Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аҳли сунна вал жамоа этиқоди бўйича қабр азоби ва ундаги роҳат, оят ва ҳадслар билан ҳақдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар розияллоҳу анҳумдан келган хабарлар асосида қабр азобига – ким шунга лойиқ бўлса – ва унда Мункар ва Накирнинг Роббидан, динидан ва Набийсидан сўроқ қилишига иймон келтирамиз. Қабр жаннат боғларидан бир боғдир ёки дўзах чуқурларидан бир чуқурдир.
Яъни, осий бўлиб, азобга лойиқ бўлганлар учун қабр азоби бўлишига иймон келтирамиз. Мункар ва Накир номли икки фаришта банданинг қабрида туриб, уни Робби, дини ва Набийси ҳақида савол-сўроқ қилишига иймон келтирамиз.
Далиллар:
«Банда қабрига қўйилиб, асҳоблари ундан қайтганларида, у аларнинг кавушлари тақиллашини эшитиб турганда, ҳузурига икки фаришта келиб, уни ўтирғизишади ва унга: «Мана бу одам (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳақида нима дер эдинг?» дейишади.
Шунда мўмин: «Унинг Аллоҳнинг бандаси ва Расули эканига гувоҳлик бераман», дейди.
Шунда унга: «Дўзахдаги жойингга назар сол. Аллоҳ унинг ўрнига сенга жаннатдан жой берди», дейилади.
У икки жойни ҳам кўради», деганлар.
(Бухорий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.)
«Бу иккови азобланмоқда. Азобланишлари катта нарсада эмас. Улардан бири пешобдан сақланишга эътибор бермас эди. Бошқаси эса чақимчилик қилиб юрар эди», дедилар. Бир хурмонинг ҳўл шохини олиб келиб, иккига бўлиб, икки қабрга биттадан суқиб қўйдилар.
Кишилар: «Эй Аллоҳнинг Расули, нега бундай қилдингиз?» дейишди. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Шоядки, булар қуригунча икковларидан азоб енгиллатилса», дедилар» (Бухорий ва Муслим ривоят қилишган).
«Сизлардан бирингиз қабрга қўйилса, унинг олдига қорамтир-зангори рангли икки фаришта келади. Улардан бири Мункар, бошқаси Накир дейилади», деганлар (Термизий ривоят қилган).
Хулоса шулки, қабр азоби ва неъмати ҳақида, икки фариштанинг сўроқ-савол қилиши ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан инкор қилиб бўлмайдиган даражада кўплаб хабарлар келган. Бунга иймон келтириш вожибдир. Ким инкор қилса, кофир бўлади.
Аммо ўша азоб ёки неъмат қандай бўлиши ҳақида гапирмаймиз. Чунки бу дунёда унга ўхшаш нарса бўлмагани учун, ақл уни тасаввур қила олмайди. Шариатда эса бу борада ақл кўтарадиган нарса келгани йўқ.
«Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар» китобидан
Абдулвохид Исақов,
Наманган шахар “Мирёқуббой Мирҳакимбой” жоме
масжиди имом-хатиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 269-оятида шундай марҳамат қилади: "У зот кимни хоҳласа, ўшанга ҳикматни беради. Кимга ҳикмат берилса, унга кўп яхшилик берилган бўлади. Фақат ақл эгаларигина эсларлар".
Муфассир уламолар айтадилар: "Оятдаги ҳикматдан мурод илмдур". Айнан мана шу маънони қўллаб-қувватлайдиган ҳадиси шариф бор. Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу ривоят қилганлар. У зот: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: "Кимга Аллоҳ яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ (шариат илмларига моҳир) қилиб қўяди", деганларини эшитдим, дедилар. Қолаверса, илмнинг, олимларнинг фазилати хусусида мазкур ҳадисдан бошқа яна бир нечта ҳадиси шарифларни келтиришимиз мумкин. Бу ҳақида сўз очишимиз бежиз эмас. Чунки бугунги кунда айнан Аллоҳ таоло улуғлаган мана шундай илм соҳибларини, алалхусус, дин пешволаримизни ижтимоий тармоқларда баъзи бир кимсалар истеҳзо қилинаёттанини гувоҳ бўляпмиз. Буларнинг оқибати ҳақида тўхталиб ўтиш ниятимиз йўқ. Чунки олимни таҳқирлаган одамнинг оқибати барчамизга маълум. Фақатгина бир эслатма ўлароқ улуғларимизнинг сўзларидан бир иқтибос келтириб, сиз азизларга ўзингиз учун керак бўладиган хулосаларни олишингиз мақсадида тақдим этмоқчимиз.
Замонамиз олимларидан бири айтадилар: "Қачонки инсон ким биландир банд бўлса, одамларни кузатиб, камчиликларини ахтариб, ҳаёти фақатгина ўзгалардан кир қидириш билан ўтса, у энг аввало, ўзлигини, ўзини унутиб қўяди. Чунки бошқалар билан машғул бўлгани боис, ўзи билан шуғулланишга, ҳаётини ислоҳ қилишга вақти етмайди. Улгурмай қолади ва ўзини йўқотиб қўяди. Бу эса айнан шайтоннинг йўлидир. Зеро, шайтон одамлар билан кўп машғул бўлгани учун, уларнинг камчиликларини ипидан игнасигача билади. Унинг муаммоси шундаки, у ўзини эсидан чиқариб қўйган. Яъни, у одамзод билан шунчалар овораки, ўзи ҳақида ўйлашга вақти ҳам йўқ. Айтмоқчи бўлганимиз, қачон биз ҳам одамларни камчилигини қидириб, уларни истеҳзо қилиб, ишимиз фақат ғийбат ва фисқу-фужур бўлса, демак биз ҳам шайтоннинг улфати ўлароқ, унинг йўлидан кетяпмиз. Шайтоний услубни қўллаётган бўламиз. Бу эса оқибатимиз учун ўта хатарлидир". Иқтибос тугади. Менимча, барчамиз ўзимиз учун керакли хулосани олдик. Аллоҳ таоло оқибатимизни хайрли қилсин!
Қодиржон Умурзақов
Поп тумани "Муҳаммаджон қори"
жоме масжиди имом-хатиби