Халқимиз доимо хурсандчилик билан нишонлайдиган байрамларидан бири – Қурбон ҳайитидир. Байрам кунлари халқимизга хос бўлган саховат ва мурувватдек олийжаноб фазилатлар янада бўй чўзади. Одамлар ўртасида меҳр-оқибат, яхшилик, сила раҳм кучаяди. Аждодлардан ўтиб келаётган бир қатор диний ва миллий қадриятларимиз, шубҳасиз, ана шу байрам кунлари инсонлар ҳаётида намоён бўлади.
Бу йил Қурбон ҳайити коронавирус пандемияси даврига тўғри келгани ушбу байрам шукуҳига таъсир кўрсатмади, аксинча, одамларимиз ўз уйларида, оила-аъзолари билан байрамни нишонладилар. Эзгу дуолар қилинди. Ёшу катталар маърифий суҳбатлар қилиб, ушбу байрамнинг аҳамияти, ҳаётимизда тутган ўрни ҳақида тушунчалар бердилар.
Муҳтарам Президентимизнинг Фармонлари асосида коронавирус пандемиясига қарши кураш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва саломатлигини сақлашда фидоийлик кўрсатаётган ходимларга бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш учун 100 млрд сўм ажратилиши, Табрикка асосан, кўмакка муҳтож аҳоли қатламини қўллаб-қувватлаш мақсадида аввал ажратилган 10 трлн. Сўм маблағга қўшимча равишда республика бюджетидан яна қарийб 2.5 трлн. Сўм маблағ йўналтирилгани жуда катта хурсандчилик бўлди.
Албатта, бугун ҳукуматимиз томонидан ушбу касалликни енгиш бўйича барча ишлар олиб борилмоқда. Ушбу касалликни бартараф этиш бўйича жалб қилинган ҳар бир инсон эътибор ва эҳтиромда.
Муборак Қурбон ҳайити кунларида ҳаммамиз неъматларга шукр қилиб, сабр-қаноат билан Яратгандан юртимизга тинчлик, осойишталик сўрасак, касалликка қарши курашда биринчи сафда туриб хизмат қилаётган шифокорларни ҳақига кўпроқ дуо қилсак, Аллоҳ қабул қилади, иншоаллоҳ.
Шамсуддин БАУАТДИНОВ,
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси
Аёли вафот этганидан кейин эри жуда маюс бўлиб қолди. Бир куни унинг яқин дўсти уни койиди:
– Ҳалиям уйланмадингми?
– Йўқ, – деди у.
– Нега, наҳотки бошқа аёллар ичида сенга ёқадигани бўлмаса?
– Раҳматли аёлимга ўхшагани топилмаса керак...
– Қўйсанг-чи, аёлларнинг бари бир-бирига ўхшайди-ку!..
– Мен зоҳирини айтмаяпман. Ички оламини, ботинини айтяпман.
Йигит ҳайрон бўлиб қараб турган дўстига ҳаётида бўлган биргина воқеани гапириб берди:
“Бир куни аёлим жаҳлимни чиқарди. Қаттиқ уришдим ва уни ота уйига ҳайдадим. Жимгина кетди. Орадан бир неча кун ўтгач, қилган ишимдан пушаймон бўлдим. Аслида айб ўзимдан ўтганини англадим. Минг андиша билан қайнотамникига бордим. Эшик олдида бироз туриб қолдим. Сўнг эшикни тақиллатдим. Аёлим очди ва мени ҳайратда қолдириб, худди орамизда ҳеч гап ўтмагандай, баланд овозда:
– Ассалому алайкум дадажониси, сафарингиз яхши ўтдими? – дея табассум билан кўзини қисиб қўйди. Унга бир нималар демоқчи бўлган эдим, у мени қаттиқ бағрига босиб, бундай деди:
– Гапирманг, ота-онамга сизни “сафарга кетдилар”, дедим...
Ана шундай фаҳмли, оқила эди аёлим. Шунинг учун ҳам унга ҳеч бирини ўхшатолмай, уйланолмай юрибман, дўстим”.
Ҳа, азизлар! Аллоҳ таоло эркакни аёл учун, аёлни эркак учун неъмат қилиб берган. Тўғри, баъзилар бир-бирларининг камчиликларидан шикоят қилиб қолишади. Аммо ҳеч ким бенуқсон эмас. Мукаммал аёлни ҳам, эркакни ҳам ахтарманг бу дунёда. Ҳикояда келганидек, баъзида эр учун бир жуфти ҳалол бутун дунёдаги аёллардан афзал бўлиши мумкин. Шундай экан, аҳли аёлимизни қадрлайлик. Зеро, у ҳам кимнингдир фарзанди, болаларимизнинг онаси. Энг муҳими, Аллоҳнинг бизга берган омонатидир.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