Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
08 Феврал, 2025   |   9 Шаъбон, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:07
Қуёш
07:27
Пешин
12:42
Аср
16:06
Шом
17:51
Хуфтон
19:06
Bismillah
08 Феврал, 2025, 9 Шаъбон, 1446

Ҳудҳуд Қуръони каримда зикр этилган қуш

15.07.2020   3333   2 min.
Ҳудҳуд Қуръони каримда зикр этилган қуш

"Ҳудҳуднинг ажойиб хусусиятлари"

Ҳудҳуд ўз жуфтига вафодор қуш. Ҳаётида фақат бир марта оила қуради.  Жуфти вафот этган тақдирда ҳам ундан кейин бошқа оила қилмайди. У ўз жуфтини тумшуғида унга дарахтнинг япроғи ёки бирорта ҳашорат ёҳуд қурт тақдим этиш орқали танлайди. Бошидаги чиройли тожисини ёйган ҳолатда жуфтининг розилигини олиш учун маҳр сифатида унга таом тортиқ қилади. Агар жуфти тумшуғи билан таомни еса, демак бу розилик аломати. Сўнгра жуфтини унинг учун қурган инига олиб боради. Кўпинча ин дарахтнинг ковагида бўлади. Агар ин жуфтига ёқса жуфтлик ҳаёти бошланади. Жуфти бештадан еттитагача тухум қўяди. Полапонлар тухумдан чиққач, иккиси навбат билан болаларини таомлантиради.

Ҳудҳуд ўз жуфтига вафоли қуш саналади. Агар озуқа ёки сув бор жойни топса, қичқириб жуфтини чақиради. Таомни фақат жуфти келгандагина у билан баҳам кўради. Агар жуфтини йўқотиб қўйса, қичқириб уни топгунича ахтаради. Агар жуфти вафот этса, вақти-вақти билан уни қумсаб, бирга парвоз қилиб юрган жойларига бориб қичқиради.

Ҳудҳуднинг танасининг олтидан бирига тенг келадиган тумшуғи бўлиб, у ердаги ҳашарот ва қуртларни осонлик билан топади. Ҳудҳуднинг бошқа қушларда мавжуд бўлмаган сезиш қобилияти мавжуд бўлиб, у ер ости сувларини сезади. Сулаймон пайғамбар ер ости сувларини излаб топишда ҳудҳуднинг ушбу сезиш қобилиятидан фойдаланар эди. Сув бор ерга ишора қилса Сулаймон а.с. жинларга ўша ерни қазишга фармон берар ва сувни топишар эди. Шунинг учун унинг замонавий исми - сув инженеридир.

Ҳудҳуд минглаб километрга етадиган масофани чарчоқсиз, чанқамай ва очиқмай учиб ўта олади. Бир давлатдан иккинчи давлатга тўхтовсиз учиб ўтишга қодир. Қуръони каримда унинг Фаластиндан Ямандаги Сабо ўлкасига сафар қилгани зикр этилган. Мен сенга Сабо ўлкасидан аниқ хабар келтирдим, деб Сулаймон пайғамбар билан бўлган қиссада кўплаб воқеалар келтирилади.

Ҳудҳуд азон айтилаётган, намоз ўқилаётган ва Қуръони карим тиловат қилинаётган вақтда қичқирмай тинч туради. Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в. Аллоҳдан бошқага маълум бўлмаган яна кўплаб сир асрорлари борлиги учун ҳудҳудни ўлдиришни ҳаром қилганлар.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

раисининг биринчи ўринбосари              

Ҳомиджон Ишматбеков

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Тавбангизда 6 шарт борми?

7.02.2025   2279   3 min.
Тавбангизда 6 шарт борми?

Инсон гуноҳдан холи бўлмайди. Баъ­зан билиб-билмай гуноҳ ишга қўл уриб қўйиши мумкин.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилин­ган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир одам боласи хато қи­лув­чидир. Хатокорларнинг энг яхшиси тавба қилувчилардир”, деганлар (Имом Терми­зий ривояти).

