Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
08 Июл, 2025   |   13 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:15
Қуёш
04:58
Пешин
12:33
Аср
17:41
Шом
20:02
Хуфтон
21:37
Bismillah
08 Июл, 2025, 13 Муҳаррам, 1447

Даврий нашрларга обуна бошланди

28.09.2023   1606   7 min.
Даврий нашрларга обуна бошланди

“Обуна – 2024

Хайрли, савоб ишларнинг тури кўп. Ҳар бирининг ихлос ва самимиятга қараб ажри бор, савоби бор. Илло, маърифат улашишнинг, мўмин-мусулмонларнинг хонадонларига зиё олиб киришнинг савоби жуда катта.

Таҳлилларга кўра, бир дона босма нашрни бир кишидан ўн кишигача мутолаа қилар экан. Мисол учун, биргина “Ҳидоят” журнали бугунги кунда 86 минг нусхада чоп этилаётган бўлса, демак, уни 860 минг киши ўқийди дегани. Бу яхши, албатта. Бироқ аҳолисининг 95 фоиздан ортиғини мусулмонлар ташкил қиладиган юртимизда мазкур нашрнинг адади янада кўпайса, мақсадга мувофиқ бўлади, иншоаллоҳ.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси “Шамсуддинхон Бобохонов” нашриёт-матбаа ижодий уйининг “Ҳидоят” ва “Мўминалар” журналлари ҳамда “Ислом нури” газетасига 2024 йил учун обуна мавсуми бошланди.

Куни кеча Ўзбекистон мусулмонлари идораси Наманган вилояти вакиллиги мажлислар залида “Ҳидоят” ва “Мўминалар” журналлари ҳамда “Ислом нури” газетасига 2023 йил учун обуна мавсумида фаоллик кўрсатган, мазкур нашрларга энг кўп обуна бўлган туманлар бош имом-хатиблари совғалар билан тақдирланди.

– Камтарона хизматимиз эътироф этилиб, мукофот билан тақдирланганимиз учун Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар бўлсин, – дейди Норин тумани бош имом-хатиби Камолиддин домла Ҳамроқулов. – Иншоаллоҳ, келгуси йил учун ҳам обунани уюшқоқлик билан ташкил этамиз. Бу жараёнда туманимиздаги имомларнинг хизмати катта.

Шу билан бирга, йиғилишда мазкур нашрларга 2024 йил учун обуна мавсуми бошлангани, мўмин-мусулмонларнинг маърифатини янада юксалтириш, уларга муқаддас динимизнинг соф таълимотини етказишда “Ҳидоят” ва “Мўминалар” журналлари ҳамда “Ислом нури” газетасининг қимматли нашрлар экани айтиб ўтилди.

Тадбир сўнгида хайрли дуолар қилинди.

***

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фарғона вилояти вакиллиги мажлислар залида ҳам худди шундай тадбир бўлиб ўтди. Нашрларимизга 2023 йил учун обуна мавсумида фаоллик кўрсатган, энг кўп обуна бўлган туманлар бош имом-хатибларига совғалар топширилди. Ушбу савобли юмушга ҳисса қўшганлари учун уларга миннатдорлик билдирилиб, бундан буён ҳам нашрларимиз билан яқин ҳамкорликда ишлашга даъват этилди. Албатта, одамларга зиё улашиш, илм-маърифатни тарғиб қилишнинг ажри ниҳоятда улуғ. Бу хайрли ишга бел боғлаган инсонларнинг хизмати боис халқимиз ўртасида илм-маърифат кенг ёйилади.

Таъкидлаш жоиз, бугунги кунда имом-хатиблар, уламоларимиз масжидларда маърузалар қилиш билан бирга, “Ҳидоят” ва “Мўминалар” журналлари ҳамда “Ислом нури” газетаси тарғиботига эътибор қаратишаётгани таҳсинга сазовор. Чунки маърузани эшитувчилар масжидга йиғилган намозхонлар билан чегараланса, нашрларимизнинг хонадонларга кириб бориши натижасида диний-маърифий билимлар одамлар орасида янада кенг тарқалади. Бу газета-журналларимиз ўқувчилари сонини ҳозиргидан-да оширишга эҳтиёж борлигини кўрсатади.

  • Ушбу нашрлар халқимиз томонидан қанча кўп ўқилса, барча учун манфаати каттадир, – дейди Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев. – Вилоятимизда уларни тарғибот-ташвиқот қилишга алоҳида эътибор қаратаяпмиз. Имомларимиз ва бошқа масъул ходимларимиз бу борада фаоллик кўрсатишмоқда. Бугунги тадбир бу борадаги ишларимизни янада рағбатлантирди.

Тадбирда барчага Аллоҳнинг розилигига эриштирадиган амалларда бардавом бўлиш насиб этишини тилаб дуолар қилинди.

