еч-ичинглар, хайру эҳсон қилинглар, кийиниб ясанинглар, лекин исрофгарчилик ва манманликка йўл қўйманглар!”
Ҳамма ишда меъёр бўлиши керак. Менга бойлик бериб қўйилибди дея, уни ҳар томонга сочиш, айниқса буюрилмаган ишларга сарфлаш, савоб ўрнига гуноҳ эшикларини очиб юборади. Унинг ўрнига атрофидаги бир ночор оилани кам-кўстини қилиш, ўқиш ҳаққини (контракт) тўлай олмаётган талабага кўмак бериш, уйланиш учун маблағ топа олмай, юрган ёшларни тўйларига кўмак қилиш, қарзини тўлай олмаётган бир муҳтожни қўллаб юбориш савоблироқ амал эмасми?
Исрофгарчиликнинг охири надомат билан тугайди. Чунки, шамини кундузи ёққан одамнинг туни қоронғу бўлади. Пули, моли ва бошқа неъматларини хор қилган киши оқибат ўзи ҳам хор бўлади.
Бир донишманд айганидай: “Саховатли бўл, аммо исроф қилма, тежамкор бўл, аммо бахил бўлма”. Исроф сахийлик эмас, тежамкорлик эса бахиллик эмас. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Тежамкор киши асло фақир бўлмайди”, деб бежиз айтмадилар.
Имом Аъзам роҳматуллоҳи алайҳнинг ғоят ибратли ҳикматларида: “Яхшилик ва эҳсонда исроф бўлмаганидек, исрофда ҳам ҳеч қандай яхшилик йўқдир”, дейилган.
Юқоридаги ғоят ибратли ва ҳикматли сўзлар, ҳар қадамларида исрофга йўл қўйиб, оқибатда эса ҳаётдаги шикоятлари оламни олаётган айрим кишиларга кор қилса ажаб эмас.
Лекин минг афсуски, бугунги кунга келиб, аксарият ҳолатларда исрофдан сақланиш ўрнига, исрофгарга айланиб қолаётганимизни сезмай қоляпмиз. Тўй, тантаналар ва бошқа маросимлардаги исрофгарчиликлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Ейишга яроқли қанча неъматлар исроф қилинмоқда. Тўй ва эҳсон маросимлари савобли иш, лекин тўй маросимларини меъёрида, ортиқча дабдабага ва исрофгарчиликка йўл қўймаган ҳолда, ҳукуматимиз қарорлари ва Ўзбекистон Мусулмонлари Идорасининг фатвосига амал қилган ҳолда иш тутишимиз барчамизга лозимдир. Кераксиз ўнлаб кийим-кечаклар, пойябзаллар ва ўнлаб никоҳ маросими автомобилларига миллионларни сарфлаш ўрнига, ёш келин-куёвларни келажак ҳаётида асқотадиган бошпана ва зарур маиший буюмларга сарфланса, айни савобли иш қилинган бўлур эди.
Ҳаётимиз учун энг зарур бўлган сувни исрофи ҳаммасидан ошиб тушади. Бугунги кунда дунё аҳолисининг олтидан бири ичимлик сувига муҳтож бўлиб турганда, қиш кунлари жумраклардан уни оқизиб қўямиз. “Нега бундай?”- десангиз, “Совуқда музлаб қолади”- деб баҳона топамиз ва шу каби баҳоналаримиз бисёр. Ахир ҳамма нарсанинг ҳам уволи бор. Халқимиз бежизга “Нимани хор қилсанг, ўшанга зор бўласан”, деб айтмаган. Энг ачинарлиси, одамларимиз ҳатто исрофгарликлари билан мақтанадиган бўлиб қолмоқда. Бу эса болаларимизга салбий таъсир кўрсатади. Болаларимиз катталардан ибрат олиб, неъматни қадрига етмайдиган, ота-оналари меҳнат билан топган моддий бойликларни авайлаб-асрамайдиган бўлиб улғайишлари мумкин.
