Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.
Узоқ йиллик тажрибалардан маълумки, юқумли касалликлар кенг тарқалган даврда энг мақбул чора карантин тартибларини жорий қилиш бўлган. Бундан асосий мақсад эса, одамлар ҳаётини сақлаш ва вабо кенг тарқалишини жиловлашдир. Шундай воқеалар Ислом тарихида ҳам, юртимиз ўтмишида кўп кузатилган. Бугунги карантин сабабли ўрнатилган тартиб-қоидалар кишиларга бироз мушкул келсада, аслида бу билан оммавий фалокатнинг олди олинади, инша Аллоҳ.
Хабарингиз бор, коронавирус пандемияси даврида бутун дунё давлатлари каби юртимизда ҳам касаллик кенг авж олиши муносабати билан карантин чекловлари кучайтирилди. Шунингдек, касаллик занжирини узиш мақсадида, шанба ва якшанба каби дам олиш кунлари фуқароларга “ўзини ўзи яккалаш” каби қатъий чекловлар жорий этилди. Жумладан, Махсус комиссия қарори билан бу йилги Қурбон ҳайитининг биринчи куни 31 июль жума, шанба ва якшанба, яъни кетма-кет уч кун мана шундай карантин мезонлари ўрнатилиб, бир қатор ҳаракатлар, хусусан, транспорт воситалари ҳаракати чекланди.
Аҳолимиз ҳаётини сақлаш ва саломатлигини асраш йўлида ўрнатилган шундай тартибларни онгли равишда тушунган ҳолда қурбонлик қилишни ният қилган кишилар жонлиқ харид қилиш, сўйдириш, сақлаш ва уни тарқатиш чора-тадбирларини аввалдан кўриб қўйишлари зарур бўлади.
Шуни унутмаслик керакки, қурбонлик қилишдан мақсад Аллоҳ йўлида қон оқизиб, тақвоимизни намоён қилишдир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган: “Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етиб бормас. Лекин у Зотга сизлардан тақво етар... Эзгу иш қилувчиларга хушхабар беринг!” (“Ҳаж” сураси, 37-оят).
Демак, қурбонлик қилувчи киши жонлиқ сўйиши билан ўзининг Аллоҳга бўлган тақвосини намоён қилар экан, бу ишни чиройли одоб, ихлос ва эътиқод билан қилиши, бу йўлдаги қийинчиликларга бардош бериши керак бўлади.
Ҳозирги кунда баъзи кишилар “Қурбонлик сўйиш кунлари карантин кучайтирилган кунларга тўғри келиб қолди. Мен қурбонлик қилишга қийналаман. Гўштини қандай тарқатаман, бир қанча фақирлар мени қурбонлик гўштимга қараб турмоқда”, деган сўзлар билан чиқиб, мутасаддиларга турли маломатлар, ҳақоратлар ва нолойиқ сўзлар қилмоқдалар. Аслида улуғ ибодат қилишга ҳозирланган мўмин киши мазкур ибодатни юксак одоб билан вазминлик ила адо этиши талаб этилади. Бундай хатти-ҳаракатлар ибодат савобининг камайишига олиб келади.
Азизлар, ибодатнинг асосий шарти бўлмаган масалалар билан одамлар фикри ҳаёлини чалғитиш, ушбу ибодатнинг чиройли адо этилишига монеълик қиладиган, нуқсонли бўлишига сабаб бўладиган турли гап-сўзларни тарқатишдан сақланайлик. Айниқса, лаънат айтиш мўмин кишига ярашмайдиган одат бўлиши билан бирга, хатарли томони шундаки, лаънат ноўрин айтилган бўлса, айтган кишига қайтади. Шунга кўра, уларга айтилган лаънатлар катта эҳтимол билан айтувчининг ўзига қайтади.
Энг муҳими жонлиқ сўйилиши билан қурбонлик адо бўлади, уни қилган киши вожибнинг уддасидан чиққан бўлади. Қурбонлик гўштини тарқатиш эса мустаҳаб амал бўлиб, унинг масаласи биз ўйлагандан ҳам кўра кенгроқдир. Яъни, гўштни ҳаммасини тарқатиш ҳам, кейинроқ улашиш ҳам, ҳаммасини олиб қолиш ҳам жоиз, тарқатган киши савоб олади, тарқатмаган киши гуноҳкор бўлмайди.
Бунинг устига қурбонлик гўштларини бир икки кун сақлаб туриб ёки учинчи куни, яъни якшанба куни сўйиб, душанба эрталабдан тарқатиш ҳам мумкин. Шунингдек, қурбонлик қилиш бўйича онлайн хизмат кўрсатувларга буюртма қилиш ёки вакил орқали ҳам сўйдириш жоиздир. Хуллас, қурбонлик қиламан, деган киши учун жиддий мушкуллик йўқ.
Тўғри тушуниш керакки, ҳозир дунёни барча бурчакларида аҳвол шундай. Бундай пайтда барчамиздан озгина сабр-тоқат, муроса ва ақл билан иш тутиш талаб қилинади, холос. Ҳеч қандай маломат қилишга ўрин йўқ. Бу қийинчилик кунлар Аллоҳ таолонинг барчамизга синови, шундай кунларда бир ёқадан бош чиқариб, бир-биримизни қўллаб туришимиз керак.
Қайд этиш керакки, Ўзбекистонда карантин чекловларининг ўртача йўли танланган. Барча озиқ-овқат дўконлари ва дорихоналар узлуксиз ишламоқда. Кундалик эҳтиёж товарлари тақчиллиги ва нарх-навонинг асоссиз ўсишининг олдини олиш чоралари кўрилмоқда.
Эслатиб ўтамизки, одамлар эҳтиёжманд дўст-биродарлари ёки камхарж қариндош-уруғларига ҳайит кунлари хурсандчилик улашишни истасалар, арафа кунларда ўз хайрияларини улашишлари ва қурбонлик гўштларини агар бундай кишилар сал узоқроқда бўлишса, ҳайитнинг тўртинчи куни етказишни тавсия этамиз.
Ҳозир, зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунлигида турибмиз. Бу кунларда қилинган хайру эҳсонларнинг савоби ҳам улкан бўлишидан хабаримиз бор. Ҳар ким ўз атрофидаги муҳтожларга ёрдам берса, уларнинг ҳам кўнглига сурур киради, ҳайит хурсандчилигини ҳис қилишади. Бу ҳақда Абу Зарр Ғифорий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан энг афзал садақа ҳақида сўрашди. Шунда Ул зот: “Муҳтожга махфий қилинганидир”, – дедилар ва қуйидаги оятни ўқидилар: “Садақаларингизни ошкора берсангиз, қандоқ ҳам яхши. Агар камбағалларга пинҳона берсангиз, ўзингиз учун янада яхшироқдир ва (У) гуноҳларингиздан ўтар. Аллоҳ қилаётган (барча) ишларингиздан хабардордир”(Бақара сураси, 271 - оят) (Имом Аҳмад ривоятлари).
Шундай экан, бундай синовли кунларда ҳар биримиз бор имкониятимизни ишга солиб ҳаракат қилсак, барча савобли ишларни мукаммал ва чиройли ҳолатда бажариш насиб этади, инша Аллоҳ.
Аллоҳ таоло ҳар биримизни тўғри йўлда собитқадам қилсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати
Cавол: Рамазон рўзасини қасддан бузган киши каффорат тўлар экан. Шу ҳақда маълумот берсангиз?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Рўзадор қасддан яъни, рўза тутгани эсида бўла туриб овқат еса, сув ичса ёки жинсий алоқа қилса, рўзаси бузилади. Бу ҳолатда ҳам қазо, яъни, бузган рўзасини тутиши, ҳам каффорат вожиб бўлади.
Рўзанинг каффорати қуйидагилардан иборат:
Бир қул озод қилиш.
Агар бунга қодир бўлмаса кетма-кет икки ой рўза тутиш.
Бунда бир кун қазосидан ташқари икки ой ҳисобланади. Ҳозирги кунда қулдорлик йўқлиги сабабли қул озод қилишга қодир бўлмаслик табиийдир. Ушбу отмиш кун кетма-кет тутиладиган рўза шариатда рўза тутиш мумкин бўлмаган кунлар яъни, Рамазон ва Қурбон ҳайити кунлари ва Қурбон ҳайити кунидан кейин уч кун, жами беш кунга тўғри келиб қолмаслиги керак.
Бунга ҳам имконияти бўлмаса, олтмишта фақир кишига фидя миқдорича таом беради ёки таомнинг қийматини беради. Бир фақир кишига олтмиш кун таом берса ҳам бўлади. Аммо бир фақирга отмиш кунлик таомни бир кунда берса жоиз бўлмайди.
Каффорат ҳақида фиқҳий манбаларимизда шундай дейилган: "Ким икки жинсий йўлнинг бирига қасддан яқинлик қилса, озуқа ёки даво бўладиган нарсани еса ёҳуд ичса унинг зиммасига қазо ва каффорот лозим бўлади. Унда аввало бир қул озод қилади. Тополмаса икки ой кетма-кет рўза тутиб беради. Унга ҳам қодир бўлмаса, олтмиш мискинни тўйдиради" (“Раддул муҳтор”).
Зиммасига каффорат лозим бўлган киши рўза тутишга қодир бўла туриб, таомлантириш йўли билан каффоратни адо қилмоқчи бўлса, каффорат адо бўлмайди. Чунки тартиб бузилган бўлади.
Каффорат рўзасини тутаётган аёл орада ҳайз кўриб қолса, каффоратни қайтадан бошламайди, балки узри кетгач давом эттиради. Нифос қонини кўрса, каффоратни қайтадан бошлайди. Чунки, нифос қони бу масалада узр ҳисобланмайди (“Раддул муҳтор”).
Каффорат рўзасини тутаётган киши олтмиш кун ичида бирор кунни қолдирса каффорат бузилади ва рўза тутишни бошидан бошлайди.
Рамазоннинг қазоси ва каффоратини тутаётган киши субҳи содиқ кирмасидан аввал мана шу рўзаларни тутишни ният қилишлари шарт. Агар ният қилолмай субҳи содиқдан кейин ният қилса, нияти эътиборли бўлмайди. Шунинг учун саҳарликка туролмай қолишидан қўрққан киши қуёш ботганидан кейин эртанги куннинг қазо ёки каффорат рўзасини тутишни ният қилдим, деса кифоя қилади (“Фатавои Ҳиндия”).
Рамазон рўзасидан бошқа рўзаларни бузишда каффорат йўқ. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.