***

Халққа зиё тарқатиш – ғоят савобли иш. Бу борада диний-маърифий нашрларнинг ўрни алоҳида ҳисобланади. Бугунги “Ҳидоят” ва “Мўминалар” журналлари ҳамда “Ислом нури” газетаси орқали омма ўртасида исломий маърифат кенг ёйилишида таҳририят ижодкорлари билан бирга, обуна ташкилотчиларининг ҳам хизмати катта бўлмоқда.

Андижон вилоятидаги “Имом Зуфар” жоме масжидида нашрларимизнинг бу йилги обунаси учун жонбозлик кўрсатган туманлар бош имом-хатиблари тақдирланди.

  • Мазкур газета ва журналлар узоқ йиллардан буён халқимизнинг қалбидан жой эгаллаб келмоқда, – дейди Андижон вилояти бош имом-хатиби Мирзамақсуд домла Алимов. – Нашрларда бериб борилаётган чуқур мазмунли мақолалар нафақат оддий одамларга, балки диний соҳа ходимларига ҳам манфаатли бўлаётир. Шу боис уларнинг обунасини уюштиришга ҳар йили жиддий ҳаракат қиляпмиз. Лекин ҳозирги натижалар қониқарли эмас деб ўйлаймиз. Бу газета ва журналларимизнинг ўқувчилари сони олдингидан кўпайиши учун барча чораларни кўрамиз.

Самимий мулоқот руҳида кечган учрашув давомида нашрлар фаолиятига оид қимматли таклифлар билдирилди.

***

Сирдарё вилоятида “Ҳидоят” ва “Мўминалар” журналлари ҳамда “Ислом нури” газетасининг обуна ташкилотчилари иштирокида бўлиб ўтган тадбирда келгуси йилда нашрларимиз ўқувчиларга етиб боришини таъминлаш хусусида атрофлича сўз юритилди. Шу билан бирга, газета ва журналларимизнинг 2023 йил учун обуна мавсумида фаоллик кўрсатган, мазкур нашрларга энг кўп обуна бўлган туманлар бош имом-хатиблари совғалар билан тақдирланди.

 Халқимизнинг диний масалаларга қизиқиши кучли. Одамлар ушбу маънавий эҳтиёжини қондириш учун интернетдаги турли манбаларга мурожаат қилишади. Бу жараёнда шубҳали манбаларнинг таъсирида адашувлар, алданувлар ҳам юз бериши мумкин. Аслида “Ҳидоят” ва “Мўминалар” журналлари ҳамда “Ислом нури” газетасида муқаддас динимизнинг асл моҳияти, шаръий масалалар ечими батафсил ёритиб борилмоқда. Ўйлаймизки, агар ушбу нашрлар халқимиз орасида кўпроқ тарқалса, жамиятимизда маърифатли, диний тушунчаси кенг инсонлар сафи кенгаяди.

Тадбирда вилоят бўйича газета ва журналларимизга 2024 йил учун обунани юқори савияда ташкил этиш чоралари белгилаб олинди.

***

Бугунги кунда юртимизда диний маърифат тарғиботига кенг эътибор қаратилмоқда. Одамларимиз ҳам Ислом таълимоти ҳақида чуқурроқ билишни истайди. Шу маънода “Ҳидоят” ва “Мўминалар” журналлари ҳамда “Ислом нури” газетасида чоп этилаётган мақолалар халқимизни маърифатли қилишга маълум даражада ҳисса қўшиб келмоқда. Айни кунларда нашрларимиз учун бошланган обуна мавсумида ушбу хайрли ишларни янада кенгайтириш мўлжалланган.

Шу мақсадда Жиззах вилоятида “Ҳидоят” ва “Мўминалар” журналлари ҳамда “Ислом нури” газетасига 2023 йил учун обуна мавсумида фаоллик кўрсатган, мазкур нашрларга энг кўп обуна бўлган туманлар бош имом-хатиблари совғалар билан тақдирланди.

  • Мазкур диний-маърифий нашрлар тарғиботи ортида жуда катта хайр бор, – дейди Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Жиззах вилоятидаги вакиллиги ходими Хуршид Холиқулов. – Айни шу нарса бу юмушга рағбат уйғотади. Жорий обуна мавсумини уюшқоқлик билан ўтказиш ҳаракатидамиз. Насиб этса, бошлаган ишларимиз натижаси ўтган йилдагидан ҳам салмоқли бўлади.

Тадбирга хайрли дуолар билан якун ясалди.

***

“Тафсир” рукни остида Каломуллоҳ оятлари маъноларини ўқиб-уқишни, “Ҳадис шарҳи” орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак насиҳатларидан баҳраманд бўлишни, “Саҳобалар ҳаёти”ни мутолаа қилиб саодат асрига саёҳат қилишни, “Масала” рукнида долзарб ва муҳим савол-жавобларни ўрганишни, “Аслида қанақа?” рукнида ҳар бир воқеа-ҳодисанинг асл моҳиятини билишни, яна бошқа кўплаб мавзуларда энг ишончли маълумотларга эга бўлишни истасангиз, “Ҳидоят” ва “Мўминалар” журналлари ҳамда “Ислом нури” газетасига обуна бўлишга шошилинг!