Исроф деганда фақат маблағ, бойлик, молни совуриш тушунилмайди. Қимматли вақтни беҳуда кетказиш, фойдали ишларга сарфламаслик катта исрофдир. Куч-қувват ва салоҳиятни эл-юртга ёки ўзига фойда келтирмайдиган нарсаларга йўллаш ҳам исрофдир. Соғлиқни қадрига етмай, тинкани қуритадиган ёки саломатликка хавф соладиган ишларга муккадан кетиш ҳам исрофдир. Сўз қадрига етмай, ҳар қадамда, ҳар соҳада беҳуда сўз қотиш ҳам исрофдир. Исрофгарлик энг оғир гуноҳлардан эканлигини ҳис этайлик. Ҳамма ишда тежамкор ва тадбирли бўлайлик. Мусулмони комил исрофгар бўлмайди, исрофгар мусулмони комил ҳам бўла олмайди.
Маъруфхон Алоходжаев,
Наманган шаҳри “Абдулқодир қори” жоме
масжиди имом-хатиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Уҳуд ғазоти шаҳидларини дафн қилаётиб: «Абдуллоҳ ибн Ҳаром билан Амр ибн Жамуҳни битта қабрга қўйинглар. Улар бир-бирини яхши кўрар эди!» дедилар.
Аслида, ўлим фироқ эмас. Ҳаммамиз куни келиб вафот этамиз. Ҳақиқий фироқ биримиз жаннатда яна биримиз дўзахда бўлишимиздир.
Ажойиб нарса ўқиган эдим. Бир киши бувисининг бир одати ҳақида шундай ёзган эди: «Бувим бизни бомдод намозига уйғотиб: «Туринглар! Жаннатда сонимиз камайиб қолишини истамайман», дер эдилар».
Ким сизни ҳақиқий яхши кўрса, у дўзахга тушишингизни истамайди. Иброҳим алайҳиссалом оталари Озарни яхши кўришларига қаранг. У киши бундай деган эдилар: «Эй ота! Мен сизни Раҳмоннинг азоби ушлашидан ва шайтонга дўст бўлиб қолишингиздан қўрқаман» (Марям сураси, 45-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гапларини гўзаллигига боқинг: «Улар бир-бирини яхши кўрар эди!».
Инсоннинг ўзгалар олдида муҳаббат, шижоат, саховат ва олийжаноблик каби чиройли сифатлар билан танилиши нақадар гўзал! Унинг номи зикр қилинганида тингловчининг юзида унинг сурати худди қип-қизил юрак сингари порласа. Шунингдек, унинг сурати биз қўяётган гўзал иборалар ортида ҳам порлаб турса!
Имом Заҳабий роҳимаҳуллоҳ «Сияру аъломин нубало» китобида Муҳаммад ибн Маймун ҳақида бундай ёзади: «Абу Ҳамза Сукарий Муҳаммад ибн Маймун ал-Марвазий. У шакар сотгани учун «сукарий» дейилмаган. Унинг сўзлари ширинлиги учун шу ном билан танилган!».
Бизни танийдиганлар ҳам исмларимизни уларга қиладиган муомаламиз туфайли сифатларимизга алиштириб олишганида нима бўлар эди?!
Ота-онамиз бизга «Ота-онани рози қиладиган, муборак ва яхшилик қиладиган ўғил», деб ном қўярмиди ёки «сурбет, қўпол ва оқпадар ўғил» дебми?!
Хотинимиз бизга «Меҳрибон, сахий ва бағрикенг эр», деб ном қўярмиди ёки «қайсар ва қаттиққўл эр» дермиди?!
Эрлар аёлига «меҳрибон, суюкли, олийжаноб ва сабрли хотин», деб ном қўярмиди ёки «бағритош, тили заҳар ва қўпол сўзли хотин» дебми?!
Қўшнингиз сизни «сахий ва марҳаматли» дермиди ёки «хиёнаткор, очкўз ва бадхулқ қўшни» деб атармиди?!
Ҳамкасбингиз сизни «сир сақлайдиган, ишончли, тарбияли ва одобли ҳамкасб» дермиди ёки «чақимчи ва шарманда» деб ном қўярмиди?!
Исмларимиз бизники. Сифатларимиз эса одамларники. Улар бизга муомаламизга қараб сифат беришади. Куни келиб исмлар кетади, сифатлар қолади. Ортимизда бизга Аллоҳдан раҳм қилишини сўраб турадиганлар қолсин!
«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди