Ҳар бир киши ўқиб юриши тавсия этиладиган дуолар;
Анас (розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг кўп ўқиб юрадиган дуолари:
«Аллоҳумма атина фид-дуня ҳасанатав вафил ахирати ҳасанатав вақина ъазабан-нар» эди.
(Маъноси: Парвардигоро, бизга бу дунёда ҳам яхшиликни ато қил, охиратда ҳам яхшиликни ато эт ва бизни дўзах азобидан асра.)
Имом Бухорий ва Муслим ривояти.
Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Аллоҳумма инний асъалука ҳуда ваттуқо вал ъафофа вал ғина», - деб айтардилар.
(Маъноси: Эй Аллоҳ, сендан ҳидоят, тақво, иффат, ва бойлик сўрайман).
Имом Муслим ривояти.
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Аллоҳумма йа мусоррифал қулуб сорриф қулубана ъала тоъатика», деб айтардилар.
(Маъноси: Эй Аллоҳ, қалбларни айлантирувчи зот, қалбимизни тоатинг томонига айлантир).
Имом Муслим ривояти.
Ойша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мана бу калималар билан дуо қилардилар: «Аллоҳумма инний аъзубика мин фитнатин нари ва аъзобаннари ва мин шаррил ғина вал фақри»
(Маъноси: Аллоҳим дўзах фитнасидан, дўзах азобидан, бойлик ва камбағалликнинг ёмонлигидан Сендан паноҳ тилайман.)
Абу Довуд Термизий, Насаий, ва Ибн Можалар саҳиҳ иснод билан ривоят қилган.
Саъд ибн Абу Ваққос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расуллуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Катта балиқнинг қорнида Раббиларига илтижо қилган Зиннуннинг (Юнус алайҳиссалом) дуолари: «Лаа илаҳа илла анта субҳанака инний кунту миназ золимин», эди. Бирор мусулмон киши мана шу калималар ила дуо қилса, ижобат этилади», - дедилар.
(Маъноси: Сендан бошқа илоҳ йўқ. Сени поклаб ёд этурман. Албатта мен золимлардан бўлдим).
Аллоҳ барчаларимизни мушкулларимизга ўзи нажот берсин. Омин.
ЎМИ матбуот хизмати
Ғам-қайғусиз ҳаётни кутиб яшаётган қизга «Сиз кутаётган кун бу дунёда ҳеч қачон келмайди», деб айтиш керак.
Аллоҳ таоло «Биз инсонни машаққатда яратдик», деган (Балад сураси, 4-оят).
Бу ҳаёт – ғам-ташвишли, азоб-уқубатли, машаққатли ҳаётдир. Мўмин одам буни жуда яхши тушунади. Бу дунёда қийналса, азоб чекса, охиратда албатта хурсанд бўлишини билади. Инсон мукаммал бахтни фақатгина охиратда топади. Шунинг учун улуғлардан бирига «Мўмин қачон роҳат топади?» деб савол беришганда, «Иккала оёғини ҳам жаннатга қўйганида», деб жавоб берган экан.
Аллоҳнинг меҳрибонлигини қарангки, охират ҳақида ўйлаб, унга тайёргарлик кўриш ҳаётни гўзал қилади, қайғуларни камайтириб, унинг салбий таъсирини енгиллатади, қалбда розилик ва қаноатни зиёда қилади, дунёда солиҳ амалларни қилишга қўшимча шижоат беради, мусибатга учраганларни бу ғам-ташвишлар, азоб-уқубатлар бир кун келиб, бу дунёда бўлсин ёки охиратда бўлсин, барибир якун топишига ишонтиради. Охират ҳақида ўйлаб, фақат солиҳ амаллар қилишга интилиш инсонни бахтли қилади.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Кимнинг ғами охират бўлса, Аллоҳ унинг қалбига қаноат солиб қўяди, уни хотиржам қилиб қўяди, дунёнинг ўзи унга хор бўлиб келаверади. Кимнинг ғами дунё бўлса, Аллоҳ унинг дардини фақирлик қилиб қўяди, паришон қилиб қўяди, ваҳоланки дунёдан унга фақат тақдир қилинган нарсагина келади».
Аллоҳ таоло фақат охират ғами билан яшайдиган (охират ҳақида кўп қайғурадиган, ҳар бир амалини охирати учун қиладиган) қизнинг қалбини дунёнинг матоҳларидан беҳожат қилиб қўяди. Қарабсизки, бу қиз ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзини бахтли ҳис қилади, ҳаётидан рози бўлиб яшайди. Хотиржамликда, осойишталикда, қаноатда яшагани учун истамаса ҳам қўлига мол-дунё кириб келаверади. Зеро, Аллоҳ таоло охират ғамида яшайдиган, шу билан бирга, ҳаётий сабабларни ҳам қилиш учун ҳаракатдан тўхтамаган кишининг ризқини кесмайди, уни неъматларига кўмиб ташлайди.
Аммо Аллоҳ таоло бор ғам-ташвиши дунё бўлган қизни фақирлар қаторида қилиб қўяди. Бундай қиз мол-дунёга кўмилиб яшаса ҳам, ўзини фақир, бечора ҳис қилаверади. Натижада дарди янгиланаверади, дардига дард қўшилаверади, фикрлари тарқоқ бўлиб, изтиробга тушади. Афсуски, шунча елиб-югургани билан фақат дунёнинг неъматларига эриша олади, охиратда насибаси бўлмайди.
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ,
Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.