Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
31 Январ, 2025   |   1 Шаъбон, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:14
Қуёш
07:35
Пешин
12:41
Аср
15:56
Шом
17:41
Хуфтон
18:57
Bismillah
31 Январ, 2025, 1 Шаъбон, 1446

Кўз тегиши ҳақиқат экани ҳақида улуғларнинг фикрлари

13.07.2020   3549   4 min.
Кўз тегиши ҳақиқат экани ҳақида улуғларнинг фикрлари

Ҳофиз ибн Касийр раҳимаҳуллоҳ айтадилар : Аллоҳнинг амри билан кўз тегиши ва унинг таъсири ҳақдир.

(«Ибну Касийр тафсири»)

Ҳофиз ибн Хожар раҳимаҳуллоҳ айтадилар : Кўз  тегиши ёмон  табиатли  кишидан бир  нарсага  Ҳасад  билан  ёқтириб қарашидан пайдо  бўлади. Назар қилинган кишига ундан зарар  ҳосил бўлади.

(«Фатхул борий»)

Ибнул Асийр раҳимаҳуллоҳ айтадилар : Қачонки бир кишига душмани  ёки бир Ҳасадгуй назар ташласа ва ўнга таъсир қилса ва шу  сабабдан у касал бўлиб колса, ўнга кўз тегибди, деб  айтилади.

(Ан-ниҳоя)

Баъзи уламолар айтадилар: “Қулоқ солиш ва ақл ишлатишдан  бенасиб  қолган тоифалар кўз тегишини инкор қилганлар. Улар кўз тегишини: «Бу гаплар ваҳима гаплардан бўлак нарса эмас, ҳақиқатда йўқ  нарсалардир», деб изоҳлайдилар. Бу гапларни айтаётганлар одамлар ичида энг илмсиз, ақл ва қулоқ солиш борасида жоҳил, бети қалин, табиати қўпол, руҳлар ва жинлар, уларнинг сифатлари  ва таъсирлари  ҳақида маърифатдан йироқ бўлган кишилардир. Оқил  кишилар эса, миллатлари кандай бўлишидан катъий назар, улар кўзнинг сабаби ва таъсир қилиши  ҳақида турли фикрларда бўлсалар ҳам кўзнинг тегишини йўққа чиқармайдилар ва инкор қилмайдилар.”

Баъзи уламолар айтадилар: Маълумки Аллоҳ субханаҳу жисмлар ва руҳларда қувватлар ва турли табиатларни яратиб, уларнинг кўпчилигида ўзига хосини ва таъсирли кайфиятларни барпо қилган. Оқил инсон  руҳларнинг  жисмларга  таъсир  қилишини инкор қилиши мумкин эмас. Чунки бу гувоҳ бўлинган ва  ҳис қилинган  нарсадир. Мисол учун бирор кишидан тортиниб, уялиб турган кишига, ўша киши  қараса, унинг юзи қизариб кетади, биронта кишидан қўрқаётган кишига, қўрқитаётган киши қараса, қўрқувчининг юзи сарғайиб кетганини  кўрасиз. Инсонлар назар таъсиридан  касалликка чалиниб, қуввати заифлашганларнинг гувоҳи бўлишган. Буларнинг бари руҳлар таъсирининг  воситасидандир. Кўз тегишининг  кўзга боғликлиги кучли бўлгани учун  ҳам «кўз тегиш» деб бу ҳодисани кўзга боғланади.  Аслида кўзнинг бу ўринда  алоқаси йўқ бўлиб,  фақат  руҳгина таъсир қилади. Руҳлар - табиати, қуввати, кайфияти, ўзига  хослиги билан турли-туман бўлиб,  Ҳасадгуй руҳ, Ҳасад қилинаётган  руҳга  очиқ азият беради.  Шунинг учун Аллоҳ субҳанаҳу -  ўз расулига ҳасадгуйнинг ҳасад қилаётган  вақтдаги ёмонлигидан паноҳ сўрашни  буюрди. Ҳасадгуйнинг ҳасад қилинаётган кишига  азият беришини  инсоният ҳақиқатидан ташқарида бўлган кишигина инкор этади.  Кўз тегишининг асли келиб  чиқиши ҳам мана шундайдир. Зеро кўз тегаётганида ҳасадгуй ва бузуқ жон  бузуқ кайфиятга кириб, ҳасад қилинаётган жонга  рўбарў келади ва ўзига хослиги билан ўнга  таъсир қилади.  Бунга мисол қилиш учун энг яқин бўлган нарса  -  илондир.  Ундаги заҳар  кувват билан яшириниб туради. Душманига рўбарў келгач, ғазаб куввати ажралиб чиқиб, азият берувчи ярамас  бир кайфият тусига кира  бошлайди. Илонларнинг ичида мана шундай кайфияти кучайиб, қувватга кирувчи ва  ҳатто қориндаги ҳомиланинг тушишига  ёки кўзни кўр бўлишига  таъсир қилувчиси ҳам бор.  Пайғамбар (соллоллоҳу алайҳи ва саллам)  думи кесик ва «зу туфятайн» деган илонлар тури ҳақида айтганларки : «У  иккиси кўзни  кўр қилади ва ҳомилани туширади». (Бухорий, Муслим)

