Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
09 Январ, 2025   |   9 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:49
Пешин
12:35
Аср
15:31
Шом
17:15
Хуфтон
18:34
Bismillah
09 Январ, 2025, 9 Ражаб, 1446

“БЕШИНЧИСИ  БЎЛМАНГ, ҲАЛОК  БЎЛАСИЗ !”

14.08.2020   2895   17 min.
“БЕШИНЧИСИ  БЎЛМАНГ, ҲАЛОК  БЎЛАСИЗ !”

Аллоҳ таоло ислом шиорларини қадрлашга тарғиб қилган ва уларни топташ, масхара қилишдан қаттиқ қайтарган. Жумладан, Ҳақ таоло Қуръони каримда бундай дейди: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳнинг (ҳажга доир) шиорларини, “Ҳаром ой” (ҳаж ойлари)ни ҳалол деб ҳисобламангиз...!” (Моида сураси 2-оят). Яна бир ояти каримада: “(Гап) шудир. Яна кимки Аллоҳнинг шиорлари (қурбонликлар)ни улуғ деб билса, бас, албатта, (бу) дилларнинг тақвосидандир” (Ҳаж сураси 32-оят), – деб хитоб қилган.

Бу ҳақда кейинги вақтларда олиму зиёлиларимиз турли сабаблар билан кўп ва хўб ёзишга, Аллоҳ таолонинг ушбу амрини бот-бот бизларга эслатиб туришга мажбур бўляптилар.

Ислом таълимотига кўра “шиор” сўзи “нишон”, “белги”, “аломат” маъноларини билдиради. Яратган Парвардигоримиз Аллоҳ таолонинг динининг кўзга кўринган ва шон-шавкатининг аломати бўлган нарсалар шиор ҳисобланади.

Масалан, Қуръони карим, унинг тиловати, азон;

Аллоҳ таоло фарз қилган намоз, рўза, закот, ҳаж каби динимиз устуни бўлган ибодатлар;

шариатимизда улуғланган зотлар – пайғамбарлар, саҳобалар, тобеинлар, авлиёлар, уламолар, илм аҳллари, динимиз хизматчилари;

Каъбатуллоҳ, Маккаи мукаррама, Мадинаи мунаввара, Мино, Арафот, Қуддуси шариф каби жойлар, масжидлар;

муҳим саналар – жума куни, Рамазон ойи, икки ийд, муқаддас ойлар;

қолаверса, ибодат буюмлари бўлмиш тасбеҳ, салла, жойнамоз, қурбонлик жонлиғи ва ҳоказо.

Биз бугун ахборот технологиялари ривожланган асрда яшаяпмиз. Бугун савоб қозониш имконияти қанчалик кенг бўлса, гуноҳга ботиш йўллари ҳам шунчалик кўп. Мўмин-мусулмон киши ҳар доим эҳтиёт бўлиши, бўлар-бўлмас гапларни айтавермаслиги, тилини тийиши ва ҳар ким ҳақида яхши гумонда бўлиши зарур. Акс ҳолда, кимнинг қай аҳволда Парвардигори оламнинг ҳузурига боришни ҳеч ким билмайди. Бунга тарихда мисоллар кўп.

 

Биринчи мисол:

Тасаввуфнинг йирик муршидларидан Юсуф Ҳамадоний ҳазратлари бир куни ваъз қилаётганларида жамоа орасидан ҳофизи каломуллоҳлиги билан танилган, 16 йил давомида Рамазон ойида таровиҳ намозларида Қуръони каримни бирор луқмасиз хатм қилган бир киши савол берибди. Шайх ҳазратлари унга: “Сизнинг саволингиздан дўзахнинг ҳиди келяпти”, – дебдилар. Ҳақиқатан, ўша одам кўп вақт ўтмай, диндан қайтиб, имонсиз ўлган экан. Аллоҳ асрасин!

 

Иккинчи мисол:

Ҳаммамиз ҳар куни намозларимизда такрорлайдиган бир сура бор. 111-чи сура – Масад сураси. Бу сурада Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг амакиларидан бири, ашаддий кофир Абу Лаҳаб ва унинг бетавфиқ хотини Умму Жамилнинг жазоланиши, ҳар икки дунёдаги тортадиган азоб-уқубатлари ҳақида ҳикоя қилинади.

Абу Лаҳабнинг асл номи Абдул Уззо бўлиб, “Уззо бутининг қули” деган маънони англатади. Аллоҳ таоло ўз қулини “бут қули” деб атамади, балки уни “Абу Лаҳаб” – алангали, деб лақаблади. Бу ердаги аланга икки нарсага далолат қилади. Бири унинг юзи доимо қизариб турганидан шу лақаб берилган бўлса, иккинчидан, охиратда дўзах алангасида ёниши муқаррар эканига далолатдир.

Абу Лаҳаб билан унинг хотини Жаноби Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга энг кўп азият етказган кофирлардан ҳисобланади. У(Абу Лаҳаб) тўғрисида “Абу Лаҳабнинг қўллари қурисин (ҳалок бўлсин)!” – деди Худои таоло. Ва “Ҳалок бўлди ҳам. Яқинда (у) алангали оловда куяжак!” – деб Аллоҳ таоло бизларга хабар бермоқда. Бетавфиқ хотини эса тиканли ўтинларни териб келиб, Расулуллоҳ алайҳиссалом юрадиган йўлларига ташлар экан. Сурада унинг бўйнида ўтин боғлаб юрган арқони боғлиқ ҳолда эри билан бирга жаҳаннамга тушажаги тўғрисида баён этилган.

Эътибор беринг-а, Аллоҳ таоло айнан Абу Лаҳаб ҳақида алоҳида, беш оятдангина иборат сура нозил қилди. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло Абу Лаҳаб ҳикоясини Қуръони каримнинг бирор узун сураси ичига жойласа ҳам бўлар эди. Лекин ундай бўлмади. Балки... ҳар бир банда тириклик пайтида қилган ишларини ҳисоб-китоб қиладиган кун – Қиёмат кунигача 7 ёшдан 70 ёшгача инсонларга эслатма бўлиб туриши учун, ақл-идрокли, зеҳн-заковатли, фаҳм-фаросатли бандалари бундан ибрат олишлари учун энг қисқа суралардан қилиб, ёдлашга ҳам осон қилиб қўйди.

 

Учинчи мисол:

Учинчи мисолни эса... ҳар биримиз ён атрофимизга диққат билан назар солсак ҳам кўрамиз, ёшлари улуғларни тингласак ҳам эшитамиз, ота-онамиздан сўрасак ҳам биламиз, ақл-заковат, фаҳм-фаросат номли Худо бандасига берадиган беқиёс улуғ неъматларини ишга солсак ҳам англаймиз! Чунки бундай мисоллар ўтмишда ҳам, ҳозирги ҳаётимизда ҳам жуда-жуда кўп! Уларни кўриш учун ва тушуниб етиш учун катта-катта олийгоҳларда ўқишлик шарт эмас! Мадрасаларда ё ислом академияларида таҳсил олишлик шарт эмас! Институт-университетларда, Арабистонларда ё чет элларда илм ўрганиш шарт эмас! Мутлақо шарт эмас! Асло!

Балки Худо берган ақлимиз билан фикрласак, қалб кўзимиз билан назар солсак, ҳақиқий ўзбек табиатига хос ва чин мўмин-мусулмон тушунчасига мос ўйласак, бу дунёнинг ишлари фақатгина калькулятор орқали ё математика формулалари билангина эмас, балки ҳаёт қонунлари, одоб аксиомалари, ахлоқ қоидалари билан ечими топилиши бор ва аччиқ ҳақиқатлигига иқрор (!) бўламиз...   Зеро бу ёруғ дунёнинг ишлари ҳаммаси ҳам кўз билан кўринавермас экан, балки инсон нафақат ўз кўзи билан, ҳатто микроскоп кўзи билан, компьютер кўзи билан ҳам кўришга ожиз эканлигини ҳис этади одам... Бу дунёда инсон кўра олмайдиган, ақли ожизлик қиладиган, Парвардигори оламнинг қанча-қанча сир-асрорлари билан муҳрланган, Ўзининг бетакрор ва беқиёс ҳикматлари билан нақшланган беҳисоб-беҳисоб саноатлари мавжудлигига тан беради инсон...

Башариятнинг энг хайрлиси, Коинот султони Ҳазрат Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга Абу Лаҳаб жуда кўп озор берди. Бежиздан бежизга Қуръони каримда Парвардигори олам Абу Лаҳабнинг оқибатида хусусида: “Яқинда (у) алангали оловда куяжак!” дегани йўқ!

Биринчидан, Жаноби Пайғамбаримизга тош отиш учун оёғи билан юриб борди.

Иккинчидан, қўли билан тошни кўтариб, Пайғамбаримизга отмоқчи ҳам бўлди.

Учинчидан, Жаноби Пайғамбаримизга тили билан азият етказди.

Тўртинчидан, Пайғамбаримизни қалби билан ёмон кўрди.

Бугун мана шундай улуғ Пайғамбарларнинг меросхўрлари бўлмиш уламоларимизга, имом-хатибларимизга, диний соҳа вакилларига тош отаётган, уларга маломат ёғдириб, таъна қилаётган ғаламислар тарихнинг аччиқ ҳақиқатларидан, Аллоҳнинг Каломидан хулоса чиқаришса, ёмон бўлмас эди. Юқорида зикр этилган Юсуф Ҳамадоний ҳазратларига беодоблик қилган ва унинг беодоблигини такрорлаётганлар ҳамда Абу Лаҳаб қилган тўрт хил ҳаракатни қилиб кўрганлар ёки бирортасини қилаётганлар Аллоҳ таолонинг Ўзи уларнинг “ишларини тўғрилаб қўйиши”ни ҳаёлларига ҳам келтира олмайдилар. Сабаби – ундай кимсалар узоқни кўраолмайдилар. Чунки улар “оқ” билан “қора”ни, “оғир” билан “енгил”ни, “паст” билан “баланд”ни, “узоқ” билан “яқин”ни, “аччиқ” билан “ширин”ни, “ўнг” билан “чап”ни, “савоб” билан “гуноҳ”ни, “тўғри” билан “нотўғри”ни, “дўст” билан ”душман”ни фарқига бормайдилар, бир-биридан ажрата олмайдилар. Минг афсуски, Худоим таоло шунақа ақл бермаган. 

Аллоҳ таборака ва таоло Ўзининг Каломи мажиди – Қуръони каримда ва Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадиси шарифларида улуғлаб эъзозлаган етти тоифа инсонларни ҳар бир мўмин-мусулмон киши қадрлаб, ҳурмат қилиши лозим:

1) ота;

2) она;

3) устоз (манфаатли илм ё касб-хунар ўргатган инсон);

4) олим (фақат диний йўналишдагина эмас, балки инсон учун манфаатли барча соҳалардаги олимлар. Чунки ҳамма соҳаларнинг ҳам эгаси – Аллоҳ таолонинг Ўзидир);

5) Қуръони каримдан хабардор киши;

6) мўйсафид одам;

7) адолатли раҳбар.

Кимки мазкур етти хил инсонларни ҳурматларини жойига қўймас экан, ундайларга Юсуф Ҳамадоний Ҳазратларига “ақлли”лик қилганнинг ё Жаноби Пайғамбаримизга “доно”лик қилган Абу Лаҳабнинг ҳолатларини Худоим таоло тайёрлаб қўйган! Буни тушуниб етиш унча қийин эмас. Шунинг учун ҳам 111-чи сура Масад сурасини Аллоҳ таоло 7 ёшдан 70 ёшгача инсонларга эслатма бўлиб туриши учун, ақл-идрокли, зеҳн-заковатли, фаҳм-фаросатли бандалари Қиёмат кунигача бундан ибрат олишлари учун энг қисқа суралардан қилиб, 5 оятдангина иборат қилиб, ёдлашга ҳам осон қилиб қўйган.

Тилим бор экан деб ҳар хил нарсаларни сайравериш ҳам ақлли инсоннинг иши эмас экан. Яна бир жиҳат, сўз эркинлиги дегани – исталган нарсани ҳеч қандай масъулиятни ҳис қилмасдан айтиш, ёзиш, тарқатиш дегани эмас. Балки ҳар бир сўз учун жавоб бера олиш масъулиятидир.

Оғзига келганни демоқ – нодоннинг иши,

Олдига келганни емоқ – ҳайвоннинг иши,

деб бежиз Алишер Навоий бобомиз ёзмаган.

Ҳар бир инсон айтаётган гапи, турли гаджетлар орқалими ё жонли ҳаётдами тарқатаётган ахбороти учун Аллоҳ таоло олдида ҳам, мўмин-мусулмонлар олдида ҳам, жамият аъзолари ва давлат қонунлари олдида ҳам жавобгардир! Бу меъёр дунёвий қонун-қоидаларда ҳам, диний таълимотимизда ҳам қатъий белгилаб қўйилган!

Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Одамларга раҳбар (бошлиқ), маъмур (шу ишга буюрилган киши) ёки риёкор (иккиюзламачи, мутакаббир) сўзлайди” (Имом Ибн Можа ривоятлари).

Аллоҳ таолонинг шиорларини оёқости қилиш, улардан бирортасини масхара қилиш, камситиш, беҳурмат қилиш, хўрлаш, менсимаслик, хор қилиш мўмин кишининг, Худо сақласин, кофир бўлишига сабаб бўлиши мумкин.

Савбон разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шариатнинг шиорини паст санаганларни қаттиқ қоралаб бундай деганлар: Аниқ биламанки, умматим ичидаги баъзи кимсалар Қиёмат кунида Тиҳома тоғи каби улкан ҳасанотлар билан оппоқ бўлиб келишади, лекин Аллоҳ таоло уларнинг амалларини тўзиган чанг каби қилиб қўяди.

Шунда Cавбон разияллоҳу анҳу: “Ё Раcулаллоҳ, бизга уларни cифатлаб, очиқ баён қилиб берсангиз, билмасдан ўшалардан бўлиб қолмайлик!” – деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: Улар – cизларнинг биродарларингиз, cизларга ўхшаган одамлардир. Улар ҳам cиз каби тунлари ибодат қилади. Лекин улар шундай одамларки, ёлғиз қолган вақтларида шариатнинг шиорларини топтайдилар, – дедилар (Имом Ибн Можа ривоятлари).

Динимиз уламолари ўзларининг фатволарида бундай дейишган: “Ким азонни масхара қилса ёки Қуръони каримни енгил санаб оёқ ости қилса, ёки шаръий илмларни ёхуд уламоларни масхара қилса, ибодатларни енгил санаб бажармаса, ёки масжидни масхара қилса, кофир бўлади” (“Ғамзу уюнил басоир шарҳ ашбоҳ ван-назоир”).

Ота-боболаримиз Ислом одобига жиддий эътибор берганидан хабаримиз бор ва уларнинг одоб-ахлоқи билан баъзи-баъзида мақтаниб ҳам қўямиз.

