Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
01 Июл, 2025   |   6 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:09
Қуёш
04:54
Пешин
12:32
Аср
17:41
Шом
20:04
Хуфтон
21:41
Bismillah
01 Июл, 2025, 6 Муҳаррам, 1447

Фуат Сезгин: Дунё хариталарини биринчи бўлиб мусулмонлар чизган

18.07.2024   3134   2 min.
Фуат Сезгин: Дунё хариталарини биринчи бўлиб мусулмонлар чизган

Aтоқли турк олими Фуат Сезгин Aфрика, Осиё ва Европа хариталари дастлаб мусулмонлар томонидан тузилгани, уларнинг муаллифлари европаликлар деган фикр нотўғри эканини таъкидлади, деб ёзади “Aнадолу” агентлиги.

26 йил давомида бу масалани ўрганган олим шундай деди: “Мен тадқиқотни бошлаганимда, биздаги барча хариталарни европаликлар яратган деб ўйладим... Бу фикр Европада ҳам, ислом оламида ҳам кенг тарқалган.     Бироқ, биз бу қанчалик қийинлигини унутдик. Географик координаталарни акс эттирувчи аниқ харитани яратиш жуда узоқ ишдир. Масалан, инглизлар 18-19-асрларда Aвстралия харитасини чизишни бошладилар.

Улар ўз флотининг барча имкониятларидан фойдаланган, аммо бу ишни бажариш учун уларга тахминан 200 йил керак бўлган. Ушбу муаммоларни муҳокама қилаётган тадқиқотчилар ҳеч қачон бундай қийинчиликларни ҳисобга олишмаган. Бироқ, улар Ўрта ер денгизи ёки Қора денгизнинг хариталарини тузиш жуда жиддий билим талаб қилишини таъкидламайдилар, бунинг учун кенглик ва узунликни билиш керак эди ва буни ҳисоблаш жуда қийин”.

Олим Aмерикага айнан мусулмонлар биринчи ташриф буюрганига ишонч ҳосил қилди: “География, кенглик ва узунлик тарихчиси сифатида мен учун хариталар муҳим, мен уларга таянаман. Aмерикага мусулмонлар етиб келганига тўлиқ аминман. Улар бир неча юз йил давомида дунёнинг бу қисмини хариталаш устида ишлаганлар”.

Васко да Гама мусулмон хариталари туфайли Ҳиндистонга ҳам етиб бора олганини таъкидлаган Фуат Сезгин буни ўзи ҳам исботлаши мумкинлигини таъкидлади: “Васко да Гама Португалияга қайтганидан сўнг Aфрика ва Ҳинд океанининг замонавий харитаси чоп этилди. Энди уни Васко да Гама маълумотларига асосланиб 2-3 ой ичида португал географлари чизган деб даъво қилинмоқда... Буни айтадиган одамларнинг картографиядан билимлари йўқ. Бундай хариталарни 500 йилдан кейин ҳам яратиб бўлмайди. Ва бу нотўғри маълумот бутун дунёга тарқалди”.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Дунё янгиликлари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Шавкат Мирзиёев: Ёшларимизнинг ҳар бир муваффақияти биз учун куч-қудрат

30.06.2025   2620   3 min.
Шавкат Мирзиёев: Ёшларимизнинг ҳар бир муваффақияти биз учун куч-қудрат

Бугун мамлакатимизда Ёшлар куни кенг нишонланмоқда. Асосий байрам тадбирлари Тошкентдаги Халқаро конгресс марказида бўлиб ўтмоқда.

Ўзбекистон ёшларини табриклаш ва қўллаб-қувватлаш учун бу ерга Президент Шавкат Мирзиёев ташриф буюрди.

Конгресс марказига кираверишда ёшларнинг турли соҳалардаги лойиҳалари, кашфиёт ва ютуқлари тақдимот қилинди. Масалан, “Ёш инноваторлар” кўргазмасида муҳандислик, рақамли технологиялар, сунъий интеллект, учувчисиз қурилмалар намойиш этилган. “Яшил” ташаббуслар” майдончасида экология, муқобил энергетика, қишлоқ хўжалиги каби соҳаларга оид ишланмалар кўрсатилган. “Креатив лойиҳалар” бўлимидан ҳунармандлик, дизайн, тасвирий санъат, видео ва продюсерлик фаолиятидаги ютуқлар ўрин олган. “Ёшлар тадбиркорлиги ва стартаплар” майдончасида ушбу йўналишдаги муваффақиятли лойиҳалар ҳақида маълумот берилган.