Кўзнинг таъсири гоҳо тегиш, гоҳо  рўбарў келиш, гоҳида қараш, Гоҳида руҳнинг таъсир қилаётган кишиси томонига  юзланиши билан, Гоҳида дуолар,  дам солишлар ва тааввузотлар билан,  Гоҳида эса уй ва хаёллар билан ҳам бўлади.  Кўзи  тегаётган кишининг таъсири қарашгагина боғлиқ эмас.  Балки, Гоҳида киши  кўр бўлса ҳам,  унга бирор нарсанинг сифати баён қилинганда, уни кўрмаса ҳам унга таъсир қилади. «Кўзи бор» деб аталадиганларнинг кўпчилиги, кўз  тегаётган нарсани кўрмасданоқ, унинг сифатини эшитганида унга  таъсир қилиб қуяди. Кўз  «кўзи бор» кишидан чиқиб, Гоҳо  нишонга тегувчи, Гоҳида эса хато кетувчи  камоннинг ўки  кабидир.  Агар у ҳеч бир ҳимоясиз жонга  дуч келиб қолса,  шубҳасиз унга тегади, агар қуролланган совутли жонга дуч келса, у кучини йўқотиб,  таъсир қилолмайди. Гоҳида эса  ўқ ўз эгасига  қайтиб кетиши ҳам мумкин. Кўз тегишининг  асли келиб чиқиши  «кўзли» кишининг бирор нарсани ёқтириб қолишидан бўлади. Сўнгра унинг нафсидаги  бузуқ кайфият бўнга эргашади ва  заҳарини сочиш учун у  кўзлаётган  кишисига ёки нарсасига  назар ташлашдан фойдаланади. Баъзида  киши ўзини  ўзи  беихтиёр кўзлаб қуяди.

 

ЎМИ матбуот хизмати

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Роббим, Ўзинг мени уйғотгин

31.01.2025   963   9 min.
Роббим, Ўзинг мени уйғотгин

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Асли Бангладешлик ёш олимлардан бири, ҳозирда Буюк Британияда истиқомат қилувчи Аҳмад Маҳфуз ёзади:

2024 йилнинг 25-31 декабрь кунлари Истанбулга илмий сафар қилдим. Бу менинг қадимий Қустантиния(Византия)га бўлган бешинчи сафарим эди. Сафардан кўзланган мақсад улуғ, муҳаққиқ олим, йирик муҳаддис, шайх Муҳамммад Аввома ҳафизаҳуллоҳ билан учрашиб, у кишининг фойдали суҳбатларидан баҳраманд бўлиш эди. Сабаби, Муҳаммад Аввомадек олимларнинг суҳбатлари бағоят манфаатли. Имом Нававий раҳимаҳуллоҳнинг: “Соҳасини мукаммал билувчи олимнинг суҳбатида бўлиш, соатлаб, ҳатто кунлаб китоб ўқишдан кўра фойдалидир” деган сўзлари ҳам бунинг яққол далилидир.

Сафарни режалаштиришдан олдин, Шайхимизнинг ўғиллари,  Муҳйиддин Аввома ҳафизаҳуллоҳ билан боғландим.  У  киши менга, оталарининг илмий фаолиятлари ва турли китобларининг таҳқиқи билан банд эканликлари, қолаверса соғлиқларидаги ўзгаришлар сабабли фақат қисқа муддатга кўришишимиз мумкинлигини маълум қилдилар.

Меҳмонхонамиз Шайхимизнинг Истанбулдаги дарсхоналарига яқин эди. Шайх Муҳйиддин бизни тушликка таклиф қилиб, олиб кетиш учун машина жўнатдилар. Бу шайх Муҳйиддин ҳафизаҳуллоҳнинг юксак саховат ва гўзал хулқларидан далолатдир, Аллоҳ у кишини яхшилик ила мукофотласин.

