Афсонавий дарвозабон Ринат Дасаев КХЛ расмий сайтига берган интервьюсида ҳаётдаги қийин вазиятларда Қуръон унга ёрдам бергани ва ёрдам беришда давом этаётганини айтиб ўтди.
Islam-today маълумотларига кўра, бугун футболчи ҳар бир ўйинда дарвоза олдига захира қўлқоплари билан бирга Қуръонни ўз ичига сумкачани қўйганини тан олди.
"Менинг бутун оилам, шу жумладан мен ҳам болалигимдан динга эътиқод қиламиз. Қуръон ҳар доим уйимизда эди. Бир куни ўйинларнинг биридан кейин менинг сумкачамни ўғирлашибди. Эҳтимол, буни тўпларни олиб бериб турадиган болалар қилгандир. Ўшанда жуда хафа бўлганман. Қуръон доим ёрдам берган. Янгисини сотиб олишимга тўғри келган", - дейди у.
"Жамоадаги ҳамма менинг масжидга боришимни биларди. Бироқ, бу ўша вақтдаги Совет Иттифоқида ҳаммага ҳам хуш ёқмас эди. Юқори мартабали шахслардан бири менга шундай деган эди: "Мен масжидга боришим мумкин, лекин сенга мумкин эмас, чунки сен ҳамманинг кўз ўнгида одамсан". Яна бошқа кўплаб нарсалар мумкин эмас эди. Масалан, машғулотларда ҳазил қилиш", - дейди Дасаев.
Эслатиб ўтамиз, Ринат Дасаев 1991 йилда ўйинчилик фаолиятини тугатган, унинг сўнгги клуби Испаниянинг "Севилья" жамоаси бўлган.
"13 йил давомида "Спартак" ва терма жамоада ўйнадим. 35 ёшимда Испанияда футбол ўйнаб карьерамни тугатдим. Айрилиқ оғир эди. Аммо мени ҳали футболда қолганим - жумладан, дарвозабонларга ёрдамчи мураббий бўлганим сақлаб қолди. Футбол менинг ҳаётим, унга умримнинг кўп йилларини бердим. Шунинг учун имкониятим бўлганида, Испанияда фахрийлар таркибида майдонга чиқдим ва соғлигим рухсат берса, Россияга қайтганимдан кейин ҳам майдонга чиқдим", - дейди дарвозабон.
Дасаев спортчилик фаолияти давомида Европа чемпионатида кумуш, Олимпиада ўйинларида бронза медали соҳиби бўлди ва 6 марта "йил дарвозабони" мукофотини қўлга киритди. 10 мавсум ўйнаган "Спартак" аъзоси сифатида Дасаев икки марта СССР чемпиони бўлди. Бош мураббий сифатида "Севилья" ва "Торпедо Москва"ни бошқарган ҳамда Россия терма жамоасида мураббий бўлиб ишлаган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Ўзбекистон Дин ишлари қўмитаси, Мусулмонлар идораси, Имом Бухорий, Имом Мотурудий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ҳамда Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси масъул ходимларидан иборат илмий гуруҳнинг Индонезияга ташрифи ушбу мамлакатнинг етакчи босма ва электрон нашрлари томонидан кенг ёритилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Жумладан, Индонезиянинг "CNN Indonesia" ахборот агентлиги "Ўзбекистон делегацияси Индонезияга ташриф буюрди" сарлавҳали мақолани эълон қилди. Унда Шариф Ҳидоятулла номидаги Жакарта давлат ислом университетида "Мовароуннаҳрдан Жануби-Шарқий Осиёга: ҳадис илмлари ва интеллектуал алоқалар" мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтгани ва мазкур анжуманда Ўзбекистондан етакчи олимлар иштирок этгани маълум қилинган.
"Тадбир илмий мулоқот шаклида ташкил этилган бўлиб, унинг доирасида Имом Бухорий меросини ўрганиш, Мавароуннаҳр уламоларининг Индонезия оролларида ислом динини тарқатишда тутган ўрни, ҳадисшунослик йўналишида ҳамкорликни ривожлантириш каби масалалар муҳокама қилинди", – деб ёзган ахборот агентлиги.
Ўзбекистон делегациясининг ташрифи доирасида бўлиб ўтган қатор тадбирлар икки мамлакат ўртасида исломий маърифат, таълим, диний бағрикенглик ва тарихий меросни асраб-авайлаш соҳаларида алоқаларни янада мустаҳкамлаши таъкидланган.
Мақолада хабар қилинишича Ўзбекистон илмий-маърифий доиралари вакиллари Индонезия халқ манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш вазири Мухаймин Искандар, экология вазири ўринбосари Диас Хендраприоно, Уламолар Кенгаши ва "Наҳдатул уламо" ташкилоти раҳбарияти билан учрашувлар ўтказди.
"Businessreview" веб-сайти "Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Шариф Ҳидоятулла номидаги Жакарта давлат ислом университети ҳамкорлиги диний мўътадиллик ва ислом таълими тизимини мустаҳкамлайди" сарлавҳали мақолани эълон қилди.
Нашрда Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази ва Шариф Ҳидоятулла номидаги Жакарта давлат ислом университети ҳамкорлигида Индонезия пойтахтида илмий-амалий конференция ташкил этилгани қайд этилган.
Материалда ёзилишича, анжуманда Мавороуннаҳр тарихи, Имом Бухорий мероси, Марказий Осиё уламоларининг Индонезияда ислом таълимотини тарқатишда тутган ўрни каби мавзулар муҳокама қилинди.
Ушбу мамлакатдаги "Aspirasi Nusantara" электрон нашри Имом Мотуридий халқаро илмий тадқиқот маркази директори ўринбосари "Наҳдлатул уламо" ташкилоти фаолияти билан танишгани ҳақида ёзди. Маълум қилинишича, шу йил 2 июль куни Ўзбекистон Дин ишлари қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Даврон Махсудов ҳамда Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари Шаҳзод Исломов Индонезиядаги энг йирик ташкилот "Наҳдлатул уламо" раҳбарияти билан учрашди.
"Наҳдлатул уламо" ташкилоти қошидаги Илмий марказ раҳбари Абшор Абдулло Имом Мотуридий таълимоти сунний калом илмида мўътадил, ақл ва мантиққа таянадиган йўналиш эканини қайд этди" – деб ёзган электрон нашр.
Томонлар таълим соҳасида алоқаларни кенгайтириш, талабалар алмашувини амалга ошириш ва зиёрат туризми йўналишида дастурлар ишлаб чиқиш каби мавзуларда фикр алмашдилар.
Индонезиянинг "Jakarta Merdeka" онлайн портали эса "Богор Ботаника боғида дўстлик дарахти экилди" сарлавҳали мақолани эълон қилинди. Унда Ўзбекистон делегацияси аъзолари Богор шаҳридаги Индонезия Миллий Ботаника боғида дарахт экиш маросимида иштирок этгани ва Индонезия экология вазири ўринбосари билан учрашув ўтказгани маълум қилинган.
"Вазир ўринбосари Диас Хендраприоно Имом Бухорий тўплаган ҳадислар орасида табиатни асрашга оид насиҳат ва тавсиялар кўп эканини таъкидлади. Бу эса ислом таълимотида экологик билим ва онг асосий ўрин тутишининг яққол далилидир", – деб ёзилган "Jakarta Merdeka" мақоласида.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати