Ҳадиси қудсийда шундай дейилади:
أوحى الله إلى داوود «عليه السلام» إن العبد ليأتي بالحسنة يوم القيامة، فأحكمه بها في الجنة، قال داوود: يا رب ومن هذا العبد؟ قال: مؤمن يسعى لأخيه المؤمن في حاجته، يحب قضاءها، قضيت على يديه أو لم تقض»
(رواه الخطيب وابن عساكر).
яъни: “Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга “Бир банда қиёмат кунида битта яхшилик билан келади ва Мен уни ўша яхшилик сабабли жаннатга ҳукм қиламан”, - деб ваҳий қилди. Довуд алайҳиссалом: “Роббим! У банда ким бўлди?” деди. Аллоҳ таоло: “У мўъмин биродарининг ҳожатини чиқариш учун сай-ҳаракат қиладиган, ўша биродарининг ҳожатини чиқара оладими йўқми, бундан қатъий назар унинг ҳожати раво бўлишини хоҳлайдиган банда, - деди” (Хатиб, Ибн Асокир ривоят қилишган).
Мазкур ҳадиси шариф мусулмонларни ўз биродарларининг ҳожатларини чиқариш, ғам-ғуссаларини енгиллатиш, орзу-умидларини амалга оширишда ҳамиша ҳаракат қилишга тарғиб қилиб, мана шундай хайрли ишларни қилишда ҳимматли бўлишга ундайди.
Бир оз тин олиб, ушбу ҳадисдаги Аллоҳ таолонинг “Мен уни ўша яхшилик сабабли жаннатга ҳукм қиламан”, деган сўзини тааммул қилиб кўрсак, Аллоҳ таоло ўзгаларга яхшилик қилиш учун сай-ҳаракат қилувчи мўмин бандага жаннатда ўзи хоҳлаган неъматларини бериши, ўша неъматлардан у истаганича фойдаланиш имтиёзига эга бўлишини, англаб етамиз.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ушбу ҳадиси қудсийда Довуд алайҳиссаломга ваҳий қилиб, “мўмин банда бу дунёда фақат Аллоҳ таолонинг розилиги учун, холис, эвазига бирор кишидан раҳмат умид қилмай солиҳ амал қилса, Аллоҳ таоло банданинг қилган яхшилиги учун мукофот ўлароқ Ўз ҳузурида жаннатнинг олий неъматлари ила ҳузурланиш имкониятини унга тортиқ қилади”, деб хабар қилмоқда. Во ажаб, Аллоҳ таоло бундай бандага тайёрлаб қўйган мартаба нақадар улуғ!
Аллоҳ таоло ушбу ҳадиси қудсийда мусулмон биродарларига яхшилик қилишни севадиганлар ва уларнинг эҳтиёжларини қондириш йўлида сай-ҳаракат қиладиганлар учун шу дунёнинг ўзида уларга жаннат башоратини бермоқда. Аллоҳ таоло мусулмон биродарларининг эҳтиёжларини қондирадиган ёки эҳтиёжини қондиролмаса ҳам шу йўлда сай-ҳаракат қиладиган кишиларга кўплаб мукофотлар тайёрлаб қўйгандир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни ушбу фазилатли ишни қилишимизга ундаб шундай деганлар:
ان لله خلقا خلقهم لحوائج الناس، يفزع الناس اليهم في حوائجهم اولئك الآمنون من عذاب الله (رواه الطبراني).
яъни: “Аллоҳ таоло баъзи инсонларни одамларнинг ҳожатлари учун яратди ва инсонлар ўз эҳтиёжларини қондиришда уларга мурожаат қилади. Ана ўша кишилар қиёматда Аллоҳ таолонинг азобидан омонда бўладилар” (Табароний ривоят қилган).
عن ابن عمر رضي الله عنهما وعن ابن عباس ر ضي الله عنهما قال عن النبي صلى الله عليه وسلم «من مشى في حاجة أخيه كان خيراً له من اعتكاف عشر سنين، ومن اعتكف يوماً (أي مكث في المسجد يوماً) ابتغاء وجه الله جعل الله بينه وبين النار ثلاثة خنادق، كل خندق أبعد مما بين الخافقين
яъни: Ибн Умар ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: “Ким биродарининг ҳожатида сай-ҳаракат қилса, унинг бу ҳаракати ўн йил давомида эътикофда ўтиришдан яхшироқдир. Кимки Аллоҳнинг розилигини кўзлаб бир кун (масжидда) эътикоф ўтирса, Аллоҳ таоло у билан жаҳаннам ўртасида учта хандақ (чуқур) қилади, ҳар бир хандақнинг кенглиги машриқ билан мағрибнинг оралиғидан ҳам кенгдир”, дедилар.
Инсонларнинг эҳтиёжини қондириш кишини қиёматда Аллоҳ талонинг азобидан омонда қилади. Ҳеч кимга сир эмаски, эътикоф бандани Раббисига яқинлаштирадиган энг афзал ибодатлардан бири бўлиб, эътикоф ўтирувчи билан шайтоннинг васвасаси ўртасида тўсиқ бўлади. Бироқ, мусулмон биродарининг эҳтиёжларини қондириш йўлида сай-ҳаракат қилиш унданда афзалдир.
Қарангки, Аллоҳ таоло баъзи инсонларни бошқа кишиларнинг ҳожатини чиқариш учун вазифадор қилиб қўйган. Модомики, улар ўзларининг зиммаларида ўзгаларнинг ҳақлари бор деб билар эканлар, уларга жаннат ваъда қилинмоқда. Шундай экан, муҳтож кимсалар уларнинг олдига такрор-такрор боришларидан малолланмасинлар. Зеро, Аллоҳ азза ва жалла бошқа мусулмонларнинг ҳожатлари билан машғул бўлишлари учун уларга неъматлар ато қилгандир. Агар улар бу неъматнинг ҳаққини адо қилиб, ўз эгаларига топширсалар, Аллоҳ уларни неъмат ичра бардавом қилади ва барокатли қилади. Агар малоллансалар, Аллоҳ таоло улардан бу неъматини олиб қўяди, бошқа бандасига беради.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар:
ان لله عند قوم نعماً أقرها عندهم ما كانوا في حوائج المسلمين، ما لم يملوهم فإذا ملوهم نقلها إلى غيرهم
яъни: “Баъзи кишиларга Аллоҳ таоло неъмат ато қилганки, модомики улар мусулмонларнинг ҳожатини чиқаришда малолланмасалар, Аллоҳ таоло улардаги бу неъматни бардавом қилиб беради. Бордию, малолланадиган бўлсалар,неъматларини улардан олиб, ўзгаларга топширади”.
Дарҳақиқат, киши ўз ҳожатини қондиришга кучи етмай турган бир пайтда унинг кўнглига хурсандчилик сиғадими? Ана шундай паллада бирор ҳожатбарор рўпарадан чиқиб, ҳожатини раво қилса, қандай ҳолга тушади. Шубҳасиз, қалбини кучли ҳаяжон ва хурсандчилик қамраб олади.
Агар Аллоҳ таоло сизни мусулмонларнинг ҳожатларини чиқаришга муяссар қилган бўлса, бу сиз учун катта бахт ва улкан шарафдир. Чунки, мусулмон биродарининг қалбига хурсанчилик киргизиш Аллоҳнинг наздидаги энг афзал ва суюкли амалдир. Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
أحب الناس إلى الله أنفعهم للناس، وأحب الأعمال إلى الله عز وجل سرور تدخله على مسلم، تكشف عنه كربه، أو تقضي عنه ديناً، أو تطرد عنه جوعاً، ولأن أمشي مع أخ في حاجة أحب إلي من اعتكف في هذا المسجد شهراً ـ يعني مسجد المدينة ـ ومن كظم غيظه ولو شاء أن يمضيه أمضاه ملأ الله قلبه يوم القيامة رضى ومن مشى مع أخيه في حاجة حتى يقضيها له، ثبت الله قدميه يوم تزول الأقدام
яъни: “Аллоҳга энг севимли банда одамларга кўпроқ манфаати тегадиганидир. Аллоҳ таолога энг маҳбуб амал мусулмоннинг қалбига хурсандчилик киргизишинг, ундан ғам ташвишларини аритишинг, зиммасидаги қарзини узиб беришинг, очлигини кетказишингдир. Мусулмон биродаримнинг ҳожатини чиқариш йўлида юришим масжидун набавийда бир ой эътикоф ўтиришимдан яхшироқдир. Ким ўч олишга қодир бўла туриб ғазабини ютса, Аллоҳ унинг қалбини қиёмат кунида ўзининг розилиги билан тўлдиради. Ким биродарининг ҳожати билан юриб, уни раво қилса, Аллоҳ қадамлар тоядиган кунда унинг қадамларини собит қилиб қўяди”,- дедилар.
Мазкур ҳадисдан, модомики банда биродарининг ёрдамида бўлар экан, Аллоҳ таоло унинг ёрдамида эканлиги маълум бўлади.
Эй Аллоҳим, бизларни мусулмонларнинг ҳожатларини чиқарувчилардан қилгин ҳамда уларнинг қалбларига сурур киргизиш билан қиёмат куни Ўз розилигингни топишимизни насиб эт. Эй, раҳимлилар раҳимлиси!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
раисининг биринчи ўринбосари
Ҳомиджон Ишматбеков
Мусулмонлар Ҳунайн ғазотида ғалаба қозонишди. Ҳунайн ғазоти Шаввол ойида, ҳижратнинг саккизинчи йили, Макка фатҳидан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Ҳавозин ва Сақийф қабилалари ўртасида бўлиб ўтган эди. Жангда ғалаба қозонган мусулмонлар катта ғаниматга (ўлжага) эга бўлдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ғаниматларни қалби Исломга мойил бўлган янги мусулмонларга тақсимлаб бердилар. Қавмнинг катталари Абу Суфён, Уяйна, Ақраъ, Суҳайл ибн Амр ва бошқаларга ҳам бердилар.