Шайхимиз билан биринчи учрашувимиз 2024 йил 26 декабрь, пайшанба куни туш пайтида бўлди. Ушбу қисқа суҳбатда, шайхимиз аввало Муҳаммад Анвар Шоҳ Кашмирийнинг "آثار السنن" китобига ёзган таълиқларининг нашр ишлари ҳақида сўрадилар. Мен шундай жавоб бердим: "Мен 2023 йил октябрда Карачи шаҳридаги илмий сафаримда Аллома Муҳаммад Юсуф Баннурийнинг ўғли Шайх Муҳаммад  Ҳабибуллоҳдан: “Аллома Кашмирийнинг ушбу таълиқлари устидаги ишлар ниҳоясига етган, тез орада бир неча мужаллад қилиб нашр қилинади» деб эшитган эдим. Шайхимиз: “Бундай хабарларни узоқ вақтдан буён эшитиб келяпмиз, лекин китоб ҳали чоп этилмаган”, – дедилар.

Шайхимизнинг иккинчи саволлари: “Аллома Юсуф Баннурий ўзининг устози Аллома Кашмирийни неча йил лозим тутиб, у кишидан дарс олган?” –  деб сўраганлари бўлди. Мен аниқ жавобни билмасдим,  “унчалик кўп эмас, тахминан беш йил атрофида бўлиши мумкин” дедим. Шайхимиз: “Ҳа, мен шу масалани узоқ вақтдан бери қидиряпман”, дедилар.

Охирида шайхимиз: “Янги нашр қилинган асарларинг борми?” –  деб сўрадилар.

Ўтган йили каминанинг таҳқиқи билан “الآمالي على سنن أبي داود” китоби икки жилдда нашр қилингани, ўтган йили охирги учрашувимизда , ундан шайхимизга ҳам ҳадия қилганим эсимда эди. Ўшандан кейин бошқа янги нашрларим бўлмаганини, магистратура дисертациям ва бошқа инглиз тилидаги тадқиқотларим билан банд бўлганимни билдирдим.

Шайхимизнинг алоҳида эътибори мени жуда илҳомлантиради. 2019 йил октябрь ойида

 “الفوائد المنتقاة من آمالي إمام العصر محمد أنوار شاه الكشميري”  номли китобимни  шайхимизга тақдим қилгандим. Шундан буён, ҳар сафар учрашганимизда, шайхимиз Кашмирийнинг ҳаёти ва илмий мероси ҳақида гапирадилар ёки менга бу мавзуда саволлар берадилар. Шайхимиз мени, бу катта олимни ҳаддан ташқари яхши кўрувчи ва у кишининг ходимларидан бири деб ўйлашларини ҳис қиламан. Бу шунчаки  ички ҳиссиёт бўлиши мумкин, лекин бу ҳолат мени жуда илҳомлантиради.  Айнан шу илҳом имом Кашмирий ва бошқа имомларимизнинг илмий меросларини чуқурроқ ўрганишга туртки беради. Шайхимизнинг бу ишлари камина ҳақида яхши фикрда эканликларидан  деб ўйлайман ва Аллоҳ таолодан бу кичик, камтарона хизматимизни қабул қилишини сўрайман.

Шайхимиз билан 27 декабрь, шанба куни яна бир бор учрашишга муяссар бўлдим. Мен у кишига  Аллома Баннурий имом Кашмирийни қанча вақт лозим тутгани ҳақида қидирганимизни,  Урду тилидаги мақолада Аллома  Баннурийнинг ўзи: “Мен олий диний таълимни Дебанддаги “Дорул Улум”да ҳижрий 1345-1347 йилларда олдим. Сўнг шайхимиз аллома, имом Анвар Шоҳ Кашмирийни кечасию кундузи лозим тутдим. Бу тўлиқ бир йилдан зиёдроқ давом этди”,  деган гапларини топганимиз хабарини бердим. Бу мақола Карачидаги ислом илмлари университетининг кам сонли чиқадиган “Баййинот” журналида чоп этилган бўлиб, уни Шайх Муҳаммад Ҳабибуллоҳ Мухтор араб тилидан урду тилига таржима қилган ва чоп эттирганди. Мақоланинг асли араб тилида аллома Баннурийнинг ўзи томонидан ёзилган экан.

Шайхимиз бу маълумотдан жуда хурсанд бўлдилар, ва аллома Баннурий имом Кашмирийнинг шогирдлари ичида ажралиб турганини зикр қилдилар.

Шундан кейин шайхимиз Имом Анвар Шоҳ Кашмирийнинг шогирдларидан яна бири, Бадр Олам Миртаҳий ҳақида қизиқ бир воқеани ҳикоя қилиб бердилар. Бу зот Имом Кашмирийнинг “Саҳиҳи-Бухорий”га ёзган шарҳларини машҳур “Файзул Борий” китобига жамлаганлар.

“Бир куни  Бадр Олам Мадинада, равзаи-шариф олдида чиройли, оқ либосда юрганида, бир киши унга яқинлашиб, ким эканини сўраган. Бадр Олам ўзини таништириб: “Мен Бадр Оламман”, деганида, ҳалиги киши: “Йўқ, сен Бадр Олам эмассан, Бадр Олам бу қабрнинг эгаси!” – деб қабрга ишора қилган экан.(бу ердаги Бадр Олам исм бўлиб, у луғатда бутун дунёнинг ёрқин, тўлин ойи маъносини билдиради). Шайхимиз бу қизиқарли ҳикояни айтиб бўлиб, одатларига мувофиқ табассум қилдилар.

Менинг одатим шуки, катта олимларнинг оила аъзолари билан учрашиб қолсам, бу олимнинг шахсий ва оилавий ҳаётидан ўрнак олиш мақсадида баъзи саволларни бераман. Истанбулдаги охирги кечамизда, Шайхимизнинг ўғиллари Муҳйиддин Авомма бизни меҳмонхонадан уйларига олиб кетиш учун иккинчи ўғиллари Муҳаммадни юборди. Муҳаммад инглиз тилида атеистларга қарши жуда яхши китоб ёзган киши. У машинани бошқариб, бизни олиб кетаётганда, мен гап бошлаб: “Аллоҳ сизнинг оилангизни илмда бизларга етакчи бўлишингиз учун танлади, энди сиз машинада ҳам бизнинг етакчимизсиз!” дедим. Биродаримиз Муҳаммад табассум қилди,  сўнгра мен унга: “Биз ҳар доим бобонгизнинг илмий китобларини ўқиб, ундан кўплаб фойдалар оламиз. Лекин сиз шайхимизни яқиндан биласиз, шахсий ҳаётларидан бирон-бир фойдали маълумотни биз билан бўлишсангиз” дедим. У: “Сизларга иккита нарсани айтишим мумкин. Биринчиси, бобом дунё ишлари ҳақида ҳеч қачон гапирмайди, сўзлари фақат илм ҳақида бўлади. Ҳатто сув сўраганда ҳам, гапириш ўрнига қўллари  билан ишора қиладилар. Иккинчиси, у киши жуда кучли ирода соҳиби, ҳимматлари жуда олий. Ёшлари катта бўлишига қарамасдан, ҳеч қандай дангасалик аломатларини кўрмайсиз.

Етиб борганимизда, бошқа бир ўринда, Муҳйиддин Авоммага шу саволни бердим. Аллоҳга ҳамд бўлсин, у киши бизга отасининг кундалик жадвали ҳақида кўплаб муҳим маълумотларни айтиб берди. Бу суҳбат биздек илм толибларига жуда фойдали бўлди. Қуйида у кишининг гапларининг қисқача мазмунини келтираман. Ушбу жадвални биродаримиз Абдуллоҳ Фаҳем суҳбат ёзилган тўлиқ тасмадан ажратиб бердилар.

Шайхимизнинг ўғиллари, доктор  Муҳйиддин Авомма айтадилар:

“Мен отамни умридан бир дақиқани ҳам беҳуда сарфлаганини кўрган эмасман. У кишининг вақт сонияма-сония режалаштирилган. Бу отамнинг  икки асосий устозлари: Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда ва Шайх Абдуллоҳ Сирожуддинларнинг йўналишларини ўзларида мужассам қилганликлари сабаблидир. Отам ўзларини илм ва ибодат орасида қаттиқ ушлайдилар. Шайх Абдулфаттоҳ илм ва таҳқиққа қаттиқ эътибор беришлари билан машҳур бўлса, Шайх Абдуллоҳ илмга қўшиб тасаввуф, кечаси намоз ўқиш кабиларни жамлаганлари билан машҳур.

Отам иккала жиҳатни – илмга бўлган катта эътибор, ҳар бир сонияни қадрлаш ҳамда  тасаввуф орасини бирлаштирган. Албатта, бу жисмоний ҳолатлари ва соғликларига бевосита боғлиқ.

Отам шу ёшларида ҳам кеч соат 12:00да ухлашга ётадилар. Нимага бунча кеч ухлашларини сал кейин тушунтираман. Лекин ҳар куни бомдоддан  уч ярим соат олдин уйғонадилар. Бу ёз кунлари кечаси ухлашга улгурмайдилар, дегани. Чунки соат 4:00 да бомдодга азон айтилади,  ундан уч ярим соат олдин эса, 12:30 бўлади ва фақат ярим соат вақт қолгани учун ухламасдан, тунларини кундузига улаб юборадилар. Қиш кунлари кечалари узун бўлганда ҳам, ҳеч қачон керакли пайтда уйғотиш учун “уйғотгич” (будильник) қўймайдилар. Отам менга: “Мен Роббимга дуо қилиб,  “Роббим, менинг қачон уйғонишимни истасанг – шунда уйғот” деб айтаман, у доим бомдоддан уч ярим соат олдин уйғотади” дегандилар.


Ҳадис илми мактаби талабаси
Саидмаҳмудхон Урватиллаев таржимаси