Аллоҳ таоло кўплаб оятларда инсонларни тавба қилишга буюрган. Жумла­дан, Таҳрим сурасида бундай марҳамат қилинади: “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга чин тавба қилингиз, шоядки, Роббингиз сизларнинг гуноҳларингизни ўчириб, остидан анҳорлар оқиб турадиган (жаннатдаги) боғларга киритса” (8-оят).

Бошқа ояти каримада «...Барчангиз Аллоҳга тавба қилингиз, эй мўминлар! Шояд, (шунда) нажот топсангиз» (Нур сураси, 31-оят), дейилган.

Инсон тавбани ўзига лозим тутиши керак. Аммо унинг тавбаси қабул бўлиши учун эътибор қаратиши лозим бўлган жиҳатлар бор. Хусусан, тавба қилишда чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, Аллоҳ таолодан ёлвориб сўраши керак. Сўнгра истиғфор учун маълум бир дуолар, ижобат бўладиган онлар фазилатидан фойда­ланиш зарур.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким қуёш мағрибдан чиқишидан олдин тавба қилса, Аллоҳ (унинг) тавбасини қабул қилади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Инсон тавбага шошилиши лозим. Луқ­мо­ни Ҳаким ўғилларига: “Эй ўғлим, тавбани кечиктирма! Чунки ўлим тўсатдан келади. Ким тавбани кечиктириб, нажотга шошилмас экан, иккита катта хатар ичида қолади: 1) гуноҳлар зулмати тўпланиб, қалб­ни қоплайди, сўнгра уни муҳрлаб ташлайди. Гуноҳ муҳрланган қалбдан ўчмайди; 2) касаллик ёки ўлим тавбадан илгари келиб, хатоларни ўнг­лаш учун вақт қолмайди”, деган.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳнинг тавба қабул қи­лиши фақат ёмонлик (гуноҳ)ни билмасдан қилиб қўйиб, сўнгра тезлик билан тавба қилганлар учун (муқаррар)дир. Аллоҳ айнан ўшаларнинг тавбасини қабул қилур. Аллоҳ илм ва ҳикмат Эгасидир” (Нисо сураси, 17-оят).

Ушбу оятда Аллоҳ таоло билмай қўл уринган гуноҳга зудлик билан қилинган тавбани қабул этишини баён қиляпти.

Инсон Аллоҳ ва унинг Расулига итоат қил­магани, шайтоннинг ҳийласига эргашиб, шу гуноҳни содир қилгани учун қаттиқ надомат чекиши лозим. Чунки гуноҳ ишга пушаймон бўлиш холис тавбанинг шартларидан биридир. Шу билан бирга, надоматнинг ўзи ҳам тавбага далолат қилиши мумкин.

Бу ҳақда ҳадиси шарифда бундай де­йил­­ган: «Абдуллоҳ ибн Маъқилдан ри­воят қилинади. У: “Мен отам билан бир­га Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу­нинг ҳузурига кирдим. Отам унга: “На­бий соллаллоҳу алай­ҳи васалламнинг: “Надомат чекиш тавбадир”, деганларини эшитганмисиз?” деб айтди. Абдуллоҳ ибн Масъуд: “Ҳа, у зотнинг: “Надомат чекиш тавбадир”, деганларини эшитганман”, деди» (Имом Байҳақий ривояти).

Демак, инсон қилган гуноҳига қаттиқ пушаймон бўлиб, афсусланса, тавбаси холис бўлиши учун бир неча шартлар бор:

– гуноҳ қилишдан дарҳол тўхташ;
– қилган гуноҳига қаттиқ пушаймон бўлиш;
– бу гуноҳга асло қайтмасликни ният қи­лиш;
– тавбасини Аллоҳ таоло қабул қилишига ишониш;
– истиғфор айтиш;
– гуноҳга қайтмасликни барча аъзолари билан амалга ошириш;
– гуноҳ одамларнинг ҳаққи бўладиган бўл­са, улардан узр сўраб, рози қилиш.

Шокиржон МАДАМИНОВ,
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси.