Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Июн, 2025   |   18 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:49
Пешин
12:28
Аср
17:39
Шом
20:01
Хуфтон
21:39
Bismillah
14 Июн, 2025, 18 Зулҳижжа, 1446

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисидаги БАЁНОТИ

25.07.2020   6821   7 min.

 

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Ўз ҳузурида энг улуғ кунларни бизга байрам қилиб берган

Аллоҳ таолога ҳамду саноларимиз бўлсин!

Ҳазрати Расули муҳтарамга салом ва салавотларимиз бўлсин!

 

Азиз юртдошлар, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши номидан Сиз азизларни меҳр-оқибат, эзгулик ва саховат айёми бўлган Қурбон ҳайити билан самимий муборакбод этамиз.

Маълумки, бутун дунё бўйлаб, жумладан, юртимизда ҳам коронавирус касаллиги авж олмоқда. Ҳозир инсоният оғир синовли даврни бошидан кечирмоқда. Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини ҳар томонлама ҳимоя қилиш учун барча чоралар кўрилмоқда. Лекин, бутун жаҳонда бўлгани каби юртимизда ҳам пандемия билан боғлиқ вазият кескинлигича қолмоқда.

Баъзи мусулмон ва қўшни давлатларда коронавирус инфекцияси тарқалиши билан боғлиқ ҳолат кескинлиги сабабли уламолар томонидан Қурбон ҳайити намозини жамоат бўлиб ўқишнинг иложи йўқлиги ҳақида фатволар эълон қилинди.

Ислом дини манбаларида Қурбон ҳайити намози вожиб амал экани баён этилган. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан жума намози вожиб бўлган кишиларга ҳайит намози вожиб экани нақл қилинган. Жума намози Қуръон, суннат, ижмо каби қатъий далиллар билан собит бўлган фарз амалдир. Модомики муайян узрлар билан фарз бўлган жума намозини вақтинча тўхтатиб туриш тўғрисида уламолар фатвоси қабул қилинган экан, вожиб амал бўлган ҳайит намозини ўқимаслик ҳам ўз-ўзидан маълум бўлади.

Баён этилганлардан келиб чиқиб, 2020 йилги Қурбон ҳайити (Ийдул адҳо) намозини пандемия даврида жамоат бўлиб ўқиш имконияти мавжуд эмаслиги, мўмин-мусулмонларнинг зиммасидан ушбу ибодатни соқит қилади.

Уламолар Кенгашининг коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича фатвосида қайд этилганидек, эпидемиологик вазиятни инобатга олган ҳолдаги хулосалари айни Қурбон ҳайити намозига ҳам тегишлидир.

Бундай вазиятда оят, ҳадис ва шаръий қоидаларда кўрсатилган тавсияларга амал қилишга буюрилади. Шариат инсонга зарар етиш эҳтимоли кучайган пайтда ибодатларни енгил тарзда бажаришга рухсат беради ёки бутунлай зиммадан соқит қилади. Ийд намози вожиб амал бўлгани боис бугунгидай узрли ҳолатларда ҳайит намозини адо этиш соқит бўлади.

Мавжуд вазият тақозосидан келиб чиқиб, Ийдул адҳа намози адо қилинмаса ҳам Қурбон ҳайити кунлари савобли амаллар бисёр эканини маълум қиламиз. Қурбон ҳайити зулҳижжа ойининг 10-кунига тўғри келиши эътиборидан ушбу ой ва унинг биринчи ўн кунлиги фазилати жуда улуғ экани мўътабар манбаларда баён этилган.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Фажр” сурасида: “Тонга қасам. (Зулҳижжа ойидаги аввалги) ўн кечага қасам.  Жуфт ва тоққа қасам”, деб марҳамат қилган.

“Жуфтга қасам”даги “жуфт”дан мурод, зулҳижжа ойининг ўнинчи куни, “тоқ”дан мурод эса тўққизинчи кунидир. Имом Нисобурий айтадилар: “Аллоҳ таолонинг ушбу ўн кечага қасам ичиши, бу кунларнинг нечоғлик шарафли ва улуғ кунлар эканига далолат қилади ва унда дунёвий ва ухровиий манфаатлар борлигини кўрсатади.

Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Арафа кунининг рўзаси ундан олдинги бир йил ва ундан кейинги бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлишини Аллоҳдан умид қиламан”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Коронавирус пандемияси сабаб карантин ҳолатида ҳайит намози ўқилмаётгани учун қурбонликни тонг отгандан бошлаб қилиш жоиз бўлади. Юртдошларимиз ҳайит куни бомдод намозини ўқиганларидан сўнг, қуёш чиққандан кейин 4 ракат Зуҳо намозини ўқиб, кейин қурбонлик қилсалар, янаям савобли бўлади. Қурбонлик қилиш ҳайитнинг 3-кунига қадар давом этади.

Мавжуд вазият тақозосидан келиб чиқиб, Қурбон ҳайити намози адо қилинмаса ҳам байрам кайфиятини сақлаб қолиш учун Ҳанафий мазҳабининг мўътабар фиқҳий манбаларидан бири бўлмиш “Мажмаъул анҳур” китобида шундай дейилади:

اعْلَمْ أَنَّ صَلَاةَ الْعِيدِ قَائِمَةٌ مَقَامَ الضُّحَى فَإِذَا فَاتَتْ بِعُذْرٍ يُسْتَحَبُّ

أَنْ يُصَلِّيَ رَكْعَتَيْنِ أَوْ أَرْبَعًا وَهُوَ أَفْضَلُ

яъни: “Маълум бўлсинки, ҳайит намози Зуҳо (чошгоҳ) намозининг ўрнига қўйилган. Қачонки, ҳайит намози бирор узр сабабли ўқилмай қолса, икки ёки тўрт ракат нафл намоз ўқиш мустаҳаб бўлади. Тўрт ракат ўқиган афзал”.

Шундай экан, Қурбон ҳайити кунларида савоб ишларни кўпайтириш, такбири ташриқ айтиш, нафл ибодат қилиш, покланиш, чиройли кийимлар кийиш, хушбўйланиш, қурбонлик қилиш, яқинларига ҳадялар улашиш айни савобли ишлардан бўлади.

Баён этилган шаръий далил ва ҳужжатлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши карантин шароитида Қурбон ҳайитини нишонлаш бўйича қуйидаги тавсияларини эълон қилади:

  1. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши Ислом дини манбалари, Республика махсус комиссияси хулосалари ва тиббиёт мутахассислари тавсияларига таянган ҳолда 2020 йилги пандемия шароитида Қурбон ҳайити – Ийдул адҳа намозини ўқиш мўмин-мусулмонларнинг зиммасидан соқит бўлишини маълум қилади.
  2. Қурбон ҳайити куни мўмин-мусулмонларга ўз хонадонларида қуёш терак бўйи кўтарилгандан кейин тўрт ракатли нафл намози ўқишлари тавсия этилади.
  3. Қурбон ҳайити куни имкони бор юртдошларимиз бомдод намозини ўқиб, кейин қурбонлик қилишлари тавсия этилади. Қурбонлик гўшти учга тақсимланиб, бир қисми – яқин қариндошларга, яна бир қисми – камбағал ва муҳтожларга тарқатиш, қолганини – оила аҳлига олиб қолиш мустаҳабдир. Ҳаммасини фақирларга берса ёки оилада кўпчилик бўлса, уйда қолдирса ҳам бўлади.
  4. Бу йилги Қурбон ҳайити карантин шароитида нишонланаётгани инобатга олиб, одамлар жамланишига сабаб бўладиган урф-одатларни ташкил этмаслик, уйма-уй юриб, турли хил азахонликлар, маърака-маросимларни ўтказмаслик ва қабристонлар зиёратидан сақланишни сўраймиз. Хонадонда, оила-аъзолари билан бирга Қуръони карим оятларидан тиловат қилиб, ўтганларимиз руҳи покларига бахшида этишни тавсия этамиз.
  5. Имом-хатиблар томонидан бугунги пандемия шароитидан келиб чиқиб, Қурбон ҳайити хонадонларимизга қувонч, юртимизга файзу барака кириши, бир-биримизга бўлган меҳр-оқибатимизни янада зиёда бўлишига сабаб экани тўғрисидаги тарғибот ишлари амалга оширилсин.