Ота-оналаримиз нафақат динимиз пешволарига, нафақат олиму уламоларимизга, балки шариатимиздаги мустаҳаб ва одоб амалларига ҳам қаттиқ эътиборли бўлганлар. Улар одоблари гўзаллигидан илм аҳллари билан нимовоз билан, ўзларини паст тутиб сўзлашишган, бетгачопарлик қилишмаган, бирор нарсани билишса ҳам ўзларини билмаган кишидай кўрсатишган, хулқлари чиройлилигидан тасбеҳлари кўксиларидан пастга тушмаган. Жойнамозларини ҳам эҳтиёткорона, оёқ остида қолдирмасдан, меҳр билан алоҳида баланд жойларга қўйганлар. Масжид атрофидан меҳр билан оҳисталик билан ўтганлар. Азон айтилаётганда меҳр билан беҳуда сўз айтмаганлар. Араб ёзувидаги матнлар битилган ашёларни меҳр билан эҳтиётлаб сақлаганлар. Нима сабабдан? Чунки улар динга алоқаси бор ҳар бир инсонга, ҳар бир нарсага АЛОҲИДА ОДОБ билан муомала қилганлар! Чунки улар динга алоқаси бор ҳар бир одамга, ҳар бир нарсага ЎЗГАЧА МЕҲР билан муносабат қилганлар! У одоб – БЕТАКРОР ОДОБ!!! У меҳр – БЕҚИЁС МЕҲР!!!

Имом Абу Довуд Абу Умома разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: Ўзи ҳақ бўлcа ҳам талашиб-тортишмаган киши учун – жаннат чеккароғидан уй берилишига, ҳазиллашиб бўлса-да ёлғон гапирмаган киши учун – жаннатнинг ўртасидан уй берилишига, хулқини гўзал қилган киши учун эса – жаннатнинг энг юқори қисмидан уй берилишига мен кафилман” .

Минг афсуски, ҳозирги кунда баъзилар шундай чиройли ишларга, жаҳон мамлакатлари ва ўзга диёрлар ичинда “ўзбек халқининг ноёб ва гўзал одоблари” деб тан олинган одобларига беписанд бўлиб, “ҳеч нарса қилмайди” қабилидаги гапларни айтиб, ота-оналаримиз бетакрор ва беқиёс меҳр билан бажариб келган бетакрор ва беқиёс динимизнинг бетакрор ва беқиёс одобларини йўққа чиқаришга уринмоқдалар. Ваҳоланки, шайтон мусулмон кишининг биринчи бўлиб имонига ҳужум қилмайди, балки биринчи бўлиб мусулмон кишини мустаҳаб ва одоб бўлган амалларга беэътибор қилишга уринади. Агар ғолиб чиқса, дастлаб суннатга, кейин вожибга, сўнг фарз амалларга бепарво қарашга уринади. Агар мусулмон кимсани фарз амалга ҳам эътиборсиз қилишга эришса, алалоқибат, Аллоҳ сақласин, имонига ҳам ҳужум қилиб, натижада имондан ажратади!!!

Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳ: “Ким олимларни пастга урса, унинг охирати барбод бўлади, ким амирларни пастга урса, унинг дунёси барбод бўлади. Ким биродарларини пастга урса, унинг одамгарчилиги барбод бўлади”, деганлар.

Шундай экан, ҳар биримиз ота-боболаримизнинг йўналишларини маҳкам ушлаб, барча мустаҳаб ва одоб амалларга тўла амал қилиш ҳамда динимиз шиорларига одоб ва ахлоқ билан муомала қилишимиз – бетакрор динимиз талабидир!!!

Бирор қариндошингиз, дўстингиз ёки яқинингизни зиёрат қилиш учун отландингиз. Бироқ йўл-йўлакай борар манзилингиздан адашиб қолдингиз. Шу аснода дуч келган инсондан: писта ва қурут сотувчидан, пиёдалардан, хуллас, йўлингиздан ким чиқса, ўшандан манзилни сўрайсиз. У нима деса, яъни ўнгга деса – ўнгга, чапга деса – чапга, ортга қайтинг деса – ортга қайтасиз. Унинг сўзларига (гарчи алдаётган бўлса ҳам) сўзсиз итоат этасиз. Шундай эмасми?..

Бугун ҳаммамиз автомобиль минамиз. Лекин уни таъмирлашни барчамиз билмаймиз-ку. Кўпчилик метродан фойдаланади. Лекин бу транспорт воситасини ҳамма ҳам таъмирлай олмайди-ку. Худди шундай самолётга учишни яхши кўрамиз. Лекин уни бошқаришни, таъмирлашни билмаймиз-ку.

Тишимиз оғриса, тикувчига бормаймиз. Стоматологга борамиз. Нега? Чунки тишимизни тикувчи эмас, тиш дўхтири даволайди. Юрагимиз оғриса, кардиологга борамиз. Мутахассис шифокорларнинг айтганларига сўзсиз риоя қиламиз.

Халқимизда бир мақол бор: “Чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин”. Ҳақ гап! Бугун олимликни даъво қилаётган, диний уламолар ҳақларида турли хил гапларни гапираётган айрим нокаслар шуни яхши билишлари лозимки, дин илми ўйинчоқ эмас! Бу динга Холиқимиз Аллоҳ таоло Ўзининг ҳукмларини боқий қилиб қўйган! Демак, ким дини мубинимизнинг устидан кулса, уламоларимизни, муфтий ҳазратларини, имом-домлаларимизни, динимиз ходимларини мазах қилса, Аллоҳни масхара қилган бўлади.

...Йўлимиздан адашсак, пистачининг кўрсатмасига риоя қиламиз-у, тишимиз оғриса, тиш дўхтирига итоат этамиз-у, кардиолог маслаҳатларини тинглаймиз-у, лекин сизу бизга Аллоҳнинг каломидан, Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак ҳадиси шарифларидан, уламоларнинг кўрсатмаларидан, азиз авлиёларнинг кароматларидан сўзлайдиган аҳли илмларни писанд этмаймиз. Нега??! Ёки шунчалик аллома бўлиб кетдикми? Илм-билимларимиз бошимизга сиғмасдан интернетдан жой излаяпмизми?

Пайғамбаримизнинг чизиб берган чизиқларини бузиб ўтишга қайси ноинсофнинг хадди сиғади? “Уламолар – пайғамбарлар меросхўрларидирлар” деган Он Ҳазратлари саллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак кўзларига қайси юзимиз билан қараймизу, олдиларида қайси бетимиз билан турамиз? Ношуд бўлиб қолмасмиканмиз?

 

Хулоса сифатида:

  • Абдураҳмон ибн Абу Бакрадан, у зот оталаридан ривоят қиладилар, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Олим бўлинг ёки ўрганувчи бўлинг ёки эшитувчи бўлинг ёки илм аҳлига муҳаббатли бўлинг, аммо ҳаргиз бешинчиси бўлманг-ки, ҳалок бўласиз” (Имом Байҳақий ривоятлари).
  • Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Ким озига шукр қилмаса, кўпига ҳам шукр қилмайди. Одамлардан бўлган яхшиликка миннатдорчилик изҳор қилаолмаган одам, Худога ҳам шукр қилаолмайди” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
  • Доно халқимиз айтади:

“Яхшига қилсанг яхшилик, ҳам айтади, ҳам қайтади.

  Ёмонга қилсанг яхшилик, на айтади, на қайтади”.

Муҳтарам азизлар! Умримиз – саноқли. Вақт-соати етиб, албатта, Аллоҳ таолога омонатимизни топширамиз. Келинг, шу тўрт кунлик ҳаётимизни бировларга маломат тошларини отиш, таъна қилиш, ғийбат, бўҳтон, туҳматлар тўқиш, фитналар уюштириш ўрнига эзгу ишларга сарфлайлик. Шояд қилган яхшиликларимиз охиратимизга захира бўлса!

Илоҳо ўзларимизни ҳам, фарзанд-зурриётларимизни ҳам меҳрибон Парвардигоримиз буюрган, Жаноб Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам тавсия этган, ўтмишда ўтганларимизни руҳлари шод бўладиган, халқимиз хурсанд бўладиган, ота-оналаримиз рози бўладиган йўллардан юришимизни насиб этсин!

 

Иброҳимжон ИНОМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари
Мақолалар
Бошқа мақолалар

Жаннат неъматлари ҳақида ўйлаганмисан?!

8.01.2025   7011   14 min.
Жаннат неъматлари ҳақида ўйлаганмисан?!

Жаннат аҳлига ваъда қилинган абадий неъматлар ҳақида ҳам узоқ фикр эт, қалбинг умидга тўлсин. Нафсингни хавф қамчиси билан ҳайдаб, умид билан жиловла ва сиротул мустақимга йўлла. Ана шунда буюк мулкка етасан, аламли азобдан халос бўласан.

Аҳли жаннат хусусида, уларнинг юзларида акс этган неъматлар жилваси, мушк билан муҳрланган май ила қондирилишлари ҳақида ўйлаганмисан?! Жаннат аҳли оқ дурдан тикилган чодирлар ичида, қизил ёқутдан бўлган минбарларда, яшил болишлар ва гиламлар устида, май ва асал оқаётган дарёлар бўйида қурилган сўриларда ястаниб ўтирурлар. Уларнинг атрофида хизматга ҳозир ғуломлар ва ҳеч қачон қаримайдиган болалар бўлур. Жаннат оҳу кўзли, хушхулқ ва гўзал юзли аёллар билан зийнатланган. Ёқут ва маржондек нафис бу бокираларга илгари на бир инс ва на бир жин тегинган...
Уларнинг эгнидаги оппоқ ипак кўзларни қамаштиради. Бошларидаги инжу ва маржонлар қадалган тожлари ундан-да нурафшон. Ишвалари сокинлик ва осудалик билан безанган юзлар қариб қолиш каби ноқисликлардан холи. Улар жаннат боғчаларининг ўртасида ёқутдан бунёд этилган чодирда ёлғиз бўлурлар.

Уларнинг ҳузурида борлиғи ҳаё билан тўсилган мусаффо оҳу кўз ҳурлар бор. Устларида эса мангу ёш болалар оқар чашмадан қадаҳларни, кўзаларни ва косаларни айлантириб турурлар. Яна улар учун худди садаф ичида яшириб қўйилган гавҳар мисоли оҳу кўз ҳурлар бордир. Бу ҳурлар жаннат аҳлининг дунё ҳаётида қилиб ўтган солиҳ амалларининг мукофотидир. Улар жаннатнинг чашмалар, дарёлар оқиб турган эмин мақомида, Қодир Подшоҳ ҳузуридаги рози бўлинган ўринда Маликул Карим Парвардигорининг жамолига боқадилар. Уларнинг юзларида неъматлар жилваси порлайди. Уларга на бир заифлик, на бир хорлик етади. Балки улар Парвардигори томонидан ёғдирилаётган турли неъматлардан бахтиёр, ўзлари истаган масканда абадий қолгувчидирлар. Уларга у ерда на бир хавф, на бир ҳазинлик етмас, балки балою фалокатлардан омондадирлар.