Жумладан, тошкентлик Рустам Ҳамдамовнинг “Billz” дастури кичик ва ўрта бизнесни автоматлаштиришга ёрдам беради. Ҳозиргача бу лойиҳага Буюк Британия, Сингапур, Туркия ишбилармонлари 6 миллион 600 минг АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритган.

Қорақалпоғистонлик ёш фермер Шерзод Ниязимбетов органик помидорлар етиштириб, қуёшда қуритиб ва қадоқлаб, Италия ҳамда Франция каби давлатларга экспорт қилмоқда. Унинг корхонасида 200 нафарга яқин ходим ишламоқда.

Ўзбекистон Президентининг 2019 йилдаги қарори билан ташкил этилган Ёшлар академияси бугунги кунда 7 мингдан зиёд ёш олимларни бирлаштирган. Кўргазмада улар учун кенг ўрин ажратилган. Тошкентлик Сайфулло Қодиров экин майдонларини рақамли хариталаш ва юқоридан дори сепиш имконини берувчи дронлар ясаган.

Олимлар орасида “Рақамли авлод қизлари” танлови ғолибалари кўплиги ҳам диққатга сазовор. Хоразмлик Лобар Абдуллаева онкологик касалликларга сунъий интеллект орқали ташхис қўйишга мўлжалланган “AI Scan” дастурини ишлаб чиққан. Қорақалпоғистонлик Қумара Сагидуллаева қуёш энергиясида юрувчи кичик трактор, тошкентлик Абдуллоҳ Жамолиддинов боғни автоматик суғориш тизимини ихтиро қилган.

Давлатимиз раҳбари мазкур тақдимотлар билан танишиб, уларнинг ташаббускорлари билан мулоқот қилди.

– Ёшларимизнинг ҳар бир муваффақияти биз учун куч-қудрат, мамлакатимиз келажагига таянч. Бугун фарзандларимиз замонавий йўналишларни эгаллаб, анча илгарилаб кетяпти. Уларни қўллаб-қувватласак, сифатли таълим бериб, шароит яратсак, бундан ҳам катта натижаларга эришади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Мутасаддиларга ихтирочи ёшларни тегишли вазирликларга бириктириб, лойиҳаларини ривожлантириш бўйича кўрсатма берилди.        

Юртимизда бундай иқтидорли ўғил-қизлар кўп. Бу таълим соҳасига, айниқса, STEAM йўналишларига қаратилаётган эътибор натижаси. Сўнгги йилларда математика, физика, кимё ва ахборот технологияларига ихтисослашган кўплаб мактаблар ташкил этилди. “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида 325 минг йигит-қиз ўқитилди.

Ёш тадбиркорлар ташкил қилган 261 та корхонанинг йиллик айланмаси 100 миллиард сўмдан ошган. Стартапларни  молиялаштиришга 145 миллион доллар венчур сармоя киритилган.

Байрам муносабати билан ўтган учрашувда Президентимиз ёшлар учун янада кенг имкониятларни белгилаб берди.


Манба: https://president.uz

 

Шавкат Мирзиёев: Ёшларимизнинг ҳар бир муваффақияти биз учун куч-қудрат Шавкат Мирзиёев: Ёшларимизнинг ҳар бир муваффақияти биз учун куч-қудрат Шавкат Мирзиёев: Ёшларимизнинг ҳар бир муваффақияти биз учун куч-қудрат Шавкат Мирзиёев: Ёшларимизнинг ҳар бир муваффақияти биз учун куч-қудрат Шавкат Мирзиёев: Ёшларимизнинг ҳар бир муваффақияти биз учун куч-қудрат Шавкат Мирзиёев: Ёшларимизнинг ҳар бир муваффақияти биз учун куч-қудрат Шавкат Мирзиёев: Ёшларимизнинг ҳар бир муваффақияти биз учун куч-қудрат Шавкат Мирзиёев: Ёшларимизнинг ҳар бир муваффақияти биз учун куч-қудрат