Ваҳоланки, улар Қурайш мушрикларининг энг катталари бўлиб, узоқ йиллар Пайғамбаримизга қарши урушган кишилар эди. Ушбу ғаниматлар тақсимланишидан бир неча кун олдингина исломни қабул қилишган эди. Лекин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ансорларга (Мадиналик саҳобаларга) ушбу ғаниматлардан ҳеч нарса бермадилар.
Ҳолбуки, улар Исломни ёйиш ва Пайғамбар алайҳиссаломни ҳимоя қилиш учун қонларини тўккан, жонларини фидо қилган кишилар эди. Бу ҳолат уларнинг қалбларига оғир ботди ва хасратланиб шундай дейишди: «Қиличларимизнинг тиғидаги душманнинг қони ҳали қотгани йўқ, аммо ғаниматлардан бошқалар баҳраманд бўлди. Бизга эса, ҳеч нарса берилмади».
Бу борада Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу келиб Пайғамбаримизга бўлаётган гаплар хақида, одамларнинг қалбидаги хафаликни айтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Саъд, сен бу ҳақда нима дейсан?” дедилар. Саъд: “Мен ҳам қавмим тарафидаман”, деб жавоб берди. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Қавмингни менинг ҳузуримга йиғ”, дедилар. Улар тўпланганларидан кейин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламжуда буюк, ниҳоятда таъсирли, қалбларни жумбушга келтирувчи, кўзларни ёшга тўлдирувчи хутба қилдилар.
У зот уларга мулойимлик ва муҳаббат билан қуйидагича мурожаат қилдилар: “Эй ансорлар! Мен сизларни гумроҳ ҳолда топмаганмидим? Аллоҳ таоло мен туфайли сизларни ҳидоят қилмадими? Сизлар тарқоқ ва пароканда эмасмидинглар, Аллоҳ таоло мен сабабли сизларни бирлаштирмадими? Сизлар фақир ва муҳтож эмасмидинглар, Аллоҳ таоло мен орқали сизларни бой қилмадими?”.
Ҳар сафар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам савол билан мурожаат қилганларида, улар: “Аллоҳ ва Унинг Расулидан миннатдормиз”, деб жавоб қайтаришарди.
Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Нима учун менга жавоб қайтармаяпсизлар?” дедилар. Улар яна: “Аллоҳ ва Расулидан миннатдормиз!”, дейишди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Агар истасангиз, сизларнинг ҳам шундай дейишга ҳаққингиз бор: “Сиз бизнинг ҳузуримизга қавмингиз томонидан инкор қилинган ҳолда келдингиз, биз эса, сизни тасдиқладик. Сиз қавмингиз томонидан ёлғончига чиқарилган эдингиз, биз сизга ишондик, имон келтирдик ва сизга ёрдам бердик. Сиз ўз юртингиздан қувилдингиз, биз эса, сизга паноҳ бердик. Сиз муҳтож ҳолда келдингиз, биз эса, Сизни ўз мол-мулкимизга шерик қилдик”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу сўзларни айтганларида улар: Аллоҳ ва Унинг расулигина бизларга миннат қилишга ҳақли, дейишди. Аслида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу сўзларни уларга тавозелик ва инсоф юзасидан айтган эдилар. Лекин, ҳақиқатан олганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам миннат қилишга ҳақли эдилар, улар ҳар қанча миннатдор бўлсалар арзийди. Чунки агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадинага ҳижратлари бўлмаганида, уларнинг орасида яшамаганларида, уларнинг бошқалардан фарқлари бўлмас эди. Ансорларнинг шаъни юксалмас эди, қадрлари кўтарилмас эди.
Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга қараб: “Эй ансорлар! Нима деб ўйлайсизлар, бошқалар қўй ва туялар билан уйларига қайтсалар, сизлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан уйларингизга қайтишни истамайсизларми? Бундан розимасмисизлар?”-дедилар.
Бу гапнинг нақадар улуғлиги, ансорларнинг қалбига етиб боришлигини билганлари учун ҳам Расулуллоҳ уларга ғаниматдан бермаган эдилар.
Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Агар ҳижрат қилмаганимда, албатта мен ансорлардан бўлар эдим, агар одамлар бир водийда юрсалар, мен ансорлар юрган йўллардан юрар эдим, ансорлар мен учун ички кийимимдек, бошқалар эса ташқи кийимимдек”, дедилар ва: “Аллоҳим ансорларга раҳматингни ёғдир, уларнинг фарзандларига ва фарзандларининг фарзандларига ҳам”, деб уларнинг ҳаққига дуо қилдилар.
Бу сўзларни тинглаган ансорларнинг кўзларидан ёшлар тўкилди, соқоллари хўл бўлди. Улар йиғлаган ҳолатда: Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни биз билан бўлишларига розимиз, бизнинг ғаниматимиз, бизнинг улушимиз бўлганларидан розимиз!” — дейишди.
Шундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни келажакда бўладиган фитналардан огоҳлантириб шундай дедилар:
“Мендан кейин сизлар ўзингизга нисбатан адолатсизликни кўрасизлар, аммо сабр қилинглар. Менинг ҳавзимда мен билан юзлашгунингизча, сабр қилинглар!”.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