يَٰٓأَيُّهَا ٱلنَّاسُ ٱعۡبُدُواْ رَبَّكُمُ ٱلَّذِي خَلَقَكُمۡ وَٱلَّذِينَ مِن قَبۡلِكُمۡ لَعَلَّكُمۡ تَتَّقُونَ٢١
Инсонлар ҳеч қандай шериги бўлмаган, ўзлари ва олдин ўтган барча аждодларининг ягона яратувчиси Аллоҳ таолонинг Ўзигагина ибодат қилишга буюрилишган. Бу бежиз эмас, чунки Жаноби Ҳақнинг улуҳиятида ва юксак сифатларида шериги бўлсайди, у ҳам илоҳ саналиши учун икки-уч илоҳ пайдо бўлур эди. Оқибатда бу илоҳлар бир-бири билан ихтилоф ва келишмовчиликларга борар, ишлар сансоларга тушар, натижада бутун дунё низоми бузилиб, чегарасидан чиқиб кетган бўлур эди. Шу боис, улуҳият ва яратувчилик сифати Қодиру Зулжалол Аллоҳ таолонинг Ўзигагина хосдир. Бу ҳақда Қуръони карим бундай дейди: "(Эй Муҳаммад), агар улардан: «Осмонлару Ерни яратган, қуёш ва ойни бўйсундирган ким?» деб сўрасангиз, «Аллоҳ», дейишади. Унда қаёққа ўгирилиб кетишяпти?" (Анкабут, 61); "Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина ёрдам сўраймиз" (Фотиҳа, 4); "Парвардигорига ибодатда ҳеч кимни шерик қилмасин" (Каҳф, 110). Аллоҳ таоло юқоридаги оятларда уч тоифанинг аҳволини баён этади. Биринчиси мўминлар, иккинчиси кофирлар, учинчиси мунофиқларки, улар мусулмон бўлиб кўринишса-да, асли дилларида динни инкор қилишади. Сўнгги оят билан Аллоҳ таоло бутун инсонларга хитоб қилиб дейди: "Эй инсонлар, бутун оламларнинг ва улардаги барча махлуқотнинг эгаси бўлган Парвардигорга ибодат қилинглар, Унга бошқани асло шерик қилманглар, чунки сизларга маълумки, Аллоҳнинг тенги ва шериги йўқдир". Алқама айтади: "Эй инсонлар..." деб бошланадиган ҳар бир оят маккийдир (яъни Маккада тушгандир), "Эй имон келтирганлар..." деб бошланадиган ҳар бир оят эса маданийдир. Яъни, "Эй инсонлар" Макка аҳлига, "Эй имон келтирганлар" Мадина аҳлига хитобдир. Шу жумладан, юқоридаги оятда ҳам, қуйида келувчи 22-24-оятларда ҳам Макка мушрикларига хитоб қилиняпти".
ٱلَّذِي جَعَلَ لَكُمُ ٱلۡأَرۡضَ فِرَٰشٗا وَٱلسَّمَآءَ بِنَآءٗ وَأَنزَلَ مِنَ ٱلسَّمَآءِ مَآءٗ فَأَخۡرَجَ بِهِۦ مِنَ ٱلثَّمَرَٰتِ رِزۡقٗا لَّكُمۡۖ فَلَا تَجۡعَلُواْ لِلَّهِ أَندَادٗا وَأَنتُمۡ تَعۡلَمُونَ٢٢
Аллоҳ таоло инсонларга беҳисоб неъмат ва яхшиликларни ато этиб қўйган: Ерни яшашга қулай ва мос қилиб ёйиқ ҳолда тўшаган, осмондан ёғинлар (сув) ёғдириб, ердан булоқ-чашмалар чиқариб қўйган, бандаларига ризқ қилиб, мева, сабзавотлар, мазали гўштлар пайдо қилган. Агар бир-икки ой ёғин ёғдирмай қўйсин-чи, одамлар бу неъматлардан баҳраманд бўла олишармикин? Аллоҳ таоло айтади: "У Ерни сизларга бешик қилган, унда сизлар учун йўллар очган ва осмондан сув туширган Зотдир. Биз у билан турли ўсимликлар навларини ундириб чиқардик, токи енглар ва чорваларингизни боқинглар. Бунда ақл эгалари учун оят-аломатлар бордир". (Тоҳа, 53-54-оятлар). Бу мўл-кўл ризқ, беҳисоб неъматларни бериш эвазига Парвардигор инсонлардан фақат бир нарсани – Ўзига тоат-ибодатда бўлишни, Ўзига ҳеч кимни, ҳеч нарсани шерик қилмасликни талаб этади. Яъни, билатуриб фойда ҳам, зарар ҳам бера олмайдиган бутларингиз билан Аллоҳга ширк келтирмангиз. Аллоҳдан ўзгаси сизларга ризқ бермаслигини яхши билиб турибсизлар, шунингдек, Пайғамбар даъват этаётган нарсанинг ҳам ҳақ эканини билиб турибсизлар. Шундай бўлгач, нега яна куфр ва ширк йўлини тарк этмаяпсизлар?! Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қилади: "Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: "Қандай гуноҳ Аллоҳ таоло даргоҳида энг оғири?" деб сўрадим. У зот: "Ўзингни яратган Аллоҳ таолога ширк келтириш", дедилар. Мен: "Ҳақиқатан, бу энг улкан гуноҳ", дедим-да: "Ундан кейин қайсиси?" деб сўрадим. У зот: "Овқатимга шерик бўлмасин, деб ўз болангни ўлдиришинг", дедилар. "Ҳақиқатан, бу улкан гуноҳлардан", дедим-да: "Ундан кейин-чи?" деб сўрадим. У зот: "Қўшнингнинг жуфти ҳалоли билан зино қилишингдир", дея марҳамат қилдилар" (Бухорий ривояти).
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Асли Бангладешлик ёш олимлардан бири, ҳозирда Буюк Британияда истиқомат қилувчи Аҳмад Маҳфуз ёзади:
2024 йилнинг 25-31 декабрь кунлари Истанбулга илмий сафар қилдим. Бу менинг қадимий Қустантиния(Византия)га бўлган бешинчи сафарим эди. Сафардан кўзланган мақсад улуғ, муҳаққиқ олим, йирик муҳаддис, шайх Муҳамммад Аввома ҳафизаҳуллоҳ билан учрашиб, у кишининг фойдали суҳбатларидан баҳраманд бўлиш эди. Сабаби, Муҳаммад Аввомадек олимларнинг суҳбатлари бағоят манфаатли. Имом Нававий раҳимаҳуллоҳнинг: “Соҳасини мукаммал билувчи олимнинг суҳбатида бўлиш, соатлаб, ҳатто кунлаб китоб ўқишдан кўра фойдалидир” деган сўзлари ҳам бунинг яққол далилидир.
Сафарни режалаштиришдан олдин, Шайхимизнинг ўғиллари, Муҳйиддин Аввома ҳафизаҳуллоҳ билан боғландим. У киши менга, оталарининг илмий фаолиятлари ва турли китобларининг таҳқиқи билан банд эканликлари, қолаверса соғлиқларидаги ўзгаришлар сабабли фақат қисқа муддатга кўришишимиз мумкинлигини маълум қилдилар.
Меҳмонхонамиз Шайхимизнинг Истанбулдаги дарсхоналарига яқин эди. Шайх Муҳйиддин бизни тушликка таклиф қилиб, олиб кетиш учун машина жўнатдилар. Бу шайх Муҳйиддин ҳафизаҳуллоҳнинг юксак саховат ва гўзал хулқларидан далолатдир, Аллоҳ у кишини яхшилик ила мукофотласин.
Шайхимиз билан биринчи учрашувимиз 2024 йил 26 декабрь, пайшанба куни туш пайтида бўлди. Ушбу қисқа суҳбатда, шайхимиз аввало Муҳаммад Анвар Шоҳ Кашмирийнинг "آثار السنن" китобига ёзган таълиқларининг нашр ишлари ҳақида сўрадилар. Мен шундай жавоб бердим: "Мен 2023 йил октябрда Карачи шаҳридаги илмий сафаримда Аллома Муҳаммад Юсуф Баннурийнинг ўғли Шайх Муҳаммад Ҳабибуллоҳдан: “Аллома Кашмирийнинг ушбу таълиқлари устидаги ишлар ниҳоясига етган, тез орада бир неча мужаллад қилиб нашр қилинади» деб эшитган эдим. Шайхимиз: “Бундай хабарларни узоқ вақтдан буён эшитиб келяпмиз, лекин китоб ҳали чоп этилмаган”, – дедилар.
Шайхимизнинг иккинчи саволлари: “Аллома Юсуф Баннурий ўзининг устози Аллома Кашмирийни неча йил лозим тутиб, у кишидан дарс олган?” – деб сўраганлари бўлди. Мен аниқ жавобни билмасдим, “унчалик кўп эмас, тахминан беш йил атрофида бўлиши мумкин” дедим. Шайхимиз: “Ҳа, мен шу масалани узоқ вақтдан бери қидиряпман”, дедилар.
Охирида шайхимиз: “Янги нашр қилинган асарларинг борми?” – деб сўрадилар.
Ўтган йили каминанинг таҳқиқи билан “الآمالي على سنن أبي داود” китоби икки жилдда нашр қилингани, ўтган йили охирги учрашувимизда , ундан шайхимизга ҳам ҳадия қилганим эсимда эди. Ўшандан кейин бошқа янги нашрларим бўлмаганини, магистратура дисертациям ва бошқа инглиз тилидаги тадқиқотларим билан банд бўлганимни билдирдим.
Шайхимизнинг алоҳида эътибори мени жуда илҳомлантиради. 2019 йил октябрь ойида
“الفوائد المنتقاة من آمالي إمام العصر محمد أنوار شاه الكشميري” номли китобимни шайхимизга тақдим қилгандим. Шундан буён, ҳар сафар учрашганимизда, шайхимиз Кашмирийнинг ҳаёти ва илмий мероси ҳақида гапирадилар ёки менга бу мавзуда саволлар берадилар. Шайхимиз мени, бу катта олимни ҳаддан ташқари яхши кўрувчи ва у кишининг ходимларидан бири деб ўйлашларини ҳис қиламан. Бу шунчаки ички ҳиссиёт бўлиши мумкин, лекин бу ҳолат мени жуда илҳомлантиради. Айнан шу илҳом имом Кашмирий ва бошқа имомларимизнинг илмий меросларини чуқурроқ ўрганишга туртки беради. Шайхимизнинг бу ишлари камина ҳақида яхши фикрда эканликларидан деб ўйлайман ва Аллоҳ таолодан бу кичик, камтарона хизматимизни қабул қилишини сўрайман.
Шайхимиз билан 27 декабрь, шанба куни яна бир бор учрашишга муяссар бўлдим. Мен у кишига Аллома Баннурий имом Кашмирийни қанча вақт лозим тутгани ҳақида қидирганимизни, Урду тилидаги мақолада Аллома Баннурийнинг ўзи: “Мен олий диний таълимни Дебанддаги “Дорул Улум”да ҳижрий 1345-1347 йилларда олдим. Сўнг шайхимиз аллома, имом Анвар Шоҳ Кашмирийни кечасию кундузи лозим тутдим. Бу тўлиқ бир йилдан зиёдроқ давом этди”, деган гапларини топганимиз хабарини бердим. Бу мақола Карачидаги ислом илмлари университетининг кам сонли чиқадиган “Баййинот” журналида чоп этилган бўлиб, уни Шайх Муҳаммад Ҳабибуллоҳ Мухтор араб тилидан урду тилига таржима қилган ва чоп эттирганди. Мақоланинг асли араб тилида аллома Баннурийнинг ўзи томонидан ёзилган экан.
Шайхимиз бу маълумотдан жуда хурсанд бўлдилар, ва аллома Баннурий имом Кашмирийнинг шогирдлари ичида ажралиб турганини зикр қилдилар.
Шундан кейин шайхимиз Имом Анвар Шоҳ Кашмирийнинг шогирдларидан яна бири, Бадр Олам Миртаҳий ҳақида қизиқ бир воқеани ҳикоя қилиб бердилар. Бу зот Имом Кашмирийнинг “Саҳиҳи-Бухорий”га ёзган шарҳларини машҳур “Файзул Борий” китобига жамлаганлар.
“Бир куни Бадр Олам Мадинада, равзаи-шариф олдида чиройли, оқ либосда юрганида, бир киши унга яқинлашиб, ким эканини сўраган. Бадр Олам ўзини таништириб: “Мен Бадр Оламман”, деганида, ҳалиги киши: “Йўқ, сен Бадр Олам эмассан, Бадр Олам бу қабрнинг эгаси!” – деб қабрга ишора қилган экан.(бу ердаги Бадр Олам исм бўлиб, у луғатда бутун дунёнинг ёрқин, тўлин ойи маъносини билдиради). Шайхимиз бу қизиқарли ҳикояни айтиб бўлиб, одатларига мувофиқ табассум қилдилар.
Менинг одатим шуки, катта олимларнинг оила аъзолари билан учрашиб қолсам, бу олимнинг шахсий ва оилавий ҳаётидан ўрнак олиш мақсадида баъзи саволларни бераман. Истанбулдаги охирги кечамизда, Шайхимизнинг ўғиллари Муҳйиддин Авомма бизни меҳмонхонадан уйларига олиб кетиш учун иккинчи ўғиллари Муҳаммадни юборди. Муҳаммад инглиз тилида атеистларга қарши жуда яхши китоб ёзган киши. У машинани бошқариб, бизни олиб кетаётганда, мен гап бошлаб: “Аллоҳ сизнинг оилангизни илмда бизларга етакчи бўлишингиз учун танлади, энди сиз машинада ҳам бизнинг етакчимизсиз!” дедим. Биродаримиз Муҳаммад табассум қилди, сўнгра мен унга: “Биз ҳар доим бобонгизнинг илмий китобларини ўқиб, ундан кўплаб фойдалар оламиз. Лекин сиз шайхимизни яқиндан биласиз, шахсий ҳаётларидан бирон-бир фойдали маълумотни биз билан бўлишсангиз” дедим. У: “Сизларга иккита нарсани айтишим мумкин. Биринчиси, бобом дунё ишлари ҳақида ҳеч қачон гапирмайди, сўзлари фақат илм ҳақида бўлади. Ҳатто сув сўраганда ҳам, гапириш ўрнига қўллари билан ишора қиладилар. Иккинчиси, у киши жуда кучли ирода соҳиби, ҳимматлари жуда олий. Ёшлари катта бўлишига қарамасдан, ҳеч қандай дангасалик аломатларини кўрмайсиз.
Етиб борганимизда, бошқа бир ўринда, Муҳйиддин Авоммага шу саволни бердим. Аллоҳга ҳамд бўлсин, у киши бизга отасининг кундалик жадвали ҳақида кўплаб муҳим маълумотларни айтиб берди. Бу суҳбат биздек илм толибларига жуда фойдали бўлди. Қуйида у кишининг гапларининг қисқача мазмунини келтираман. Ушбу жадвални биродаримиз Абдуллоҳ Фаҳем суҳбат ёзилган тўлиқ тасмадан ажратиб бердилар.
Шайхимизнинг ўғиллари, доктор Муҳйиддин Авомма айтадилар:
“Мен отамни умридан бир дақиқани ҳам беҳуда сарфлаганини кўрган эмасман. У кишининг вақт сонияма-сония режалаштирилган. Бу отамнинг икки асосий устозлари: Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда ва Шайх Абдуллоҳ Сирожуддинларнинг йўналишларини ўзларида мужассам қилганликлари сабаблидир. Отам ўзларини илм ва ибодат орасида қаттиқ ушлайдилар. Шайх Абдулфаттоҳ илм ва таҳқиққа қаттиқ эътибор беришлари билан машҳур бўлса, Шайх Абдуллоҳ илмга қўшиб тасаввуф, кечаси намоз ўқиш кабиларни жамлаганлари билан машҳур.
Отам иккала жиҳатни – илмга бўлган катта эътибор, ҳар бир сонияни қадрлаш ҳамда тасаввуф орасини бирлаштирган. Албатта, бу жисмоний ҳолатлари ва соғликларига бевосита боғлиқ.
Отам шу ёшларида ҳам кеч соат 12:00да ухлашга ётадилар. Нимага бунча кеч ухлашларини сал кейин тушунтираман. Лекин ҳар куни бомдоддан уч ярим соат олдин уйғонадилар. Бу ёз кунлари кечаси ухлашга улгурмайдилар, дегани. Чунки соат 4:00 да бомдодга азон айтилади, ундан уч ярим соат олдин эса, 12:30 бўлади ва фақат ярим соат вақт қолгани учун ухламасдан, тунларини кундузига улаб юборадилар. Қиш кунлари кечалари узун бўлганда ҳам, ҳеч қачон керакли пайтда уйғотиш учун “уйғотгич” (будильник) қўймайдилар. Отам менга: “Мен Роббимга дуо қилиб, “Роббим, менинг қачон уйғонишимни истасанг – шунда уйғот” деб айтаман, у доим бомдоддан уч ярим соат олдин уйғотади” дегандилар.
Ҳадис илми мактаби талабаси
Саидмаҳмудхон Урватиллаев таржимаси