Бугун, 3 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков Доғистон Республикаси делегацияси вакилларини қабул қилди.
Учрашувда Ҳомиджон домла Ишматбеков меҳмонларни ташриф билан қутлаб, мамлакатимизда диний маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида сўз юритди. Хусусан, диёримиз мўмин-мусулмонлари ибодатларини эмин-эркин адо этиш учун муносиб шароитлар яратиш, Ислом динининг асл моҳиятини аҳолига етказиш ҳамда бутун дунёга танитиш борасида улкан саъй-ҳаракатлар амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлади.
Шунингдек, Ҳомиджон домла Доғистон делегацияси вакилларини Ўзбекистон мусулмонлари идораси фаолияти билан таништириб, кейинги пайтда Фатво бўлими алоҳида марказга айлангани, ҳаж квотаси йилдан йилга ортиб бораётгани, умра бўйича чекловлар бекор қилингани ва йил давомида зиёратлар ташкил этилаётганини маълум қилди. Сўнгра юртимизда кейинги йилларда жоме масжидлар сони кўпайиб, улар ибодат ва маърифат масканига айланаётгани, диний таълим муассасалари сони ва ўқитиш сифати янада ошиб бораётганини ҳам қайд этиб ўтди.
Ўз навбатида, Доғистон Республикаси муфтияти вакили Мурод Исмоилов самимий қабул учун миннатдорлик билдириб мамлакат муфтийси Шайх Аҳмад Абдуллаевнинг салом ва Мавлид ойи табригини етказди. Шунингдек, у Ўзбекистонда диний жабҳадаги ўзгариш ва ўзаро яқин ҳамкорлик алоқаларидан Доғистон томони жуда мамнун эканини билдирди.
Доғистонлик меҳмонлар сўзи давомида Ўзбекистонни алоҳида эҳтиром билан қадрлаши, бунинг боиси бу диёрдан Ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган забардаст уламоларни етиш чиққани, хусусан, республикадаги кўплаб мўмин-мусулмонлар ақида борасида Имом Мотуридий, тасаввуф бўйича Нақшбандий тариқати йўлини тутганларини баён этди. Шунингдек, синовли кунларда кўплаб доғистонлик болаларга ўзбек халқи ўз бағридан жой бериб, меҳр кўрсатганини эҳтиром билан тилга олди.
Cамимий мулоқот давомида диний-маърифий соҳа вакилларининг ўзаро яқин ҳамкорлиги икки томон учун ҳам манфаатли ва динимиз ривожига ҳам туртки бўлиши айтиб ўтилди.
Дўстона руҳда ўтган учрашув сўнгида ўзаро ҳадялар алмашилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси хабар беришича, май ойининг 13-санасида бир кунда 3 млрд сўмлик энергоресурсларини талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланган. Афсуски, бугун бундай газ ва электр энергияга яширинча уланиб, давлатга миллиардлаб зарар етказган кимсалар ҳақидаги хабарларни тез-тез ўқиб қоламиз.
Бировнинг, айниқса, халқ ҳақидан қўрқмай ўғрилик орқали манфаат топмоқчи бўлаётган инсонлар орамизда кўплаб топилади. Бундайларнинг наздида газ, сув, электр энергия туганмас бойлик. Ундан ҳар ким ўз манфаати йўлида фойдаланиши мумкин. Бироқ бу неъматлар хонадонларга кириб бориши учун минглаб инсонлар меҳнат қилишини, давлат эса миллиардлаб маблағ сарфлашини, улар ҳам бир кун тугаб қолишини хаёлига ҳам келтирмайди.
Аслида ушбу неъматлардан оқилона фойдаланиш, исроф қилмаслик нафақат фуқаролик мажбуриятимиз, балки инсоний вазифамиз, мўминлик бурчимиздир.
Айтиш жоизки, уйда, ишда, кўчада коммунал тўловлар атрофида айланаётган қатор муаммолар ҳақида кўп эшитамиз, баъзан ўзимиз унинг гувоҳи ёки бевосита иштирокчисига айланамиз. Лекин бу муаммолар тўловни ўз вақтида амалга оширмаслик ёки айрим нобоп кимсаларнинг қилмиши оқибатида юзага чиқаётгани ёдимизга ҳам келмайди. Тўловларни имкон бўла туриб асоссиз баҳоналар ёки ўз вақтида тўламаслик ёки ҳисоблагич жиҳозларини тескарига айлантириш ёхуд ҳар хил ҳийлалар ишлатиб, уларни тўлашдан қочиш давлатнинг ва халқнинг ҳақини ейиш ҳисобланади. Чунки табиий бойликлар давлат ва халқ мулкидир.
Қолаверса, коммунал хизматлардан фойдаланиш учун ҳар бир хонадон таъминотчилар билан шартнома тузиб, қўл қўйган ва ўзаро келишувда тўловни ўз вақтида адо этишга келишган. Шу боис тўловларни вақтида адо этишимиз шаръан ҳам жоиз.
Таъкидлаш лозимки, халқнинг мулкида барча фуқаролар, хусусан, кам таъминланганлар, ногиронлар, етим-есирлар, кексаларнинг ҳақи бор. Улардан фойдаланишга келганда фаол бўлиб, тўловга келганда қочаётган, пайсалга солаётганлар юқорида зикр этилган қатламларнинг ҳам ҳақини ўзлаштириб, ноҳақ еяётганини билиб олсинлар. Зеро, Қуръони каримда: “Эй иймон келтирганлар, бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманглар” (Нисо сураси 29-оят), дея огоҳлантирилган. Шундай бўлгач, ҳар бир фуқаро ўзгаларнинг молига, айниқса, жамоат мулкига хиёнат этмаслиги даркор! Бунга эътиборсизлик охиратда ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин.
Ҳавла бинти Амр розияллоҳу анҳо ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Баъзи бир одамлар Аллоҳнинг мулки (жамоат пуллари)га хиёнат қилади. Қиёмат куни улар жаҳаннамга равона бўлишади” (Имом Бухорий ривояти). Шундай экан, бу масалага жиддий ёндашишимизга тўғри келади.
Шунингдек, газ, электр энергия ва сув каби неъматлардан оқилона фойдаланиш ҳам динимиз талабидир. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Иқтисод қилган кимса камбағал бўлмас, маслаҳат қилган пушаймон бўлмас” (“Мушкотул насобиҳ”), деб тавсия берганлар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Солиҳ ҳидоят, гўзал кўриниш ва иқтисодли бўлиш набийликнинг етмишдан бир жузидир”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Демак, доим аҳли солиҳлардан бўлиб, тежамкор бўлиш, исрофга йўл қўймаслик, ҳар бир нарсани ўз ўрнида, меъёрида тасарруф қилиш, керагидан ортиқ, беҳудага сарфламаслик набийликнинг етмиш жузидан бир жуз, етмиш бўлагидан бир бўлак экан. Буни ҳар бир мўмин-мусулмон яхши англаб, ҳаётига татбиқ қилиши лозим.
Хулоса қилиб айтганда, ҳалоллик инсон ҳаётини хотиржам, осойишта ва фаровон қилади. Шундай экан, коммунал тўловларни ўз вақтида тўлаб, халқ ҳақига хиёнат қилмайлик, азизлар!
Ғайрат БОЗОРОВ,
Деҳқонобод тумани
“Оқработ ота” жоме масжиди
имом-хатиби
"Ҳидоят" журналининг 6-сонидан олинди