Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Бандаларнинг Аллоҳга бўлган имон-ишончи, Унга бўлган таваккули ва ўзаро бир-бирларига бўлган мурувват ва эҳсонлари қай даражада эканлигини синаш учун Аллоҳ таоло баъзида мана шундай қийинчиликларни юбориб туриши Ҳақ таолонинг суннатидир. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:
وَلَنَبْلُوَنَّكُمْ حَتَّى نَعْلَمَ الْمُجَاهِدِينَ مِنْكُمْ وَالصَّابِرِينَ وَنَبْلُوَ أَخْبَارَكُمْ
яъни: “Албатта, Биз, то сизларнинг орангиздаги жидду-жаҳд қилувчи ва сабр қилувчиларни билгунимизча ҳамда сизларнинг хабарларингизни синаб бўлгунимизча, сизларни имтиҳон қилурмиз” (Муҳаммад сураси, 31-оят).
Шундай экан, мусулмон киши Аллоҳнинг иродаси билан келган синов пайтида шундай одоб ва ахлоқ меъёрларига эга бўлиш лозимки, у билан ўз ибодатини, ахлоқини ва инсонийлигини муҳофаза қилиб, синовдан ўтиб олиши даркор. Қуйида ана шу ахлоқ намуналарини санаб ўтамиз:
Биринчи: Ахборот тарқатишдан аввал уни рост эканлигига ишонч ҳосил қилиш, тасдиқланмаган, миш-мишлардан иборат бўлган ахборотларни тарқатишдан сақланиш. Дарҳақиқат, Қуръони карим асоссиз хабарларни тарқатишни қоралаган. Гарчи, бу каби ишлар айрим инсонлар наздида арзимас саналсада, Аллоҳнинг наздида энг катта гуноҳлардан эканини баён қилган. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
إِذْ تَلَقَّوْنَهُ بِأَلْسِنَتِكُمْ وَتَقُولُونَ بِأَفْوَاهِكُمْ مَا لَيْسَ لَكُمْ بِهِ عِلْمٌ وَتَحْسَبُونَهُ هَيِّنًا وَهُوَ عِنْدَ اللَّهِ عَظِيمٌ
яъни: “Ўшанда сизлар уни тилдан тилга кўчириб, оғизларингиз билан ўзларингиз аниқ билмаган нарсани сўзлар ва буни енгил санар эдингиз. Ҳолбуки, у Аллоҳ наздида улкан гуноҳдир” (Нур сураси, 15-оят).
Иккинчи: Инсонлар орасида сокинлик ва хотиржамлик кайфиятини ёйиш, уларни қўрқувга солиш, ваҳима қўзғашдан сақланиш. Чунки Пайғамбаримиз алайҳиссалом:
لَا يَحِلُّ لِمُسْلِمٍ أَنْ يُرَوِّعَ مُسْلِمًا (أخرجه أبو داود)
яъни: “Мусулмон кишига бошқа мусулмонни қўрқитиши, ваҳимага солиши ҳалол эмас”, – деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).
Учинчи: Мусибат етган вақтда Аллоҳ таолога нисбатан одобни сақлаган ҳолда Унга итоат этиш, чин дилдан илтижо қилиш, Унга қалбан ёлвориб дуо қилиш, мана шундай бало ва қийинчилик вақтларида саййидимиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киромларнинг Аллоҳ таолодан зорланиб ёрдам сўраганларини эсга олиб, уларнинг тутган йўлларига эргашиш.