Улар жаннат таомларидан ейдилар. Сут, май, асал тўла дарёлардан ичадилар. У дарёларнинг ерлари кумушдан, тошлари маржон, тупроғи мушк, ўтлари заъфарондир. Қуюқ кофур аралашган оқ атиргул сувларига тўла булутлардан ёмғирлар ёғади. Жаннат аҳлига асли кумушдан бўлган, дур, ёқут, маржонлар билан зийнатланган қадаҳлар, шунингдек, ичида муҳрланган май, аралашмаси чучук салсабил бўлган майкосалар келтирилади. У майкосалардан нур порлайди. Уларнинг софлиги шу даражадаки, майнинг майинлиги ва қирмизи рангги косанинг ташқари томонидан билиниб туради. Чунки, бу одамзоднинг санъати эмас, у бундай гўзалликдан ожиз. Майкосалар чеҳрасидан нур ёғилаётган ходимлар кафтида (жаннат аҳлига узатилган ҳолда) туради.

Ҳа, ходимларнинг нур порлаётган юзлари қуёшга ўхшайди, фақат, у юзлардаги ҳаловат, у кўзлардаги ҳусну малоҳат қуёшда не қилсин!
Ажабо! Охират диёрининг бу сифатларига, бу диёр аҳлининг ўлмаслигига ва жаннат аҳлининг кутилмаган ўзгариш, офат-балолардан омонда эканлигига аниқ ишонган киши, қандай қилиб, охири харобаликка юз тутувчи бу ўткинчи дунёни ўзига дўст билиши мумкин?! Қандай қилиб, у диёр лаззатини, бу дунё лаззатига алмаштириш мумкин?!

Аллоҳга қасамки, агар жаннатда сиҳат-саломатлик билан бирга ўлим, очлик, ташналик каби офатлардан омонлик бўлса-ю, бошқа ҳеч нарса бўлмаса, фақат шу сабабнинг ўзи ҳам бу дунёдан юз ўгиришга арзийди. Нега энди охират диёри бу дунёдан устун қўйилмасин? Ахир, жаннат аҳли ҳар қандай хавфдан омон подшоҳлардир. Улар турли-туман неъматлар ичида шод-хуррам, хоҳлаган неъматлари олдида муҳайё! Улар ҳар куни Арш ёнида ҳозир бўлиб, Аллоҳнинг дийдорига назар соладилар...
Абу Ҳурайра Расули акрам алайҳиссаломнинг бундай деганларини ривоят қилади: «Мунодий нидо қилади: "Эй жаннат аҳли! Энди сиз ҳамиша соғломсиз, ҳеч қачон дардга чалинмайсиз, ҳамиша тириксиз, ҳеч қачон ўлмайсиз. Доимо ёшсиз, ҳеч қачон қаримайсиз. Албатта, сиз саодатли бўласиз, ҳеч қачон бахтсизликка йўлиқмайсиз"» (Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло дейди: «Қилиб ўтган (яхши) амалларингиз сабабли сизларга мерос қилиб берилган жаннат мана шудир» (Аъроф, 43-оят).

Жаннат сифатлари билан танишмоқчи бўлсанг, Қуръон ўқи. Жаннат ҳақида Аллоҳ таолонинг баёнидан улуғроқ баён борми?!

«Парвардигори (ҳузурида) туришидан (яъни, Парвардигор олдида туриб, ҳаёти дунёда қилиб ўтган барча амалларига жавоб беришидан) қўрққан киши учун икки жаннат бордир» (Раҳмон, 46) оятидан то сура охиригача, шунингдек, Воқеа ва бошқа сураларни ҳам ўқи, жаннат ҳақидаги хабарларнинг тафсилотига боқ! Аввало, жаннатнинг сони билан боғлиқ жиҳатларга эътиборингни қарат. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Раҳмон сурасидаги «Парвардигори (ҳузурида) туришидан қўрққан киши учун икки жаннат бордир» ояти хусусида дейдилар: «Икки жаннат бор, у ернинг идишлари ва бошқа барча нарсалари кумушдан. Икки жаннат бор, у ернинг идишлари ва бошқа барча нарсалари олтиндан. «Адн» дейилмиш мангу жаннатда аҳли жаннат ва Парвардигорининг орасида кибриё ридосигина бўлур» (Муттафақун алайҳ).

