Аввало, юртимиздаги барча мўмин-мусулмонларни, бутун халқимизни меҳр-оқибат, эзгулик ва саховат айёми — муборак
Қурбон ҳайити билан чин қалбимдан самимий қутлайман.
Бу қутлуғ айёмда ҳаммамиз, аввало, шундай файзли ва барокатли кунларга етказгани учун Аллоҳ таолога чексиз шукроналар айтамиз. Оила, маҳалла ва жамият аҳлига меҳр ва эътибор кўрсатиш, кўмакка муҳтож, эҳтиёжманд кишиларга беғараз ёрдам бериш, яхшилик, сабру қаноат каби эзгу фазилатларни ўзида мужассам этган бу байрамнинг маъно-мазмуни бугунги кунда юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларга ғоят уйғун ва ҳамоҳангдир. Айни чоғларда бутун инсоният ҳаётига таҳдид солаётган коронавирус касаллиги тезроқ аришини, беморларга комил шифо беришини Ҳақ таолодан сўраймиз.
Таъкидлаш жоизки, Қурбон ҳайити буюк байрам ва қувончли воқеадир. Ушбу байрам ҳижрий зулҳижжа ойининг 10-куни нишонланади. Бу ойда имкон қадар нафл ибодатларни кўпайтириш Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш билан бўлади. Хусусан, зулҳижжа ойининг аввалги ўн куни ашри зулҳижжа дейилади, ушбу 10 кунда қилинадиган савобли амаллар ажри жуда ҳам улуғ. Имом Бухорий ва Имом Муслимдан келтирилган ҳадиси шарифда Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен Аллоҳнинг наздида зулҳижжанинг аввалги 10 кунида қилинган солиҳ амалларга бериладиган савобли амалларни топмадим”, дедилар”.
Шу билан бирга, мана шу 10 кун ичида арафа куни — эртага ҳайит деган кун рўзаси ҳақида Расули акрам алайҳиссолату вассаламдан машҳур ҳадис бор: “Арафа куннинг рўзаси бир йил аввалги ва бир йил кейинги гуноҳига каффорот бўлади, деб умид қиламан”.
Яъни бу муборак 10 кунда қилинадиган солиҳ амаллар ажри Аллоҳ ҳузурида янада кўпроқ бўлади. Демак, мўмин-мусулмонлар кўпроқ хайрли ишларни қилишса, кўпроқ савобга эга бўлишади, инша Аллоҳ.
Ушбу муборак байрамда қилинадиган амали солиҳларнинг энг афзали — зулҳижжа ойининг 10-кунидан бошлаб, учинчи кун қуёш ботгунга қадар, яъни 3 кун ичида мусулмон, оқил, балоғат ёшига етган, муқим ва закот беришга қодир бўлган кишиларга бир жонлик сўйиш вожиб ҳисобланади.
Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қурбонлик кунини байрам қилишга амр қилиндим. Уни Аллоҳ бу уммат учун хос қилгандир”, дедилар. Демак, қурбонлик кунини байрам қилишни Парвардигори олам Пайғамбар алайҳиcсаломга амр қилган. Аллоҳ таоло фақатгина биз умматларга бу Қурбон ҳайитини ўзига хос байрам қилиб берган.
Имом Нисобурий айтадиларки, Аллоҳ таолонинг ушбу ўн кечага қасам ичиши бу кунларнинг нечоғли шарафли ва улуғ эканига далолат қилади ва унда дунёвий ва ухровий манфаатлар борлигини билдиради.
Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ учун ибодат қилишга зулҳижжанинг ўн кунидан севимлироқ кунлар йўқ. Унинг ҳар кунлик рўзаси бир йиллик рўзага, ҳар тундаги ибодат Лайлатул қадрдаги ибодатга тенгдир”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
Одатда ҳайит кунида ҳамма бир-бирини улуғ кун билан самимий муборакбод этади. Таъкидлаш керакки, бу йил Қурбон ҳайитини карантин талабларига мувофиқ, уй шароитида, оила даврасида, ҳашаматсиз ва камтарона, тартибли нишонлаймиз. Биринчи ўринда бизларни дунёга келишимизга сабабчи бўлган ота-оналаримизни, улардан кейин қариндош-уруғларимизни, ёру биродарларимизни телефон орқали йўқлаймиз. Уларнинг кўнглини сўраш ва кўтаришга ҳаракат қиламиз. Бу кун барчага қувонч улашиладиган кундир.
Зеро, улуғ алломаларимиз: “Ҳайит кунлари шодликни изҳор қилиш диннинг шиорларидандир”, деганлар. Исломнинг шиори бўлган Қурбон ҳайити кунларида қувончимизни, саховатимизни ҳар қачонгидан кўра кўпроқ намоён қилишимиз лозим.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадиси шарифда марҳамат қилиб: “Қурбонлик қилиш чиройли амаллардандир. У бандани дунёда балолардан ва охиратда офатлардан ҳимоя қилади”, деганлар.
Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким қурбонликка жонлиқ олиш учун бозорга борса, Аллоҳ таоло ҳар бир қадамига ўнта савоб ато этади ва ўнта гуноҳини кечиради ва мартабасини ўн даража кўтаради. Жонлиқни савдо қилаётганда айтган сўзларини тасбеҳ ўрнида қабул қилади. У учун берган ҳар бир дирҳамига етти юз дирҳамнинг савобини беради. Қурбонликнинг ҳар қатра қонидан ўнта фаришта яратади ва улар қиёматгача унинг учун истиғфор айтадилар. Қурбонлик гўштининг ҳар луқмаси учун Исмоил алайҳиссалом фарзандларидан бир қулни озод қилганлик савобини беради”, деганлар.
Қурбонлик ибодат бўлиши билан бирга унинг ижтимоий аҳамияти ҳам беқиёс. Қурбон ҳайити —хайр-эҳсон, саховат, меҳр-мурувват байрами. Унда қилинадиган қурбонликлар эса жамиятда кишилар ўртасида инсоний фазилатларни ривож топишида хизмат қилувчи восита. Чунки қурбонлик гўштидан ва таомидан эҳсон қилишимиз қалбларимизни юмшатиб, меҳр-муҳаббат ришталарини мустаҳкамлайди.
Таъкидлаш жоизки, бугунги коронавирус касаллиги кенг тарқалган дамларда сабр қилиб, сукут сақлаш мўминларга ҳам қонуний, ҳам ибодат тавсияси бўлади. Бу синовли кунларга сабр ва шукр қилишимиз Аллоҳнинг раҳматига ноил бўлади.
Муҳтарам Президентимизнинг “Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Унда Қурбон ҳайитини карантин талабларига қатъий риоя қилган ҳолда ўтказишга алоҳида урғу қаратилди. Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолар кенгашининг Қурбон ҳайитини коронавирус пандемияси даврида карантин талабларига мувофиқ ўтказиш тўғрисидаги баёноти ҳам тарқатилди.
Бугунги вазиятни инобатга олган ҳолда шаръий кўрсатмалар ва фиқҳий қоидалар асосида мўмин-мусулмонлар Қурбон ҳайитининг карантин талабларига мувофиқ, уй шароитида, оила даврасида, ҳашаматсиз ва камтарона, тартибли ўтказишлари алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, Қурбон ҳайити байрамини оиламиз бағрида ўтказиш, сабрли бўлиш, дуою илтижоларни кўпайтириш, яхши кунларга умид билан яшаш лозим. Қурбон ҳайити меҳр-оқибат, эзгулик, бировларга яхшиликни соғиниш айёми экани, бугунги карантин даврида бизнинг яхшилигимиз кексалар, беморлар хонадонларига бориб уларнинг ҳолидан хабар олиш эмас, аксинча, бормасдан телефон орқали ҳол-аҳвол сўрашдир. Ҳайит кунларида ўз аҳли оиламизни хурсанд қилиш, фарзандларимизни келажакда илмли, маърифатли, зиёли қилиб тайёрлаш, карантин даврида фарзандлар тарбияси билан кўпроқ машғул бўлишга урғу қаратишимиз керак.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолар кенгашининг Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисидаги баёнотида айтилганидек, шариат инсонга зарар етиш эҳтимоли кучайган пайтда ибодатларни енгил тарзда бажаришга рухсат беради ёки бутунлай зиммадан соқит қилади. Ҳайит намози вожиб амал бўлгани боис бугунгидай узрли ҳолатларда ҳайит намозини адо этиш соқит бўлади.
