Жорий йилнинг 25-30 сентябрь кунлари Ўзбекистон элчихонаси кўмагида Малайзия Ислом цивилизацияси институти директори Фариза Шам бошчилигидаги делегациянинг мамлакатимизга амалий сафари ташкил қилинди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.
Малайзия Ислом цивилизацияси институти (Ислам Ҳадҳари Институте) мамлакат Миллий университети қошида илмий-тадқиқот муассасаси сифатида 2007 йилда ташкил этилган. Муассаса ислом цивилизациясига оид Малайзиянинг етакчи илмий муассасаси ва ахборот-таҳлилий маркази ҳисобланади.
Республика Маънавият ва маърифат маркази таклифига биноан Малайзия делегацияси 28 сентябрь куни Абу Райҳон Берунийнинг 1050 йиллиги муносабати билан ўтказилган «Абу Райҳон Беруний илмий меросининг жаҳон фани ривожидаги ўрни»мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуманда иштирок этди.
Фариза Шам ўзининг нутқида Беруний шахсияти ва фазилатлари, унинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида сўзлар экан, «ҳар бир ёш авлод Берунийни ўзи учун ибрат деб билса, унинг инсоний хусусиятларига эргашса, унга ўхшашга интилса, ҳаётига янада мазмун киради ва катта ишларга қодир бўлади», дея таъкидлади.
Ташриф давомида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори вазифасини вақтинча бажарувчи Музаффархон Жониев билан учрашув ўтказилди.
Томонлар ўртасида Ҳамкорлик меморандум имзоланди. Тегишли келишувга жорий йил 16 июнь куни ўтказилган онлайн учрашув натижасида эришилган эди. Мазкур меморандум икки муассаса ўртасида Ўзбекистон заминида етишиб чиққан алломалар меросини ўрганиш, нодир манбаларни тадқиқ этиш, илмий ходимлар малакасини ошириш, конференция ва семинарлар ўтказиш каби йўналишларда амалий ҳамкорликни назарда тутади.
Шунингдек, сафар давомида Фариза Шамнинг Ўзбекистон Халқаро ислом академияси ва Тошкент давлат шарқшунослик университетида ташриф буюрувчи профессор сифатида очиқ дарс ва маърузалари ташкил қилинди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази билан музокаралар ўтказилиб, келгуси режалар ва 2024 йилда Тошкент шаҳрида «Ислом цивилизациясининг буюк алломалари» мавзусидаги тўртинчи халқаро илмий-амалий семинарни уюштириш истиқболлари хусусида фикр алмашилди.
Кеча, 28 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари иштирокларида “Ҳаж – 2025” мавсумини юқори даражада ўтказиш бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Унда ҳаж делегацияси вакиллари, ишчи гуруҳи аъзолари, мингбошилар ва шифокорлар жамоаси иштирок этди.
Мажлис аввалида Муфтий ҳазратлари ҳаж қилувчи инсон Ҳақ таолонинг меҳмони экани, шу боис ҳаж амалини бажараётган кишига кўмак берган, унинг оғирини енгил қилган инсон улуғ ажру савобларга ноил бўлиши ҳақида сўзладилар. Шунингдек, ҳар бир ишчи гуруҳи аъзоси ана шундай улуғ даражаларни мақсад қилиб, Раҳмоннинг меҳмонларига Ўзи рози бўладиган даражада сидқидилдан хизмат қилиши лозимлигини алоҳида қайд этдилар.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари йиғилиш давомида муборак сафарга қадар зиёратчилар билан мунтазам суҳбатлар ташкил этиш ва уларда ҳажнинг тартиб-қоидалари, фарз, вожиб ва суннатлари, ўзига хос машаққатларини тушунтириш ва зикру дуолар қилиш ва юртдошларимизнинг барча саволларига батафсил жавоб бериш зарурлигини таъкидладилар. Шунингдек, муборак заминларда ҳар бир дақиқани ғанимат билиш, тоату ибодат ила ўтказиш масалаларига алоҳида эътибор қилишга урғу қаратдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Обиджон Қодиров, Дин ишлари бўйича қўмита Зиёрат туризмини ривожлантириш бўлими бошлиғи Бобомурод Рустамов ва Шифокорлар гуруҳи раҳбари Алишер Саатов кабилар сўзга чиқиб, ташкилий ишлар, тиббий жиҳатлар, хат-ҳужжатлар, жамоавий тартиб-интизомга риоя этиш, қонун-қоидаларга амал қилиш, ҳожилар хавфсизлини таъминлаш ва огоҳликга оид муҳим тавсияларни бердилар.
Шунингдек, жорий мавсумда “Ҳаж – 2025” ишчи гуруҳи ва шифокорлар зиммасига жуда катта масъулият юклангани, шу боис ҳар ким ўз вазифасини виждонан тўла бажариши зарурлиги таъкидланди.
Тадбир якунида Ҳақ таолодан бу йилги ҳаж мавсуми муваффақиятли ўтишини сўраб хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати