Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Феврал, 2025   |   13 Шаъбон, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:02
Қуёш
07:22
Пешин
12:42
Аср
16:11
Шом
17:56
Хуфтон
19:10
Bismillah
12 Феврал, 2025, 13 Шаъбон, 1446

Дуо мўминга нажот

19.07.2020   3748   6 min.
Дуо мўминга нажот

“Дуо” арабча сўраш, илтижо, чақириш маъноларини англатади.  Аллоҳ таоло бу ҳақда бундай марҳамат қилади:

 

  وَإِذَا سَأَلَكَ عِبَادِي عَنِّي فَإِنِّي قَرِيبٌ أُجِيبُ دَعْوَةَ الدَّاعِ إِذَا دَعَانِ فَلْيَسْتَجِيبُواْ لِي وَلْيُؤْمِنُواْ بِي لَعَلَّهُمْ يَرْشُدُونَ

 

Яъни: Сиздан (эй, Муҳаммад!) бандаларим Менинг ҳақимда сўрасалар, (айтинг) Мен уларга яқинман. Менга илтижо қилувчининг дуосини ижобат этурман. Бас, улар ҳам Мени (даъватларимни) ижобат (қабул) этиб, Менга имон келтирсинлар, шояд (шунда) тўғри йўлга тушиб кетсалар                              (Бақара, 186).

 ادْعُواْ رَبَّكُمْ تَضَرُّعًا وَخُفْيَةً إِنَّهُ لاَ يُحِبُّ الْمُعْتَدِينَ

 

“Роббингизга тазарруъ ила махфий дуо қилинг. Зотан, У ҳаддан ошувчиларни севмас” (Аъроф, 55).

 

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло мўмин бандаларига дуо қилиш одобларини ўргатмоқда. Дуода тазарруъ – ёлбориш ва махфийлик бўлиши зарурлигини таъкидламоқда.

 Худди шу маъно Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам))нинг ҳадиси шарифларида ҳам ўз ифодасини топган.

 

Имом Бухорий ва Имом Муслим Абу Мусо ал Ашъарий р.а.дан ривоят қилган ҳадиси шарифда қуйидагилар баён қилинган:

 

“Одамлар баланд овоз билан дуо қилган эдилар, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй, одамлар, ўзингизга шафқат қилинг, сизлар кар ёки ғайбга дуо қилаётганингиз йўқ. Сиз дуо қилаётган Зот энг яхши эшитувчи ва энг яқин Зотдир”, дедилар.

 

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Дуо ибодатдир”, дедилар ва (Ғофир сурасининг 60-ояти) “ва Роббингиз: “Менга дуо қилинглар, сизни ижобат  қилурман. Албатта, ибодатимдан такаббурлик қиладиганлар тезда жаҳаннамга бўйин эгган ҳолларида кирурлар” оятини қироат қилдилар.

 

Ушбу ҳадисда келтирилган ояти каримада дуо маъноси ибодат маъноси билан бир хилда ишлатилган. Бинобарин, дуонинг ибодат эканини Аллоҳ таолонинг ўзи бандаларига  билдирмоқда. Буни қуйидаги ҳадислар ҳам қувватлайди:

 

قال رسول الله (صعلم) : ليس شيءٌ أكرم على الله تعالى من الدعاءِ

 

“Аллоҳ таолонинг наздида дуодан кўра мукаррамроқ нарса йўқ”.

 

قال رسول الله (صعلم) : الدعاءُ مُخُّ العبادةِ

 

“Дуо ибодатнинг мағзидир”.

 

قال رسول الله (صعلم) : مَنْ لم يسألِ اللهَ يغْضَبْ عليه

 

“Ким Аллоҳ таолодан сўрамаса, У зот ундан ғазабланади”.

 

قال رسول الله (صعلم) : "من فُتح له مِنْكم بابُ الدعاءِ ففُتحتْ له أبوابُ الرحمةِ و ما سُئِلَ اللهُ  شياءً يعنى أحبّ إليه مِنْ أن يُسألَ العافيةَ"

 

“Кимга дуо эшиги очилса, унга раҳмат эшиклари очилган бўлади. Аллоҳ таоло бериладиган нарсалар ичида энг маҳбуб бўлгани офиятни сўрашдир”, дедилар”.

  Имом Жазарий дуоларнинг қабул бўлиш борасида ёзган асарларида бир нечта шартларни зикр қилганлар, жумладан:

 

– ейдиган, ичадиган, киядиган нарсалари ва яшайдиган ерлари ҳаромдан бўлмаслиги.

 

– Ихлос билан дуо қилиши.

 

– Таҳоратли бўлиши ва қиблага юзланмоқ.

 

 – Аввал нафл намоз ўқимоқ.

 

– Хайрли ишлар қилиш.

 

– Камбағаллар ва толиби илмларни хурсанд қилиш.

 

         – Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтиш.

 

– Энг афзал салавот намозда ўқийдиганмиз “Аллоҳумма солли...” ва “Аллоҳумма борик...”дир. буни қанча кўп ўқиса, дуо шунча тез қабул бўлади.

 

– Қўлларни кўтариб дуо қилиш, дуони қўллари билан юзини силаб тугатиш.

 

– Хушу ва тазарруъ билан Аллоҳ таолога ёлвориш.

 

 – Асмоул ҳуснани – Аллоҳ таолонинг исмларини ўқиб тилак тилаш. Пайғамбарлар ёки солиҳ киишларни васила қилиб дуо қилиш мумкин.

 

– Гуноҳларини эътироф этиб, Аллоҳ таолодан авф ва мағфират сўраш

 

– Пайғамбарлардан ва авлиёлардан ворид бўлган саҳиҳ дуоларни ўқиш

 

– Қалб ҳузури билан тилагини сўрамоғи лозим.

 

– Ҳамду сано билан ҳамда саловотлар билан дуосини якунламоғи.

 

–       Умид ва қўрқув билан дуо қилиш.

 

Ана шундай одобларга риоя қилмоқ керак ва шуни ҳам унитмаслик керакки Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дуода  дунё ва охират саодатини тиламоқни тавсия этганлар. Аллоҳ таоло барчаларимизни дуолари ижобат бўладиган зотлар қаторида қилсин!

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Энг катта сармоямиз

11.02.2025   1932   3 min.
Энг катта сармоямиз

Бир ҳамсуҳбатимиз айтади: “Масжидда пешин ўқиб бўлганимиздан сўнг нуроний киши ёнимга келиб, “Қачондан бери намоз ўқийсиз?” деб сўради. “Гапираверинг-чи...” дедим. Намозни жуда тез ўқидингиз, бундай  қилиш мумкин эмас. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Одамларнинг ичида энг ёмонлари намозидан ўғирлайдиганидир”, деганлар. Абу Қатода розияллоҳу анҳу: "Эй Аллоҳнинг Расули, намозидан қандай қилиб ўғрилик қилади?" деб сўраганларида у зот: "(Ўша ўғри) рукусини ҳам, саждасини ҳам, хузу ва хушусини ҳам тўлиқ қилмайди", деб жавоб берганлар (Имом Аҳмад ривояти)”, деб менга танбеҳ берган бўлди.


Кейин ўтириб ўйладим: биз, йиғилишиб турадиган дўсту ёронлар жамоа бўлиб намоз ўқиганимизда мен ҳамиша ҳаммадан ортда қолиб кетаман. Ҳатто витр вожибнинг учинчи ракатига турганимда улар салом айтиб бўлишади. Модомики, мен намозни шошқалоқлик билан ўқиётган бўлсам, уларнинг намози нима бўлаётган экан?..”


Дарҳақиқат, намозни тез ўқиш бор, шошқалоқлик билан ўқиш бор. Тез ўқиш маҳбуб амаллар сирасига киради. Инчунун, Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ўхшаш енгил ва тугал намоз ўқийдиган имомнинг ортидан ҳеч намоз ўқиганим йўқ. У зот бувакнинг йиғисини эшитар ва унинг онаси фитнага учрамасин, деб намозини енгиллатар эдилар” (Бешовлари ривоят қилишган).


Бундан намозни вақтини чўзиб ҳам юбормасдан, шошқалоқликка ҳам йўл қўймасдан пухта ва енгил ўқиш лозимлиги аён бўлади. Ушбу мавзуга мисоллар кўп улардан бири қуйидаги воқелик:


Абу Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир одам: “Аллоҳга қасамки, эй Аллоҳнинг Расули, мен фалончининг бизга (намозни) чўзиб юборганидан бомдод намозидан орқада қоламан”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўша кунидек шиддатли ғазабланганларини кўрмадим. У зот: “Албатта, сизларда нафрат қилдирувчилар бор. Қай бирингиз одамларга намоз ўқиб берса, енгил ўтказсин. Албатта, уларнинг ичида заифи, каттаси ва ҳожатлиси бор. Қачон ўзи намоз ўқиса, хоҳлаганича чўзсин”, дедилар” (Бешовлари ривоят қилишган).


Шошқалоқлик билан намоз ўқиш эса номақбул амал саналади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло банданинг руку ва саждаси комил бўлмаган намозига боқмайди” (Имом Аҳмад ривояти), деганлар. Яна бир ҳадисда эса “Рукуъ ва саждада белига ором бермаган кишининг намози қабул бўлмайди” (Абу Довуд ривояти), деб таълим берганлар. 


Яъни руку ва саждани комил қилиб, сажда чоғида белига ором бермаган намозда хушу ҳам, хузу ҳам бўлмайди. Намозини бу тартибда ўқиган кишининг ташвиши ибодатдан имкон қадар тезроқ фориғ бўлишдир. Буни фольклор намоз деса ҳам бўлади: ота-онаси, ён-атрофдагилар намоз ўқигани учун уларга эргашиб ўқиб юраверади. Ўзини ибодат вақтида Раббимизнинг қаршисида тургандек ҳис қилмайди, шунчаки вақти кирган вазифани наридан бери бажариб қўя қолади, холос.


Шундай экан, намозга диққатли бўлайлик, ахир Даргоҳи Олийга борганимизда биринчи бўлиб намоздан сўраламиз. Шунингдек, бизнинг энг катта сармоямиз намоз экан, уни муҳофаза қилайлик, азизлар. 

Дамин ЖУМАҚУЛ