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

Роббимизнинг ваъдаси ҳақ экан

07.07.2025   3109   4 min.
 Роббимизнинг ваъдаси ҳақ экан

Ярмук – мусулмон ва Рум қўшинлари ўртасида бўлиб ўтган жанг. Унда асрлар ўтса-да, мангуликка юз тутган ажиб лавҳалар бор. Уларнинг баъзилари қуйидагилардир:

Урушнинг айни қизиган палласи. Бир киши Абу Убайда ибн Жарроҳ ҳазратларига яқинлашди. Абу Убайда розияллоҳу анҳу: “Мен шаҳид бўлишга астойдил бел боғладим”, деди. Ҳалиги киши: “Бирор-бир гапингиз бўлса айтинг, мен Расулуллоҳ билан кўришган пайтим  у зотга етказиб қўяман”, деди. Абу Убайда розияллоҳу анҳу: «Ҳа, у зотга буни етказ: “Расулуллоҳ, бизлар Роббимизнинг ваъдаси ҳақ эканини топдик”», дедилар.

Рум қўшинларининг ҳужуми кучайган пайтда Икрима ибн Абу Жаҳл розияллоҳу анҳу мусулмонларнинг орасида: “Аллоҳ таоло мени  ҳидоят қилмасидан аввал мен Расулуллоҳга қарши жанг қилардим, энди бугун Аллоҳнинг душманларидан қочиб кетаманми!” – дея жар соларди. Орадан кўп ўтмай, Абу Жаҳл яна: “Ким ўлимга байъат қилади?”[1] – деди.

Мусулмонларнинг бир жамоаси у зотга байъат қилишди ва уларнинг барчаси биргаликда жанг майдонига киришди. Уларнинг мақсадлари ғалаба ва шаҳидлик эди. Аллоҳ таоло уларнинг байъатларини қабул қилди ва уларнинг бари Аллоҳнинг инояти ила шаҳидликка эришдилар. 

Тарих зарварақларига эътибор қаратинг. Буюк қўмондон Холид ибн Валид 100 кишилик қўшини билан тўрт минг кишилик Рум қўшинларига қарши турдилар. Қаранг-а! Юз кишилик қўшин тўрт мингта аскарга қарши чиқиб, уларни енгса-я?! Бу уларнинг қалблари Аллоҳга бўлган иймонлари билан тўлиб-тошгани эканининг белгиси эмасми?!

Уруш бироз тинчиб турган пайтда Холид ибн Валиднинг олдига Жўржа исмли Рум қўмондони келди ва: “Эй Холид, нимага даъват қиляпсан? Айни пайтда Исломни қабул қилган кишига ҳам сизларга берилгандаги каби ажру савоб насиб қиладими?” – деб сўради.

Саҳобий: “Ҳа. Ундан кўпроғи ҳам насиб этиши мумкин”, деди.

“Қандай қилиб? Ахир сизлар аввалдан мусулмон бўлиб, ўзиб кетгансизлар-ку?!” – деди Рум қўмондони. Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга яшадик ва у зотнинг мўъжизаларига гувоҳ бўлдик.

Бизнинг кўрганларимизни кўриб, биз эшитган нарсаларни эшитган одам Исломни осонликча қабул қилиши ҳақиқат. Лекин сизлар у зотни кўрмагансизлар, у зотнинг гапларини эшитмагансизлар, бундай ҳолда ғайбга иймон келтирган бўласизлар. Агар сизлар ниятингиз,  қалбингиз ила Аллоҳга иймонда ростгўй бўлсаларингиз, сизларнинг савобларингиз буюкроқ бўлади”, дедилар. Бу гапларни эшитган Рум қўмондони оҳ урди ва: “Эй Холид, менга Исломни ўргат”, дея ўзини Холид розияллоҳу анҳу тарафга ташлади.

Шундай қилиб Рум қўмондони Исломни қабул қилди. Аллоҳ таоло учун икки ракат намоз ўқиди, ҳақиқатда икки ракат, бундан бошқача эмас. Икки тараф яна урушга киришди. Жўржа энди мусулмон аскарлар сафида шаҳидлик мақомига эришиш илинжида жанг қиларди.

Ҳа! Ўша икки ракат намоз сабабидан Аллоҳнинг изни ила унга жаннат насиб этди, унинг бундан бошқа амали йўқ эди...


Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.


[1]  Бунинг маъноси: “Мен ўлгунимча шу жанг майдонидан ортга чекинмайман, то сўнгги нафасим қолгунича мусулмонлар сафида Аллоҳнинг душманларига қарши жанг қиламан, мени фақатгина ўлим тўхтата олади”  (Тарж.).