Кейин жаннат эшикларини тасаввур қил. Уларнинг сони тоатингга яраша. Яъни, қайси мўминнинг Аллоҳ таолога итоати кўп бўлса, унга очиладиган жаннат эшиклари ҳам шунчалик кўп бўлади. Жаҳаннам эшикларининг сони ҳам кишининг маъсиятига мувофиқ бўлади. Яъни, инсон Аллоҳ таолога қанча кўп итоатсизлик қилса, унга шунча кўп дўзах эшиклари очилади.
Абу Ҳурайра Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деганларини ривоят қилади: «Кимки Аллоҳ йўлида ўз молидан бир жуфт нарсани инфоқ қилса, у жаннатнинг барча эшикларидан чорланади. Жаннатнинг саккизта эшиги бор. Кимки аҳли намоз бўлса, «Бобус солат» (Намоз эшиги)дан, рўза аҳли «Бобус сиям» (Рўза эшиги)дан, аҳли садақа бўлса, «Бобус садақа» (Садақа эшиги)дан, аҳли жиҳод бўлса, «Бобул жиҳод» (Жиҳод эшиги)дан ичкарига чорланади». Шунда Абу Бакр розияллоҳу анҳу:
– Аллоҳга қасамки, бу эшикларнинг биттасидан чақирилган киши нажот топади. Жаннат эшикларининг барчасидан чорланадиган киши ҳам борми?
Ҳа, сен ўшалардан бири бўлишингни умид қиламан, дедилар Набий алайҳиссалом» (Муттафақун алайҳ).

Осим ибн Замра Али каррамаллоҳу важҳаҳудан ривоят қилади: «Ҳазрати Али дўзахни эслатди. Шундай бир қўрқинч билан эслатдики, унинг даҳшатидан ҳозир қўрқинчдан бошқаси хотиримдан кўтарилди. Кейин шу оятни ўқиди: «Парвардигорларидан қўрққан зотлар эса тўп-тўп ҳолда жаннатга киритиладилар. Қачонки улар дарвозалари очилган ҳолдаги (жаннатга) келиб етганларида ва унинг қўриқчилари: «Сизларга тинчлик-омонлик бўлсин! Хуш келдингиз! Бас, унга мангу қолгувчи бўлган ҳолларингизда кирингиз» деганларида (улар беҳад шодланурлар)» (Зумар, 73-оят).

Сўнгра кейинги чашмага бориб, у билан покланадилар. Уларга неъматлар жилваси ёғилади. Бадандаги туклардан мудом хуш бўйлар таралади. Сочлар гўё атирли мой сурилгандек бир текис, тартибли. Кейин улар жаннатга етиб келадилар. Жаннат қўриқчилари уларга: «Сизларга тинчлик-омонлик бўлсин! Хуш келдингиз! Бас, унга мангу қолгувчи бўлган ҳолларингизда кирингиз» – дейишади.
Сўнг вилдон – мангу ёш болалар уларни қарши олишиб, атрофида айланишади, бамисоли, дунё болалари узоқ вақт кўрмаган яқинларини соғинч билан кутиб олиб, атрофида айланишганлари каби. Улар аҳли жаннатга: «Қувонинг, шодланинг! Қаранг, Аллоҳ таоло сизга шунчалик неъматни ато қилибди!» – дея суюнчилашади».