Азиз юртдошлар, Аллоҳнинг раҳмати ва баракоти ёғилиб турган ушбу кунларда, қалбимиз юмшаб, ихлосимиз ортиб турган лаҳзаларда дуо қилайлик. Халқимизни, жонажон Ватанимизни офату кулфатлардан, балою қазолардан Ўзи сақлаб, ҳаётимизни бундан-да фаровон қилсин.

Сиз азиз юртдошларимиздан белгиланган карантин қоидаларига қатъий амал қилишингизни, ўзингиз ва яқинларингизни эҳтиёт қилишингизни сўраб қоламиз.

Вассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва баракотуҳу.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Уламолар Кенгаши,

2020 йил 25 июль 

Бошқа мақолалар

Жамоат намозини ўтказиб юборганнинг таъзияси

13.06.2025   3530   2 min.
Жамоат намозини ўтказиб юборганнинг таъзияси

Ўтган солиҳ зотлар жамоат билан намоз ўқиёлмай қолсалар, бир-бирларига таъзия изҳор қилишар экан. Шундай зотлардан бири Ҳотамул Асом айтади: “Мен жамоатга улгурмай қолдим, шунда менга Абу Исҳоқ Бухорийнинг бир ўзи таъзия билдирди. Агарда ўғлим ўлиб қолса минглаб одамлар таъзия изҳор қилишади. Бунинг сабаби одамлар наздида дин мусибати дунё мусибатларидан кўра арзимас саналганидандир”.

Бугунги кунда орамизда қанчалаб одамлар жамоат намозларини ўтказиб юборадилар, жиддий эътибор қаратмайдилар. Баъзида иш, ғам-ташвишларнинг кўплигини баҳона қиламиз, тўғрими?! Яна кўплар туни билан ухламасдан, бомдод намозига яқин ухлаб қолишлари ҳам бор гап.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Зимис­тонда масжидлар сари одим ташловчиларга қиёмат кунидаги тамомий нурнинг хушхабарини беринглар”[1] деганларини наҳот эшитмагансиз?!

Шайтон сизнинг устингиздан ғалабага эришиб, намозда хотиржамлигингизни кетказишига имкон берманг!

Омир ибн Абдуллоҳ ўлим тўшагида ётганларида азон овозини эшитиб: “Мени қўлимдан тутинглар”, дедилар. Омир ибн Абдуллоҳга “Ахир сиз бетобсиз-ку”, дейишганида: “Аллоҳнинг чақириғини эшитиб туриб, унга риоя қилмайманми”, дедилар. Кейин  у кишини қўлидан ушлаб турғизишди. Масжидда имом билан шом намозининг бир ракатини ўқидилар ва жон таслим қилдилар.

Яна бир мисол: Суфён ибн Уяйна азон айтилишидан илгари намозга боришга иштиёқманд бўлганлар ва доим: “Намозга азон айтилмагунича масжидга келиб турмайдиган ёмон қул бўлма. Чунки ёмон қул чақирмагунингча келмайди”, дер эдилар.

Оиша розияллоҳу анҳо онамиз айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан суҳбатлашиб ўтирардик, у зот ҳам биз билан гаплашиб ўтирардилар. Борди-ю, намоз вақти кириб қолса, бир-биримизни танимагандай бўлиб олардик”[2].

Шукрки, орамизда масжидда биринчи сафга жойлашиш учун ғайрат қилувчилар кўпайиб бормоқда. Набий алайҳиссалом: “Агарда одамлар азонда ва биринчи сафда нималар борлигини билишса эди, унга эришиш учун қуръа ташлашдан бошқа чора бўлмаса, албатта, қуръа ташлаган бўлардилар”, деганлар.

 Саид ибн Мусайяб айтади: “Мен эллик йилдан бери бирор марта биринчи такбирни ўтказиб юбормаганман. Эллик йилдан буён намозда бирорта кишининг бошининг орқасига қараган эмасман”.

 

Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.


[1]  Имом Термизий ва Имом  Абу Довуд ривояти.
[2]  Мурсал ҳадис. Ироқийнинг “Иҳё”га ёзган тахрижига қаранг (1, 205).