Тўртинчи: Ҳар доим ҳам одамлар орасида ўзаро ҳамжиҳатлик, бир-бирига ёрдам бериш ижтимоий ҳамда шаръий бурч ва мажбуриятлардан ҳисобланади. Хусусан, қийин пайтларда бунга риоя қилиш вожиб саналади. Батаҳқиқ, Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу ишга буюриб шундай деганлар:
عن أبي سعيد الخدري قال بينما نحن في سفر مع النبي صلى الله عليه وسلم إذ جاء رجل على راحلة له قال فجعل يصرف بصره يمينا وشمالا فقال رسول الله صلى الله عليه وسلم مَنْ كَانَ مَعَهُ فَضْلُ ظَهرٍ فَلْيَعُدْ بِهِ عَلىٰ مَنْ لا ظَهْرَ لَهُ، وَمَن كانَ لَهُ فَضْلٌ مِن زَادٍ فَلْيَعُدْ بِهِ عَلَىٰ مَن لا زَادَ لَهُ، فَذَكَرَ مِن أَصْنَافِ المَالِ مَا ذَكَرَ حَتَّى رَأَيْنَا أَنَّهُ لا حَقَّ لأحدٍ مِنَّا في فَضْلٍ (أخرجه مسلم).
яъни: Абу Саъид ал-Худрий р.а. ривоят қилиб айтадилар: Биз Пайғамбар с.а.в. билан бирга сафарда эдик, шу пайт бир киши уловига миниб келди ва ўнг ва чап томонга аланглаб қарай бошлади. Шунда Расулуллоҳ с.а.в.: “Кимни ортиқча улови бўлса, уни улови йўққа берсин, кимни ортиқча озиқ-овқати бўлса, озиқ-овқати йўққа берсин, дедилар. Шу орада қандай мол турлари бўлса санаб ўтдилар, ҳатто биз “ўзимиздаги ортиқча нарсада бирортамизнинг ҳаққимиз йўқ экан-да”, – деб ўйлаб қолдик” (Имом Муслим ривояти).
Бешинчи: Ўзгаларга илиниш, ўзгаларни ўзидан устун қўйиш каби энг гўзал хулқ билан зийнатланиш, аксинча, қийинчилик вақтида фақат ўз фойдасини ўйлаб бирламчи зарурий маҳсулотларни керагидан ортиқ миқдорда сотиб олиш, уларни сақлаб қўйиш каби иллатлардан узоқда бўлиш. Бундай ҳатти-ҳаракатлар алалоқибат нархларнинг сунъий тарзда кўтарилиб кетишига ва камбағалларни зарурий эҳтиёжларини қондиришдан маҳрум бўлишларига олиб келади. Ҳолбуки, ҳабибимиз Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашъарий қабиласини танг аҳволларда ўзаро раҳм-шавқат, ўзгани ўзидан устун қўйиш каби сифатларини барчага мақтаб шундай деганлар:
إنَّ الأشْعَرِيِّينَ إذا أرْمَلُوا في الغَزْوِ، أوْ قَلَّ طَعامُ عِيالِهِمْ بالمَدِينَةِ، جَمَعُوا ما كانَ عِنْدَهُمْ في ثَوْبٍ واحِدٍ، ثُمَّ اقْتَسَمُوهُ بيْنَهُمْ في إناءٍ واحِدٍ، بالسَّوِيَّةِ، فَهُمْ مِنِّي وأنا منهمْ (أخرجه مُسلم).
яъни: “Ашъарийлар ғазотда озиқ-овқат танқислигига учрасалар ёки Мадинада оилаларининг егулиги озайиб қолса, ўзларидаги бор нарсаларини бир матога тўплаб, кейин уни ўрталарида бир идишда баб-баробар тақсимлашади. Шундай экан, улар мендан ва мен уларданман” (Имом Муслим ривояти).
Олтинчи: Ушбу синовли кунларда намозларни уйда жамоат бўлиб ўқиш, дуо қилиш, нафл рўза тутиш, Қуръони карим тиловати билан машғул бўлиш, тунлари қоим бўлиб ибодат қилиш орқали Аллоҳ таолога яқин бўлишга интилиш. Шояд, шулар нажот берса!
Еттинчи: Касалликка чалиниб дард чекаётган кишиларнинг дардига малҳам бўлишга, оғриғини ҳис қилишга ҳаракат қилиш. Зинҳор, бу дардга чалинган кимсага нисбатан таҳқир ва масхара назари билан боқмаслик. Ваҳолангки, бу мусибат бутун умматнинг бошига келган ва ундан ҳеч ким омонда эмас. Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мўмин инсон қандай бўлишини баён қилиб шундай деганлар:
مَثَلُ الْمُؤْمِنِينَ فِي تَوَادِّهِمْ وَتَرَاحُمِهِمْ وَتَعَاطُفِهِمْ مَثَلُ الْجَسَدِ؛ إِذَا اشْتَكَىٰ مِنْهُ عُضْوٌ تَدَاعَىٰ لَهُ سَائِرُ الْجَسَدِ بِالسَّهَرِ وَالْحُمَّىٰ (مُتفق عليه).
яъни: “Мўминлар ўзаро раҳму шафқатда, меҳру муҳаббатда бир жасад кабидирлар, агар унинг бир аъзоси оғриб қолса, қолган бутун жасад бедорлик ва иситма билан оғриққа жавоб беради” (Муттафақун алайҳ).
Саккизинчи: Мусибат етган пайтда нафсни тергаб, уни ҳисоб-китоб қилиш. Мусибатлар – бу, охиратни эсга солувчи воситадир. Тавбага шошилиш, истиғфорни кўп айтиш, ибодат ва итоатга ўтиш, гуноҳ ва маъсиятлардан батамом тийилиш балодан нажот топиш йўлидир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:
وَمَا كَانَ اللهُ مُعَذِّبَهُمۡ وَهُمۡ يَسۡتَغۡفِرُونَ (سورة الأنفال: 33)
яъни: “Модомики, улар истиғфор айтар эканлар, Аллоҳ уларни азабловчимас” (Анфол сураси, 33-оят).
Тўқизинчи: Саломатликни асраш, вирусдан ҳимояланиш бўйича соҳа мутахассислари, тиббиёт олимлари ва масъуллар томонидан берилаётган кўрсатма ва тавсияларга қатъий амал қилиш. Чунки, ўзининг ва бошқаларнинг ҳаётини сақлаб қолишда ҳар бир инсоннинг ўз ўрни бор. Ибни Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам:
السَّمْعُ وَالطَّاعَةُ عَلَىٰ الْمَرْءِ الْمُسْلِمِ فِيمَا أَحَبَّ وَكَرِهَ، مَا لَمْ يُؤْمَرْ بِمَعْصِيَةٍ، فَإِذَا أُمِرَ بِمَعْصِيَةٍ، فَلَا سَمْعَ وَلَا طَاعَةَ (متفق عليه).
яъни: “Модомики мусулмон киши гуноҳ ва маъсиятга буюрилмас экан яхши кўрган нарсасида ҳам, ёмон кўрган нарсасида ҳам (иш бошиларга) қулоқ солиши ва итоат қилиши вожибдир. Қачонки, гуноҳ ва маъсиятга буюрилса, қулоқ солинмайди ва итоат қилинмайди” (Муттафақун алайҳ).
Ўнинчи: Мусулмон киши мусибат келган вақтда маънавий ибодатлар бўлмиш сабр, ишонч, яхши ният ва Аллоҳ таолога ҳақиқий таваккул қилиш кабиларни жонлантириш билан бирга, ўзини ва ўзгаларни вирус балосига дучор бўлишдан асрайдиган моддий сабабларга риоя қилиши лозим.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
раисининг биринчи ўринбосари
Ҳомиджон Ишматбеков
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг барча сифатлари ҳам камолот сифатларига дахлдор эканига шубҳа бўлиши мумкин эмас. У кишининг буюк ҳаётларини диққат билан ўрганган уламолар Оиша онамиз розияллоҳу анҳода бошқаларда бўлмаган қирқта комилалик сифатлари бор эканини таъкидлайдилар. Ана шунинг учун ҳам бу ҳақда бир-икки оғиз сўз айтмоқни раво кўрдик.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг камолот сифатлари ҳақида сўз юритар эканмиз, бу сифатлар рўйхатининг бошида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган ҳадиси шарифлар туришини айтиб ўтмоғимиз лозим. У зот Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ҳақларида ажойиб мадҳларни айтганлар.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Оиша! Мана бу Жаброил, у сенга салом айтмоқда», дедилар.
«Ва алайҳиссалому ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу! Эй Аллоҳнинг Расули, сиз мен кўрмаган нарсани кўрасиз», дедим».
Жаброил алайҳиссалом бу дунёда пайғамбарлардан бошқа кимга салом айтганлар?
Жаброил алайҳиссалом бу дунёда пайғамбарлардан бошқа биргина инсонга – Оиша онамиз розияллоҳу анҳога салом айтганлар.
Мана шу улуғ мақомнинг ўзи бир оламга татийди.
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эркаклардан кўпчилик баркамол бўлдилар. Аёллардан Марям Имрон қизи ва Фиръавннинг аёли Осиёдан бошқаси баркамол бўлмади.
Оишанинг бошқа аёллардан устунлиги сарийднинг бошқа таомлардан устунлигига ўхшайдир», дедилар».
Иккисини Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилганлар.
Ушбу ҳадиси шарифда аслида аёлларнинг, хусусан, Марям онамиз, Осиё онамиз ва Оиша онамизнинг бошқа аёллардан устун бўлган фазллари ҳақида сўз боради.
«Эркаклардан кўпчилик баркамол бўлдилар».
Эркаклардан баркамол бўлганлар рўйхатининг аввалида Пайғамбар алайҳиссаломлар турадилар. Улардан бошқа баркамол эркаклар ҳам бор. Бу ҳақиқат ҳаммага маълум.
«Аёллардан Марям Имрон қизи ва Фиръавннинг аёли Осиёдан бошқаси баркамол бўлмади».
Бу икки улуғ зотнинг баркамол бўлганликлари Қуръони каримда уларнинг биргаликда, хос зикр қилинишларидан ҳам билиб олинади.
Аллоҳ таоло «Таҳрим» сурасида:
«Аллоҳ иймон келтирганларга Фиръавннинг хотинини мисол қилиб келтирди. Ўшанда у: «Роббим! Менга Ўз ҳузурингда, жаннатда бир уй бино қилгин. Менга Фиръавндан ва унинг ишидан нажот бергин ва менга золим қавмдан нажот бергин», деб айтди», деган (11-оят).
Фиръавннинг хотини ўша пайтдаги энг катта подшоҳнинг аёли эди. Емак-киймакда тўкин эди. Нимани хоҳласа, шуни қилиши мумкин эди. Қасрларда, турли неъматлар ичида фароғатда яшашига қарамасдан, у кофир ва золим эрига ҳамда қавмига қарши чиқди. Аллоҳга иймон келтирди. Аллоҳдан жаннатда уй қуриб беришини сўради. Бу ҳол эса дунё ҳою ҳавасидан устун келишнинг олий мисолидир.
Мўминларнинг иккинчи мисоли Марям бинти Имрондир.
«Ва фаржини пок сақлаган Имрон қизи Марямни (мисол келтирди). Бас, унга Ўз руҳимиздан пуфладик ва У Роббининг сўзларини ҳамда китобларини тасдиқ қилди ва итоаткорлардан бўлди» (12-оят).
Имроннинг қизи Марям Аллоҳга соф эътиқодда бўлганлар ва ўзларини ҳам соф тутганлар. Яҳудийлар туҳмат қилганларидек, нопок бўлмаганлар. Аллоҳ таоло Жаброил фаришта орқали ана шу пок жасадга ўз руҳидан «пуф» дейиши билан Ийсо алайҳиссаломни ато қилган.
«Оишанинг бошқа аёллардан устунлиги сарийднинг бошқа таомлардан устунлигига ўхшайдир».
Энди Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳаралари – Оиша онамизнинг фазллари ҳақида сўз кетмоқда. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг бошқа аёллардан фазлларини сарийд деб номланадиган таомнинг ўша вақтдаги бошқа таомлардан устунлигига ўхшатмоқдалар.
Ўша пайтда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киромлар яшаб турган жамиятнинг шароити ва таомилига кўра, сарийд бошқа таомлардан афзал таом ҳисобланар эди.
Худди шунга ўхшаб, Оиша онамиз ҳам бошқа аёллардан афзал эдилар.
Бу дунёда ким ушбу мақомга сазовор бўлибди?!
Ушбу мақомга бу дунёда фақат Оиша онамиз розияллоҳу анҳо сазовор бўлдилар.
Термизий ва Бухорий Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Зотус-Салосил аскарига бошлиқ қилдилар. Қайтиб келганда:
«Эй Аллоҳнинг Расули, одамларнинг қайсиниси сиз учун энг маҳбубдир?» дедим.
«Оиша», дедилар.
«Эркаклардан-чи?» дедим.
«Унинг отаси», дедилар.
«Сўнгра ким?» дедим.
«Сўнгра Умар», дедилар ва бир неча одамларни санадилар. Бас, мени охирларида қилиб қўймасинлар, деб, сукут сақладим».
Аллоҳнинг Расули учун одамларнинг қайсиниси энг маҳбуб экан?
Аллоҳнинг Расули учун одамлар ичида Оиша онамиз розияллоҳу анҳо энг маҳбуб эканлар.
Бу дунёда ким ушбу мақомга сазовор бўлибди?
Ушбу мақомга бу дунёда Оиша онамиз розияллоҳу анҳо сазовор бўлибдилар.
Имом Абу Яъло «Муснад»ларида Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар:
«Менга ҳеч бир аёлга берилмаган тўққиз нарса берилган:
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга уйланишга амр қилинганларида Жаброил алайҳиссалом суратимни олиб тушиб, у зотга кўрсатган.
– У зот менга бокира ҳолимда уйланганлар. Мендан бошқага бокира ҳолида уйланмаганлар.
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлари менинг қучоғимда турган ҳолда вафот этдилар.
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг уйимда дафн қилиндилар.
– Фаришталар менинг уйимни ўраб олган эдилар. У зотга мен у кишининг кўрпаларида турганимда ваҳий нозил бўлар эди. У зот мени ўзларидан узоқлаштирмас эдилар.
– Мен у зотнинг халифалари ва сиддиқларининг қизиман.
– Менинг оқловим осмондан нозил бўлган.
– Мен покнинг ҳузурида пок яратилганман.
– Менга мағфират ва карамли ризқ ваъда қилинган».
Имом Қуртубий ўз тафсирларида Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг камолот сифатлари ҳақида сўз юритар эканлар, жумладан, қуйидагиларни айтганлар:
«Баъзи аҳли таҳқиқлар айтурлар:
«Юсуф алайҳиссалом фаҳш ишда туҳмат қилинганида Аллоҳ у кишини бешикдаги гўдакнинг тили билан оқлади.
Марям фоҳишаликда туҳмат қилинганида Аллоҳ у кишини ўғиллари Ийсо алайҳиссаломнинг тили билан оқлади.
Оиша фаҳш ишда туҳмат қилинганида Аллоҳ у кишини Қуръон билан оқлади. Аллоҳ у киши учун гўдакнинг оқлашини ёки набийнинг оқлашини раво кўрмади. Аллоҳ у кишини туҳматдан Ўз каломи ила оқлади».
Аллоҳ таоло бу дунёда кимни туҳматдан Ўз каломи ила оқлабди?
Аллоҳ таоло бу дунёда фақат Оиша онамиз розияллоҳу анҳони туҳматдан Ўз каломи ила оқлаган.
"Нубувват хонадони хонимлари" китобидан.