Жорий йилнинг октябрь ойида Уганда давлатида Қуръони карим мусобақаси ўтказилиши режалаштирилган.
Биринчи Aфрика Қуръони карим мусобақасини “Salam TV” телеканали ташкил этмоқда. Бу ҳақда IQNA сайти “Pulse” нашрига таяниб хабар бермоқда.
Телеканалнинг маълум қилишича, ушбу дастурдан мақсад бутун қитъа мусулмонларини бирлаштириш, Қуръони карим тиловати даражасини ошириш, қориларнинг ўз истеъдодларини намойиш этишига кўмаклашиш ва Африка халқлари ўртасида ўзаро дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилган.
Мазкур мусобақада Aфрика қитъасининг 50 дан ортиқ давлатларидан иштирокчилар қатнашишии кутилмоқда. Бу эса қитъадаги ислом мамлакатларида муҳим воқеага айланади.
ЎМИ ходими Илёсхон Аҳмедов тайёрлади.
Мақоланинг аудио шакли
Саҳобалар ичида энг зеҳни ўткири Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: “Кунлардан бирида бозорга бордим. Одамларнинг мол-дунё билан овора эканликларини кўриб уларга:
– Сиз бу ерда савдо-сотиқ билан машғулсиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мерослари тарқатилаётганидан хабарингиз йўқми? – дедим. Савдогарлар қўлларидаги молларини ташлаб:
– Йўқ, қаерда? – деб ҳовлиқиб сўрадилар.
– Фалон масжидда, – деб жавоб бердим. Улар шошиб масжид томон югуриб кетишди.
Аммо бироздан сўнг қайтиб келиб:
– Нега бизни алдадингиз? Масжидда ҳеч қандай мерос тарқатилмаяпти-ку? –дейишди.
Мен:
– Қандай қилиб? Ахир масжидда кимларни кўрдингиз? – деб сўрадим.
Улар:
– Қуръон ўқиётган қориларни ва ҳадис ўрганаётган толиби илмларни, –дейишди.
– Ана шу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меросларидир, – деб жавоб бердим.
“Ўзимдан сўнг сизга икки нарса қолдирдим, агар уларни маҳкам тутсангиз ҳаргиз адашмайсиз. Улар Аллоҳнинг китоби ва Пайғамбарнинг ҳадисидир”, деган севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салавоту саломлар бўлсин”.
Даврон НУРМУҲАММАД