Ислом дини манбаларида Қурбон ҳайити намози вожиб амал экани баён этилган. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан жума намози вожиб бўлган кишиларга ҳайит намози вожиб экани нақл қилинган. Жума намози Қуръон, суннат, ижмо каби қатъий далиллар билан собит бўлган фарз амалдир. Модомики муайян узрлар билан фарз бўлган жума намозини вақтинча тўхтатиб туриш тўғрисида уламолар фатвоси қабул қилинган экан, вожиб амал бўлган ҳайит намозини ўқимаслик ҳам ўз-ўзидан маълум бўлади. Баён этилганлардан келиб чиқиб, 2020 йилги Қурбон ҳайити (Ийдул адҳо) намозини пандемия даврида жамоат бўлиб ўқиш имконияти мавжуд эмаслиги мўмин-мусулмонларнинг зиммасидан ушбу ибодатни соқит қилади.
Ҳанафий мазҳабининг мўътабар манбаларида келишича, ҳайит намози Зуҳо (чошгоҳ) намозининг ўрнига қўйилган. Қачонки, ҳайит намози бирор узр сабабли ўқилмай қолса, икки ёки тўрт ракат нафл намоз ўқиш мустаҳаб бўлади. Тўрт ракат ўқиган афзал.
Ҳозирги халқимиз бошига оғир иш тушган бир паллада муҳтарам Президентимиз бошчилигида ҳукумат аъзоларидан тортиб вилоят раҳбарлари ва мутасадди ташкилот вакилларигача, айниқса, соғлиқни сақлаш ходимлари, юксак масъулиятни ҳис этган ҳолда кунни тунга улаб, ўз жонларини хатарга қўйиб, коронавирус хасталигини жиловлаш бўйича жиддий кураш олиб бормоқдалар.
Мазкур ўрнатилган тартиб-қоидалар ва чекловлар барчаси аҳолимиз саломатлигини асраб-авайлаш учун қилинмоқда. Буни теран ақл билан тўғри тушунишимиз керак. Халқимиз ҳаётини сақлаш йўлида амалга оширилаётган барча чора-тадбирларни қўллаб-қувватлашимиз лозим бўлади. Ҳар биримиз ўзимиз, оиламиз, фарзандларимизнинг соғлиғи ва тақдири учун, аввало, ўзимиз масъул эканимизни чуқур англашимиз лозим.
Аллоҳ таоло бандаларига етган азиятлар сабабли уларнинг даражаларини кўтаришни хоҳлайди. Бу ҳақда Ҳазрати Пайғамбар алайҳиссалом бир нечта ҳадисларида марҳамат қилганлар: “Мўмин кишига бирор тикан кирса ёки ундан каттароқ мусибат етса, албатта, Аллоҳ ана шу сабабли унинг даражаларини кўтаради ёки унинг хатоларини ўчиради (Имом Муслим ривояти).
Бошқа бир ҳадиси шарифда Ҳазрати Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтадилар:
“Мўмин кишининг ишлари ажойиб. Унинг барча ишлари яхшиликдир. Бундай имконият ҳаммага эмас, фақат мўмин-мусулмонларгадир. Агар унга кенгчилик етса, шукр қилади ва бу унга яхши (савоб) бўлади. Агар унга қийинчилик етса, сабр қилади ва бу ҳам унга яхшиликдир (Имом Муслим ривояти).
Таниқли уламолардан Ризоуддин ибн Фахруддиннинг бундай сўзлари бор: “Одам боласи қайғу, ҳасрат кўрмай умр кечириши мумкин эмас. Турмуш ва ҳаёт тиканли чангалзор устидан юришдан, машаққат тўлқинлари билан курашиб сузишдан иборат. Ақлли киши шу машаққатлардан қўрқмаслиги, келажакдаги роҳатларга умид боғлаб, ушбу машаққатлардан енгилмаслиги, кўнглини чўктирмаслиги зарур. Ҳар оғирлик ортидан бир енгиллик келишини Яратганнинг ўзи ваъда қилиб қўйган. Оқил киши, албатта, шу ваъдани хотирлаб, кўнглини хотиржам қилади, ўзига тасалли беради”.
Ҳазрати Али (карамаллоҳу важҳаҳу): “Сабр қоқилмас уловдир, қаноат қайрилмас қиличдир”, деганлар.
Демакки, бу ўрнатилган тартиб-қоидаларни тўғри тушунган ҳолда амал қилиб, бошга келган синовларни сабр-қаноат ила, ёруғ кунларга умид билан енгиб ўтиш лозим бўлади.
Сиз азизларни Ислом динининг эзгу ғояларини яққол ифода этувчи байрам — Қурбон ҳайити билан чин қалбдан муборакбод этаман! Сизларга оилавий бахту саодат, сиҳат-саломатлик, дину дунё ишларингизда муваффақиятлар тилайман! Аллоҳ бутун дунёга офият берсин! Келаси шу ой шу кунларга соғ-саломат, тинчлик-осудаликда етиб боришимизни насиб айласин!