Ровий дейди: «Мангу ёш болалардан бири жаннат аҳли завжаларидан бўлган оҳу кўз ҳурлардан бирига: «Фалончи келди!» деб у жаннатийнинг дунёда чақирилган исмини айтади. Шунда оҳу кўз ҳур:
– Сен уни аниқ кўрдингми? – деб сўрайди.
– Ҳа, аниқ кўрдим, мана у изимдан келяпти, – дейди у. Ўшанда у ҳур севинчдан шу даражада енгиллашиб кетадики, бир зумда жаннат эшиги бўсағасида ҳозир бўлади. Жаннатий банда ўз масканига етиб, маржонлардан иборат соҳил устига қурилган қизил, сариқ, яшил каби турфа рангда товланаётган кўшкка назари тушади. Бошини кўтариб, чақмоқдан чақнаётган кўшкнинг шифтига аста қарайди. Агар Аллоҳ таолонинг тақдири бўлмаганида бу ёрқинлик унинг кўзини кўр қилган бўлар эди. Кўзини шифтдан олар экан, қошида завжаларини, булоқ бўйига қўйилган қадаҳларни, тизиб қўйилган ёстиқларни ва тўшалган гиламларни кўради. Сўнгра уларга суяниб: «...Бизларни бу (неъматларга) йўллаган Зот-Аллоҳга ҳамду сано бўлгай. Агар бизни Аллоҳ ҳидоят қилмаганида ҳаргиз йўл топа олмас эдик...» – дейди (Аъроф, 43-оят).
Кейин мунодий нидо қилади: «Мангу ҳаётсиз, ҳаргиз ўлмайсиз. Доимо бунда муқимсиз, ҳеч қачон кетмайсиз. Ҳамиша саломатсиз, ҳеч қачон хасталанмайсиз».
Расули акрам алайҳиссалом дедилар: «Қиёмат куни жаннат эшиги олдида ҳозир бўламан, унинг очилишини сўрайман. Шунда жаннат қўриқчилари:
– Ким у? – дейди.
– Муҳаммад! – дейман.
Сиздан олдин бирорта кишига эшикни очмасликка буюрилган эдим, – дейди у» (Муслим ривояти).
Жаннатдаги кўшклар, у ерда даражаларнинг фарқланиши тўғрисида ҳам фикр эт. Чунки, охират даража жиҳатидан энг юксак, афзаллиги жиҳатидан энг улуғ мезондир. Одамлар тоатларнинг зоҳирий кўринишида ва ботиний хулқда бир-биридан фарқлангани каби амалларига кўра тақдирланишда ҳам фарқланадилар. Агар юксак даражаларни кўзлаётган бўлсанг, жидду жаҳд қил, токи Оллоҳ таолога итоат қилишда ҳеч ким сендан ўзиб кетолмасин. Ахир, Оллоҳ таоло айни шу майдонда сенга мусобақа ва рақобатни буюрган-ку!
«(Эй инсонлар), Парвардигорингиз томонидан бўладиган мағфиратга ҳамда Оллоҳ ва Унинг пайғамбарларига иймон келтирган зотлар учун тайёрлаб қўйилган, кенглиги осмон ва ер кенглиги каби бўлган жаннатга шошилингиз...» (Ҳадид, 21-оят).
«У (май)нинг муҳри мушк бўлур. Бас, баҳслашгувчи – мусобақа қилгувчи кишилар (мана шундай мангу неъматга етиш йўлида) баҳслашсинлар – мусобақа қилсинлар» (Мутаффифун, 26-оят).
Ажабо! Яқинларинг ё қўшниларингдан бирортаси бойиб кетса ёки иморатини баланд қилиб кўтарса, сиқиласан, қийналасан. Ҳасад туфайли ҳаётинг аччиқ зардобга айланади. Лекин энг олий қароргоҳда, жаннатда шундай яқинларинг ёки қўшнилар борки, улар ўз фазилатлари билан аллақачон сендан ўзиб кетди. Бу фазилатларга дунё ва ундаги жамики нарсалар ҳам бас келолмайди.
Абу Саид Худрий Пайғамбар алайҳиссаломнинг шундай деганларини ривоят қилади: «Устма-уст, даражама-даража жойлашган кўшк аҳли жаннатийларга, бамисоли узоқ уфқларда мағрибу машриққа сочилиб, бир-бири билан мусобақалашаётган юлдузлардек бўлиб кўринади.
– Эй Оллоҳнинг расули, улар пайғамбарлардан ўзгаси етолмайдиган манзилми? – дея сўрашди.
– Жоним измида бўлган Зотга қасамки, у Оллоҳга иймон келтирган ва мурсалларни тасдиқлаган кишиларнинг манзилларидир» (Муттафақун алайҳ).
Расули акрам бу ҳақда яна шундай деганлар: «Жаннатдаги баланд даража эгаларини улардан қуйидагилар худди осмон уфқларида порлаган юлдузларни кўргандай кўрадилар. Абу Бакр ва Умар шулардандир...» (Термизий ривояти).
Жобир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бундай ривоят қиладилар: «Пайғамбар алайҳиссалом бизга:
Сизларга жаннат кўшкларининг хабарини берайми? – дедилар.
– Ота-онамиз Сизга фидо бўлсин, ё Аллоҳнинг расули, хабарини беринг, – дедик.
Жаннатда ҳамма томони гавҳардан бунёд қилинган кўшклар бор. Бу кўшклар шу даражада шаффофки, ташқарисидан ичи, ичидан ташқариси кўриниб туради. Кўшк ичкарисида на кўз кўрган, на қулоқ эшитган, на инсон хотирига келган бир неъмат, туганмас лаззат, адоқсиз сурур бор, – дедилар.
– Ё Аллоҳнинг расули, бу кўшклар ким учун ҳозирланган? – сўрадим.
– Шундай бир киши учунки, у саломни ёяди, таом едиради, давомли рўза тутади, тунда одамлар уйқуга ғарқ пайтда намоз ўқийди, – дедилар.
– Ё Аллоҳнинг расули, буларни ким бажара олади? – дедик.
– Умматим бу ишларни бажаришга қодир. Улар ҳақида сизларга хабар берайинми? Ким биродарига йўлиққан пайтда салом берса ё алик олса, демак у саломни ёйган бўлади. Кимки аҳли оиласини тўйгунча озиқлантирса, таом едирувчилар жумласидан бўлади. Кимки рамазон ойида ва ҳар ойнинг уч кунида рўзадор бўлса, давомли рўза тутган ҳисобланади. Кимки хуфтон ва бомдод намозини жамоат билан адо қилса, тунда одамлар яъни, яҳудийлар, насоралар ва мажусийлар уйқуда пайтда намоз ўқиган бўлади, – дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» (Абу Наим ривояти).

Аллоҳ таолонинг: «...абадий жаннатлардаги покиза масканларга киритур» (Саф, 12) ояти ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрашди. Расули акрам дедилар: «Покиза масканлар – маржонлардан бунёд қилинган қасрлардир. Ҳар бир қасрда қирмизи ёқутдан бўлган етмишта ҳовли, ҳар ҳовлида яшил зумраддан бўлган етмишта уй, ҳар уйда бир тахт, ҳар тахтда барча ранглардан уйғун етмишта тўшак, ҳар тўшакда оҳу кўзли ҳурлардан бир жуфти ҳалол бор. Ҳар уйда етмишта дастурхон, ҳар дастурхонда етмиш хил таом бор. Ҳар уйда етмишта ходима бор. Мўмин кишига ҳар куни эрталаб шундай бир қувват бериладики, кун давомида ходимларнинг барчаси билан қўшилишга қодир бўлади» (Абу Шайх ривояти).

Абу Ҳомид Ғаззолий "Иҳё улумуд дин (Сўнгги манзил зикри)" китобидан