Тил буюк неъмат. Унинг жисми кичик, масъулияти оғир, вазифаси улкандир. Тоат ҳамда исённниг энг юқори чўққиси бўлган имон ва куфр тил сабабли рўёбга чиқади. Инсон тойилишига ҳам кўпинча тил сабаб бўлади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кимнинг тили ва қўлидан мусулмонлар саломат бўлса, у комил мўминдир”, дедилар (Имом Муслим).
Бу ҳадисдан инсон камолотга етиши учун тил, қўл ва барча аъзолар билан озор беришдан сақланиши лозимлиги тушунилади. Бошқа аъзоларга нисбатан тил орқали ғийбат, бўҳтон, ёлғон, чақимчилик, тилёғламалик, масхара, сўкиш, беҳаё сўзлар, сирни очиш каби гуноҳлар ва озорлар кўп содир бўлади. Шуниниг учун ҳадисда тил зикр қилинган. Баъзида унинг хатаридан жим туриш билангина нажот топиш мумкин.
Манбаларда жим тура олиш инсонга берилган нажот топиш омилидир, дейилади. Инсон ҳаётида жим туриш билан дунё ва охират саодатига эришади. Бугунги кунда жамиятнинг энг кичик бўғими бўлмиш оила арзимаган бир оғиз сўз, ўрнида айтилмаган ортиқча гап, ўз вақтида тилни тиймаслик билан бузилиб кетмоқда. Натижада қанча-қанча норасида болалар тирик етим бўлиб қолмоқда. Оилада аёл бирозгина сукут сақлаши, эр эса бир мудддат ўзини босиб, жим туриши билан ҳал бўладиган муоммо сўзлаш билан аланга олмоқди. Натижа эса ҳаммага маълум. Келинг бироз жим турайлик!
Сукут сақлаш инсонга зийнат ва ҳайбатни зиёда этади ва ҳатто қўрғон вазифасини ҳам ўтайди. Баъзилар кўп эшитиб, кам гапирадиган одамни кўрсалар ”Ҳайбатли одам экан ёнларида гапиролмадим”, бошқалар эса жим турадиган болани кўрганда беихтиёр “Бу бола одобли эканми?” деганларига гувоҳ бўламиз. Софван ибн Салим (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди: “Расуллуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизларга бадан учун енгил бўлган, осон ибодатнинг айтайми? У – жим туриш ва чиройли хулқдир” дедилар” (Имом Абу Дунё).
Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Жим туриш ҳикматдир. Жим турувчилар эса жуда камдир”, дедилар” (Имом Байҳақий).
Бошқа бир ҳадисда: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким жим турса нажот топади”, дедилар”(Имом Термизий).
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳаётлари давомида сукут сақлашни биз умматларга таълим бердилар. Жобир ибн Самура (розияллоҳу анҳу): “Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) узоқ вақт жим турардилар”, деб ривоят қилади. Абу Молик Ашжаъий отаси (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади: “Биз Набий (алайҳиссалом)ни атрофларида ўтирганимизда узоқ жим турганларини кўрардик. Саҳоба (розияллоҳу анҳум)лар кўп гапириб юборсалар табассум қилардилар”.
Уламолар айтади: “Тинглаш вақтида жим туриш фазилат, синов келганида жим туриш сабрдир, дейилган”. Бишр ибн Ҳорис Ҳофий айтади: “Сўзловчи жим турувчидан кўра тақволи бўлолмайди. Ўз ўрнида сўзлаб, ўз ўрнида сукут қилган олимгина ундан афзал бўлиши мумкин”. Саҳл ибн Абдуллоҳ “Аллоҳ таолони танувчилар илмли бўлсалар ҳам жим турадилар ва изн билан гапирадилар. Шунинг учун уларда лағв бўлмайди”, дейди. Донишмандлар: “Инсон сўзлашни ўрганишига икки йил кифоя қилса, жим туришни ўрганишига эллик йил керак бўлади” дейди.
Жамият аъзолари жим туриш-сукут сақлаш билан зийнатланса оилалар мустаҳкам, фуқаролар хулқ-одобда намуна бўладилар. Бу эса ўз навбатида жамиятни тараққиётнинг юқори чўққисига одимлашига сабаб бўлади.
Баҳриддин Жўрабек ўғли
Бир ўтириб, яшаб ўтган шунча йиллик ҳаётимизда бошдан кечирган ғам-ғуссаларимиз ҳақида фикр юритиб кўрсак, қайғулар икки хил эканини кўрамиз:
Биринчиси – ўша пайтда кўзимизга катта кўриниб, ҳатто йиғлашимизга сабаб бўлган қайғуларимиз. Лекин вақт ўтиши билан улар аслида оддий нарса экани, йиғлашга арзимаслиги маълум бўлади. Баъзан ўша кунларни эслаганимизда кулгимиз келиб, «Шу арзимас нарса учун ҳам сиқилиб, йиғлаб юрган эканманми? У пайтларда анча ёш бўлган эканмиз-да», деб қўямиз.
Иккинчиси – ҳақиқатдан ҳам катта мусибатлар. Баъзилари ҳаётимизни зир титратган. Бу қайғулар ҳам ўтиб кетади, лекин ўчмайдиган из қолдириб кетади. Бу излар узоқ йилларгача қалбга оғриқ бериб тураверади. Бу қайғулар баъзан тўхтаб, баъзан ҳаракатга келиб, янгиланиб турадиган вулқонга ўхшайди. Бундай ғам-қайғуларнинг яхши тарафи шундаки, улар ҳаётда ҳам, охиратда ҳам яхшиликларнинг кўпайишига сабаб бўлади. Улар қалбимизда ўчмас из қолдирса, ҳар эслаганда кўзларимизда ёш қалқиса, энг асосийси – ўшанда дуога қўл очиб, сабр билан туриб бера олсак, кўп-кўп яхшиликларга, ажр-савобларга эга бўламиз. Ғам-қайғу янгиланиши билан яхшиликлар ҳам янгиланиб бораверади.
Ғам-қайғусиз ҳаётни кутиб яшаётган қизга «Сиз кутаётган кун бу дунёда ҳеч қачон келмайди», деб айтиш керак.
Аллоҳ таоло «Биз инсонни машаққатда яратдик», деган (Балад сураси, 4-оят).
Бу ҳаёт – ғам-ташвишли, азоб-уқубатли, машаққатли ҳаётдир. Мўмин одам буни жуда яхши тушунади. Бу дунёда қийналса, азоб чекса, охиратда албатта хурсанд бўлишини билади. Инсон мукаммал бахтни фақатгина охиратда топади. Шунинг учун улуғлардан бирига «Мўмин қачон роҳат топади?» деб савол беришганда, «Иккала оёғини ҳам жаннатга қўйганида», деб жавоб берган экан.
Аллоҳнинг меҳрибонлигини қарангки, охират ҳақида ўйлаб, унга тайёргарлик кўриш ҳаётни гўзал қилади, қайғуларни камайтириб, унинг салбий таъсирини енгиллатади, қалбда розилик ва қаноатни зиёда қилади, дунёда солиҳ амалларни қилишга қўшимча шижоат беради, мусибатга учраганларни бу ғам-ташвишлар, азоб-уқубатлар бир кун келиб, бу дунёда бўлсин ёки охиратда бўлсин, барибир якун топишига ишонтиради. Охират ҳақида ўйлаб, фақат солиҳ амаллар қилишга интилиш инсонни бахтли қилади.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Кимнинг ғами охират бўлса, Аллоҳ унинг қалбига қаноат солиб қўяди, уни хотиржам қилиб қўяди, дунёнинг ўзи унга хор бўлиб келаверади. Кимнинг ғами дунё бўлса, Аллоҳ унинг дардини фақирлик қилиб қўяди, паришон қилиб қўяди, ваҳоланки дунёдан унга фақат тақдир қилинган нарсагина келади».
Аллоҳ таоло фақат охират ғами билан яшайдиган (охират ҳақида кўп қайғурадиган, ҳар бир амалини охирати учун қиладиган) қизнинг қалбини дунёнинг матоҳларидан беҳожат қилиб қўяди. Қарабсизки, бу қиз ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзини бахтли ҳис қилади, ҳаётидан рози бўлиб яшайди. Хотиржамликда, осойишталикда, қаноатда яшагани учун истамаса ҳам қўлига мол-дунё кириб келаверади. Зеро, Аллоҳ таоло охират ғамида яшайдиган, шу билан бирга, ҳаётий сабабларни ҳам қилиш учун ҳаракатдан тўхтамаган кишининг ризқини кесмайди, уни неъматларига кўмиб ташлайди.
Аммо Аллоҳ таоло бор ғам-ташвиши дунё бўлган қизни фақирлар қаторида қилиб қўяди. Бундай қиз мол-дунёга кўмилиб яшаса ҳам, ўзини фақир, бечора ҳис қилаверади. Натижада дарди янгиланаверади, дардига дард қўшилаверади, фикрлари тарқоқ бўлиб, изтиробга тушади. Афсуски, шунча елиб-югургани билан фақат дунёнинг неъматларига эриша олади, охиратда насибаси бўлмайди.
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ,
Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.