Яна бир бор барчангизга Қурбон ҳайити муборак бўлсин!
Усмонхон АЛИМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий
- 56وَتُعْطَى الْكُتْبُ بَعْضًا نَحْوَ يُمْنَى وَبَعْضًا نَحْوَ ظَهْرٍ وَالشِّمَالِ
Маънолар таржимаси: Номаи аъмоллар баъзиларга ўнг томондан берилади, баъзиларга орқа ва чап томондан (берилади).
Назмий баёни:
Айримларга номалар келар ўнг қўлдан
Баъзиларга берилар орқа ва сўлдан.
Луғатлар изоҳи:
تُعْطَى – икки мафъулли феъл.
الْكُتْبُ – ноиб фоил, биринчи мафъул. كُتْبُ калимаси كِتَابٌ нинг кўплиги бўлиб, аслида, كُتُبٌ дир. Бу ерда назм заруратига кўра كُتْبُ қилиб келтирилган.
بَعْضًا – иккинчи мафъул.
نَحْوَ – наҳв калимасининг бир қанча маънолари бўлиб, бу ерда “томон” маъносида келган. Зарфликка кўра насб бўлиб турибди. Қуйидаги байтларда نَحْو калимасининг беш хил маъноси баён қилинган: 1. “қасд”; 2. “жиҳат”; 3. “миқдор”; 4. “мисл”; 5. “қисм”.
نَحَوْنَا نَحْوَ دَارِكَ يَا حَبِيبِي
لَقِينَا نَحْوَ أَلْفٍ مِنْ رَقِيبِ
وَجَدْنَاهُمْ جِيَاعاً نَحْوَ كَلْبٍ
تَمَنَّوْا مِنْكَ نَحْوًا مِنْ شَرِيبِ
Эй дўстим, йўл олдик ҳовлинга томон,
Йўлиқдик минг қадар рақибга ҳамон.
Уларнинг ит мисол очлигин билдик,
Бирор қисм ютиминг кутишар ҳар он.
يُمْنَى – “ўнг” маъносида бўлиб, тараф ва аъзога нисбатан ишлатилади.
وَبَعْضًا – олдин ўтган بَعْضًا га атф қилинган.
ظَهْر – орқа тараф маъносини билдиради. Масалан, ظَهْرُ الاِنْسَان деганда инсон елкаси ортидан белигача бўлган қисми тушунилади.
الشِّمَالِ – чап тараф маъносини англатади.
Матн шарҳи:
Қиёмат кунида ҳамма маҳшар майдонига тўпланади. Барчага бу дунёда қилган ишлари ёзиб қўйилган китоб – номаи аъмол тарқатилади. Ушбу номаи аъмоллар инсонларнинг ҳаётлари давомида қилган барча ҳатти-ҳаракатлари давомида ёзилган бўлади. Бу ҳақида Қуръони каримда шундай хабар берилган:
“Ҳолбуки, сизларнинг устингизда (барча сўзингиз ва ишингизни) ёдлаб турувчи (фаришталар) бор. (Улар номаи аъмолга) ёзувчи улуғ зотлардир. (Улар) сиз қилаётган ишларни билурлар”[1].
Яъни инсонларнинг қилаётган амалларини кузатиб, ёзиб турувчи фаришталар бор. Улар Аллоҳ таоло ҳузурида энг ҳурматли фаришталар бўлиб, инсонларнинг талаффуз қилган барча сўзларини ва қилган барча амалларини ёзиб турадилар. Қуртубий ушбу оят ҳақида: “Устиларингизда кузатиб турувчи фаришталар бордир” маъносини англатади, – деган. Ушбу ҳурматли фаришталар инсонлар тарафидан содир бўлган барча яхшию ёмон ишларни билиб турадилар ҳамда қиёмат кунида қилмишларига яраша жазо ё мукофот олишлари учун номаи аъмолларига ёзиб турадилар.
Қиёмат кунида фаришталар барча инсонларни бир жойга тўплаганларидан сўнг ҳар бири билан алоҳида ҳисоб-китоб бошланади. Ҳисоб-китобдан олдин уларга бу дунёда қилган барча ишлари ёзиб қўйилган номаи аъмоллари берилади. Ашаддий кофирларга номаи аъмоллари орқа томондан берилади ва улар уни чап қўллари билан оладилар. Баъзи кофирларга чап томондан берилади.
Тақводор мўминларга ўнг томондан берилади. Тавба қилишга улгурмасдан ўлган фосиқ мўминга номаи аъмоли қайси тарафдан берилиши ҳақида уламолар икки хил қарашда бўлганлар:
– Ўнг тарафдан берилади;
– Бу ҳақида гапирмасликни афзал кўришган.
Ўнг тарафдан берилади, деганлар ҳам қачон берилиши ҳақида ўзаро икки хил гапни айтганлар:
1. Дўзахга киришидан олдин берилади ва бу унинг дўзахда абадий қолмаслиги аломати бўлади;
2. Дўзахдан чиққандан кейин берилади.
Номаи аъмоллари ўнг тарафларидан берилганлар осонгина ҳисоб китобдан сўнг жаннатдаги аҳллари олдига хурсанд ҳолда қайтадилар:
“Бас, кимнинг номаи аъмоли (қиёмат куни) ўнг томонидан берилса, бас, у осон ҳисоб билан ҳисоб-китоб қилинажак ва (жанннатга тушган) ўз аҳли (оиласи)га шоду хуррам ҳолда қайтажак”[2].
Сўфи Оллоҳёр бобомиз ушбу масала тўғрисида қандай эътиқодда бўлиш лозимлиги ҳақида бундай ёзган:
Билур гарчи жамиъи ҳолимизни,
Юборур номайи аъмолимизни.
* * *
Юборса номани раҳмат йўлидин,
Келур нома у қулни ўнг қўлидин.
* * *
Қизил юзлик бўлуб ул ҳам сарафроз
Суюнганидин қилур ул банда овоз.
* * *
Ўқунг номамни эй турғон халойиқ
Келубдур нома ихлосимға лойиқ.
Яъни Аллоҳ таолога барча ҳолатларимиз маълум бўлса-да, амалларимиз ёзилган саҳифаларни юборади. У зотнинг буйруқларини бажариб, раҳматига сазовор бўлганларга амаллари ёзилган саҳифаларни ўнг тарафидан юборади.
Бундай бахтли инсонлар китоблари ўнг томондан берилиши биланоқ ўзларининг абадий бахт-саодатга эришганларини биладилар ва мислсиз хурсандчиликдан қувонч кўз-ёшлари билан энтикишиб:“Мана, менинг китобимни ўқиб кўринглар! Албатта, мен ҳисоб-китобимга йўлиқишимга ишонардим”, – дейдилар:
“Бас, ўз китоби (номаи аъмоли) ўнг томонидан берилган киши айтур: “Мана, менинг китобимни ўқингиз! Дарҳақиқат, мен ҳисоботимга рўбарў бўлишимни билар эдим”, – дер”[3].
Аммо кимки Аллоҳга иймон келтирмай, Унинг буйруқларини бажармасдан ўзига берилган фурсатни фақат айшу ишратда яшашга эришиш, гўё дунё лаззатларининг охиригача етиш йўлида сарф қилиб юборган бўлса, унга китоби орқа тарафидан берилади. Китоби орқа тарафидан берилганлар қизиб турган дўзахга кирадилар:
“Аммо кимнинг номаи аъмоли орқа томонидан берилса, бас, (ўзига) ўлим тилаб қолажак ва дўзахда куяжак”[4].
Баъзиларга китоби чап тарафидан берилади. Бундай кимсалар китоби чап тарафдан берилганнинг ўзидаёқ шарманда бўлганларини биладилар. Олдиндаги даҳшатли азоб-уқубатларни ҳис этганларидан титраб-қақшаб: “Вой шўрим, кошки менга китобим берилмаса эди”, – деб қоладилар.
“Энди, китоби чап томонидан берилган кимса эса дер: “Эҳ, қанийди, менга китобим берилмаса ва ҳисоб-китобим қандай бўлишини билмасам! Эҳ, қанийди, ўша (биринчи ўлимим ҳамма ишни) якунловчи бўлса! Менга мол-мулким ҳам асқотмади. Салтанатим ҳам ҳалок бўлиб мендан кетди”[5].
Хулоса қилиб айтганда, барчанинг қилган қилмишлари ва ҳолатлари маълум бўлса-да, Аллоҳ таоло уларга номаи аъмолларининг ҳам берилишини ирода қилган. Ушбу номаи аъмолларнинг қандай берилишининг ўзидаёқ яхши амал қилганларни тақдирлаш кўриниши бор.
Кейинги мавзу:
Амалларнинг ўлчаниши ва сирот ҳақидаги эътиқодимиз