Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси ҳузуридаги мадраса мудири Абдуғаффор Смановнинг вафоти муносабати билан ўз номимдан ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси номидан Қозоғистон мўмин-мусулмонларига ҳамда раҳматли биродаримизнинг яқинларига чуқур таъзия билдирамиз. Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси ушбу мусибатга чин қалбдан шерик эканини изҳор этади.
Қардошларимизнинг ушбу улкан қайғу ва йўқотишларига шерик бўлган ҳолда, Аллоҳ таолодан уларга сабр-бардош тилаймиз. Зеро, Қуръони каримда: “…Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз…” (Бақара, 156) дейилган.
Биродаримиз Абдуғаффор ҳожи Смановнинг Ислом дини маърифатини кенг ёйиш, мўмин-мусулмонлар эҳтиёжини таъминлаш ва халқларимиз ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашдаги хизматларини ҳусни қабул айлаб, улкан ажру савоблар ато этсин.
Ҳақ таоло марҳум дўстимизнинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин.
Биз Буюк Парвардигордан дуо қилиб сўраймизки, марҳумни Ўзининг чексиз раҳматига олсин, жаннат боғларига дохил этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси,
муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари
Шу йил 23 декабрь куни Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти, Тошкент шаҳар ва вилоятлар вакилликларининг ҳуқуқшунослари, кадрлар масалалари бўйича мутахассислари учун онлайн семинар-тренинг ўтказилди.
Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Кадрлар бўлими мудири Салоҳиддин Шерхонов, Ҳуқуқшунослик бўлими мудири в.б. Жаҳонгир Хотамов ва Масжидлар билан ишлаш бўлими мудири Музаффар Камолов ҳуқуқий ва ҳужжат юритиш бўйича нутқ қилдилар. Жумладан, диний ташкилотлар фаолиятида қонунийликни таъминлаш, қонунчилик ҳужжатлари мазмун-моҳиятини барча масъул ходимларга етказиш орқали уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини мунтазам равишда ошириб бориш масалалари муҳокама қилинди. Шу билан бирга, қабул қилинган қонунчилик ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ижрочиларга тўлиқ етказиш, меҳнат қонунчилигига оид ҳужжатларни тўғри юритиш ва масъул ходимларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириб бориш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Шунингдек, диний соҳа ходимларини қонунчиликдаги ўзгаришлар тўғрисида ўз вақтида хабардор қилиб бориш, кадрлар фаолиятига оид буйруқларни тўғри расмийлаштириш, ҳужжатлар алмашинувини тўлиқ тизимлаштириш, рўйхатдан ўтказувчи ташкилотларга ўз вақтида ҳисобот тақдим этиш, мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш каби масалаларга ҳам урғу қаратилди.
Йиғилишда мутахассислар томонидан берилган саволларга масъуллар жавоб бериш баробарида келгусида амалга ошириладиган ишлар бўйича тегишли тавсия ва топшириқлар берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати